Асосий мавзулар
29 июн 2017

Жаҳон банки cармояси Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатни рағбатлантирмоқда

28 июн куни Брюсселдаги йиғилишда Маркази Берлинда жойлашган «Ўзбекистон Германия форуми» ва Халқаро Human Rights Watch ташкилоти пахта соҳасидаги мажбурий меҳнатга қўшма ҳисоботини эълон қилди.

«Жаҳон Банки билан боғлиқ мажбурий меҳнат. Мамлакатнинг пахта соҳасидаги муттасил қонун бузилишлари» дея номланган 116 саҳифадан иборат якуний ҳисобот Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги мажбурий ва болалар меҳнати аралашган ярим миллиард долларлик лойиҳаларини танқид остига олди.

Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тақиқлаш тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиш шарти билан Жаҳон банки лойиҳалари молиялаштирилганига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати лойиҳа ҳудудида одамларни, жумладан, болаларни ишлашга мажбурлашда давом этаётгани айтилади, жумладан ҳисоботда.

Шунингдек, ҳисоботда ҳукумат пахта далаларида ишлашдан бош тортганларни ишдан ҳайдаш, нафақалардан маҳрум қилиш ва талабаларни ўқишдан ҳайдаб юбориш кабилар билан қўрқитиб келаётгани билирилади.

Пахта ҳамма учун мажбурийдир

Якуний ҳисобот, Ўзбекистон ҳукумати қандай қилиб талабалар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, бошқа давлат ташкилотлари хизматчилари, хусусий соҳа ишчилари, ва баъзан болаларни 2015 ва 2016 йилларда пахта теришга, далаларни ёввойи ўтлардан тозалашга ва 2016 йил баҳорида чигит экишга мажбур қилгани ҳақидаги гувоҳликларни ўз ичига олади.

«Ҳукумат теримга чиқиш ҳақида буйруқ беради ва бу буйруққа бўйсунмай бўлмайди… Агар мен бўйсунмасам, ишдан ҳайдаламан… Биз еб турган нонимиздан айриламиз» дейди Ўзбекистонлик ўқитувчи.

Жумладан 2015 йилнинг кузида ҳокимият вакиллари 47 ёшли Ферузани Ўзбекистоннинг энг ғарбий минтақасида жойлашган Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида бир неча ҳафта давомида пахта теришга мажбур қилган.

Маҳаллий расмийлар агар у пахта теримига чиқмаса, набираси учун тўланадиган нафақадан маҳрум этилиши билан таҳдид қилишгани.

Ушбу амалдорлар Гулнора исмли бошқа бир аёлни ҳам шунча вақт давомида пахта теримида иштирок этишга мажбурлашган.

Гулнора гарчи теримга қатнашган бўлса-да, ҳокимият вакиллари унга ваъда қилинган бола тарбияси учун нафақа тўлашни рад этишган.

Келаси йил ҳам ишлаб берса бу масалага яна қайтилишини унга ваъда қилишган.

Қонунбузарлик катталар билан чекланаётгани йўқ

Ҳисоботда 2016 йилги пахта терими вақтида болалар ҳам пахта даласида ишлашга мажбурланганига оид фактлар бор.

Жумладан Элликқалъа туманидан камида иккита мактаб раҳбарияти дарслардан сўнг 13-14 ёшли болаларни пахта теримига жўнатган.

Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми кузатувчилари пахта далаларининг бирида ишлаётган болаларни ва уларни яширинишга даъват қилаётган ўқитувчини кўрган.

Болалар нафақалари ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлашни тўхтатиш – ҳокимиятнинг одамларни ишга мажбурлаш мақсадида қўллаётган жазо чораларидан биттаси, холос.

Ҳокимият кишиларга, айниқса, мамлакатда энг кам маош оладиган тоифа бўлмиш бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчиларига ишдан бўшатиш билан таҳдид қилади.

Ишлашдан бош тортадиган талабалар эса ўқишдан ҳайдалиш, курсида қолдириш таҳдиди остида қолишади.

Қашшоқлик – мажбурий меҳнатга йўл очувчи омил

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга жалб этилаётганлар, кўпроқ қашшоқликда, паст ойлик, стипендия ва ижтимоий нафақалар эвазига кун кўраётганлардир.

«Чунки улар ишини йўқотиш ёки ижтимоий тўловдан маҳрум бўлиб қолишдан чўчийди, бировлар уларнинг ўрнига ишлаши учун пул ҳам тўлай олмайди» дейилади ҳисоботда.

Мазкур ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати ўқувчилар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, бюджет ташкилотларининг бошқа хизматчилари ва хусусий сектор вакилларини 2015 ва 2016 йилларда қандай қилиб пахта теримига мажбурлагани ҳақида ҳикоя қилинади.

Ҳисоботга 2015 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида, 2016 йилнинг апрель-июнь ва сентябрь-ноябрь ойларида ҳамда 2017 йил бошида мажбурий меҳнатдан азият чекканлар билан интервьюлар, мансабдор шахсларнинг баёнотлари ва ошкор бўлган расмий ҳужжатлар асос қилиб олинган.

Жаҳон банки лойиҳаси ҳудудларида…

Ҳисоботда айни ҳудуддаги катталар ва болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланишга оид кўплаб ҳужжатлар ва далиллар келтирилган.

Шу билан бирга, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалигига оид бошқа лойиҳалари ҳам муттасил мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларига алоқадор бўлиши эҳтимоли билдирилган.

Чунки бундай қонунбузарликлар систематик тусга эга. Бундан ташқари, ҳисоботда Жаҳон банкининг мамлакатдаги бошқа қишлоқ хўжалиги лойиҳаларида болалар меҳнатини қўллашнинг сезиларли эҳтимоли мавжудлиги билдирилади.

Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми, жумладан ҳар йили пахта терими жараёнида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати қўлланилганига оид далилларни Жаҳон банкига тақдим этди.

2014 йилда тузилган келишув асосида ҳукуматга кредит беришни тўхтатиш ўрнига Жаҳон банки ўзининг хусусий секторни кредитлаш билан шуғулланадиган бўлими – Халқаро молия корпорацияси (ХМК) орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига инвестиция киритиш ҳажмини оширди.

Пахтачиликдан кўриладиган даромад шаффоф эмас

Ўзбекистон дунёда бешинчи ўриндаги пахта етиштирувчи давлатдир. Мамлакатда етиштирилган пахта хомашёсининг қарийб 60 фоизи Хитой, Бангладеш, Туркия ва Эронга экспорт қилинади.

Ўзбекистоннинг бир миллион тонна пахта толаси сотишдан тушадиган йиллик даромади бир миллиард АҚШ долларидан ошади.

Бу маблағ Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари «Қишлоқхўжаликжамғарма»га келиб тушади. Мазкур жамғарма юқори мартабали амалдорлар томонидан бошқарилади ва ҳар қандай жамоатчилик назоратидан холидир.

Ўзбекистон пахтаси бойкот қилинганига қарамай…

Бир неча гуруҳларнинг Ўзбекистон пахта секторидаги мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига қарши кампанияси ўзбек пахтасини бойкот қилишга олиб келди.

Масалан, тармоқда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланилиши сабабли 274 та компания Ўзбекистонда ишлаб чиқарилгани аниқ бўлган пахтани харид қилмаслик мажбуриятини олди.

Шунга қарамай, Жаҳон банки мамлакат қишлоқ хўжалиги секторида фаол бўлиб қолмоқда. У 2015-2016 йилларда мазкур тармоқдаги лойиҳалар учун ҳукуматга жами 518,75 миллион доллар кредит ажратди.

2015 йил апрелдан буён Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукумати билан Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларида қиймати 337,43 миллион доллар бўлган ирригация лойиҳаси доирасида иш олиб бормоқда.

Ушбу лойиҳа ҳудудидаги ҳайдаладиган ерларнинг 50 фоизидан ортиғида пахта экилади. Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига лойиҳа ҳудудида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига оид миллий ва халқаро ҳуқуқ меъёрларга риоя этиш мажбуриятини юклаган. Банк мана шу мажбурият бузилгани юзасидан ишончли далиллар пайдо бўлса, кредит ажратиш тўхтатиб қўйилишини билдирган.

Жаҳон банки ушбу лойиҳани тасдиқлаган 2014 йилдан буён Ўзбекистон ҳукумати Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларида, жумладан, лойиҳа ҳудудида пахта секторида мажбурий меҳнат, айрим ҳолларда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйгани йўқ.

2015 йилги пахта терими мавсумидан кўп ўтмай, ХМК Индонезиянинг «Индорама» корпорацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган, Ўзбекистондаги пахтадан ип йигирадиган энг етакчи давлат корхоналаридан бири – «Индорама Қўқон текстиль» компаниясига инвестиция киритди.

2015 йил декабрда ХМК ишлаб чиқаришда фақат ўзбек пахтасидан фойдаланиладиган тўқимачилик фабрикасини кенгайтириш учун «Индорама» корпорациясига 40 миллион доллар кредит ажратилишини маъқуллади.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кўлами ва унинг тизимли тусда экани ҳисобга олинса, компаниянинг Ўзбекистондан мажбурий меҳнат (ҳеч бўлмаганда қисман) қўлланилмай йиғиб олинган пахтани сезиларли ҳажмда экспорт қилиши имконияти жуда камдир. Шунингдек, болалар меҳнатидан фойдаланилиш эҳтимоли ҳам анча юқори.

ХМК маълумотларига кўра, «Индорама» корпорацияси болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилиши эҳтимолини камайтириш мақсадида харид қилинаётган хомашёни унинг тайёрланиш босқичидан бошлаб кузатиб келади. «Индорама» корпорацияси ХМК билан биргаликда пахта тозалаш заводлари жойлашган туманлар бўйича эҳтимолийлик даражасини баҳолаш тизимини ишлаб чиққан.

Аммо бу тизим умуман талабга жавоб бермайди. ХМКнинг одамларга ва атроф муҳитга хавф туғдирадиган лойиҳаларга инвестиция киритишига йўл қўймаслик мақсадида ХМКда Экологик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш фаолиятининг самарадорлиги стандартлари амал қилади. Бу стандартларга кўра, мижозлар ўз таъминот тизимларида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати қўлланилиши эҳтимолини аниқлаши, уларни кузатиб бориши ва бартараф этиши керак. Фаолият самарадорлиги стандартларига мувофиқ, қонунбузарликларга чек қўйиш мумкин бўлмаган ҳолатларда мижоз кейинчалик асосий таъминот тизимини мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланмаётганини кўрсатиб бериши мумкин бўлган таъминотчиларга ўтказиши лозим.

Болалар ўрнига катталар мажбурий меҳнати

Жаҳон банки мамлакат таълим тизимини ҳам фаол молиялаштиради. Бу тизимдаги мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати эса таълим олиш ва унинг сифатига салбий таъсир этади.

Чунки ўқитувчилар ва талабалар, жумладан, болалар пахта далаларида ишлаш учун бир неча ойлаб ўқишни тўхтатишга мажбур бўлади.

Жумладан, глобал шериклик асосида Жаҳон банки Ўзбекистондаги таълим лойиҳаларига қарийб 100 миллион доллар ажратади.

Шу боис 2013 йилдан мамлакат ҳукумати ишга мажбурланадиган болалар сонини сезиларли камайтирди.

Бунга, асосан, қуйи бўғиндаги давлат амалдорларининг болаларни эмас, катталарни мажбурий меҳнатга сафарбар этиши ҳисобига эришилди.

Шунга қарамай, 2016 йилда «Ҳьюман райтс уотч» ва Ўзбекистон-Германия форуми давлат томонидан мактаблар орқали ташкил этилган болалар меҳнати қўлланилишига доир аввалги йилдагидан кўпроқ ҳолатларни ҳужжатлаштирди.

Жумладан Қорақалпоғистонда, Қашқадарёнинг иккита туманидаги болалар, шунингдек, Фарғона вилоятининг қишлоқ жойларида дарсларни тўхтатиб, 10-11 ёшли болаларни пахта теримига чиқариш фактлари аниқланган.

Суҳбатдошлар айрим туманларда вазият 2015 йилдагидан ҳам ёмонлашганини қайд этишган. Зеро, 2015 йилда ўқувчилар пахтага чиқарилишдан олдин ҳеч бўлмаганда бир-икки соат дарс ўқирди.

Мажбурий меҳнатдан фойдаланишни «ҳаспўшлаш»га самарасиз уриниши

Жаҳон банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторига кўп йиллардан буён инвестиция киритиб келаётганига қарамай, у молиялаштираётган лойиҳаларда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммосини ҳал этиш кўрсаткичлари нисбатан пастлигича қолмоқда.

Мажбурий меҳнатга жалб этилган кишилар 2013 йилда Жаҳон банкининг ҳисобдорлигини таъминлаш бўйича мустақил механизм – Назорат кенгашига шикоят топширганидан кейингина Жаҳон банки бу муаммони тан олди. Шикоятда банкнинг қишлоқ хўжалиги лойиҳалари Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг сақланиб қолишига имкон бераётгани таъкидланганди.

Бунга жавобан Жаҳон банки ўзининг амалдаги ва таклиф этилаётган лойиҳаларининг бу каби меҳнат қонунбузарликлари билан боғлиқлиги эҳтимолини камайтиришга қаратилган қатор чоралар кўрди. Банк ҳукуматга мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати масалаларини тартибга солишга оид миллий ва халқаро қонунчилик меъёрларига амал қилиш мажбуриятини юклади.

Шу билан бирга, у банк лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудларда меҳнат амалиётининг мустақил мониторингини таъминлаш ва шикоятларни кўриб чиқиш механизмини жорий этиш мажбуриятини олди. Бу механизм ёрдамида мажбурий меҳнатдан жабр кўрган шахсларга шикоят қилиш ва товон пули ундириш имконияти яратилди.

Қонун бузилиши эҳтимолларини камайтиришга қаратилган бундай чора-тадбирлар Ўзбекистон пахта секторида давлат даражасида тизимли равишда ташкил этилган мажбурий меҳнат муаммосини қониқарли даражада ҳал этишга қодир эмас. Охир-оқибат банк ўз зиммасига олган айрим мажбуриятларни бажара олмаслигини тан олди ва шунинг учун анча кучсиз чора-тадбирлар қўллашга ўтди.

Мустақил мониторинг ўрнига, ҳукуматнинг аралашуви

Масалан, Жаҳон банки ҳукумат билан мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланиш юзасидан ўзича мустақил мониторинг ўтказиш ўрнига бошқача йўл тутди.

Жаҳон банки мониторингни БМТнинг ҳукумат, иш берувчи ташкилотлар ва хизматчилар вакилларидан иборат уч томонлама агентлиги – Халқаро меҳнат ташкилоти билан Ўзбекистон ҳукумати иштирокида ўтказишга оид келишув имзолади.

Ўз навбатида, ХМТ Ўзбекистонда энг асосий меҳнат ҳуқуқлари қарор топишида муҳим роль ўйнаши зарур эди. Бироқ у мониторингда давлат ва давлатга қарам бўлган ташкилотларнинг иштирок этишига йўл қўйиб берди.

Ўзбекистонда мустақил касаба уюшмалари йўқлиги ХМТнинг мамлакатдаги фаолиятини янада кучлироқ обрўсизлантиради. Мавжуд шароитда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланишга буйруқ берадиган давлатга амалда ўзини ўзи назорат қилиш имкони яратилади.

Жаҳон банки норасмий равишда бу чекланишларни тан олса-да, расман «мустақил мониторинг»ни амалга ошираётган орган сифатида ХМТга суянишда давом этмоқда.

Олдиндан тайёрланган «интервью берувчилар»

Ҳокимият вакиллари одамларни ХМТ билан интервьюга аввалдан тайёрлаб қўяётганига оид далиллар бу ташкилот хулосаларига ишонч йўқлигининг исботидир.

ХМТ «сўровда қатнашганларнинг аксарияти аввалдан тайёргарликдан ўтган бўлиши мумкин»лигини эътироф этди.

«Ҳьюман райтс уотч» ва Ўзбекистон-Германия форумининг кўплаб суҳбатдошлари раҳбарлар ва ҳокимият органлари вакиллари уларга ишсиз маҳаллий фуқаролар экани ва кўнгилли равишда пахта тераётганини ёки ўқитувчи ва тиббиёт ходими эмас, балки мактаб ва шифохоналар фаррошлари ёхуд қоровуллари эканини айтишни буюрганини маълум қилди.

Агар кузатувчилар ўзларининг қаршисида ўқитувчилар турганини аввалдан билса, улар дарслар тугагандан кейин кўнгилли равишда пахта тераётганини айтиши керак эди.

Мамлакатда шикоятларни адолатли равишда кўриб чиқиш механизми йўқ. Мустақил механизм ўрнига ишчи-хизматчиларнинг шикоятлари билан ишлашга Меҳнат вазирлиги ва давлатга қарам бўлган касаба уюшмалари федерацияси жавобгар этиб белгиланган. Бу эса ишчи-хизматчиларда ишончсизлик уйғотади. Мазкур тизим шикоят қилганларга қарши қатағонларга ва кўтарилган муаммоларга бефарқ қарашга йўл очади. Ҳар икки ҳолат ҳам ушбу механизмга нисбатан ишончсизликни кучайтирди.

Жаҳон банки мустақил ташкилотлар, хусусан, «Ҳьюман райтс уотч» ва Ўзбекистон-Германия форумидан ҳуқуқбузарликларга оид далилларни олганига қарамай, лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудда Ўзбекистон мажбурий меҳнат ва айрим ҳолларда болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиётини давом эттириш орқали кредитни тақдим этиш шартларини бузаётганини тан олмаётир.

ХМТ ҳам 2015 йилда мамлакатда мажбурий меҳнатни қўллаш аломатлари мавжудлиги ва 2016 йилда мажбурий меҳнатдан, жумладан, банк лойиҳаси амалга оширилаётган ҳудудда фойдаланишнинг доимий эҳтимоллари ҳақида Жаҳон банкига маълум қилган.

Мажбурий меҳнат ҳолатларидан Жаҳон банкининг кўз юмиши

Ўзбекистонга асосий кредитларни тақдим этишни тўхтатиш ўрнига Жаҳон банки ҳукуматнинг мажбурий меҳнатга чек қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатларини тан олди.

«Ҳукумат жуда секин ва эҳтиёткорлик билан бўлса-да, чора-тадбирлар кўряпти. Бу эса унинг миллий қонунчилик ва халқаро мажбуриятларга риоя қилишга самимий содиқлигидан дарак беради», дея баёнот берди Жаҳон банки.

Банк вакиллари ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар, ҳукуматнинг ХМТ билан ҳамкорлиги, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати масалалари бўйича таълим беришнинг кенгайиши, пахта йиғим-теримини механизациялаш ваъдаси, ҳукуматнинг пахта экиладиган майдонларни қисқартириш режаси, шунингдек, 2016 йилда камида битта мансабдор шахс мажбурий ва (ёки) болалар меҳнати тўғрисидаги қонунлари бузгани учун ишдан бўшатилгани ҳақидаги маълумотларга эътибор қаратди.

Шу билан бирга, банк ХМТ маълумотларига кўра 2014-2015 йиллардаги мавсумда пахта теримига чиқишдан бош тортган кишилар сони икки баробар кўпайганини қайд этди.

Ўзгаришлар қанчалик муҳим бўлмасин, қўйилган қадамлардан бирортаси мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланишнинг банк қўллаб-қувватлови билан амалга оширилаётган лойиҳалар билан боғлиқлиги муаммосини тўғридан-тўғри ҳал этмайди. Бу эса банк ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги келишув шартларининг бузилиши ҳисобланади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига таҳдид ва қатағонлар

2015-2016 йилларда Ўзбекистон-Германия форуми кузатувчилари ҳамда инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказадиган бошқа кишилар доимий таъқиб ва тазйиқлар таҳдиди билан рўбарў келди.

Баъзи туманларда маҳаллий ҳокимият органлари, жумладан, милиция, прокуратура ва маҳалла қўмиталари вакиллари кузатувчиларни сўроққа чақирди, уларни ноқонуний ва «зарарли» фаолиятда айблади, уларга жиноят иши қўзғаш, ишдан ҳайдаш ва бошқа жазолар қўллаш билан таҳдид қилди, айрим ҳолатларда эса улар йиққан маълумотларни мусодара қилди. Маҳаллий ички ишлар органлари ва ҳокимиятнинг марказий органлари вакиллари кузатувчиларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳаракатларини ўзбошимчалик билан чеклади.

2015 йилда тазйиқлар мисли кўрилмаган даражага етди. Ҳокимият кузатувчиларнинг тадқиқотлар ўтказиш ва маълумотларни ХМТ ва бошқа халқаро институтларга етказишига тўсқинлик қилиш мақсадида ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, таҳдид қилиш, қадр-қимматни ерга урувчи қўпол муомалада бўлиш ва бошқа жазо чораларини қўллади.

Кузатувчи Дмитрий Тихонов мамлакатдан қочиб кетишга мажбур бўлди.

Ўктам Пардаев эса икки ойни ҳибсда ўтказиб, кейин шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукмда белгилаб қўйилмаган бўлса-да, милиция ходимлари Пардаевга унга нисбатан ҳаракатни чеклаш ва комендантлик соати жорий этилганини айтди. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ходимлари унинг қариндошлари ва яқинларини ҳам кузатувга олиб, уларни қўрқитди.

Озодликка чиқиш шартларини бузиш Ўктам Пардаев учун қайта қамоққа тушиш хавфини туғдиради. Унинг фикрича, бу инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида хабарлар тарқатгани учун ундан ўч олинишига асос бўлиши мумкин.

2016 йилда Ўзбекистон-Германия форумининг ягона кузатувчиси – Елена Урлаева очиқ ишлашда давом этди.

У зўравонликнинг турли кўринишлари, жумладан, кузатувга ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниш ва тазйиққа учраш кабиларга дуч келди.

2017 йил 1 мартда милиция яна бир бор Елена Урлаевани ҳибсга олди. Мавжуд маълумотларга кўра, у калтакланиб, ҳақоратлангандан кейин милиция уни мажбурий даволаш учун жиннихонага (асаб касалликлари шифохонасига) жўнатган.

У шифохонадан 23 март куни қўйиб юборилган. Елена Урлаева уни Жаҳон банки ва ХМТ вакиллари билан учрашишга тўсқинлик қилиш мақсадида ушлашганига ишонади.

Жаҳон банкининг ирригация лойиҳаси амалга оширилаётган Қорақалпоғистонда ҳокимият вакиллари Ўзбекистон-Германия форумининг ўз ишини ошкора олиб бормаётган бошқа бир кузатувчисини ва унинг оила аъзосини мониторинг ўтказишда шубҳа қилиб сўроққа тутди ва қўрқитди. Худди шу ҳудудда хавфсизлик кучлари ходимлари бошқа бир мустақил кузатувчини муайян муддат ушлаб турди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси мажбурий меҳнатдан фойдаланиш фактлари ва Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари мониторингини ўтказишга уринган шахсларга кўрсатилаётган муносабатлар юзасидан хавотир билдирди.

«Ҳьюман райтс уотч» ва бошқа ташкилотлар банкка кредитлаш ва займ бериш шартномаларига банк лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудларда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланишни фуқаролик жамияти вакиллари ва журналистлар ҳеч қандай тўсиқларсиз мониторинг қилишини, шунингдек, кузатувчилар, уларнинг суҳбатдошлари ва шикоят йўллаган шахсларга қатағонларни тўхтатишни кўзда тутувчи алоҳида модда киритиш бўйича бир неча марта тавсия берган. Жаҳон банки бу тавсияларни рад этган.

2015-2016 йилларда Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукумати билан эҳтимолий қатағонлар мавзусини муҳокама қилганини билдирган. Шунга қарамай, қатағонлар тўхтамади, банк ҳам кучайтирилган жавоб чоралари кўришга ҳаракат қилмади.

Ўзбекистон ҳукумати қўйиши керак бўлган қадамлар

Бугунги ҳукумат марҳум президент Ислом Каримов 26 йиллик ҳукмронлиги даврида амалга ошириб келган қатағонларни мерос қилиб олган.

Мамлакатнинг янги президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятнинг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиришга ваъда берди ва Ўзбекистон ижтимоий ҳаётининг муҳим жабҳалари, жумладан, иқтисодиёт ва адолатли суд тизимида ислоҳотлар йўқлигини тан олди.

Бироқ, бир неча сиёсий маҳбусларнинг озод этилганига қарамай, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ачинарлилигича қолмоқда.

Раҳбарият алмашинуви – мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан ташвиш билдираётган ҳукуматлар ва халқаро молия ташкилотлари учун босим ўтказиш ва Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг барча кўринишларини таг-томири билан суғуриб ташлаш, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилиш учун жуда қулай фурсатдир.

Коррупция ва меҳнат ҳуқуқбузарликларига ботиб қолган пахта тармоғини ислоҳ қилиш Шавкат Мирзиёев ваъда қилган ҳисобдорликка эришиш йўлида сезиларли қадам бўлар эди.

Бироқ Шавкат Мирзиёевнинг шу пайтгача эгаллаб келган лавозимлардаги фаолияти ҳисобга олинса, унинг ваъдаси катта умид уйғотмайди.

2003-2016 йилларда бош вазирлик лавозимида у пахта етиштириш соҳасини назорат қилган, бундан аввал эса ҳоким лавозимида пахтачиликка ихтисослаштирилган ҳудудлар – Жиззах ва Самарқанд вилоятларини бошқарган.

У 2016 йилда, президент вазифасини бажарувчи бўлиб турган ва пахта ишлаб чиқариш устидан назоратни сақлаб турган вақтда ҳам пахта йиғим-теримида одамларни жазо таҳдиди билан оммавий равишда мажбурий меҳнатга сафарбар қилиш кузатилган.

Мазкур ҳисоботда таъкидланганидек, ҳукумат зарурий ислоҳотларни ўтказиши, шу орқали мажбурий меҳнат муаммосини йўқ қилиш мақсадига содиқлигини, жумладан, пахта соҳасида мажбурий меҳнатни сезиларли даражада қисқартириш ва болалар меҳнатига чек қўйиш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида янада кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш йўли билан мажбурий меҳнатни юзага келтирувчи сабабларни бартараф этиш орқали намойиш қилиши мумкин эди.

Асосий қадамлар эса мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқловчи қонунларга риоя этиш ва уларни бажариш, ҳокимиятнинг барча органларига кишиларни мажбурий меҳнатга сафарбар этишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма бериш, мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳеч қандай қатағонлардан хавфсирамай пахта тармоғини эркин мониторинг қилишига имкон яратиш кабилар бўлиши мумкин эди.

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси учун навбатдаги қадамлар

Ҳукумат Жаҳон банки билан келишув доирасида банк томонидан қўллаб-қувватланаётган лойиҳа ҳудудида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланмаслик тўғрисидаги ваъдасини бажармагунча Жаҳон банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва ирригациясини молиялаштиришни тўхтатишини керак.

Худди шундай, ХМК ҳам мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланмаган ҳолда пахта терилаётганини исботлагунига қадар Ўзбекистон пахта тармоғига инвестиция киритишни тўхтатиши шарт.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ва ХМК Ўзбекистондаги лойиҳалари билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган меҳнат шароити ва инсон ҳуқуқлари соҳаасидаги бошқа муаммоларни ҳужжатлаштирадиган ва ёритадиган кузатувчиларга нисбатан қатағонларни бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўриши лозим.

Бу институтлар қатағонга учраш ҳолатларини пухта кузатиб бориши, уларга қарши ошкора ва фаол курашиши, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммолар ҳақида хабар бераётган кишиларни қўрқитиш ва уларга куч қўллашга жавобгар бўлган барча шахслар жавобгарликка тортилиши ва бундай ҳолатлар текширилиши учун ҳукуматга босим ўтказиши керак.

Шунингдек, улар эҳтимолий ҳуқуқбузарликларни мустақил текшириб кўриши ва қатағон оқибатида етказилган зарарни қоплаб бериш тартиби устида ишлаши зарур.

Шу билан бирга, Жаҳон банки ва ХМК ўз инвестицияларига қандайдир боғлиқ бўлган барча қатағон ҳолатлари ҳамда бу юзадан кўриладиган жавоб чоралари ҳақида ошкора ва мунтазам хабар бериши туриши шарт.

Банк ҳукуматдан Жаҳон банки гуруҳи лойиҳалари амалга оширилаётган барча ҳудудларда мустақил журналистлар, ҳуқуқ ҳимоялари, бошқа шахслар ва ташкилотларнинг мажбурий меҳнат, болалар меҳнати ва инсон ҳуқуқлари бузилишига доир бошқа ҳолатлар бўйича мониторинг ўтказиши ва ёритишига имкон яратишини талаб қилиш мақсадида Ўзбекистонга оид лойиҳалар битимларига тегишли ўзгартиришлар киритиши керак. Битимлар доирасида банк ҳукуматдан лойиҳалар амалга оширилаётган ҳудудларда инсон ҳуқуқлари бузилишини мониторинг қилгани, шикоят ёзгани ва кузатувчилар билан суҳбатлашгани учун ҳеч ким жабр кўрмаслигига кафолат олиши лозим.

ТАВСИЯЛАР

Жаҳон банкига:

• Ҳукумат Жаҳон банки лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудларда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатмагунча Ўзбекистон ҳукуматига қишлоқ хўжалиги ва ирригация лойиҳаларига маблағ ажратиш ва келажакда молиялашни тўхтатсин.

• Тегишли қишлоқ хўжалиги ва ирригация лойиҳаларига янгидан маблағлар ажратишдан олдин Ўзбекистон ҳукуматидан қуйидагиларни талаб қилсин:

а)  барча давлат амалдорлари ва ҳокимият номидан иш кўрадиган фуқароларга кишиларни ва муассасаларни мажбурий меҳнатга қатнашишга мажбур қилмаслик ҳақида кўрсатма беришни;

б)  журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва бошқа шахслар жазоланишдан хавфсирамай мониторинг билан шуғулланиши учун мустақил мониторингга рухсат беришни;

c)  қишлоқ хўжалигидаги мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг туб сабабларини бартараф этишни, шунингдек, Олий Мажлис томонидан тасдиқланадиган давлат бюджетларига қишлоқ хўжалиги тармоғининг барча харажат ва даромадларини киритиш чораларини кўришга қаратилган, аниқ муддатлар кўрсатилган режа тузиш ташаббусини кўрсатишни;

• Жаҳон банки лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудудларда мустақил кузатувчилар мониторинг ўтказа олишини таъминлаш, кузатувчиларни, шикоятчиларни, кузатувчилар билан ҳамкорлик қилувчиларни, ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш механизмларидан фойдаланувчиларни жазолашга тақиқ қўйилишига эришиш учун ирригация, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларидаги лойиҳалар бўйича келишувларга қўшимчалар киритсин. Маблағлар фақат мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва бошқа кузатувчилар жазоланишдан хавфсирамай, чекловларсиз ишлаши шарти билан ажратилишини очиқ ва тегишли тартибда талаб қилсин.

• Мониторингга ҳокимиятдан тўла мустақил бўлган, пухта тадқиқот ўтказадиган ҳамда қишлоқ хўжалиги, ирригация ва таълим лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудудларга асосий меҳнат конвенцияларига риоя этилиши ҳақида ҳисобот берадиган ташқи ташкилотни жалб этсин. Бундай мониторинг:

а) фуқаролик жамиятининг мустақил ташкилотини жалб этган ҳолда ўтказилиши;

б) пахта соҳасидаги баҳорги тайёргарлик мавсуми, теримга тайёргарлик ва пахта йиғим-терими давридаги мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини қамраб олиши;

с) мева-сабзавотчиликдаги мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини қамраб олиши керак. 

• Шикоят топширишнинг махфийлик кафолатланган ва ҳамма фойдалана олиши мумкин бўлган механизмини яратсин ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш ҳудудларида ёки улар билан боғлиқ ҳудудларда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига жалб этилган барча шахсларни, жумладан, юридик ва молиявий ҳимоялашнинг самарали воситаларини таъминласин.

Халқаро молия корпорацияси (ХМК)га:

• Заёмчилар пахтани мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати қўлланилаётган далалардан олмаётганини исботламагунча Ўзбекистон пахта секторидаги барча инвестиция лойиҳаларига маблағ ўтказишни тўхтатсин.

• Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқараётган компанияларга, улар иш услубини ўзгартирмагунча ёки илгари йўл қўйган хатоларини тузатмагунча, маблағлар ажратмасин.

• Жаҳон банки гуруҳидан маблағ оладиган Ўзбекистон банкларида:

а) улар ўз ходимларини пахта далаларида ишлашга ёки ўз ўрнига мардикор ёллашга мажбурлагани; 

б) улар ўз хатти-ҳаракатлари ва инвестициялари билан пахта тармоғидаги ҳуқуқбузарликларни, жумладан, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини қўллаб-қувватлагани ёки бу муаммони чуқурлаштирганини аниқлаш мақсадида мустақил аудит ўтказсин ва унинг натижаларини эълон қилсин. 

• Аудит хулосаларига асосланган ҳолда банклардан зарурий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилсин.

Жаҳон банки ижрочи директорлари кенгашига:

• Жаҳон банки ва ХМК раҳбариятига юқорида қайд этилган тавсиялар бажарилиши ва ижросининг бориши ҳақида кенгашга ҳисобот тақдим этиши юзасидан фармойиш берсин.

• Кенгашга Ўзбекистондаги барча лойиҳалар бўйича мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати эҳтимолини баҳолаш ҳисоботлари тақдим этилиши юзасидан чора-тадбирлар кўрсин. Банк инвестиция киритадиган соҳаларда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати тизимли равишда қўлланиладиган ҳудудларда амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳаларни тасдиқламасин. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати қўлланилган ҳолда тайёрланган маҳсулотлардан фойдаланган ва фойдаланаётган корхоналарга инвестицияларни маъқулламасин.

Ўзбекистон ҳукуматига:

• ХМТнинг ратификация қилинган конвенциялари талабларини бажариш мақсадида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқловчи миллий қонунчиликка риоя этилишини назорат қилсин.

• Мажбурий меҳнатни, хусусан, пахта секторидаги мажбурий меҳнатни қораловчи юқори даражадаги очиқ сиёсий баёнотлар берсин ҳамда барча иш кўнгилли равишда бажарилиши ва адолатли ҳақ тўланиши лозимлигини аниқ қайд этсин.

• Барча даражадаги давлат амалдорлари ва ҳокимият номидан иш кўрадиган фуқаролардан одамларни ишга чиқишга мажбурлашга чек қўйишни талаб қилсин.

• Мустақил журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, бошқа шахслар ва ташкилотларга жазоланишдан хавфсирамай мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати қўлланилиши билан боғлиқ масалаларни ҳужжатлаштириш ва ёритиш имкони берилсин.

• Мустақил журналистлар, ҳуқуқ ҳимоялари ва бошқа фаолларининг таъқиб қилиниш, тазйиқ ўтказилиш ёки уларнинг профессионал фаолиятига ёхуд фикр ва сўз эркинлигига ноқонуний аралашиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлардан амалий, самарали ҳимояланишини, шунингдек, уюшмалар эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш учун зудлик билан чоралар кўрсин. Бу каби хатти-ҳаракатларни пухта ва мустақил текширишни, айбдорларни жавобгарликка тортиш ва жазолашни, шунингдек, жабрланувчиларга самарали ҳуқуқий ҳимоя воситалари тақдим этилишини кафолатласин.

• ХМТнинг ҳукумат томонидан 2016 йил октябрда ратификация қилинган Уюшмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоялаш тўғрисидаги 87-конвенциясини тўлиқ бажарсин.

• Қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатнинг сабабларини бартараф этишга қаратилган, аниқ муддатли режани тузиш ташаббусини кўрсатсин. Унда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилсин:

а) қарздорлик ҳамда давлатга пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш режасини бажармаганлик учун фермерларга нисбатан жарима чоралари қўллашни бекор қилиш; 

б) пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат харид нархлари уни ишлаб чиқариш таннархи, жумладан, кўнгилли меҳнатга бозор нархларидан келиб чиқиб ҳақ тўлаш харажатларини акс эттиришини ва пахтани харид қилишда давлат монополиясидан аста-секин воз кечишни таъминлаш;

c) қишлоқ хўжалигида молиявий шаффофликни ошириш, жумладан, Олий Мажлис томонидан тасдиқланадиган давлат бюджетларига қишлоқ хўжалиги харажат ва даромадларини киритиш чораларини кўриш; бу секторда тўланадиган солиқлар давлат бюджетига тушишини таъминлаш. 

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)га:

Мамлакатда мустақил кузатувчилар ҳеч қандай чекловларсиз ва хавфсиз ишлашини энг юқори даражада, ошкора талаб қилиш; бу ҳукумат ҳалоллигининг энг муҳим кўрсаткичи ва ХМТдан ёрдам кўрсатилишининг шарти эканини билдирсин. ХМТнинг Ўзбекистон бўйича барча ҳисоботларида мустақил кузатувчиларга ҳужумлар масаласини кўтарсин.

Жаҳон банки топшириғига кўра ўтказилаётган мониторингни тўхтатсин ва бунинг ўрнига ўзининг Ўзбекистондаги асосий миссияси – фундаментал меҳнат ҳуқуқларини қарор топтириш ва барча инсонлар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш дастурларини ишлаб чиқишга эътибор қаратсин.

Қишлоқ хўжалиги ишчилари манфаатларини ҳимоя қилувчи Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, меҳмонхона, ресторан, хизмат кўрсатиш, тамаки ва аралаш тармоқлар хизматлари касаба уюшмаларининг халқаро бирлашмаси (IUF)ни ХМТнинг Ўзбекистондаги фаолиятини режалаштириш ва иш услубларини ишлаб чиқишга жалб этсин.

«Индорама» корпорациясига ва Ўзбекистон фаолият юритадиган бошқа тўқимачилик компанияларига:

• Хўжалик фаолиятининг барча тегишли шаклларида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан аниқ-тиниқ сиёсатни қабул қилсин, эълон қилсин ва жорий этсин.

• Компанияларнинг таъминот тизимида инсон ҳуқуқларига амалда мавжуд ва эҳтимолий салбий таъсирларни аниқласин ва баҳоласин; салбий таъсирларни, айниқса, мажбурий меҳнат, болалар меҳнати ва меҳнат ҳуқуқларидаги бошқа қонунбузарликларни бартараф этсин ва камайтирсин. Агар компания Ўзбекистондаги ўз таъминот тизимидаги мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланишнинг сезиларли эҳтимолларини бартараф эта олмаса, Ўзбекистондан пахта харид қилишдан воз кечсин.

• Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиёти сақланиб қолишига йўл қўймаслик мақсадида таъминот шартномаларида меҳнат харажатларини мос равишда акс эттирадиган нархлар ва шартлар киритилишини таъминласин.

• «Индорама» корпорациясининг таъминот тизимида мунтазам ва пухта ички ва ташқи мониторинг, жумладан, режадан ташқари текширувларни ташкил этсин. Меҳнат ҳуқуқлари борасида тайёргарликдан ўтган малакали, тажрибали мустақил кузатувчиларни жалб қилсин. Хизматчилар ва фермерлар билан юзма-юз, махфий суҳбатларни текширувлар воситаси сифатида қўлласин. Ички ва ташқи мониторинг натижаларини эълон қилсин.

• Пахта етказиб берувчи барча хўжаликлар ҳақидаги маълумотларни ишлаб чиқариш ҳажми ва у ерда мустақил кузатувчилар қачон текширув ўтказгани кўрсатилган ҳолда мунтазам равишда эълон қилиб борсин.

• Инсон ҳуқуқларига салбий таъсирлар бартараф этилишини текширсин ва бу ҳақда очиқ ҳисобот тақдим этсин.

• Одамлар меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ва инсон ҳуқуқлари бузилишига оид бошқа ҳолатлари ҳақида ҳеч кимдан хавфсирамай шикоят қилиши мумкин бўлган нуфузли ва самарали механизмнини яратсин. Меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган жабрланувчиларга ҳуқуқий ҳимоя ва жазоланишдан, жумладан, ҳокимиятнинг қийин, ҳолдан тойдирувчи даъволари ва жиноий айбловларидан тегишли ҳимояни кафолатласин.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган тижорат банкларига:

• Хўжалик фаолиятининг барча тегишли шаклларида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан аниқ-тиниқ сиёсатни қабул қилсин ва жорий этсин.

• Барча инвестиция лойиҳаларида инсон ҳуқуқларига амалда мавжуд ва эҳтимолий салбий таъсирларни аниқласин ва баҳоласин; салбий таъсирларни, айниқса, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати, фермерларни мажбурлаш ва меҳнат ҳуқуқларидаги бошқа қонунбузарликларни бартараф этсин ва камайтирсин. Банклар ўзлари мажбурий меҳнатни қўллаш ва инсон ҳуқуқларининг бошқа бузилишлари эҳтимоли сезиларли бўлишининг олдини олишга қодир бўлган фаолиятнигина молиялаштирсин.

• Ходимларни пахта теришга мажбурламасин ва улардан ўз ўрнига мардикор ёллашни талаб қилмасин.

• Мажбурий меҳнат, болалар меҳнати ва бошқа ҳуқуқбузарликлар эҳтимоли мавжуд инвестиция лойиҳаларини мунтазам ва пухта ички ва ташқи мониторингдан ўтказишни, жумладан, режадан ташқари текширувларни ташкил этсин. Меҳнат ҳуқуқлари борасида тайёргарликдан ўтган малакали, тажрибали мустақил кузатувчиларни жалб қилсин. Хизматчилар ва фермерлар билан юзма-юз, махфий суҳбатларни текширувлар воситаси сифатида қўлласин. Ички ва ташқи мониторинг натижаларини эълон қилсин.

• Одамлар банкнинг инвестиция лойиҳаларида меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ва инсон ҳуқуқлари бузилишига оид бошқа ҳолатлар ҳақида ҳеч кимдан хавфсирамай шикоят қилиши мумкин бўлган нуфузли ва самарали механизмни яратсин. Жабрланувчиларга уларнинг меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган тақдирда ҳуқуқий ҳимояни ва ўч олинишидан тегишли ҳимояни кафолатласин.

Қарама-қарши таъсир

Пахта етиштириш соҳасида болалар меҳнатидан фойдаланиши туфайли Ўзбекистонга қарши бир неча ташвиқот кампаниялари ташкил этилиб, ҳатто бу мамлакатга бойкот эълон қилиш чақириқлари ҳам бўлган. Шунга қарамай, Жаҳон банки ва унинг хусусий секторни кредитловчи тармоғи бўлмиш Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистон ҳукумати ва компанияларига пахта соҳасидаги манфаатли лойиҳалар учун ярим миллиард доллардан ортиқроқ миқдорида маблағ ажратган ва бу маблағ қишлоқ хўжалиги секторига даромад келтирмоқда.

“Биз пахта теримидан воз кеча олмаймиз” номли ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати 2015 ва 2016 йилларда талабалар, ўқитувчилар, тиббий ходимлар, бошқа давлат идоралари хизматчилари ва хусусий соҳа вакилларини пахта йиғим-теримида қатнашишга ҳамда 2016 йил баҳорида уларни пахта далаларидаги чопиққа ва яганага мажбур қилгани ҳақида сўз юритилади.
Ҳисоботга мажбурий меҳнатдан жабр кўрганлар билан интервьюлар, ҳукуматдан сиздирилган ҳужжатлар ва ҳукумат расмийлари баёнотлари асос қилиб олинган. Унда Жаҳон банки лойиҳасига кирган битта ҳудудда катталар ва болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари ҳужжатлаштирилган, шунингдек, Жаҳон банкининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган бошқа лойиҳалари ҳам мунтазам давом этиб келаётган мажбурий меҳнат ҳолатлари билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли юқори экани, чунки бундай ҳуқуқбузарликлар тизимли тусдалиги кўрсатиб берилади. Бундан ташқари, ҳисоботда Жаҳон банкининг мамлакат қишлоқ хўжалигиги бошқа лойиҳаларида болалар меҳнатини қўллаш эҳтимоли сезиларли даражада юқорилиги билдириб ўтилади. Шу билан бирга, Ўзбекистондан катта миқдорда пахта харид қилаётган компаниялар, ҳеч бўлмаганда қисман мажбурий меҳнатдан фойдаланиб етиштирилган маҳсулотни олаётгани эҳтимоли юқоридир.

Мазкур ҳисоботда айтилишича, ҳукумат кўп ҳолларда амалдорлари воситасида ўз фуқароларини улар пахта далаларида ишлашдан бош тортгудек бўлса, ишдан бўшатиш, қонун бўйича олишга ҳақли бўлган болалар учун нафақалар ва бошқа тўловлардан маҳрум этиш ёки мактаб, коллеж ва университетлардан ҳайдаш билан таҳдид қилиб келади.

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини, айрим ҳолларда болаларни пахта далаларида мажбуран ишлатиш амалиётига чек қўймагунига қадар Жаҳон банки ушбу мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини молиялаштиришни тўхтатиши лозим. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш орқали Жаҳон банки амалда ҳукуматнинг суиистеъмол қилиш фактларини яширишга замин яратиб, масъул компаниялар ва ҳукуматлар ўртасида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳолат юзасидан чалкашликлар келтириб чиқаряпти.

Тағин ўқинг
26 июн 2017
Бугун Швецияда яшаётган ўзбекистонлик фаол Дилобар Эркинзода судья Низом Рустамовнинг ундан пора сўраганини очиқларкан, Швеция ва Ўзбекистондаги судлар ўртасидаги ...
10 феврал 2024
Аксилкоррупсия хизматининг 43 ёшдаги генерал-лейтенанти Ўлжас Бектеновнинг Қозоғистон бош вазири этиб тайинланиши, шубҳасиз, унинг постсовет тарихидаги муҳим воқеадир, дея ...
3 сентябр 2019
Самарқандда 27 август куни ўтган “Шарқ тароналари” фестивали арафасида дайди итлар ва мушукларнинг оммавий ўлдирилиши ижтимоий тармоқларда жамоатчилик норозилигига ...
27 апрел 2019
2018 йил декабрь ойида Сирдарё вилояти жиноят ишлари суди Сардоба пахта тозалаш заводидаги талон-торожликлар бўйича ишни кўриб чиқди. Айбланувчилар ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...