Асосий мавзулар
27 апрел 2019

Пахтани қўшиб ёзишга мажбурланган завод ишчилари қамалди

2018 йил декабрь ойида Сирдарё вилояти жиноят ишлари суди Сардоба пахта тозалаш заводидаги талон-торожликлар бўйича ишни кўриб чиқди.

Айбланувчилар Сардоба пахта тозалаш заводи пахта қабул қилиш пунктларининг олти нафар ходими, жумладан, директор Ғанишер Бойбўсинов ва лаборант Умида Исманова эди. Прокуратура уларга қарши талон-торож, ўзлаштириш ва мансаб ваколатларидан чиқиш айбларини илгари сурди. Тергов ҳужжатларига кўра, ҳужжатларни текшириш чоғида умумий 7.477 тонна  амалда қабул қилинмаган пахтани “қабул қилганлик ҳақида» сохта маълумотлар ёзилгани аниқланган. Етказилган зарар миқдори қарийб 7,7 миллиард сўм баҳоланган. Бу маблағ йўқ пахта учун фермерларга тўлаб берилган.

Суд ҳукмида айтилишича, заводнинг бир неча ишчилари пахтани хусусий шахсларга сотиш билан шуғуллангани ва фермерлардан қўшиб ёзилган пахта учун пул олганини тан олган. Аммо уларнинг таъкидлашича, бундай сохтакорликлар кўлами унчалик катта бўлмаган, етишмаган пахта учун эса, биринчи навбатда, завод директори Бойбўсиновни топширилаётган пахта ҳажмини ошириб кўрсатишга мажбурлаган туман ва вилоят раҳбарлари айбдордир.

“Элтуз” мухбири суд ҳукми билан танишди ва ушбу жиноят ишининг айрим иштирокчилари иддаоларини тинглади.

Завод директорининг хотини Бойбўсинова Моҳида норозилик пикетида

Калтакли ҳоким 

2017 йил сентябрда Сардоба пахта тозалаш заводи директори Ғанишер Бойбўсинов уйига ярим тунда боши ёрилган ҳолда қонига беланиб қайтди. Сирдарё вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳоким Ғофуржон Мирзаев унинг бошига таёқ билан икки марта туширганди. Ҳоким Мирзаевга пахта тозалаш заводи хомашёни қабул қилишда унинг сортини пасайтираётгани, ифлосланганлик ва намлик учун жуда кўп чегириб қолаётгани ҳақида айтишганидан сўнг шу воқеа юз берганди.

Пахта тозалаш заводи директори Бойбўсиновни калтаклаш турли ташкилотларнинг ўнлаб раҳбарлари, вилоят прокурори ва милицияси бошлиғи кўз ўнгида юз берди.


Бойбўсинов жароҳати юзасидан берилган поликлиника маълумотномаси

Оқолтин тумани марказий поликлиникаси врачи томонидан берилган маълумотнома Ғанишер Бойбўсинов бошидаги жароҳат тикилганидан сўнг 2017 йил сентябрдан октябргача амбулатор даволанишдан ўтганини тасдиқлайди.

2018 йил 14 сентябрда пахта тозалаш заводи директори Ғанишер Бойбўсинов ҳибсга олинди ва унга 7 745 713 900 сўм қийматидаги (1 доллар – 8300 сўм) 7477,8 тонна пахтани талон-торож қилиш айби қўйилди.

“Мен ҳокимнинг буйруғини бажарганман”

Ғанишер Бойбўсинов судда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев пахта топшириш кўрсаткичини оширишни талаб қилиб, унинг бошини таёқ билан уриб ёрганини айтиб берди. Кўрсаткични яхшилаш Оқолтин тумани давлат режасини бажаргани тўғрисида ҳисобот бериши учун қилинган ва бундан туман ҳокими Дилмурод Фозилов шахсан манфаатдор бўлган.

Бўйбўсиновнинг рафиқаси, суд жараёнида иштирок этган Моҳиданинг айтишича, судья унинг эридан нега бу ҳақда шикоят қилмаганини сўраган. Эри бунга жавобан ҳоким томонидан калтакланаётганини милиция бошлиғи ва прокурор ўз кўзи билан кўрганини билдирган. “У яна кимга шикоят қила оларди?” деди Моҳида.

Завод лаборанти: “Мени ифлос пахтани қабул қилишга мажбурлашди”



Умида Исманова – Оқолтин туманидаги Сардоба пахта тозалаш заводининг «Андижон» қабул пункти лаборанти

Мазкур иш бўйича айбланаётганлардан бири, Сардоба пахта тозалаш заводи лаборанти Умида Исманова ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқуловага берган интервьюсида у ва заводнинг бошқа ходимлари 2017 йил кузда пахта топширишнинг реал кўрсаткичларини сохталаштиришни талаб қилган туман ва вилоят раҳбарларининг кучли босими остида бўлганликлари билдирди.

“Менинг вазифамга қабул қилинаётган пахтанинг сортини ва ҳолатини аниқлаш киради. 2017 йил 14 сентябрда пахта қабул қилиш бошланди. Биринчи кунданоқ вилоят ҳокимлигидаги йиғилишларда пахтани, унинг қандай бўлишидан қатъи назар, қабул қилавериш ҳақида топшириқ берилган. Бизнинг Оқолтин туманимизда пахтани асосан ҳарбийлар теради. Уларга жуда катта кунлик режа қўйилади. Ҳарбийлар учун асосий вазифа режани бажариш, холос. Шунинг учун улар терилаётган пахтанинг сифатига умуман эътибор бермайди. Оғирроқ бўлиши учун унга барг-кўсак ва тошлар қўшишади. Сентябрь ойи охирига бориб фермерлар сифати жуда ёмон пахта олиб келишни бошлади. Пахта ифлос, ёмғир сабабли нам, ичи тош ва ҳали очилмаган кўсакларга тўла эди.

Бундай пахта заводга келадиган бошқа барча пахта ҳосилини ифлослантириш мумкин эди. Шунинг учун октябрь ойи бошларида мен туман ҳокими Дилмурод Фозиловга қўнғироқ қилдим ва вазиятни тушунтирдим. Гарчи бу биринчи терим бўлса-да, фермерлар иккинчи, ҳатто учинчи сортга баҳолаш мумкин бўлган пахтани олиб келишарди. Аммо фермерлар бундан норози бўлиб, пахтасини биринчи сортга қабул қилишни талаб қилишди. Чунки бунга қимматроқ тўланади. Фермерлар акс ҳолда пахта етиштириш учун банк берган кредитларини қайтара олмасликларини айтишди”, деди Умида Исманова.

Унинг сўзларига кўра, далаларда пахта кўп эди, аммо муаммо шунда эдики, ҳарбий теримчиларни терилаётган пахтанинг сифати умуман ташвишга солмасди, унда турли чиқиндилар кўп эди. Шунинг учун пахтани қабул қилаётганда у ифлосланганлик учун кўп чегириб қолишга мажбур бўлганди.  

Бундан ташқари, 400 килограмм қилиб тойланадиган бу пахталар улкан хирмонда 6 ойгача очиқ ҳавода сақланиши сабаб барча ҳосилни расво қилишидан чўчиганди.

Октябрь бошларида Умида Исманова туман ҳокимлигига телефон қилган. Бу қўнғироқдан сўнг пахта қабул қилиш пунктига Оқолтин тумани ҳокими Дилмурод Фозилов келиб, унинг иддаоларини тинглаган бўлса-да, пахтани қабул қилишни давом эттиришни талаб қилиб, фермерларга “ёрдам бериш” кераклигини айтган.

Шундан сўнг Умида Исманова Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг қабулхонасига қўнғироқ қилиб, юзага келган вазиятни тушунтирган. Унинг сўзларига кўра, ҳоким Ғофуржон Мирзаев пахта тозалаш заводига келиб, Умида Исманова ва бошқа лаборантларни ифлосланганлик учун жуда кўп чегириб қолаётганликда, кейин ортиқча пахтани сотиш учун бундан манфаатдор эканликда айблаб бақирган.

“Мен йиғладим ва ҳокимдан мени уришмасликни сўрадим. Учта кичик болам бор, камбағал оиладан чиққанман, пахтанинг ҳолатини яхшилаб кўрсата олмайман, чунки пахта камомади аниқланса, мени айбдор қилишади. Менинг орқамда одамим йўқ, агар мени қамашса, болаларимни ким боқади?” дейди Умида Исманова.

Шунга қарамай, туман ва вилоятнинг турли даражадаги раҳбарлари кўрсаткичларни яхшилашни талаб қилишди, завод директорининг калтаклангандан сўнгги сукут аломати ризолиги билан эса сифатсиз пахтани юқори кўрсаткичларда қабул қилиш давом этди.

Ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Умида Исманова пахта қабул қилиш бўйича параллел равишда иккита журнал юрита бошлади. Битта журналда пахтанинг ҳақиқий ҳолати, унинг асл намлик ва ифлосланганлик даражаларини қайд этиб, топширилган пахтанинг қанча фоизи чегириб қолиниши кераклигини кўрсатди. Журналда пахтанинг ҳақиқий кўрсаткичларини фермерларнинг имзолари билан тасдиқлатди.

Бошқа бир журналга эса қабул қилишга мажбур бўлган пахтанинг яхшиланган кўрсаткичларини ёзди. Ҳақиқий кўрсаткичлар киритилган журнал ҳам юритаётгани ҳақида Сардоба пахта тозалаш заводи директори Ғанишер Бойбўсиновага айтганида, у бунга қаршилик билдирмади.

Туман ва вилоят ҳокимларига хавотирли вазият ҳақидаги мурожаатлари эътиборсиз қолдирилгандан сўнг пахта мавсумининг энг қизғин палласида, 28 октябрда Умида Исманова ўз хоҳишига кўра ишдан бўшади. Чунки, ўзининг айтишича, сохталаштиришнинг оқибатлари қандай бўлишини яхши тушунарди.

Комиссия пахта камомадини аниқлади

2018 йил июнда Сардоба пахта тозалаш заводига келган ревизия комиссияси пахта камомадини аниқлади. Прокуратура давлат мулкини талон-торож қилиш бўйича завод директори ва беш нафар ходимига қарши Жиноят кодекси асосида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (167-модда), мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (205-модда) ва мансаб сохтакорлиги (209-модда) юзасидан иш очди.

Бир ойдан сўнг, 2018 йил июлда Умида Исманова ва заводнинг бошқа ходимлари гувоҳлик кўрсатмалари бериш учун прокуратурага таклиф этилди. Тергов чоғида барча лаборантлар пахта кўрсаткичларини оширишни талаб қилган раҳбарларнинг кучли босими остида бўлганликлари ҳақида ўхшаш кўрсатмалар берди.

Исманова прокуратура терговчисига ҳақиқий маълумотлар кўрсатилган, фермерларнинг имзолари турган журнални берди ва пахта камомади мажбурий сохталаштириш оқибати бўлиши эҳтимолини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, тош ва турли чиқиндилар аралаштирилган хомашё заводга топширилган пахта сифатида қабул қилинган.

“Дейлик, агар фермер 15 тонна ифлос пахта олиб келган бўлса, бу худди заводга топширилган пахта сифатида расмийлаштирилган ва шунга мувофиқ 15 тонна пахта учун ҳақ тўланган. Аммо олиб келинган пахта тозалангандан сўнг 5 тоннаси чиқиндига чиққан, пахта камомади шундан келиб чиққан бўлиши мумкин. Агар журнал бўйича текширилса, ифлосланганлик учун чегирма 70-80 фоиз бўлиши керак эди, аслида эса пахта 25-30 фоизлик чегирма билан қабул қилинган”, деб тушунтирди Умида Исманова.

Бу иддаолар қабул қилинмади ва орадан кўп ўтмай, гарчи ҳибсга олинмаган бўлса-да, Исманова гувоҳдан айбланувчига айлантирилди.

Исманованинг айтишича, судда иштирок этган 10 нафар фермер ўзларининг даласидан ҳарбийлар терган пахтанинг сифати паст бўлганини тасдиқлаган. Судья фермерлардан пахта топшириш кўрсаткичларини ошириб ёзгани учун завод ишчиларига пул тўлаганмисиз, деб сўраганида, улар тўламаганини, пахта эса ҳақиқатан ҳам паст сифатли бўлганини билдиришди.

“Ҳоким ва бошқа раҳбарлар жавобгарликни ўз зиммаларига олиши керак”

Моҳида Бойбўсинованинг сўзларига кўра, 2017 йил сентябрда эри уйга боши ёрилиб қайтиб келганида у тез ёрдам чақирмоқчи бўлган, аммо эри ҳаммаси ўтиб кетишини айтиб, бунга рухсат бермаган. У эридан йиғилишда ҳоким ўринбосари Комилжон Собиров ҳокимга Сардоба пахта тозалаш заводи “пахта сортини атайин пасайтираётгани”дан шикоят қилганидан сўнг ҳоким эрининг бошига таёқ билан урганини билиб олган.

“Эрим ишдан бўшамоқчи бўлганди, лекин унга рухсат беришмади. У ерда ўғирлик бўлмаган, аммо пахта кўрсаткичлари ошириб кўрсатилган, чунки туман ва вилоят раҳбарлари шуни талаб қилган. Буни вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев талаб қилган, Оқолтин тумани ҳокими Дилмурод Фозилов талаб қилган, буни ҳар тунини заводда ўтказиб, пахтани юқори кўрсаткичларда қабул қилиш талаби билан лаборантларга тазйиқ ўтказган пахта трести раиси Азизбек Исмоилов талаб қилган. Нега суд бу раҳбарларни чақирмайди? Нега улар завод ходимларини натижаларни ошириб кўрсатишга мажбур қилгани учун жавобгарликка тортилмайди”, дейди Моҳида Бойбўсинова.

Унинг таъкидлашича, завод ишчилари кўрсаткичларни оширишдан манфаатдор эмас эди, бундан фақат раҳбарият олдида ҳисоб бериши керак бўлган ҳокимлар манфаатдор эди.


Тимур Карпов фотоси. 2018 йил

Суд ҳукми

2018 йил 26 декабрда Сирдарё вилоятидаги суд Сардоба пахта тозалаш заводи директори Ғанишер Бойбўсиновни қиймати 7 745 713 900 сўм бўлган 7 477,8 тонна пахтани ўғирлашда айбдор деб топди ва 8 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади.

Заводнинг судга тортилган бошқа ходимлари 2 йилдан 7 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш ва турли миқдордаги зарарни қоплаш жазосига ҳукм этилди.

Шунингдек, суд лаборант Умида Исмановани ҳам айбдор деб топиб, 4,6 йилга озодликни чеклаш жазоси белгилади. У соат 22.00 дан эрталаб 6 тагача уйда бўлиши ва Сирдарё вилоятидан чиқмаслиги шарт. Қолаверса, давлатга 1 млрд 424 миллион сўм зарарни тўлаши керак.

«Мен умрим давомида бундай жаримани тўлай олмайман, чунки мен 600 минг сўм бўлган кичик маош эвазига яшаганман ва бошқа ҳеч қандай даромад олмаганман. Эрим мени уч фарзандим билан уйдан ҳайдади ва ҳозир пенсионер ота-онамникида яшаяпман», деди Умида Исманова ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқуловага берган видеоинтервьюсида.

2019 йил 30 январда бўлиб ўтган апелляция эшитувида суд ҳукми ўз кучида қолдирилди. Айни пайтда адвокатлар ишни Ўзбекистон Олий судида кўриш учун шикоят аризаси беришган.

«Элтуз» ушбу жараённи кузатиб боради.

Изоҳ: 2018 йил кузида 10 минг аскар Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида пахта терган эди.

Видео: https://youtu.be/0f6zoPl3OEM

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 апрел 2023
Ўлмасни худой, синмасни кулол яратмас. Одам ҳам қарийди. Шу боис пенсия ëши белгиланган. Ëши бир жойга борган одам давлатни ...
10 август 2021
ИШИДнинг Суриядаги лагерларда сақланаётган аёл аъзолари учун июль ойида рус тилидаги ёпиқ телеграм чатда қуйидаги эълон берилди: “Ўзбекистонлик опа-сингиллар, ...
15 ноябр 2023
Элтуз порталига ёғилаётган шикоятлар оқимини ёритишда давом этамиз ва навбатдаги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Тошкент, Сирдарё, Андижон вилоятларидан ...
23 июл 2017
Бундан юз йил бурун Туркистонда рўй берган бу воқеа минтақанинг бўлинган мамлакатларида бугун турлича талқин этилади. Асли Тошкентда бошланган ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...