Видео
11 сентябр 2019

Аҳмад Хоразмий: Ҳофизлигим ҳақида

Ибтидосида айтай, мен шоир ёки бастакор, ё-да ҳофиз эмасман. Шеърга ўхшаган бир нарсаларни ёзиб, уларга ўзимча куй басталаб, онда-сонда қўлимда тор билан хиргойи қилган вақтларим бўлган, бундан кўпчиликнинг хабари бор.

“Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, деганидай бўлмасин деб, шу хиргойини қилишгашда, 1974 йилда, аспирантлик йилларим “Юртим Хоразм” ашуласини айтиб, К.Отаниёзовнинг “Илмингдан барака топ, майли, бир ёнингда адабиёт, бир ёнингда санъат ҳам бўлсин”, деган дуосини олганман.

Комилжон ака менинг ижроимни эшитиб берган бу дуосида мендан олим чиқса-да, санъаткор чиқмаслигини башорат қилгандай эди гўё.

Талабаликдан ҳозиргачада (70 ёшдан ошиб ҳам) қўлимда тор билан хиргойида бардавомман, шукур. Айрим пайтлари устоз Комилжон аканинг Хоразм лазгисига мухаммас боғлаб айтганимда, зиёфат иштирокчилари беихтиёр ўйинга тушиб кетган пайтлари ҳам оз бўлмаган.

Қуйида хофизлигим билан боғлиқ, айрим саргузаштларни сиз санъатсеварлар билан ўртоқлашмоқчиман:

Талабалик йилларимда “Любит русских” номли шеър ижод қилганман. Унга гитарада музика боғлаб, пахтада айтганман. Шу-шу бу ашулани кўпчилик талабалар хиргойи қилишадиган бўлган.

Англияга келганимдан кейин бекорчиликдан ўша ашулани гитарада айтиб, ютубга қўйдим. Ленинградда ўқиган бир туркман дўстимга бу ашула ёқиб қолибди ва ўз курсдоши Жаҳон Поллиевага кўрсатибди. У пайтлар Жаҳон Поллиева Россия президенти Владимир Путиннинг биринчи ёрдамчиси бўлиб ишларди.

Жаҳон Поллиева буни президент Путинга кўрсатган. Путин уни қайта-қайта кўрган ва қайсидир талантлар фестивалида ҳам кўрсатишибди.

Бу ашула 1970-йилларда ижод қилинган бўлиб, ярим асрдан буён ҳар хил сиёсий шароитларда яшаб келаяпти. Бир қарасам, бу ашула 2019 йилда «Элтуз»нинг “Марҳабо талантлар” халқаро танловида ҳам иштирок қилаяпти экан. Путиннинг, ҳатто Элтуз ибн Қудратнинг назарига тушган бу хиргойи «Элтуз»нинг халқаро танловида ҳам ютиб қолса ажабмас, ё насиб.

1994 йилда “Хоразм бўлмаса нетардинг дунё?!” номли шеър ёзиб, унга куй басталаб, ижро (хиргойи) қилганман. Шундан кейин бу ашула шу даражада оммалашиб кетдики, биронта тўй ва тадбир усиз ўтмайдиган бўлди. Телевизорда эса кунда-кунаро берарди.

Бир кун районда Болтабой ҳофиз деб танилган хонанда уйга келиб, шу ашулани айтишига рухсат сўради. Масала бундай бўлган экан: Боғотдаги таниқли бир одамнинг тўйида Боғотнинг “босс”ларидан бири: “Ҳофиз, ашулани “Хоразм бўлмаса нетардинг дунё»дан бошланг, акс ҳолда сизга жавоб”, дебди ва тўйдан ҳайдаб юборишибди.

Хиванинг 2500 йиллик юбилейи тадбирининг охирида меҳмонлар ва раҳбарлар учун уюштирилган ОАВсиз зиёфатда атоқли хонандалар бир жуфт, таниқли хонандалар биттадан ашула айтишган.

“Комилжон соний” деб танилган Қутлимурот Кўчаков “Хоразм бўлмаса нетардинг дунё?!” ашуласини айтган. Президент Каримов уни эшитиб: “Шу ашулани яна бир марта айтинг”, деган. Ашулани такрор эшитиб, Хоразм ҳокими И.Юсуповга: “Шоирни-да, ҳофизни-да унвонга тақдим қилинглар”, деган.

Шоир (камина) Каримов режими душмани экани сабаб бу масала қолиб кетган. Бечора ҳофиз ҳам менинг касримга унвонсиз қолган. Акс ҳолда Муҳаммад Солиҳлар қолиб, биз халқ шоири бўлиб кетармидик…

Яқинда бу ашулага клип қилишибти ва бу клип “хит” бўлишгада улгурибди.

Бундан бир неча йил олдин шоир Холдор Вулқоннинг “Генерал Дўстум” шеърига муҳаммас боғлаб, ижро қилиб ютубга қўйгандим. Бу ашула Британиядаги афғонлар орасида оммабоп бўлиб кетганди.

Бу ашулани Eltuz.com сайти тегишли видеолар билан ўз сайтида “Ўзбек профессори генерал Дўстум ҳақида куйлайди” номи билан эълон қилганидан кейин уни минглаган одамлар томоша қилибди ва бу ашула Афғанистонгача етиб бориб, уни Дўстум ҳам томоша қилибди.

Генерал Абдулрашид Дўстум жорий вақтда Афғонистон Ислом Республикаси биринчи вице-президенти. У ўзининг Лондондаги вакили Яҳё орқали менга ташаккур айтиб, Афғонистонга ёки Туркияга меҳмон (кўришув)га таклиф қилибди. Каримовдан ола олмаган унвонни Дўстумдан олсак, не ажаб…

Ҳадисда айтилган: “Ҳар фойдадан бир зарар ҳам бордир”, дегани асосида, Дўстум ҳақидаги бу ашуладан қуйидагича зарар ҳам келди.

Бир неча йиллардан буён Манчестердаги “Ал-Ақсо” ошхонасидан овқат олардим. Бу ошхонанинг эгалари афғонистонлик пуштун йигитлар бўлиб, менга алоҳида иззат кўрсатишарди.

Бу ашула афғонлар орасида тарқалиб кетганидан кейин: “Сиз генерал Дўстумни мадҳ қилиб ашула айтибсиз. У биз(пуштунлар)га душман. Унинг касофатидан биз бу ерларда тентираб юрибмиз. Бу ерга бошқа келманг, Дўстумнинг овқатини енг”, деб мени ҳайдаб солишди.

2006-2008 йилларда ўзим яшаётган шаҳардаги Стокпорт коллежида инглиз тилини ўрганиш бўйича талаба сифатида таҳсил олганман. Ўша пайтларда эски касалим қўзиб, инглиз тилида “British Beauty” (Британия гўзали) номли шеър ёзиб, унга куй басталаб, хиргойи қилдим.

Бу ашула коллежда яшин тезлигида тарқалиб кетди. Буни ҳатто коллеж директорлари-ю парламентнинг айрим аъзолари (МР) ҳам хиргойи қилишадиган бўлди. Кўпчиликнинг қистови асосида турли тилларда ўзим айтган ашулаларнинг салкам бир соатлик концерт дастури сифатида “Аҳмад ҳожи Хоразмий куйлайди” номли ДВД диск ҳам чиқди.

Ҳамма ердаги каби Буюк Британияда ҳам қўлингда ҳунар(талант)инг бўлса, уни намоён қилиб, уч-тўрт пул ишлашинг мумкин. Буюк Британиянинг ҳозирги бош вазири Борис Жонсон бундан бир неча йил олдин Лондон шаҳри ҳокими бўлиб ишлаётган пайтлари шапкасини ерга қўйиб, гитарада ашула айтиб пул ишлаган пайтлари ҳам оз бўлмаган. Бу тафсилотлар “Метро” ва бошқа газета ва журналларда ҳам берилган.

Қиссадан ҳисса шуки, “British Beauty” (Британия гўзали) ашуласи Стокпортда хит бўлиб юрган пайтлари мен ҳам шаҳарнинг гавжум жойида бошқа хонандалар билан бир қаторда туриб, бу ашулани айта бошладим.

Бошқа хонандалар олдида турганлар ҳам уларни тарк қилиб, чапак чалганларича мени олқишлаб, эшита бошладилар. Бир пастда менинг олдим пулга тўлиб кетди.

Аҳмад Хоразмий шахсий архивидан

“Бойнинг душмани бой бўлур, ҳофизнинг душмани ҳофиз бўлур” дегандай, бошқа ҳофизлар: “Мана бу ҳофиз ҳаммамизни касод қилаяпти”, деб мени ёмонладилар. Шаҳар раҳбарияти менга: “Сиз ашулангизни бошқа ерда айтинг, акс ҳолда бошқа ҳофизларни оч қолдирасиз”, деб мени бу ердан ҳайдашди.

Худо берган талант(ҳунар)ни бандаси ола олмайди. Ҳофизликдан ҳайдашса, адиблик (шоирлик ёки ёзувчилик) қиламан. У ерда ҳам адиблар ҳасад қилиб, кун бермаса, олим(профессор)лик ёки шайхлик қиламан. Ҳеч бўлмаганда, мардикорлик-да қиламан. Бекорга айтилмаган “Ҳунарли хор бўлмас”, деб.

Аҳмад ҳофиз Хоразмий
Фейсбук саҳифасидан
Буюк Британия, Стокпорт, 2019

Тағин ўқинг
13 март 2019
Ўзбекистон президентининг мамлакатда катта ҳажмда аччиқ қалампир етиштириб, кейин уни хорижга экспорт қилиш орзуси биринчи йилданоқ саробга айланишига сабаб ...
2 август 2017
30 июл куни «Таҳлилнома» кўрсатувида Каримовнинг «тўмтайиб юришлари», мамлакатдаги валюта «қора бозори», қўшнилар билан муносабат, чегара масалаларида йўл қўйган ...
30 сентябр 2015
Бугун, 30 октябр куни, камида 4 нафар бўлган бир гуруҳ одамлар иккита машинада Ангрендан то Тошкентгача ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий ...
24 май 2021
Литва Бош прокуратураси Ryanair авиакомпаниясининг Афинадан Вильнюсга парвоз қилаётган учоғи миналаштирилгани иддаоси билан Минскда мажбуран қўндирилиши ва йўловчиларга нисбатан ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...