Асосий мавзулар
11 май 2020

Муҳаммад Солиҳ президент Шавкат Мирзиёевдан истеъфога чиқишни талаб қилди

1994 йилдан бери сургунда яшаëтган мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ 10 май куни ўзининг фейсбук саҳифасида Ўзбекистон президенти истеъфосини талаб қилиб чиқди.

Муҳаммад Солиҳ ўз мурожаатини “Хўш, сиз нима бердингиз халққа?” деган риторик савол устига қуради.

70 яшар Солиҳга кўра, Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан бери ўзбек халқига “ваъда ва баландпарвоз сўзлардан бошқа ҳеч нарса” бергани йўқ.

Шу билан бирга, таниқли сиëсатчи Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон президенти сабаб бўлган 12 та салбий ҳолатни бирма-бир санаб ўтади:

1. Мирзиëев иқтидорга келиб, ваъда қилгани бутун ислоҳотлардан воз кечди.

2. Очкўз, юҳо ҳокимларни халқ бошига ўтқазди.

3. Одамларнинг уйларини тортиб олиб, уларни капаларга жойлаштирди.

4. Танқид этган журналистларни “авария” туси бериб ўлдирди.

5. Сардоба сув омборини халқнинг бошига ағдарди.

6. Ўзбекистонни четдан олинган қарз ботқоғига ботирди.

7. Ташқи сиёсатда Ўзбекистонни Русиянинг вассал давлатига айлантирди.

8. Ўзбек халқини “эшаксевар” деб ҳақорат қилган Жириновскийни чақириб, оёғи остига қўй сўйди.

9. 1865 йил Тошкент ишғолида ўлган рус босқинчилари хотирасига қурилган бутхонани қайта тиклади.

10. Ўзбекистонда халқнинг аксарияти қарши бўлган атом электростанцияси қуришни бошлади.

11. Энди тинкаси қуриган юртни “Евроосиё иқтисодий иттифоқи” деган зиндонга ташлаш пайида.

12. И.Каримов пайтида жонсарак бўлган давлат тили – ўзбекчани бутунлай ўлдирди.

Матн давомида Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон президенти Сардоба фожиасининг “бош сабабчиси”, деган айбловни илгари суради:

“Кредитни ўзим топаман, деб Ислом Каримовни ишонтирган ва бу омборни қуришни бошлаган сиз эдингиз,” дея таъкидлайди Муҳаммад Солиҳ.

Шунингдек, у Шавкат Мирзиёевни сув  омбори қурилиши сметасида кўрсатилган 404 (тўрт юз тўрт) миллион долларни Хитойдан олиб, пулни ҳам, омбор қурилишини ҳам яқин кишиларига топширганликда айблайди.

“Ўзбек ва қардош қозоқ халқларининг бошига бало бўлган Сардоба фожеаси омбор қурилишида жуда катта ўғирликлар содир бўлганини фош қилди. Энди халқнинг айбдорларни жазога тортиш талабига жавобан, сиз ўғирликда ҳамтовоғингиз, фожеа сабабчиси Абдуғани Сангиновни Сардобада ҳалокат тафтиш комиссиясига киритдингиз. Яъни бу кимса ўз жиноятини “ўрганиб”, сизга рапорт ёзади. Рапорт ўғри тарафидан ёзилиб, ўғрига берилади, шундайми?

Ҳа, порахўрларингиздан воз кечиш қийин бўлаяпти. Чунки улар сизнинг қон томирларингиздир”, дейди Муҳаммад Солиҳ ўз мурожаатида.

Мурожаат якунида Муҳаммад Солиҳ мамлакат президентига қарата “Дарҳол президентликдан истеъфо қилинг! Ўзбек давлатчилигини хавф остига қўйманг! Кетинг!» дейди.

Муҳаммад Солиҳ 2018 йили «Элтуз» мухбири билан суҳбатда Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиëевнинг ислоҳотлари самара беришидан умид билдирган эди.

Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонни 1989 йилдан 2015 йилгача, яъни ўлгунига қадар бошқарган диктатор Ислом Каримовнинг асосий танқидчиси ва мухолифи бўлган.

Совет Ўзбекистонида шоир сифатида танилган Муҳаммад Солиҳ 1988 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган илк норасмий мухолиф ҳаракат – “Бирлик”нинг асосчиларидан бири эди.

У мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясини 1990 йилда ташкил этди.

Муҳаммад Солиҳнинг номзоди Ўзбекистонда 1991 йил декабрида бўлиб ўтган президент сайловида Ислом Каримовга рақиб сифатида илгари сурилган, расман 12,7 фоиз овоз тўплагани расман хабар қилинган.

Ўзбекистонда мухолифатга қарши бошланган тазйиқлар 1993 йилда Муҳаммад Солиҳни ватанни тарк этишга мажбур қилди.

Ўзбекистон ҳукумати Муҳаммад Солиҳни 1999 йилги 16 февраль портлашларининг ташкилотчиларидан бири деб айблаган, лекин Ўзбекистон Олий судида кўрсатма берган ва кейин қамоқхонада ҳаётдан кўз юмган Зайниддин Асқаров Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги кўрсатмаларини қийноқлар натижасида олинганини айтган.

2017 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг номи Интерпол қидирув рўйхатидан олиб ташланган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 декабр 2017
Тошкентдаги “Абу Сахий” бозори пештоқидаги ëзув “Тошкент ипак йўли” дея ўзгартирилди. Бу ўзгариш жараëнини Тошкентдаги “Элтуз” мухбири фотосуратга олди. ...
15 ноябр 2023
Элтуз порталига ёғилаётган шикоятлар оқимини ёритишда давом этамиз ва навбатдаги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Тошкент, Сирдарё, Андижон вилоятларидан ...
25 феврал 2024
Бугун ўзбекистонлик профессор олим ва мухолифат арбоби Ботир Норбоев вафот этган кун. У 2019 йилнинг 24 февраль куни 72 ...
13 декабр 2017
Ўзбекистондаги мактаб ўқувчиларига дарсхоналарни иситиш учун ўтин солиғи солинмоқда. Жумладан, «Элтуз»нинг Андижондан олган хабарига кўра, шаҳардаги 29-мактаб ўқувчиларига кўмир ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...