Асосий мавзулар
15 июн 2020

ИИБ ходимлари Алижонни қийнаб ўлдирди

Андижонлик 44 яшар Алижон Абдукаримов ички ишлар ходимлари тарафидан уриб ўлдирилди. Алижоннинг ортида ҳомиладор хотини ва уч фарзанди қолди. ИИБнинг Абдукаримовни уриб ўлдирган уч ходими қамоққа олинди. Прокуратура маҳбуснинг ўлимидан таассуф билдирди.

Бундан олдин ИИВ матбуот котиби ўзбек тергов изоляторида маҳбуснинг ўлиши табиий ҳол, деган эди. Бу табиий ҳол эмас, жиноят. Жиноят бўлганида ҳам ўзбек миллатига қарши қаратилган мудҳиш жиноят. Ўзбекистон ИИВ ходимларига тўхта, маҳбусни ўлдирма, деб баралла айтмоқ замони аллақачон келди.

Мен, «Элтуз» мухбири Қудрат Бобожон бу ошкора  қотиллик қиссаси тафсилотларидан сизни хабардор қиламан.

Аввалига расмий маълумот

Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотномаси:

Жорий йилнинг 30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига Андижон шаҳри Салоҳият кўчасида яшовчи 1976 йил туғилган Алижон Абдукаримов тан жароҳатлари билан олиб келинган.

Ҳолат юзасидан Андижон шаҳри прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, шу куни Андижон шаҳри ИИО ФМБ 4-ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувидаги ариза юзасидан Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб туришган. Бунинг оқибатида Алижон Абдукаримовнинг соғлиғи ёмонлашгач, Андижон шаҳри ИИО ФМБ 4-ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида шу йилнинг 1 июнь куни 3 нафар ички ишлар ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206 (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234 (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ва 235-моддалари (қийноққа солиш) билан айб эълон қилиниб, улар қамоққа олинган.

Жабрланувчи Алижон .Абдукаримовга шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамай, у 11 июнь куни шифохонада ўлган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ошкора қотиллик қиссаси

12 июнь куни Алижон Абдукаримов дафн қилинди. 13 июнга келиб Андижон милицияси калтаклаган маҳбуснинг ўлими хабари ўзбек блогосферасида тарқалиб, артистлар ҳақидаги мемни иккинчи планга суриб қўйди. Блогерлар АҚШда полиция уриб ўлдирган афроамерикалик Флойд билан боғлиқ жанжал билан ўзбек жамиятидаги сассизликни таққослашди.

12 июнь куни Абдукаримов ўлими хабарини «Элтуз»га етказган ватандошимиз ҳам исми сир қолишини истади:

“Марҳумнинг исми ва расмини топиб беришга ҳаракат қиламан. Оперларнинг ҳам исмини билишга ҳаракат қиламан. Фақат менинг шахсим сир қолаверсин. Андижонданман, ўзингиз тушунасиз, мелисанинг яхшиси гўрда бўлади. Кейин менга ўчакишиб бермасин. Личкага қараб туринг, аниқлаб ёзвораман”.

Кун давомида бу манба бизга воқеалар силсиласини ëзиб турди. Унинг айтишича, марҳумнинг юрагида клапанлар бўлган ва у мени урманглар, юрагим чатоқ, дейишига қарамасдан, ИИБ ходимлари дўппослашда давом этган:

“Ака, аслида жуда ёмон урган мелисалар. Андижонда 4-милиция бўлимида 3 та опер Алижонни ўласи қилиб калтаклаган. Йигитнинг юрагида клапанлари боракан, калтакни кўтаролмайман, урманглар, десаям уришган. Йигит ҳушидан кетиб қолган, атай қиляпсан, деб яна уришган. Йигит шифохонада ўлди. 3 та фарзанди ва 4-фарзандга ҳомиладор хотини қолди”.

Милиция ходимлари калтаги оқибатида ўлган Абдукаримов қандай қилиб ИИБ тергов излояторига бориб қолди. Сабаб нима?

Қисқаси, марҳум биттаси бриллиант сотаман, деганида харидор рўпара қилган. Харидор бриллиантни олиб, пулини бермай кетган, тошниям қайтармаган. Тошнинг эгаси мелисага арз қилган. Мелиса ушлаб кетган 30 май куни марҳум ошхонада бўлган. ДХХда ишлайдиган битта одам, яъни марҳумнинг таниши ҳам ошхонада экан. Сен боравер, айбингни бўйнингга қўйса, жавоб берасан, бўлмаса йўқ дегани учун борган 4-бўлимга. Кейин марҳумни Пўлат исмли опер ва яна икки нафар мелиса дарров ура бошлаган. Ëмон урган, шериксан, деган.

Швейцарияда яшаëтган собиқ дипломат ва журналист Алишер Таксанов воқеа гувоҳларидан мактуб олади. Таксанов бу мактубни тўлаличига эълон қилди:

«Хайрли кеч, Алишер ака. Сиз ИИВ жаллодлари тарафидан уриб ўлдирилган Андижон турғуни билан боғлиқ янги можародан хабардорсиз, деб ўйлайман. Бу жаллодларни ИИБ ходими дейишга тилим бормайди.  Билганингиздай, бу йигит 4-ИИБда дўппосланган, ФБда унинг ўлар ҳолатда ëтгани акс этган видео тарқалган. Тасодифга кўра, бу қотиллик  АҚШ коплари Флойдни ўлдирган бир даврга тўғри келди….  Ўзбек ментлари андижонлик йигит ўлими билан боғлиқ тафсилотларни хаспўшлашга уринишмоқда. Бу йигитнинг исми Абдукаримов Алижон. Салоҳият кўчасида яшарди. Олдинги Гагарин кўчаси. Тармоқда унинг 7 июнь куни ўлганини ëзишди. Бу нотўғри, у 11 июнь куни кечқурунги соат еттиларда ўлди. У 10 кун комада ëтди. 11 июнь куни кўзини очди. Шундан кейин интенсив терапия бошланди. Аммо ҳаммаси самарасиз бўлди. Жасад 11 июнь куни кечқурунги соат 11. 30да яқинларига берилди. 12 июнь  куни эрталаб соат 7 да Алижон дафн қилинди…».  

Мактуб эгаси марҳумни яхши танигани ва унинг жиноятчи бўлмаганига эътибор қаратади:

“Алижон жиноятчи эмас эди. У илгари судланмаган. У барча андижонликлар каби уйим-жойим дея тирикчилик кетидан югурган ватандош эди. Хусусий бизнес билан шуғулланган. Асосан, ол-сот ишларида даллоллик қилиб, умумий суммадан фоиз олиб юрган. Кўринишича, шундай даллоллик унинг умрига зомин бўлди. Қўшнилари бу йигит ҳақида фақат яхши гап айтишди. Коммуникабел¸ киришувчан бўлган¸ ҳеч кимдан ëрдамини аямаган”.

Андижондан Швейцарияга ëзилган мактубда ИИБ ходимлари уриб ўлдирган марҳумнинг сўнгги куни ҳақида ҳам тафсилотлар бор:

«Ўша куни у уйда эди. Дўстлари билан карантин тугаганини нишонлашди. Менга маълум бўлишича, улар коньяк ичишган. Худди ўша пайтда милиция наряди келган. Номерсиз машина ичидан тўртта киши тушган. Улар биз билан юрасиз, деб талаб  қилишади. Ўртада гап-сўз чиқади. Милиция куч ишлатади. Куч билан Алижоннинг қўлини қайириб, милиция машинасига тиқишади. Бошқаларга қарата, милиция ходимлари ўта қўпол тарзда жим бўлиш ва аралашмасликни талаб қилишади.

Алижоннинг қариндошлари уни 5 соат излашди. Барча ИИБлар қамоқ фактини инкор қилишди.  Ниҳоят Алижон топилди. У ўласи қилиб калтакланган, бош чаноғи синдирилган эди. Ўша пайтда Андижон ИИБси воқеани бекитишга чандон уринади.

Алижоннинг синглиси президент порталига ариза ëзди.  Тошкентдан комиссия келади.

Айтишларича, президент буйруғи билан тўртта одамсимон махлуқ қамоққа олинади.

Вилоят ИИБ дафн қилиш учун ўз катафалкини бериб туради. ИИБ катталари эса Алижон яқинларига даъво аризам йўқ денглар, деб босим қила бошлайди. Шундай қилиб, одам ўлдирилди. Оила боқувчисиз қолди.  Оила камбағал. Маҳалладаги энг хароб дарвоза бу оиланики. Хотини иккиқат. Шу ойда туғиши керак. Ҳозир хотин шокда. Икки-уч марта ўзидан кетиб йиқилиб қолди. Қўшнилар милиция қотиллигидан ғазабда.  Энг дахшатлиси, милициянинг одам ўлдириши нормага айлангани. Майли, Алижон нимагадир аралашди, деб тахмин қилайлик. Марҳамат, айбловни тақдим қилинг. Суд қарорини кўрсатинг. Адвокат беринг. Йўқ. Буларнинг бирортаси ҳам йўқ. Шунчаки ордерсиз кириб судраб обкетишди. Ўласи қилиб уришди.  Беш соат давомида оила аъзоларидан яширишди. Кейин ўлдиришди. Мен сизнинг кеча қандайдир Пўлатов билан мулоқотингиз ҳақида ëзганингизни ўқидим. У  “Мана, Америкада ҳам негрларни ўлдиришяпти-ку”, деб воқеани хаспўшлашга уринибди.

Менинг унга саволим бор. Биз Ўзбекистон ватандошлари ментлар қилган ишни уларга нисбатан қила оламизми? Ўша куни кечқурун Алижоннинг жасади маҳаллага келтирилганда халқ ошиқча ғазабга тўлган эди. Ўша пайтда кимдир “ментларни ўлдир”, деб чорлаганида, балки Ўзбекистонда ҳам АҚШдаги каби ғалаëнлар содир бўлармиди.

Менимча, эртами-кеч Ўзбекистонда ҳам бу юз беради. Шаҳарда ментлар билан камида битта тўқнашув юз берди, тафсилотдан хабарим йўқ, лекин пичоқ бориб суякка етди.

Жонимиздан тўйдириб юборишди. Асаблар бомба пружинаси каби сиқилган. Билмайман қачон портлайди, аммо портлаши аниқ.  Яна бир гап. Аҳоли орасида ментлар маст экан, деган гап юрибди. Ментлар қўлга олинганида бу ҳолат расмийлатирилган экан. Ҳозир эса протоколни қайта ëзиб, ментлар ҳушёр, деб ўзгартиришибди».

Бу ошкора қотиллик қиссаси эди.

Бундан бир ой олдин Қувасой ИИБда бир йигит тергов пайтида ўлди, деган хабар чиққанида Фарғона ИИБ бу йигитнинг қийноққа солингани, аммо ўлмагани ҳақида хурсанд бўлиб маълумот берган эди. Тармоқ эса “у йигит ўлса ҳисобмиди”, дея афтини бужмайтирганди.

Жорий йил июнь ойига келиб эса ИИВ терговхонасида калтакланган йигит касалхонада ўлди. Бу биринчи ҳолат эмас.

2020 йилнинг 30 январида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиëсов Қашқадарëнинг Чироқчи туманидаги СИЗОда маҳбус ўлимини изоҳлаган эди.

“ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас, балки оддий ҳолатдир. Олдин ҳам шундай воқеа бўлган. Баъзилар ўз жонига қасд қилади. Бошқаларнинг эса саломатлиги ëмонлашади”, деган эди вазирлик мулозими жаноб Ғиëсов.

Ўз биографиясида Ўзбекистон муваққат президенти деган ëзув бўлган Бош прокурор Ниғматжон Йўлдошев 1 ой аввал бундай деганди:

«Терговда қийноққа солиш бўйича қонунбузилиш ҳоллари ўз касбида етарли тажриба, малакага эга бўлмаган, савияси паст ходимлар томонидан содир этилишини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Улар қонуний тарзда жиноятни фош қилиш йўлини билмагани учун шунга қўл уришади». Шу сўзларни айтиш баробарида Бош прокурор Чироқчидаги ҳолатни қўшимча қилганди.

Ўзбекистон Конституциясининг  26-моддасида  эса бундай дейилган:

«Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас».

Бу ëзув 30 йилдан бери бор. Бу ëзув ëзилиб сиëҳи қуримасдан туриб ИИВ қамоғида ëзувчи Эмин Усмонов уриб ўлдирилган эди. 

Муаммо тизимда. Кўплар талаб қилаëтганидек, ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфоси вазирлик тизимидаги қотиллик, қийноқ ва коррупцияга барҳам бера олмайди.

2019 йилнинг январида Андижон ИИБнинг тўрт нафар ходимига нисбатан мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш айблари билан жиноят иши қўзғатилган эди.

2017-2018 йилда ҳибс ва турмаларда қийноқ қўлланилгани устидан 1069 та шикоят келиб тушган.

Ундан аввалги йил бу кўрсаткич атиги 189 та эди, демак шикоятлар сони қарийб 10 баравар ошган.

Бу расмий рақамларни  2019 йил ноябрида Ўзбекистон ҳукумати БМТга тақдим қилган ҳужжатдан олдим.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтган 68-сессиясида нега қийноқлар устидан шикоятлар бу қадар ошганига қарамай, жазоланганлар сони кескин камайиб кетганини таъкидлаган эди.

Жазосизлик

Андижонда қийноққа солинган фуқаро вафот этди. 3 нафар ИИБ ходими ҳибсга олинди.

Ижтимоий тармоқларда Андижонда ИИБ ходимлари томонидан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилиши натижасида гумондор фуқаро комага тушиб, охир-оқибат вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бош прокуратура матбуот хизмати, ИИВ нашрлари айни хабарни тасдиқлади.

Андижон шаҳри ИИО ФМБ 4-ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант Ф.Ҳусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилди.

Андижон шаҳри ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усмонов ва Андижон шаҳри ИИО ФМБ 4-ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажонов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда бўлиб ўтган тадбирда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова кейинги йилларда ички ишлар органлари ходимлари томонидан қийноққа солиш ҳолатлари кўпайганини афсус билан қайд этганди.

29 май куни Светлана Ортиқова Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш бўйича мустақил қўмита ташкил этилишини билдирди.

2003 йилда эса Ўзбекистонда қийноқларга қарши миллий режа ишлаб чиқилган бўлса ҳам бу ташаббус қийноқларни тўхтата олмаган эди.

Немис фашистлари йўлбошчиларидан бири  Герман Геринг полициячиларга қарата: “Олдин отиб ташланг, кейин сўроқ қилинг, хато қилсангиз, мен сизга акахонлик қиламан”, деган эди.

Қиссадан ҳисса, полиция давлатида фақат полиция айбдор эмас. Айб тузумнинг бузуқлигида.

Сўзим охирида милисалар ўлдирган Алижон ҳақида менга келган СМСлардан бирини ўқисам.

“Ака жуда камбағал, шароити оғир экан. Учта етимга, ҳомиладор тул аёлга акция уюштириб пул йиғиб берайлик. Ёки сиз мақолада масалани шундай кўтарингки, ИИВ ўша оилага бир умрлик компенсация тўласин”.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 сентябр 2021
Ўзбекистонда мажбурий руҳий даволаш: совет замонидан қолган амалиёт ҳамон мавжуд Ўзбекистон инсон  ҳуқуқлари форуми (ЎИҲФ) мамлакатда фаоллар овозини ўчириш мақсадида ...
14 апрел 2017
Самарқанддаги мобил мухбирлар, Оқиловнинг уйи сурати, видеоси ва унинг яқинлари ҳақидаги мақолани эълон қилди. Оқилов яшаган маҳалладагилар, нашр мухбирига ...
14 феврал 2024
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умаршайх Мирзо оиласида дунёга келган. «Бобурнома» тарихий биографик ...
13 декабр 2021
“Бенквоч” Осиё тараққиёт банки томонидан коронавирусга қарши курашиш учун Ўзбекистонга ажратилган маблағ ҳисобидан молиялаштирилган давлат харидларини таҳлил қилиб, шубҳали ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...