Асосий мавзулар
21 август 2020

РТдан ваъз: Мирзиëев олқишлаган Лукашенкони нега ўз халқи оқ қилди

Мезон кечди.

Қандай шошиб кечди бу мезон.

Ҳосил тўла араваси лойларга ботиб

Сочи оқарди.

Мезон кечди.

Қандай маъюс кечди бу мезон.

Оромни, уйқуни унутиб қариди.

Юлдузларга улашиб берди

Дарахт учларида қолган нокларни.

Чинни косаларга мусаллас қуйиб,

Келинг, мезон билан хайрлашайлик.

Қишда уни яқин дўст каби

Жуда кўп бор эслаймиз ҳали.

Бу шеърни шоир Хуршид Даврон куз ҳақида ëзган. Куз ҳақида кўп ëзувчилар битик битган. Менга энг ëқадигани Габриэл Гарсиа Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” романи. Роман ўз халқини қул қилган диктаторнинг сўнгги кунларидан баҳс этади.

Фасл ўлароқ ҳали ëздамиз. Аммо Беларусь президенти Лукашенконинг кузи аллақачон келди. Куз келганда, масалан, мен маюс бўламан. Оëғим тагида шитирлаган хазонлар саси менга ëзнинг жанозаси каби эшитилади. Аммо Беларусь халқи ўз устидаги мустабиднинг кузи келганидан мамнун.

Умуман, диктаторлар умри тугаганида аксарият севинади. Аммо ўзбеклар истисно, улар диктатор ўлганида “додамни қайтариб беринг”, деб кўзидан сиядиган қавм.

Туркистоннинг қўрқмас шоири Абдулҳамид Чўлпон “халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ ўчдир”, деб ëзди. Аммо шеърга диққат қилсангиз “Ўзбек халқи денгиздир”, демайди. Халқ дейди. Демак бугун беларуслар ўша Чўлпон назарда тутган халқ.

Андижонлик доктор Отабек Аҳлиддинов “Мен беларус халқи билан биргаман” деган плакатни кўтариб чиқди. Баъзилар уни қўллади. Баъзиларга эса бу эриш туюлди.

Мирзиëевнинг сайратмалари эса “Беларусдаги каби исëнлар бизга келмасин¸ осмонимиз мусаффо, ошимиз ëғли, чойимиз шакарли”, деб ўтиришибди.  Қуллар исëн қилиб ўз озодлигини истаган пайтда бошқа қуллар уларни лаънатлар экан “нега керак озодлик?” деб.

Озодлик нима ўзи? Нима дегани эркинлик? Нега беларус халқи ўз юртбошисини худонинг ердаги сояси, дея сиғинмасдан шак келтирди? Нимага? Нега? Бу саволга хабарлардан сўнг жавоб излаймиз.

Хабарлар

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов кичик қизининг 19 ёшлик “днюха”сини ўта дабдаба ва кўп одам иштирокида нишонлади. Катта ҳовузли ҳовлисидаги зиëфатда Муниса ашула этди. Кимга уруш, кимга хуруш. Ўлат пайтида булар зиëфат қилиб ëтибди.

Россия ва Беларусь ҳарбий жамоалари “АрМИ-2020” халқаро армия ўйинларининг “Йўл патрули” мусобақаларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.

VI халқаро армия ўйинлари 2020 йилнинг 23 августидан 5 сентябрига қадар давом этади. Мусобақалар 11 та давлат – Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Мўғулистон, Россия ва Ўзбекистон ҳудудида ўтказилади. Уруш-уруш ўйнашга топган вақтини қаранг буларнинг.

Беларуснинг Словакиядаги элчиси Игорь Лещеня видеомурожаат қилиб, Лукашенкодан юз ўгириб исëнчилар тарафига ўтганини билдирди.

Диктаторнинг ўз халқига қарши уруши

13 кундан бери Беларусь халқи ва “Европанинг охирги диктатори” деб ном олган амалдаги президент Александр Лукашенко ўртасидаги зиддият давом этмоқда.

“Демократиянинг мисли кўрилмаган оммавий байрами” – Ғарб шарҳловчилари Беларусда бўлиб ўтаётган воқеаларни шундай номламоқда. Беларусларнинг талаблари жуда оддий – улар 26 йилдан буён битта одамни ҳокимият тепасида кўришдан чарчаган.

Намойишчиларнинг шафқатсиз калтакланиши ва қийноқларига қарамай, халқ қўрқмади: 16 август, якшанба куни Минск кўчаларида одамлар денгиз каби тўлиб тошди.

“Бу ҳукуматнинг нафрати, шафқатсизлиги, ёлғонлари ва исрофгарчиликларига қарши кенг омманинг миллий қўзғолони”, деб ёзди Британиянинг The Times газетаси.

Намойишларнинг дастлабки кунларида Лукашенко барча диктаторлар каби норозиликни бостириб, одамларни зўравонлик ва шафқатсизлик билан қўрқитишни бошлади. Беларусь полицияси томонидан содир этилган ваҳшийликлар ҳақидаги ҳикоялар бутун дунёга тарқалди.

Бу мамлакат корхоналаридаги ишчиларнинг иш ташлашлари ва оммавий намойишлари учун туртки бўлди. Совет даврининг сўнгги динозаври бироз чўчиган бўлса-да, ҳануз ўз халқи билан урушни давом эттирмоқда.

Беларусь халқи ўзи истаган раҳбарни танлаш ҳуқуқини қайтариб олишга қарор қилди. Ушбу қарама-қаршилик давом этмоқда ва биз чин дилдан Беларусь халқи озодликка эришишини тилаймиз!

Беларусь воқеаларидан ёмон ният излаётганлар шуни билсинки, бутун халқ учун озодлик энг асосий қадриятдир.

Фақат озод одамларгина бахтли бўлишлари ва обод юрт қуришлари мумкин. Эркин ва эркин бўлмаган халқ ўртасидаги фарқни икки Корея мисолида кўриш мумкин.

Озодлик бўлмаган оролнинг бир томонида очлик, аҳмоқона тарғибот ва орқада қолиш мавжуд. Оролнинг бошқа томонида юқори технологиялар, “Самсунг” ва “гангамстайл”.

Беларусь деганида кўзим олдига трактор келарди. Яхши трактор. Орқасида капчаси ҳам бор. Яна билганим, Тошкентдаги Бенков билим юрти тарафларда 1966 йили беларуслар қуриб берган уйлар бор.

Беларусни турклар баëз рус, яъни оқ рус деб атайди. Бугун улар ўз диктаторини оқ қилди.

Мустабидлар назарида тожу тахт бир умр уларники. 1873 йили Хива хонининг руслар тарафидан ағдарилганини ўз кўзи билан кўриб мақолалар ëзган “New York Herald” мухбири америкалик Януа́рий Алои́зий МакГа́хан тахтдан ағдарилган Муҳаммад Раҳимхон Иккинчи билан суҳбат қилади.

“Хон билан интервью” сарлавҳали бу суҳбат ўша пайтда ëзилган “Анна Каренина” романидан ҳам кўпроқ ўқилади. Хива хони МакГахандан “сенинг юртингда ҳам хон борми”, деб сўрайди. МакГахан эса “менинг юртимда президент бор, уни халқ 4 йилга сайлайди”, деб тушунтиришга уринади.

Хон бўлса, “ Наҳотки одам ўз эрки билан тахтдан воз кечади? Нега уни кимдир сайлаши керак? Тахт уники ахир”, дейди самимий таажжуб билан.  

Афсуски, орадан 150 йилга яқин вақт ўтган бўлса ҳам мамлакатни бошқараëтганлар зеҳни ўзгармади. Рашидов ҳам, Каримов ҳам, бугун Мирзиëев ҳам халқ иродаси билан лавозимга келмади ва уларнинг кетишида ҳам халқ омили нолдан паст.

Одамни мавҳумлик қийнайди. Масалан, қаерга боришни билмаслик. Эртага нима ейиш-ичишдан бехабарлик. Умуман, келажакни кўрсатадиган компас ишламай қолгани одамни асабийлаштиради.

Денгизчи жўрам Мансурнинг айтишича, компас Бермуд оролларида ишламай қолгани учун кемалар ўша ерда айланиб, адашиб йўқ бўлиб қолар экан.

Аммо барибир ҳар қандай лабиринтдан чиқиш йўли бор. Уни топмоқ лозим. Балки шоира Ҳалима Аҳмад айтган зангори йўл шудир!

Уфқлар ортида зангори йўл бор,

Балки у хаёлим, балки афсонам.

Покиза кунларин шу йўлга боғлаб,

Кечмоқда қисматим — йўловчи санам.

Уфқлар ортида зангори йўл бор…

Юрагим вужуддан кетар ситилиб,

Яшайман кимнингдир ёдидан қочган –

Адашган арвоҳдай унга интилиб.

Уфқлар ортида зангори йўл бор…

Руҳимни излайман, қайда у, эвоҳ?

Осмон, юлдузларнинг қабрини кўрсат,

Унда кўмилганми руҳим бегуноҳ?

Уфқлар ортида зангори йўл бор,

Ўлим эрк устига қадалган туғдир.

Кетаман қонталаш уфқ ортига,

Хаёлим мунаввар, йўлим ёруғдир.

Уфқлар ортида зангори йўл бор,

Ҳайқир, далли дилим, сен нечун нигун?

Нега жим кечасан, лаъливаш қоним,

Сен кимнинг изисан кўзимдаги мунг?

Уфқлар ортида зангори йўл бор…

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
1 ноябр 2022
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди 18 яшар қизни бўғиб ўлдирган 23 яшар қотилни 12 йилга қамади. 2022 йилнинг ...
3 феврал 2018
Президент Мирзиёев 31 январь куни Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовни ишдан олишидан сал аввал унинг икки ўринбосари ва ...
16 октябр 2015
Қудрат Бобожон Eltuz.com Мамлакат қонуни, оддий водопровод жўмраги, ёки халқ қўлидаги шиор бўлсин, ҳаммаси ўзгаришга муҳтож. Аксинча уларни моғор ...
20 март 2021
(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми) Мурод Муҳаммад Дўст билан бизнинг йўлларимиз айрилган эди. Мен Каримовга муxолиф кампда, Мурод эса Каримов ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...