Асосий мавзулар
28 август 2020

РТдан ваъз: Мирзиёев сўз эркинлигидан нега қўрқади?

Ер Қуëш атрофида айланишда давом этаркан, етти кечаю кундуз кечди. Ҳафта айланиб яна сиз билан юзма-юз бўлдим. Дард тўкиб ҳасрат қозонини қайнатмоқ менга бир маслак бўлди. Юртда дард кўп, дармон йўқ. Кўнгил саройи бўм-бўш, кутилган султон йўқ. 

Бугун сўз эркинлиги ва репутация ҳақида гаплашсам. Нима ўзи у сўз эркинлиги? Репутация нима дегани? 

Ўзбек зеҳнияти ва мақоллар омбори сўз эркинлигини чеклашни маъқуллайдиган маталу мақолларга лиқ тўла. “Сукут – олтин”, “Оғзига келганни демак – нодонлар иши”, “Гап билгунча иш бил”, “Кетни қисган бой бўлади”. У ёғини ўзингиз қўшарсиз. 

Бундан 100 йил олдин ҳам ҳукмрон синф вакиллари қўл остидаги фақиру фуқаронинг тили чиқишини истамаган. Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи бош қаҳрамони Йўлчи унга ҳақини бермай, бонусига севган ëрини ҳам тортиб олган Мирзакаримбойга тик қараб ичидаги гапини айтади.

“Бу тилни сенга қайси қисталоқ берди”, дейди камбағал жияннинг ҳақ талаб қилганидан шошиб қолган бой тоға. “Зулмингиз берди”, дейди Йўлчи.

Демак, зулм – сўз эркинлиги ва исëнга йўл очувчи омил. Қурбақани боссанг, вақ дейди. Итни тепсанг, вов дейди. Мушукнинг думидан тортсанг, миëвлайди.

Ўзига хос рефлекс бу. Аммо энг тубан ва аянч одамлар тўдаси борки, уларни қанча эзсанг ҳам миқ этмайди. Ҳатто мақол тўқишган: “Урганингиз ун оши, сўкканингиз сўк оши”. Кечқурун хотинига мақтанади: “Хўжайин мени тепиб-тепиб ташлади. Урдими, демак ўзига яқин олди”. 

Мавзу сўз эркинлиги эди. Бу мавзуга оид гап-сўзни хабарлардан кейин давом эттирамиз.

Чет эл хабарлари

Ҳафта давомида озод беларуслар Лукашенканинг истеъфосини талаб қилиб намойишларга чиқишди. Лукашенко ниҳоят тинч намойишчиларга  жавоб қайтарди ва ўтган ҳафтанинг энг кулгили қаҳрамонига айланди. 

Кремлнинг бош танқидчиси Алексей Навалнийни ким заҳарлагани маълум…, аммо уни бармоғимиз билан кўрсатмаймиз. Ҳозир у Берлиннинг “Шарите” шифохонасида даволанмоқда. Ёмон кўзлардан нарида.

Маҳаллий хабарлар 

“Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат жамғармаси директори Aсрол Мирзаҳмедов дўстлари билан ўз жамғармасининг $272,8 минг долларини ўмарди.

Ўзбекистонлик машҳур актриса, халқ артисти Дилбар Икромова “Ковид-19”дан вафот этди. У “Келинлар қўзғолони”даги роли билан элга танилган эди. Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов ҳам айни касалликдан ўлди. 

Ўзбек парламентининг бир қанча депутатлари “Ўзавтомоторс” ширкатини автомобиллар нархини асоссиз оширишда айблашди, нархларни туширишни талаб қилишди. “Ўзавтомоторс”дагилар эса ҳеч қачон бундай қилмасликларини айтиб жавоб беришди. 

1 сентябрдан Ўзбекистонга 70 млн сўмгача нақд валютани декларацияламасдан олиб кириш мумкин бўлади. 

Журналист Бобомурод Абдуллаев ДХХ сўрови билан Бишкекдан Ўзбекистонга қайтарилди. Уни тилхатга имзо чекдириб озод этишди, бироқ тергов давом этади. Чекистлар “Қора мерган” ники остидаги танқидий мақолаларни Бобомурод ёзган, дея ҳисобламоқда.

Хабарларда эшитганингиздек, Бобомурод Абдулланинг озод этилганини ҳатто мухолифат лидери ҳам олқишлабди.

Бир бегуноҳ одамни шунча пул сарфлаб ҳарбий учоқда келтириб, усти ëпиқ қамоқдан усти очиқ қамоққа қўйиб юборишнинг нимасини олқишлаш лозим?

Тушунарсиз мутавозе дипломатия. Бир вақтлар Марказий Африкадаги одамхўр диктатор дастурхонида одам гўшти бир оз камайганини ҳам халқаро жамоатчилик олқишлаган. Аммо нима керак бундайин мутавозе. 

Бобомурод сиëсий қочқинлик сўраб БМТга ариза берганди. У бошини олиб Ғарб сори кетмоқчи эди. Уни худди товуқхонадан қочган товуқ каби ушлаб келиб, яна катагига қўйиб юборишди. Шуми озодлик? 

Ëзувчи Лесковнинг қиссаси қаҳрамонини кўчманчилар ўғирлаб кетиб, қул қилиб ишлатишади. Бу қаҳрамон қочмасин деб, товонини ëриб, ичига от қилини жойлаб қўйишади. Товон битиб кетганидан кейин бу асир югура олмайдиган бўлади. У фақат эшак устида ўтириб қўйларга қараши, кечқурун эса ястаниб ëтиши мумкин эди, холос. 

Аммо бу 18-асрдаги воқеа эди. Бугун, 21-асрда одамни ҳақ сўз айтмасин, дея асир олишди. Мирзиëев режими бу иши билан яна кулгига қолди.

Репутация 

Мен демократик тузум авторитар бошқарувдан анча самарали экани ҳақида кўп такрорлайман. Ўзбекистонда классик авторитар тузум ўрнатилган, яъни бу мамлакатдаги ҳамма воқеалар бир одамнинг истагига кўра амалга ошиши, бутун давлат аппаратининг ўша одамга бўйсунишини англатади. Бундай сиёсий тузумда ошкора муҳокамага ўрин йўқ, ҳамма фақат битта одамнинг кўнглини олишга интилади. 

Мана, тўрт йилдирки, Каримовнинг ўрнини эгаллаган Мирзиёев иқтисодда, фан, санъат ва бошқа ҳамма соҳаларда барча учун энг катта авторитетга айланди. Унинг фармонлари на парламентда, на телевизорда муҳокама этилмайди. Мамлакат президенти дунёдаги ҳамма нарсани билади, у ҳеч қачон хато қилиши мумкин эмас.

Аксига олиб интернет бор. Авторитар раҳбарлар буни исташмайди, бироқ улар интернетни назорат ҳам қила олишмайди. Сўнгги ой давомида улар фейсбукни ёпишга уринишди, бироқ одамлар тўсиқларни четлаб ўтишни ўрганишди. VPN интернетдан фойдаланувчиларга аллақачон таниш тушунчага айланди.

Интернетда Мизиёев ҳақида кўп ёмон гапларни ёзишади. Бирмунча муддат фейсбук ва телеграмда “Қора мерган” аккаунти пайдо бўлди, у президент қариндошлари шаънига жиддий айбловлар ёғдира бошлади.

Масалан, “Қора мерган” президент Мирзиёевнинг куёви Ойбек Турсуновнинг акаси Улуғбек Турсунов таркибида наркотик моддалар мавжуд “Лирика” ва “Трамадол” препаратларини Ўзбекистонга ноқонуний олиб кириш ва сотиш билан шуғулланадиган жиноий гуруҳнинг “паноҳгоҳи” экани ҳақида ёзган эди.

Мен “Қора мерган” кимлигини, унинг маълумотлари қанчалик тўғрилигини билмайман, бироқ мен бу воқеанинг бошқа жиҳатига эътибор қаратмоқчиман.

Ҳукумат бу аноним манба орқали тарқалаётган ахборотлардан қаттиқ қўрқиб қолди. Улар бунинг ортида Бобомурод Абдуллаев турибди, деб ўйлашди ва Қирғизистондан журналистни топширишни талаб қилишди. Улар мамлакатнинг халқаро обрўси ҳақида ўйлашмади ҳам. 

22 август куни ДХХ ходимлари Бобомуродни Бишкекдан махсус самолётда олиб келди. 8 соат давом этган терговдан сўнг уни қўйиб юборишган бўлса-да, жиноят иши суриштируви давом этмоқда.

Бу воқеа нимадан дарак беради? Ҳукумат одамлар ҳатто далил-исботи бўлмаган ҳар қандай ахборотга ишонишлари мумкинлигини тушуниб қолди.

Президент оиласи аъзолари шаънига нисбатан қанчалик жиддий айбловлар янграмасин, одамлар буни ҳақиқат деб тан олишлари мумкин. Ҳокимият ва президент яқинларининг ҳақиқий авторитет даражаси шунчалик пастки, сиздирилган ҳар қандай ахборот одамлар орасида тарқалади ва муҳокама этилади. Чунки одамлар бу оиланинг ҳар қандай жиноятга ва ҳар қандай пасткашликка алоқадор бўлишига ишонишади.

Бу – репутация дегани. Яъни уларга муносиб кўрилган обрў. Мисол учун, интернетда бирор киши Ангела Меркелнинг эри “Мерcедес-бенц” заводига бостириб кириб, унга бошқарув пакетини совға сифатида беришни талаб қилганини ёзса, ҳамма бу одамни ақлдан озибди, деб ўйлайди.

Аммо президент Мирзиёевнинг қариндошлари аста-секин Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини эгаллаб олмоқда дейишса, аксарият ўзбеклар бунга ишонишади. Айтганча, илгари ушбу заводни Ислом Каримов хотинининг қариндошлари назорат қилган.

Раҳбарларнинг шахсий ҳаёти

Бобомурод Бишкекда ДХХ сўровига кўра ҳибсга олинганида, мен унинг ҳимояси учун пост ёздим. Канадада яшовчи Дилсора исмли ватандошимиз эса бунга жавобан “Қора мерган”нинг ёзганлари жамият учун хавфли, чунки у одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақида ёзяпти ва шу тарзда у ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаётига аралашиши мумкин”, дея ёзди. 

Шу ўринда мен эслатиб қўймоқчиман, Канада каби демократик мамлакатларда оддий одамнинг шахсий ҳаёти қонун билан ҳимоя қилинади. Оддий одам журналистлардан шахсий ҳаётига аралашмасликни, у ҳақида ёзмасликни, фотосуратларини нашр этмасликни, қизлари ёки хотинларини муҳокама этмасликни талаб қилишга ҳақли. Журналист одатда бунга рози бўлади.

Бироқ мамлакат раҳбарлари ва уларнинг оила аъзолари шахсий ҳаёти ҳақида гап борганда, қонун уларни камроқ ҳимоялайди. Бу мутлақо табиий.  Одамлар уларни бошқараётган, улкан қудратга эга бўлган, чиқарган қарорлари миллионлаб инсонлар ҳаётига дохил бўлган шахслар ҳаётига оид барча тафсилотларни билишга ҳақли. 

Фарқ шундаки, эркин жамиятда аноним аккаунтлардан олинган маълумотлар катта шубҳа уйғотади ва одамлар шунчаки бундай маълумотларга эътибор ҳам беришмайди. 

Бироқ раҳбарлар репутацияси ўта паст бўлган, амалдорларнинг ўғирликлари ҳақида одамлар деярли ҳар куни эшитадиган, оддий матбуот президентга тегинишга журъат эта олмайдиган мамлакатда миш-мишлар ривожи учун жуда ажойиб ҳудуд яратилади.

Эҳтимол, мен буткул ҳақ эмасдирман,
Балки куйлаганим зулм қўшиғи.
Эҳтимол, ҳақ менинг ҲАҚимга ошиқ –
Ва ёки мен Ҳақнинг энг ҳур ошиғи.

Эҳтимол, шамоллар қилгандир найранг,
Ишқ ҳидин келтириб димоғларимга.
Балки тун бергандир самовий жаранг –
Менинг энг чиройли сўроғларимга.
Эҳтимол, тонг ҳали отиб бўлмаган,
Энг сўнгги юпанчи оймомасини.
Эҳтимол, тун ҳали тарк этмагандир –
Ойдан ҳам ойдинроқ остонасини.
Эҳтимол, кўзингнинг қароларини,
Тақдир – деб битмишдир ул Ҳофиз Жамол.
Тушунмай ўтяпман, савдоларингни –
Билмайман,
Эҳтимол, Эҳтимол.

Бу шеърни 1988 йили ҳали мактаб ўқувчиси бўлган пайтида шоира Санобар Меҳмон ëзган. Мактаб ўқувчисининг ижтимоий фаоллиги 1988 йилги Горбачев ҳуррияти фазосида етишган эди. Муҳит муҳим. Қафас ичидаги баъзи ҳайвонлар кўпаймайди, дейишади билгичлар.

Бир сиқим буғдойни тош устига ташланг. Яна бир сиқим буғдойни ҳозир мола ўтган илиқ шудгорга ташланг. 

Қайси бири униб чиқади? Албатта, илиқ ва намли тупроққа тушган уруғ унади. Кейинги 30 йил ичида Ўзбекистон деган тошлоқда ҳеч бир гиëҳ унмагани сабаби ҳуррият ва сўз эркинлиги йўқлигидир.

Сўз ва ифода эркинлиги, десак тўғри бўлади.

Масалан, бир одам “Мирзиëевнинг куëвлари ўғри!” деб ëзиб нашр қилса, бу сўз эркинлиги, агар у “Мирзиëевнинг куëвлари ўғри!” деган шиорни кўтариб, триатлон спорт маркази олдида турса, бу ифода эркинлиги бўлади.

Тасаввур қилинг, оилада фарзанд туғилди. Бир ëшдан сал ўтиб тили чиқа бошлади. Бундан сиз ота ëки она сифатида мамнун бўласиз. “Гапир болам, гапир…”, дейсиз.

Бола равон гапира бошлагандан кейин эса “Тилингни тий!” дейсиз. “Бундай гапни гапириб бўлмайди”, “Жим! Уйдаги гап кўчага чиқмасин”, “Ўчир овозингни, тилингни суғуриб оламан!” дейсиз. 

Жамиятнинг типик вакили сифатида сўз эркинлигини чеклашни маъқуллайсиз. Мабодо Ўзбекистон каби авторитар бошқарувдаги мамлакатда сизга амал тегиб, ҳоким ëки вазир бўлсангиз, албатта, бутун ғайратингизни сўз эркинлигини чеклаш, “ëзувчи”ларнинг тилини тийдиришга сарфлайсиз. Чунки сиз ҳали бешикда ëтган пайтингиздаëқ сўз эркинлиги ëмон, деган фикрга бориб бўлгансиз.

Аслида “Йиғламаган болага эмчак йўқ”, деган мақол сўз эркинлиги ҳақида. Аммо бу мақолни ўйлаб топган қавм “Эгилган бошни қилич кесмайди”, деган маталга амал қилади. 

Миллионлаган эгилган бош. Қўлларида қалам ва блокнот олиб, президент Мирзиëев нима деса ëзиб туришибди. Бу кулгили манзарани Туркманистонда кўрган эдик. Аммо қовун қовундан ранг олади, деганидек, ўзбек юртбошиси ҳам олдига оқ атиргуллар қўйиб, ҳазрати олий бўлди-қўйди.

1993 йили Ислом Каримов ўзига Оқсарой қурдираëтган пайтда рассом Вячеслав Охунов бу саройга қараб намойишкорона сийган эди. Бу муҳтарам рассомнинг ифода эркинлиги эди. 

Айнан ўша пайтда Усмон Азим, Мирзо Кенжабек, Омон Матжон каби шоири замонлар шеър қаламини оҳиста йўниб, янги юртбошига ким ўзарга лаганбардорлик қилишаëтган эди.

Дарвоқе, лаганбардорлик, остида таъма ëтган мақтов ва патхалимлик сўз эркинлиги эмас, балки иллатдир.

Эркинлик. Эрк. Ўзгурлик бу фазилатдир.

Эркин бўл!

Менимча, эркинлик биров берадиган нарса эмас. Балки сендан тортиб олиб бўлмайдиган нарса. Жамоат босими ва режимлардан эркин бўлиш – бу доимий фаолликдир.  Ҳамма қирол кийимини мақтаëтган пайтда, унинг яланғоч эканини айта олиш учун одам эркин бўлиши керак. 

“Эрк” сўзи ва “эркак” сўзи орасида ўхшашлик бор. Саломлашганда ассалому алайкум дейдиган нўхча (чечен)лар хайрлашганда “эркин бўл” дейди.

Сўз эркинлиги. Ифода эркинлиги. Саëҳат эркинлиги. Юриш-туриш эркинлиги. Эркинлик нималигини шоир Паҳлавон Маҳмуд бир жумлага жойлаган:

“Ким агар озоддир – ул шоддир”. 

Паҳлавон Маҳмуд эркинликни севган ва минглаб одамларга эркинлик берган файласуф эди. У Ҳиндистонда қулликда бўлган минглаб хоразмликларни озод қилган жувонмарддир.

Эркинликка қовушган бу одамлар миннатдорлик рамзи сифатида Хива шаҳрини кесиб ўтадиган канал қазиб беришди. Канал Паҳлавон Маҳмуд номига қўйилган. Полвонëп деб аталади. Бугун ҳам шу каналдан сув оқиб турибди.

Давронда кўп кўзни мен гирён кўрдим,
Неки бало бўлса, беомон кўрдим.
Нуҳ-ку минг йил яшаб кўрди бир тўфон,
Мен Нуҳ бўлмасам ҳам минг тўфон кўрдим.

Amnesty International ташкилоти Ўзбекистонда ҳибсда қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ҳаёти хавф остида эканини таъкидлаб, жамоатчиликни унинг ҳимояси учун акцияга чақирди. Ташкилот баёнотида Ўзбекистон “сўз эркинлиги ва тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқи ўта кескин чекланган мамлакат”, дея таърифланган. 

Бу таъриф 2017 йилнинг 8 октябрида берилган эди. Орадан 3 йил ўтди. Мирзиëев режимига берилган диагноз ўзгармади. Қайтанга касал авжига олди.

АГАР

Кўкка боқиб энтикилмаса,
Суртилмаса кўзга тупроқлар,
Хазон йиғлаб, куртак кулмаса,
Лоқайд бўлса яшил япроқлар,
Буғдой бўлиб янчилмаса сўз,
Хирмон

бўлиб йиғилмаса шеър,
Сиёҳ билан ёзилса, холос,
Дил қонидан туғилмаса шеър,
Юраккамас, фақат майдонга
Ўрнатилса қутлуғ ҳайкаллар.
Илм ўргатиб соҳир қўшиқлар,
Янграмаса қўшиқдек фанлар,
Самимият маҳзун юрса-ю,
Кек-адоват турса ҳиринглаб,
Илму амал мум тишлаб қолса
Гапирганда олтин жиринглаб,
Керилса-ю хомсемиз ёлғон,
Таъзим қилса хипча ҳақиқат,
Фироқ йиллаб дилни қилса қон,
Висол “даврон сурса” дақиқа,
Хатчўп эмас, эгалласа пул
Ўқилмаган китоб қатини,
Икки юрак бир-бирин севиб
Айтолмаса муҳаббатини,
Ялтиллаган яшин деб эмас,
Тушунилса қанд деб чақмоқлар,
Доноларнинг устидан шунда
Қаҳ-қаҳ уриб кулар аҳмоқлар.

Ëшлигимда Евгений Евтушенконинг “Ҳақиқат учун 3 минут” шеърини рус тилида ўқигандим. Шеър қаҳрамони Мансана деган йигит радиодан эшиттириш узатилаëтган студияга кириб, халқни алдаëтган соҳибжамол сухандон қўлидан микрофонни тортиб олади. 

Шундан сўнг Мансана уч дақиқа давомида мамлакатдаги ўғирлик, коррупция, непотизм ҳақида гапиради. Уч дақиқадан кейин ҳукумат аскарлари радиомарказга кириб Мансанани отиб ташлайди. 

Евтушенко бу воқени шеърий баëн қилади. “Элтуз” дўстларидан бўлган Мирза Анвар ака бу шеърнинг бир қисмини илтимосимизга кўра рус тилидан ўгириб берди. 

Ҳой, дунё ёшлари, тингла бу сўзим,
Гарчи мамлакатинг бошқарар ёлғон.
Бўҳтонлар қоплаган рўзнома юзин,
Мансана ҳақида ўйла ушбу он.
Шундай яшагинки – бўлмагин танбал,
Ўлимга тик боққил, ҳаловатдан кеч.
Бўйнингга сирмаркан қиличин ажал,
Шу сўнгги онда ҳам алдамагин ҳеч.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 апрел 2020
Жорий йилнинг 21 апрель куни Тошкентнинг Камолон маҳалласида шаҳарни босиб олган рус ҳарбийларига хотирасига бунёд этилган бутхона қайта тикланиб, ...
23 феврал 2019
​​Эврил Туроннинг пойтахтни Жиззахга кўчириш ҳақидаги таклифини кўпчилик кулги остига олди, кимдир пахта қўйиш сифатида баҳолади. Менга эса таклиф ...
24 октябр 2016
Пахта теришга одамларнинг мажбур қилинмаслиги ёлғон эканини, бугун ёш бола ҳам билади. Гарчи кўчаларда “Пахта теримида мажбурий меҳнат ҳолатларига ...
9 март 2016
Вазирлар Маҳкамасининг 2 март куни чиқарилган янги қарорига кўра, Мулозим пора олмаслиги, уят гап билан сўкмаслиги ва тижорат билан ...
Блоглар
14 сентябр 2020
Бир танишим бор эди. Ҳозир ўтиб кетган. Икки-уч йилда чорраҳа ёки метро вагонида тўқнаш келиб ...
11 сентябр 2020
“Биз томонларгаям коронавирус инфекция етиб келди. Қишлахта ўн бешта одамда ўша касаллик бор экан”,- деди ...
7 сентябр 2020
Бизда бугундан совуқроқ кузак шамоли бошланди. Мен каби совуққа юпқа одамлар енги узун кўйлак кийиб ...