Асосий мавзулар
6 октябр 2020

Оëғи Римга етган ўзбек жадиди ҳақида фильм суратга олинди

Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги киносаройнинг кичик мажлислар залида 3 октябрь куни ўзбек кинорежессёри Жаҳонгир Қосимов суратга олган «Ибрат» фильмининг ёпиқ намойиши бўлиб ўтди.

Ëпиқ намойишда қатнашган «Элтуз» мухбири билан суҳбатлашган киномунаққидга кўра, «Ибрат» фильми Исҳоқхон Ибратни яқиндан танимаган, билмаган инсонга у ҳақида биринчи таассуротни беради.

4 октябрь куни эса Тошкентдаги янги таъмирдан чиққан собиқ «Панорама», ҳозирги Навоий номидаги киноро саройи одамлар билан гавжум бўлди.

Юзлаб ўзбек ойдинлари совет ҳукуматининг сталинчи жаллодлари тарафидан ўлдирилган кун сифатида тарихга кирган бу санада фильм кенг жамоатчиликка тақдим қилинди.

1937 йили сталинчи жаллодлар тарафидан отиб ўлдирилган жадид Исҳоқхон Ибрат фильмидаги диалоглар устида Мурод Муҳаммад Дўст ва Зулфия Қуролбой қизи ишлаган.

Сценарий муаллифи Абдуқаюм Йўлдошев ва Нуруллоҳ Аббосхон.

Фильм тақдимотида совет репрессияси қурбони бўлган Ибратнинг қариндошлари қатнашди.

Фильм икки йил мобайнида суратга олинган. Афина, Қоҳира, Оренбург саҳналари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти атрофидаги қишлоқларда олинган.

Сценарийнинг адабий жиҳатдан пухталигини «Элтуз» билан суҳбатда кинотанқидчи Шоҳруҳ Абдурасулов эътироф этди.

Унга кўра, Ибратнинг терговчи Мирҳодиев билан суҳбати фильмнинг кульминацион саҳналаридан бири, дейиш мумкин. Терговчининг «Мусулмон одам экансиз, кафансиз, жанозасиз кўмилиб кетишдан қўрқмайсизми?» деган саволига Ибратнинг «Йўқ, менинг кафаним – иймоним», дея жавоб қайтариши маърифатпарликнинг асл моҳиятини очиб беради.

Фильмда ўзбек киноси рейтингида юқори поғоналарда турувчи актёрлар роль ижро этган.

Ибратнинг навқирон ва ўрта ёшини ижро этган Фарҳод Маҳмудов роль ичида яшаган. Уни ҳис қилган ва буни томошабинга ҳам етказа олган.

Кекса Ибратни Саидкомил Умаров ижро этгани фильмнинг яна бир ютуғи, дея эътироф этилмоқда. Чунки у Ибратга ўхшайди.

Картинада ҳозир АҚШда яшаëтган таниқли актёр Баҳром Матжонов ҳам роль ижро этган. У Ибратнинг яқин дўсти бўлади. Аммо салоҳият жиҳатдан Исҳоқхондан анча орқада.

У мисолида гўёки ўша давр содда  халқига ишора қилингандек. Унинг образида тузумдан азият чеккан оддий водий халқининг қай даражага ачинарли ҳолга тушиб қолгани кўрсатилади.

НКВД ходими ролини ижро этган Бобур Йўлдошев Зулфиқор Мусоқовнинг «Ватан», «Берлин-Оққўрғон» фильмларида ўйнаган ролларини такрорлагандек.

Мунаққид Шоҳруҳ Абдурасуловга кўра, Бобур Йўлдошев бу ролида  янги қиёфа ва образ кашф этолмаган.

Карим Мирҳодиев роли алоҳида мавзу. Шу ролгина НКВДда ишлайдиган ходимларнинг ҳаммаси ҳам жоҳил эмаслигини кўрсата олган.

Собира – Ибратнинг рафиқаси. Шаҳзода Матжонова ва Зулхумор Мўминова ҳам ролларини маромига етказиб ўйнашга уринган.

Картинада постановкачи оператор Рустам Муродов ва бош рассом Дониёр Абдураҳмоновнинг алоҳида меҳнати сезилади. Афина, Қоҳира, Оренбургни «Ўзбеккино»нинг маҳсус павильонида гавдалантира олган. Томошабинни ишонтира олган.

Араб бозори, Искандария кутубхонаси, Оренбург станцияси ва бошқа оммавий саҳналарда ҳам тасвирлар ишончли. Аммо фильмда Ибратнинг Ҳиндистонга сафари акс этмаган.

Адабиётшунослар унинг Калькуттада Робиндранат Тагор билан учрашганини қайд этган. Ҳинд диёрида бир муддат яшаб, санскрит тилини мукаммал ўргангани ҳақида маълумотлар мавжуд. Бироқ картинада бу ҳақида сўз бормаган.

Картина Ибратнинг 1937 йилда қамоққа олиб кетилиши воқеаси билан якун топади. Қаҳратон қиш. Қорли гўзал табиат. Унда қаҳрамонларнинг бироз дардли ва таъсирли (Ибратнинг рафиқаси Собира билан) видолашуви акс эттирилади.

Исҳоқхон Ибрат ўлими ҳақида турли вариантлар бор. Аммо анъанавий тугайдиган фильмлардан фарқли равишда картинада қаҳрамон ўлдирилмайди. Гўёки унинг абадий ҳаётлигига ишорадек.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 март 2017
23 март куни футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг саралаш босқичида Ўзбекистон терма жамоаси Сурияга ютқазди. Анча суст кечган ўйин якунида ...
26 октябр 2020
Ижтимоий тармоқларда популистлар томонидан Франция маҳсулотларига бойкот эълон қилиш ҳақида чақириқлар пайдо бўлмоқда. Келинглар, бу тадбирдан кимга қанақа зарар ...
22 феврал 2017
18 йил қамоқда бўлган таниқли журналист, 63 ёшли сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон қамоқ муддатини тўлиқ ўтаб бугун озодликка чиқди. ...
22 март 2016
«Ҳуқуқ» газетаси мана шу комбинат билан боғлиқ навбатдаги фирибгарлик ҳақида мақола эълон қилди. Маълум бўлишича, ангренлик шахс комбинатнинг шахта ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...