Видео
7 октябр 2020

Ревизор: Давлатнинг имтиëз сигирини эмган Алламжонов

Коррупция ва непотизм ботқоғига ботганлар, етим ҳақини еганлар, ўғри ва фирибгар мулозимлар, эшитинг, ревизор келмоқда! У сизни фош қилади.

Факт ва рақамлар сизга қарши. Ревизорнинг лупаси сиз қилган жиноятларни катталаштириб барчага кўрсатади.

Бугунги тафтиш қилмоқчи бўлганимиз мулозимни сиз танийсиз. Мен эса уни сизлардан ҳам яхши танийман. Чунки мен ревизорман.

Адолатсиз афзалликлар: давлат ёрдами, Ўзбекистондаги истеъмолчиларга имтиёзли муносабат ва мажбурлаш

Қўлимизда криминалистика профессори Кристаиан Ласлетт тадқиқоти. Давлат ва хусусий бошқарувнинг узвий масалалари ва бошқарувга тааллуқли хавф-хатарлар Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг собиқ бош директори, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мисолида чуқурроқ тадқиқ этилган.

Алламжонов иши

Комил Алламжонов (1984 йилда туғилган) — Давлат маданият ва санъат институти (2006) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (2010) битирувчиси.

2002−2004 йилларда Ўзбекистон ФВВ ахборот хизмати бош мутахассиси бўлиб ишлаган. 2004−2005 йилларда Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати бош мутахассиси, 2005−2009 йилларда ДСҚ ахборот хизмати раҳбари в. б. — ДСҚ раиси матбуот котиби бўлган.

Алламжоновнинг мансаб пиллапояларидан шиддат билан кўтарилиб бориши унинг сезиларли даражадаги ишчанлик фаолияти, юқори мартабали давлат лавозимларини эгаллаб боришга тайёрлиги билан ифодаланади. 

У Давлат солиқ қўмитасининг матбуот котиби лавозимида ишлаётган даврида, 2009-2013 йилларда солиқ мутахассисларига мўлжалланган «Soliq Info» газетасига асос солди, BEM асосида бухгалтерияни дастурий таъминлаш, солиқ декларациялари учун E-Report рақамли платформа ва «Avtotest» ҳайдовчиларини ўқитиш учун дастурий таъминотларни амалиётга татбиқ этди. 

2013 йилда Алламжонов давлат хизматидаги фаолиятини қисқа вақтга тарк этди. У ҳукумат таркибига 2017 йилда президент Мирзиёевнинг матбуот котиби сифатида қайтди. Кейинчалик, 2018 йил ноябрида ОАВ эркинлиги бўйича ҳукумат томонидан очилган тизим подшоҳига айланди.

Кимлардир негадир Алламжоновни журналист дейишади, аммо унинг бирор мавзуда ëзган жиддий мақоласини топа олмадик.  

Толстой «Анна Каренина»ни, Қодирий “Ўткан кунлар”ни, Набижон Боқий “Қатлнома”ни ëзган. Алламжонов ҳеч нарса ëзмаган. Кўча тилида айтадиган бўлсак, давлатдан атайин имтиëз олиб, соққа қилган.

Римга асос солган ака ука Ромул ва Рим бўрини эмган бўлса, Алламжонов давлат деб аталмиш сигирни эмиш учун турли воситалар яратган.

Криминалистика профессори Кристаиан Ласлетт икки йил давомида Алламжонов бизнес салтанатининг давлатга уланган қувурларини диққат билан ўрганди.

Ëстиқдай бу тадқиқотни билгичлар «Элтуз» сайтидан ўқиб олиши мумкин. Мен эса бу тадқиқотдаги тафсилотларни театр саҳнасида қўйилган спектакль каби кўрсатиб бераман. Пардаларни очинг!!!

КИМ ЗАИФ БЎЛСА, ЎША ПУЛ ТЎЛАЙДИ

Алламжоновнинг сўзларига кўра, у томонидан ташкил этилган дастлабки иккита йирик компаниядан бири солиқ мутахассислари учун мўлжалланган “Soliq Info” газетасидир.

“Soliq Info” ўзининг дастлабки маркетинг материалларида газетада Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги мутахассисларининг эксклюзив шарҳлари эълон қилинганлигини таъкидлади.

“Soliq Info”да қайд этилишича, обуначилар экспертлар кенгаши орқали Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги орқали ҳукумат амалдорларига мурожаат қилишлари мумкин. Ҳукумат ва “Soliq Info” ўртасидаги яқин муносабатларнинг энг ёрқин намунасини газетадан топиш мумкин. 

“Soliq Info” веб-сайтининг 2012 йилдаги архивланган нусхасидан Мурот Қодировнинг газета бош муҳаррири ўринбосари бўлганини кўриш мумкин. Бу даврда Қодиров Молия вазирлигининг солиқ сиёсати бўлимини бошқарган. 

“Soliq Info” Давлат солиқ қўмитасининг юқори лавозимли ходими томонидан таъсис этилган ва бош муҳаррир ўринбосари Молия вазирлигидан тайинланган.

Бу  жиддий ва аниқ манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини англатади. Газета фаол равишда сотилиб, ҳукуматдан эксклюзив равишда пул ишлаб топганлиги сабабли фактлар ушбу манфаатлар тўқнашуви тўғри ҳал қилинмаганини кўрсатади.

“Soliq Info” газетасини сотишда Давлат солиқ қўмитаси ёрдам берганлиги ҳақида аниқ далиллар мавжуд. Бу “Soliq Info” билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарларда яққол кузатилади.

Семинарларга таклиф этилган иштирокчилар солиқ хизматининг юқори лавозимли амалдорлари билан тўғридан-тўғри танишиш имконига эга бўлдилар. Давлат солиқ қўмитаси билан ташкил этилган ушбу семинарларда BEM ва “Soliq Info” маҳсулотлари бевосита иштирокчиларга сотилган.

Реклама таклифлари аудиторияга потенциал таъсирини тегишли контекстда тақдим этиши керак. Ўша пайтда Давлат солиқ қўмитаси Каримов ҳукмронлигининг сўнгги даврида тобора кучайиб бораётган авторитар давлат аппаратидаги энг нуфузли органлардан бири эди. 

2013 йил 9 май куни Ўзбекистон бухгалтерлари ва тадбиркорлари форумида соҳа мутахассислари бундай деб ёзди: 

«Хайрли кун! Бизда фавқулодда вазият, кеча солиқ хизмати ходими «Soliq Info» газетасини ва электрон ҳисоботларни юбориш дастурини етказиб беришга оид «SOLIQ INFO SYSTEMS» МЧЖнинг шартномаси ва счёт-фактурасини олиб келди ва қолдириб кетди. Бунинг учун 249 минг сўм ҳақ тўлаш кераклигини ва имзо чекиш лозимлигини айтди».

Ушбу хабар бир қатор фикр-мулоҳазалар пайдо бўлишига олиб келди, ҳамкасблар нашрларни сотиб олишга мажбур қилинганига доир бошидан ўтказган воқеаларни айтиб беришди. Бир бухгалтер бундай деди:

«Бугун мен балансни қайта ҳисоблаш учун Чилонзор тумани давлат солиқ инспекциясига бордим. Албатта, бошқалар қатори мендан ҳам «Soliq Info»нинг электрон нусхасини диск билан бирга сотиб олдингизми, деб сўрашди. Албатта, мен гарчи бунга эҳтиёжимиз йўқ бўлса-да, бизда борлигини айтдим. Аммо солиқ инспектори менинг сўзларимга ишонмади. 

ДСИдан қайтганимиздан ярим соат ўтгач, солиқ идораси ходимлари қўнғироқ қилишди ва бизнинг муддати ўтган дебиторлик қарзимиз борлигини хабар қилишди. Гарчи бизда ҳеч қандай қарздорлик бўлмаса ҳам улар ҳужжатлар билан ДСИга келишимизни сўрашди».

Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб  урар ҳар боб билан. Газетага обуна бўлмаган одамнинг ковуши тўғриланган.

Ушбу даъволарнинг ҳаққонийлигини текшириш учун бухгалтерлар ва соҳа мутахассисларидан изоҳ сўраш талаб қилинди. Бу Ўзбекистоннинг ҳозирги сиёсий иқлимида қийин. 

Юқори лавозимли мансабдор шахсларни ва уларнинг бизнес фаолиятини оммавий танқид қилган одамлар таъқибга учраши ёки қамоққа олиниши хавфига дучор бўлади. Икки киши қатъий анонимлик шароитида суҳбатларда қатнашишга тайёр эдилар. 

Улардан бири 15 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга бухгалтер: «Солиқ хизмати текширувлар пайтида бизни газетага обуна бўлишга мажбур қилди. Тўғри, газетада керакли маълумотлар эълон қилинган, аммо у мажбурий равишда тарқатилмаса нархи жуда юқори бўлгани туфайли ҳамма ҳам обуна бўла олмайди». 

Иккинчи тажрибали тадбиркор ва солиқ бўйича мутахассис олдинги маълумотни тасдиқлайди:

 «Солиқ қўмитаси бизни “Soliq Info” газетасига йиллик обуна бўлишга ва BEM дастурларини сотиб олишга мажбур қилди. «Soliq Info» газетасига мажбурий обуна бундан ҳам илгари бошланган. Солиқ қўмитаси мени “Soliq Info”га обуна бўлишга мажбур қилди… На илож, биз уларнинг айтганини қиламиз, акс ҳолда улар нормал ишлашимизга йўл қўймайди, буни ўзингиз ҳам биласиз».

На “Soliq Info” ёки BEM компанияси раҳбарларининг ва на Комил Алламжонов ёки  солиқ инспекторларининг мижозларни ўз маҳсулотларини кенг миқёсда сотиб олишга мажбурлаётганликларини исботлаш мумкин эмас. 

Бироқ баъзи бир муҳим саволларга жавоб бериш керак: мижозларни давлат миқёсида мажбурлов йўли билан иш олиб боришига бу компанияга ким буйруқ берган? Уларга бу ишларни амалга оширишда кимлар туртки бермоқда? Ноқонуний операциялари ҳақида кимлар билади?

Ишонч билан айта оламизки, «Soliq Info» ушбу коррупцион фаолияти орқали маҳсулотларини сотишни кўпайтиришга эришди ва бевосита фойда кўришди.

Тафтиш давом этади, жаноблар. Асаби бўшлар томоша залини тарк қилиши мумкин.

Нима бу BEM? Ҳар холда беманилик деган сўз бошидаги уч ҳарф эмас. 

30 йил олдин бухгалтерлар ëғоч ва симдан бўлган оддий чўтни қоқиб ҳисобот тайëрлашган. Кейин эса улар иш столида компьютерлар пайдо бўлди. Компьютер эса дастур билан ишлайди. Дастур эса сотилади.

2014 йил 1 январдаги ҳолатга кўра, Ўзбекистонда 241 мингдан зиëд  юридик шахс фаолият кўрсатаëтгани ва уларнинг ҳар бирида ишлатган бухгалтер солиқ идорасига ҳисобот топширишини ўйласак, Алламжоновнинг иштаҳасини тушуниб етамиз.

Божхонадан сиёсатга: E-Report Service электрон ҳисобот хизмати

BEM собиқ бош директорининг 2016 йилдаги изоҳига кўра , «Ўзбекистон Республикасидаги деярли барча юридик шахслар BEM дастурий таъминотига эга». 

Яъни Алламжонов 2014 йилда ўзининг филкина грамотасини 241 мингдан зиëд  бухгалтерга пуллаган. Олиш ихтиëрий-мажбурий бўлганини биламиз. 

Криминалистика профессори Кристаиан Ласлетт тадқиқотидан парча:

“Soliq Info ва BEM анъанага асос солди. Афтидан, Алламжоновнинг бошланғич ташкилотлари Давлат солиқ қўмитаси Алламжоновга берган қатор имтиёзлар туфайли доимо адолатсиз устунликлардан фойдаландилар. Ушбу келишув E-Report Service бизнеси билан расмий ҳукумат сиёсатига айланди». 

E-Report дегани нима? Ўзбеклар бировни сўкмоқчи бўлса, э репортингга ҳам, деб бошлайди. Менинг билишимча, E-Report Алламжонов ижод қилган восита. Бу восита ширкат ва кичик корхоналарни қақшатишга қаратилган.

E-Report – бу солиқ ва бухгалтерия соҳаси мутахассисларига солиқ ҳужжатларини онлайн равишда топширишга имкон берадиган дастур ва рақамли платформа.

Шунингдек, улар давлат хизматчилари томонидан бошқа рақамли хизматлар доирасида «қонунларни бизнес жараёнларда қўллашнинг мураккаблиги» тўғрисида махсус ёрдам ва мулоҳазаларни олишлари мумкин. 

E-Report Service МЧЖ дастурий таъминот компанияси ва платформаси. Дастурда Avtotest Report ва Pomidor Entertainment нинг телефон рақами ва почта манзили ҳақида маълумотни кўрамиз. Умуман, E-Report нинг этагини кўтарсангиз, тагидан Алламжонов чиқади.

«2014 йилга оид расмий протоколлар Алламжонов Давлат солиқ қўмитасидан ишдан кетганидан кўп ўтмай, Ўзбекистон Республикаси миллий ахборот-коммуникация тизимини 2013-2020 йилларда комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича республика мувофиқлаштирувчи комиссия йиғилишида тузилади. Протоколда E-Report Service ва ҳукумат ўртасидаги ноўрин муносабатларга аниқлик киритилади. 

Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари О.Рустамов томонидан берилган маълумотларга асосланиб йиғилиш баённомасида қуйидагилар кўрсатилган: «Молиявий ҳисобот, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботларни тақдим этиш каби реал вақт режимида тадбиркорлик субъектларига консалтинг хизматлар кўрсатишга имкон берувчи E-Report Service масъулияти чекланган жамияти E-Report ички дастурини ишлаб чиқди».

Баёнотда айтилишича, республика комиссияси «Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси давлат тижорат Халқ банки E-Report дастурий таъминотини бутун мамлакат бўйлаб ихтиёрий равишда жорий этишга розилик билдирган». 

Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси давлат тижорат банки икки ой ичида «E-report» дастуридан фойдаланган ҳолда электрон ҳисоботларни олиш учун ўзаро алоқа қоидаларини ишлаб чиқиш ва ўзларининг ахборот тизимларини интеграциялаш бўйича зарур чораларни кўришга келишиб олганликлари қайд этилган. 

Шунингдек, улар доимий равишда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда барча хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш ва » E-Report Service» МЧЖга E-Report дастурий таъминотини сотиб олиш бўйича шартномалар тузишга ёрдам бериш бўйича келишиб олдилар.  

Қисқача айтганда, протоколлар давлат идоралари томонидан рақамли тизимларни E-Report платформаси технологиясига мувофиқ калибрлашга рози бўлганликларини кўрсатадиган бир қатор қарорлар ёзилган.

Бу эса E-Report Services МЧЖга ҳар қандай потенциал рақибга нисбатан сезиларли рақобат устунлиги каби кўриниши мумкин. Бундан ташқари, давлат электрон ҳисобот дастурларини сотиш ва мижозлар билан шартномалар тузишда ёрдам беришга рози бўлди. 

Йиғилиш баённомасида шунга ўхшаш ёрдамни қабул қилган бошқа бирон бир компания ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. 

Аммо Алламжонов Forbesда ўзининг шахсий манфаатларига доир баъзи очиқ эътирофларни ёйинлаган. У Soliq Info, BEM Systems, E-Report Service ва Avtotest Report, шунингдек, Uz24 янгиликлар порталининг асосчиси эканлигини тасдиқлайди. 

Комил Исмоилович Алламжоновнинг сўзларига кўра, у томонидан таъсис этилган компанияларнинг баёноти 2019 йил 16 августда тасдиқланган. 

Биринчидан, Soliq Info Tahriryati акциялари Алламжоновнинг хотинига тегишли. Ушбу компания орқали у Хуршида Исмоиловна Султонова билан биргаликда қисман BEM Systemsга эгалик қилади. 

Иккинчидан, интернетда Бобур Алимбобоев исмли одам Facebook ижтимоий тармоғида ўз аккаунтига эга. Ушбу қайдномада Алимбобоевнинг иш берувчиси Soliq Info рўйхатига киритилган. Бу Avtotest Report ва Pomidor Entertainment рўйхатида қайд этилган ўша одам эканлигини тасдиқлаш мумкин. Алимбобоевга юборилган ёзишмаларга жавоб берилмади. Ниҳоят, Ўзбекистоннинг интеллектуал мулк реестрига кўра, Avtotest Reportга тегишли бир қатор технологиялар ва материаллар Комил Исмоилович Алламжонов томонидан яратилган.

1-чизма: Комил Алламжонов томонидан асос солинган компанияларнинг диаграммаси

Баъзи бир муҳим тафсилотларни 1-жадвалда кўриш мумкин. Масалан, Avotest Report, E-Report Service ва PomidorEntertainment рўйхатдан ўтган телефон рақамига эга, шунингдек, Pomidor Entertainment ва E-Report Service рўйхатдан ўтган кўча манзилига эга. Бу уларнинг ўзаро боғлиқ бўлган хўжалик субъектлари эканлигидан далолат беради.

Албатта, Давлат солиқ қўмитаси каби органнинг E-Report Services МЧЖ хусусий компаниясига савдо агенти сифатида иштирок этиш ҳуқуқини бериши қачонки компания асосчиси қўмита билан яқин алоқа ўрнатган бир шароитда ҳар томонлама мос келмаслиги мумкин.  

Худди BEM каби E-Report Services ҳам Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги иштирокида ташкил этиладиган ва мунтазам равишда ўтказиладиган семинар ва амалиётлардан фойда кўрди. 

Чунки бундай анжуманларда уларнинг дастурлари намойиш этилган ва ўзига хос реклама қилинган. Электрон ҳисобот хизмати хусусий веб-сайтида 2015-2016 йиллар давомида ўтказилган тадбирлар мунтазам равишда қайд қилиб борилади. 

Бу пайтга келиб Алламжонов Давлат солиқ қўмитасидаги фаолиятини тўхтатган эди. Аммо энди Алламжонов давлат деб аталмиш соғин сигирнинг бошқа елинини  эмишга чоғланаëтган эди. 

Гап «Автотест» ва давлат ҳужжатларини пластик карта ҳолатига келтириш бизнеси ҳақида. Бу ҳақда кейинги кўрсатувда  тўхталамиз. Тафтиш давом этади, жаноблар.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
31 май 2017
19 май куни президент Мирзиёев Бухорода эркин сайёҳлик зонасини яратиш қарорини тасдиқлади. 2980-сонли қарорга кўра, Ўзбекистон Миллий банки масъул ...
19 октябр 2020
Президент Шавкат Мирзиёев 8 октябрь кунги чиқишида раҳбарлар уйма-уй юриб, ишсизлик муаммосини ҳал қилишлари кераклиги ҳақида гапирди. Қишлоқ хўжалиги ...
16 июн 2023
РТ: Сиз билан  яна гурунглашиш насиб этганидан ичимга сиғмай севиниб ўтирибман.  МС: Ничиксизла? Жоллимисизло, мўччи бика, ҳам хўжик биррило… ...
1 ноябр 2020
29 октябрь куни Ўзбекистон илм олами ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишга учради – таниқли шарқшунос-турколог Андрей Кубатин коронавируснинг оғир асоратлари ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...