Асосий мавзулар
20 ноябр 2020

РТдан ваъз: Байроқни иштон қилган нозанинлар даври

Истайман: уйимнинг деразалари

Доим очиқ турсин, ланг очиқ турсин.

Хонамда ўйнасин қуёш зарлари,

Етмиш юрт – иқлимдан шамоллар юрсин.

Хушбўй шабадалар, латиф шамоллар,

Турфа, тоза, эрка, афиф шамоллар…

Манғитлик шоир Музаффар Аҳмад шеъри эди бу. Аммо деразани очиш учун уй иссиқ бўлиши керак. Ташқарида совуқ. Икки кун олдин Тошкентда қор ëғди. Уйларга қўлбола печкалар ўрнатиб эски масками, собойга овқат олиб келинган пластик идишми, хуллас, ëнадиган нима бўлса ëқиб ташлаяпмиз.

Сен ëқмасанг, у ëқмаса, мен ëқмасам қандай исир зимистон бу мамлакатимиз? Мактабдаги синфхоналар ҳам абадий муз даврига қайтган каби.

Маслаҳат: Ҳар битта ўқувчи уйидан икки баклашка ичига иссиқ сув тўлдириб келиб, синфхона деразаси рахига қўйса, синф исийди. Лекин эҳтиëт бўлинглар. 14 яшар қиз мактабнинг 3-қавати деразаси рахида селфи олаëтиб, пастга қулаб умуртқасини синдирди. Селфи тармоқда, қиз баннисада.

Ҳокимни мақташ

Юраги бўшлар бўлса, томоша залини тарк этиши мумкин. Чунки мен бугун Тошкент шаҳри ҳокимини мақтайман. Нега? Чунки ярим кило сабзини камбағалга эҳсон қилдим деб селфи қиладурғон балогирлар микробдай урчиди. Тошкент шаҳри ҳокими эҳсон йиғаман деб ўз чўнтагини тўлдираëтган апрстларни танқид қилди.

Тўғри танқид қилди. Мен билган бир одам уч йил олдин Кореяда ўлган акамнинг ўлигини обкеламан деб ҳалиям пул йиғади. Ўлик чириб кетмадими, деб сўраманг. Ўлик аллақачон кўмилган.

Аммо одамларнинг раҳмини келтириб, пул тўплашам гулдай ҳунар бўлиб қолди. Хуллас, Жўха биратнинг гапи тўғри. Эҳсон йиғамиз, деган апрстлар ëмон кўпайди.

Лекин бугун Комил Алламжонов деган одам Тошкент шаҳри ҳокимига сакрабди. Пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бировга, дди муҳтарам К нуқта, Алламжонов. Қанақа пичоқ? Нимага шаъма қилинди? Шаъма қилинмасин. Кесатилмасин.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевам чарчади. Агар Нуҳ минг йил яшаб бир тўфон кўрган бўлса, у уч йил йил хоким бўлиб минг тўфон кўрди. Одамларнинг ëлғони ва амалдорларнинг найранглари чарчатди уни.

У «Шум бола» каби кўчада ўсди. Кўчанинг гапи билан тили чиқди. Ўн сўм ўғирласа, тўққиз сўмини тепага берди. Амалдорларни пора билан боқиб, эвазига дашном эшитди.

Уни ҳамма ëмон кўради. Бой бўлгани ва амалда ўтиргани учун. Ҳоким бўлганидан бери тўйиб ухламади. Президент ëки Бош вазирдан қўнғироқ бўлса, чўчиб тушадиган бўлди.

Куëвларининг қилмишлари, аферистик схемаларидан тўйиб кетди. Бу очкўз куëвлар уни ўз чўнтагига айлантиришди. Тошкентни буздириб, ер участкаларни олишди.

Айбдор сифатида Жаҳонгир рўпара қилинди. Матбуотга ҳам у балогардон бўлди. Ўзим уни кунора танқид қилдим. Карикатураларини чиздим.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳозир ўлса жаннатга тушади. Чунки у жаҳаннамни бу дунëда кўрди. Мирзиëев даврида амалдор бўлиш – азоб ва уқубат. Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам одам. Уни ҳам она туққан.

Тадбиркор бўлиб топган тутганини бамайлихотир ея олмай асаб касалига дучор бўлди. Инсонни тушуниш керак. «Мен ҳам одам эдим-ку, ахир инсон фарзанди, бу бечора Жаҳонгирнинг маломат банди».

Агар мен ҳоким бўлганимда, бир соат тинмай сўккан бўлар эдим бу писмиқ аллакимжонларни.

Сўконғичлар юрти

Ортда қолган ҳафтада Андижон вилояти ва Бешариқ тумани ҳокимларининг сўккани муҳокама бўлди. 17 ноябрь куни эса катта бир мажлисда фермерларни уятсиз гаплар билан сўккан Хива ҳокими Озодбек Матёқубов видеоси тарқалди.

Юзини бекитиб интернетда изоҳ ëзган исмсиз номаълум аскарлар: “Мен шу сўкиши эшитганимда у ҳокимнинг кўтига бомба бойлаб портлатардим», деб кариллади.

Портлатасан. Сен-а? Наҳотки? Одатда ëшулли сўкканда залда камида 700 киши ўтиради. Жи-им ва алоҳида ошиғич завқ билан сўкиш эшитилади. Чунки эрталаб ўзи хотинини сўккан ва ўз навбатида отасидан ҳам сўкиш эшитиб, тўйиниб, қулоқ қонди бўлиб кетишган.

Масалан, Тошкент шевасида сўкиш – бу сўз ясовчи қўшимча. Ж… п онам кеча норинни си..б қўйди, дейишади. Зулу тилига таржима қилсак, “Фоҳиша касбидаги онам овқат билан жинсий алоқа қилди”, деган маъно чиқади.

Энди мустақил бўлган пайтимизда Америкадан меҳмон келувди. Меҳмон бир ўзим айланиб келаман деб кўчага чиқиб, пешинларда қайтиб келди. Қўлидаги дафтарига биннарса ëзиб олган экан.

У бизга ëзганини кўрсатиб: «Бозорда шу гапни ҳамма бир-бирига қараб кўп марта айтди. Нима гап ўзи бу? Маъноси нима», деди.

Дафтарда онангни палон қилай, деб ëзилган эди. Ўқиб худди энди эшитган гапдай уятдан қизариб кетдим. Бунинг маъносини айтсам, ўзбеклар сўконғич халқ экан, деб ëмон хаëлга бормасин, деб бу америкаликни алдашга қарор қилдим.

Бу сўз “Раҳмат сизга”, деган маънони билдиради”, десам менга қараб: “О, қандай хушмуоамала экан бу ўзбеклар”, деб бошини чайқади. Энди бу меҳмон кўчада йўл кўрсатган одамга ҳам, сувенир сотган дўкончига ҳам раҳмат айтгани алоҳида ҳикоя.

Ëзувчи Ўрхон Помуқнинг «Қирмизи сочли хотин» асарида бир эпизод бор. Консерватив мулозимлар «Шоҳ Эдип» спектаклини тақиқлайди.

Билмаганлар учун эслатсам. Бу спектакль онаси билан зино қилган шоҳ ҳақида. Ўзбек театрларида ҳам қўйилган. Роман қаҳрамони эса: «Эртадан кечагача бир-бирини юз минглаб маротаба онанг билан жинсий алоқа қилай, деб сўкадиган миллат нега буни театрда томоша қилишни истамайди?» дея риторик савол қўяди.

Тўп ўйини

Сўкинишни истайдиганлар эса бемалол стадионга бориб бақириб-бақириб сўкинишлари мумкин. Йўқолсин биринчи оила. Йўқолсин иккинчи оила. Хоҳлаганча сўкиниш мумкин.

Камина футболга қизиқмайдиган ва уни томоша қилмайдиганларнинг кам сонли тоифасиданман. Футбол ўйини ҳақида тасаввурим примитив.

Тўп юмалоқ бўлишини биламан. Тўпнинг усти қўтос терисидан бўларди илгари. Ғозир синтетика. Ичи эса пахтадан. Камераси эса елимдан. Тахминан юз метрлик майдон ўртасидан чизилиб, иккига бўлинади. Таги тешик замбилғалтакнинг ичига қуруқ оҳак тўлдирилиб, айлантириб майдон чизиқлари белгиланади.

Икки томонда дарвоза. Учта тахта ва катаги йирик битта тўр билан иш битади. Футболни икки жамоа ўйнайди. Ўйинчилар сони ҳар бир жамоада 11 кишидан. Отидан ҳам маълумки, футбол оëқ билан ўйналади (фут – бу оëқ).

Тўпга қўл текизиш ҳаром қилинган. Фақат дарвозобонга жоиз тўпга қўл текизиш. Лекин елка¸ думба¸ калла ва, умуман, қўлдан бошқа барча аъзолар билан тўпни тепиш мумкин.

Ўйиннинг асосий мазмуни – рақиб дарвозасига тўп киритиш. Футбол инглиз ўйини бўлгани учун бу ўйинга оид сўзлар инглизча. Футбол ўйини давом этадиган пайт тайм дейилади.

Бир тайм мактабдаги дарс каби 45 минут қилиб белгиланган. Ўйин икки тайм бўлади. Шу икки тайм ичида ўйинчилар ўртага ташланган тўпни тепиб, рақиб дарвозасига киритиши керак.

Тўп дарвоза тўрини йиртиб ташласа, олқишланади. Тўп томошабинлар тарафга қараб кетса ва Эргаш ака бу тўпни тутиб олса, тўп Эргаш акага падарка. Истаса пичоқ билан йиртиб, кесиб ташласин.

Танаффусда Пеле келиб имзо қўйиб беради. Ўртага бошқа тўп ташлади. Ўйинчилар учун қоидалар бор. Бу қоидаларда рақибни тепиш¸ унга ўрта бармоқ кўрсатиш ва онангни деб сўкиш ҳаром қилинган. Томошабинлар сўкиниши эса жоиз.

Мубоҳ амаллар бор. Мубоҳни ҳаромдан ажратишни судья, яъни ўйин ҳаками аниқлайди. Ҳакам гуноҳ қилган ўйинчиларга сариқ ëки қизил карта кўрсатади. Жазо беради. Жазо пенальти деб аталади. Ҳакам истаса, гунохкор ўйинчиларни ўйиндан чиқариб юбориши мумкин.

Умуман, ҳакам истаса, 11 кишидан фақат 7 ўйинчини майдонда қолдириши мумкин. Ўйинчиларнинг мақоми худди Темур армиясидаги каби аниқ белгиланган.

Ярим ҳимоячи айланиб ўтиб тўпни ҳимоячига оширади¸ ҳимоячи тўпни боши билан уриб ҳужумчининг тайëр турган оëғига йўналтиради. Ҳужумчи андоқ зарб билан тепадики, тўп бориб дарвозани ҳомиладор қилади. Гооол.

Дарвозабон негадир тўпни ҳимоячи калласи билан уриб киритади деб ўйлаб ўзини дарвозанинг чап томонига отган эди (чап тарафда шайтон бўлишидан бехабар). Тўп эса ўнг томондан киради. Билганим шу. Тўп юмалоқ – майдон кенг.

Аммо футбол кўришга кетсангиз, уйингизни ўғри уриши эҳтимоли катта.

Ўғрига панд берган нос шиша

Эртакларда девнинг жони юмуртони ичида, юмурто эса дарахт кавагида бўлади. Марғилоннинг Шолдирма маҳалласидаги тоға эса пулини “Nexia» машинаси ичида, машинани эса ҳовлида сақларди.

Аммо эгаси минг пойласин, ўғри бир пойласин. Хуллас, ўғри девор ошиб кириб, мошин ичидаги 1.400.000 сўм пулни бетини без қилиб ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Аммо ўғрининг нос шишаси мошин салонига тушиб қолган. Нос шишанинг оғзига қоғозни ўраб тиқин қилган экан. Ўша қоғозни ëйиб кўришса, М.А деган одамнинг уйига келган қарз тўлов талаби ëзилган хат экан.

М.А.нинг уйига бориб, нос шишадаги бармоқ изи билан солиштиришса, ўғри у бўлиб чиқди. Милиса бола ëқасидан ушлаб бир силкитган эди, дарров бўйнига олди.

Уятсиз, ярамас, безбет ўғри. Лекин пулни расхўд қиворибди, ипплос. Ўғри қамағда. Э нос чекмай ханнаса бўл.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳри ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Жинсий тарбиясизлар

Халқаро ислом академияси докторанти Музаффар Жониев деган бир исқирт стукач бахил ўша вақтларда олим Андрей Кубатинга туҳмат қилиб устидан ёзиб берди. Шу малява асосида Кубатин қамалди. Қийноқлардан соғлиғини йўқотган Кубатин ўлди.

У исқирт эса яшаб юрибди кислородни харжлаб, деб ëзсам, Ҳасан ака Тоштемиров: “Гапирамиз, қўямиз. Қодирийларни отганлар уруғ- аймоқлари билан ҳозиргача роҳат-фароғатда яшашяпти ! Бундан буёғига ҳам давом этаверади”, деди. Аччиқ ҳақиқат будир аслида. Ҳақиқатни эса авом эмас, экспертлар айтади.

Микробилогия ва нанотехнология ҳақида соҳа билимдони гапига қулоқ солинади. Бошқаларнинг бу соҳадаги фикри ярим чақага арзимайди. Аҳмоқларнинг кўплиги ҳеч нарсани билдирмайди. 35 миллионта аҳмоқ қатор тизиб қўйилса, 35 миллион аҳмоқ бўлади.

Шу ҳафта давомида эринмаган мардум Аллоҳ берган нафасни бўшига сарфлаб, “жинсий тарбия керак эмас”, деб бақирди. Буларга Олий Мажлис Сенати раиси Норбоева хонимнинг жинсий тарбия ҳақидаги гапи ëқмабди. Ўзим кал – кўнглим нозик, дегани бу.

Бу бақироқларга қарата билгич акамиз Шуҳрат Расул мана бундай деб ëзди:

“Номдор блогерлардан тортиб (ижтимоий фикр лидерлари) ҳеч ким танимайдиган профил эгаларигача, қарийб абсолют кўпчилик билан Танзилла Норбоевага қарши «биз ўзбекларга ҳеч қандай тенглик, ҳеч қандай кўринишда керак эмас», деган мазмунда катта кампания бошланибди. Бу компания самарқандлик эрнинг ўз хотинига йиллар давомида мисли кўрилмаган ЗЎРАВОНЛИК қилгани учун ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК ИШИ СУДДА КЎРИЛАЁТГАН БИР ПАЙТДА БОШЛАНГАН.

Ўзбекистон оилада аёлларга нисбатан зўравонлик қилиш бўйича дунёда ЭНГ ҚОЛОҚ ДАВЛАТЛАР ҚАТОРИДА САНАЛАДИ. Биз бу соҳада қўшни Афғонистон, Покистон каби гендер толерантлиги мутлақо йўқ бўлган, конституцияларига аёлларни камситувчи, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилувчи нормалар киритган (ўрта асрчилик) давлатлардан унча ҳам узоқлашмаганмиз. Биз ЎЗБЕКЛАРГА НИМА КЕРАК ЎЗИ? Демократиянинг ФУНДАМЕНТАЛ УСТУНЛАРИДАН БИРИ БУ ЖИНСЛАР ЎРТАСИДАГИ ТЕНГЛИК, АЁЛ КИШИНИ ҲАМ ИНСОН ДЕБ ТАН ОЛИШ ЭМАСМИ? Биз ижтимоий муносабатлари «ТОШ ДАВРИДА» қолиб кетган, аёлларнинг ҳатто кўчага чиқишига ҳам рухсат бермайдиган (фақат эри билан чиқиши мумкин) бир тўда АРАБ ва форсийзабон давлатларга ҳавас қилишимиз керакми? Биз ТУРКИЙ ЭЛМИЗ, ТАРИХАН БИЗДА ИСЛОМ ДИНИ ҲАР ДОИМ ЖИНСЛАР ЎРТАСИДА, БАРЧА БОШҚА МУСУЛМОН ХАЛҚЛАРИДАН ФАРҚЛИ , ЎЗИНИНГ ТОЛЕРАНТЛИГИ, АЁЛЛАРГА НИСБАТАН АЛОҲИДА ҲУРМАТИ БИЛАН АЖРАЛИБ ТУРГАН. Бази бир ҳовлиқмалар ўз постларида «ана энди оила ҳам йўқ бўлади, фоҳиша босиб кетади, ҳамма лезби ва гейга айланади», деб ёзишмоқда экан, бундай деформациялашган умумлашмалар бериш уларнинг САВОД даражаси қандай эканлигини кўрсатади”.

Матн парчаси тугади (имло сақланди), энди ўзим қўшимча қилсам.

Дубай, Ҳиндистон, Туркия, Россия ва бошқа мамлакатларни мўр-малахдай босган ўзбек жалаблар ўта чегарасизлиги билан фарқланади. Истасангиз қулоғига ҳам қилдиради. Барча вилоятлар, хусусан, Хоразмдан чиққан қизлар. Энди одно, тик ток, инста ва бошқа тармоқдаги ўзбек болачалари лексикасига бир қаранг, манънавиятчи опоқилар. «Куни», «Орал», «Анал» бўлиб ëтибди.

Йўқ ердан ўзларингга теплица ясаб олманглар. Бу болалар онасиникидан тушаëтиб, ўша тушган жойини селфи қиладиган авлод. «Воооой дооооод, мактабда «жинс» деган сўзни ишлатсак, тарбияси бузилаааааадииии», деб ëқа йиртманглар, илтимос.

Ўхшамай қоляпти. Олдин айтганимдек, Афғонистон, Сомали каби давлатлардан бошқасида мактабларда жинсий тарбия дарси ўтилади.

Энди «Биз уятчанмиз, ота бобо туда-суда», дейдиганларга айтадиган гапим. Ҳали анча олдин 1082 йилда улуғ педагог Кайковус «Қобуснома» деган китобида хотин билан қандай ëтиш ëки аëлларнинг эркакларга қандай бериши ҳақида ëзган. Китоб 9 ëшида бўлган Ғилоншоҳ ва унинг тенгдошларига аталган эди.

Бундан ташқари, Бухоро амирлигида «Лаззатул нисо» деган китоб орқали ëш авлодга жинсий тарбия берилган. Ўшанингчун, дод солсангизлар қарғалар куляпти, холос.

Болани 13 ëшида туғиб қўйиб сотишга чиқарëтганлар ҳақида кунора ëзавериб қўлим қаварди. Бу айнан жинсий тарбия йўқлиги масаласидир. Бу гапларим қатъий ва нафсиламбирдир.

Бунга қўшимча сифатида тармоқнинг ўзбек сегментида “Asalhoney” тахаллуси билан интим суҳбатлар олиб борадиган Асал Хўжаева Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармасига чақиртирилиб, “ўзбек халқидан” камера олдида узр сўраттирилганини айтсам.

Ўзбекистон қонунларида ҳовузда сувга тушган тасвирини қўйган ëки ички куйлакни реклама қилганлар жазолансин, деган банд йўқ.

ИИБга олиб келиниб, изза қилиниб “ўзбек халқидан кечирим сўратиш”, деган жазолаш тури ҳам Ўзбекистон қонун-қоидаларида назарда тутилмаган. Чеченистонда эмасмиз.

Умуман, ИИВ ходимлари Ўзбекистон конституциясининг VII боби, яъни “шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар ҳақида»ги бобини ўқиб қўйса, халақит қилмайди. Шу бобнинг 25-моддасида “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга”, деб ëзиб қўйилган.

Умуман, ИИВ диний радикал кайфиятдаги консерватив кучлар босими остида қолиб мамлакат конституцияси ва қонунларида кўзда тутилмаган шаклда ватандошларни оммавий изза қилиш билан шуғулланмоқда.

Бир вақтлар чиройли қизлар гулханларда жодугар дея ëқилган Европада эротик блогер ва порноактрисалар бугунга келиб жамиятнинг фаол аъзолари ҳисобланади.

1987 йили порноюлдуз Чиччолина (ҳақиқий исми – Анна Илона Сталлер) парламент депутати бўлган эди.

Бобожоновнинг миршаблари бемалол Эрон ислом республикасида ишлашга тайëр. Ўзбек милисаларининг ҳаммасини вазирига қўшиб поездга солиб Эронга юборворсак, бахтимиз тугал бўларди. Қанча бюджет пули иқтисод қилинарди.

Энди 18 ноябрь куни яна бир асалхон яланғоч танасига ўзбек байроғини ўртиб майрам қилибди.

1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон парламенти мустақил Ўзбекистонннг янги байроғини қабул қилди.

Саҳнага турли байроқлар намунаси қўйилди.

Аксарияти колхоз раислари, сутсоғар ва чўлқувар бўлган, ҳали чўнтагида ҳар эҳтимолга қарши КПСС партбилетини сақлаб ўтирган номенклатура вакиллари байроқ танлашаëтганлигининг ўзи бир комедия эди.

Атиги бир неча ой олдин улар байроқ ғоясига мутлақо қарши эдилар.

Масалан, 1989 йилда «Ëш ленинчи» газетасида «Бирлик» низоми эълон қилинди.

Бу низомда Ўзбекистоннинг ўз байроғи бўлиши керак, дейилган эди.

Низом чоп қилиниши юзасидан мухолифат ва ҳокимият олиб борган кўрпа ости мунозараларида ҳукумат тарафи низомдан байроқ ҳақидаги жумла олиб ташланишини талаб қилди.

Мухолифат етакчилари ҳам умумреспублика газетасида низом чоп қилинишининг тарғибий аҳамиятини ўйлаб ҳукуматнинг талабини бажаришди.

«Ëш ленинчи» газетасида 1989 йил кузида 150 минг тиражда чоп қилинган низомда байроқ ҳақидаги гап йўқ эди. (Бу ишдан рози бўлмаган Абдураҳим Пўлатовнинг исëн қилгани бошқа бир мавзу)

Яна 1991 йилга қайтамиз. Кечагина мустақилликнинг ашаддий душмани бўлган комфирқа котиби Каримов «кўкрагига мустақиллик шамоли тегиб бахтиëр бўлгани ҳақида» алжирашни энди бошлаган бир пайт эди.

Парламент саҳнасида турган байроқ намуналари ëнига Эрк» демократик партияси раиси, ўша пайтда парламент депутати бўлган Муҳаммад Солиҳ яна бир байроқни олиб келиб илди.

Бу йўл-йўл байроқ Туркистон байроғи эди. Баъзи маълумотларга кўра, бу байроқ Қўқон мухторияти байроғи бўлган.

Профессор В.Трембицкий тадқиқотига кўра, бу байроқ уч турк империясини тамсил қилган оқ қизил ва норинж ранглардан иборат. Байроқни тўрт тарафдан ўраган кўк ҳошия эса кўктурклар рамзи ўлароқ тамсил қилинган. 9 та йўл эса Туркистон тарихидаги 9 давлатга ишора қилган.

Муҳаммад Солиҳ парламент спикери Шавкат Йўлдошевнинг қоши чимирилганига қарамасдан, байроқни саҳнага намойишкорона илиб қўйди.

Залдаги колхоз раислари-ю сутсоғар ва чўлқуварлар назарида «мухолифат яна бир балони» бошлаëтган эди. Чунки ҳаммага нўмир иккинчи байроққа овоз бериш (ҳозирги байроқ) топширилган эди.

Бу оломон назарида Муҳаммад Солиҳ радикал ва Эркин Воҳидов мўътадил эди.

Шу боис парламент Эркин Воҳидовнинг байроқий нутқини ер тепсинмай тинглади.

Мўътадил Эркин Воҳидов Туркистон байроғи таърифига сўз айтар экан, миллатнинг қадим илдизлари ва эски тимсоллари борлигини чўлқуварларга англатмоқчи бўлди.

«Биз бугун пайдо бўлган миллат эмасмиз. Бизнинг эски туғ ва санжоқларимиз бор. Янги байроқ ясашга эҳтиëжимиз йўқ. Туркистон байроғи учун овоз беринглар, зотан бу байроқ большевиклар тарафидан йиқитилган Туркистон мухторияти байроғи эди. Қолаверса, бу байроқ асир миллат байроғи сифатида чет элда Туркистонни тамсил қилди. Биз чукча ëки эвенклар эмасмиз. Биз қадим миллатмиз ва биз қадим байроғимизни кўтарайлик», деди Эркин Воҳидов.

Аммо парламентдаги сутсоғар ва чўлқуварлар зеҳни бу маълумотни ҳазм қила олиш даражада илғор эмас эди. Улар бор-йўғи буйруқ бажаришга одатланган механизмлар эди, холос.

Шу боис, ҳеч бир жиҳатдан миллат руҳини ифодаламаган, ўзлари ўйлаб топган байроқни танлашди. Орадан 30 йил ўтиб бу байроқ асалхонларга лозим бўлди.

Хуллас, Уста Гулмат ëзганидек, байроқни иштон қилган сулувларнинг нози мўллоғон давр.

Келур икки сулув, аҳ-аҳ, нозлари мўллағон эрди,

Бири ғунча эди паққос, бири сал гуллағон эрди.

Худо урғон эса бизни ки ёшликдин бужур айлаб,

Бу икковни ясаб силлиқ эгам ҳам қўллағон эрди.

Ҳайит айёмида адрас аларни зап очибдурки,

Кўзим ўйнаб, ёниб ўпкам, тамоғим чўллағон эрди.

Табассум қилса деб зора ҳайитлик берсам олмайлар,

Алар балки табассумин тонгдаёқ пуллағон эрди.

Кетлариға тикилсам лол деди ақлим қидир иймон,

Бузуқ ўйларни лек шайтон бошимға дўллағон эрди.

Алар юлдуз ахир, Гулмат, на қўл етғай, на пул етғай,

Сани тақдир тамошшога шунчаки йўллағон эрди.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
31 март 2021
27-28 март кунлари тинимсиз ёмғир ёғиши оқибатида Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида одамларнинг уйлари, машиналари ва чорвасини сел оқизиб кетди. Бу ...
22 май 2018
Президент келиб кетгач, андижонликлар енгил нафас олишди. Бугун менимча раҳбарлар ҳам тўйиб ухлашган бўлишса керак. Халқимиз меҳмондўст, меҳмон кутиб ...
2 октябр 2015
Хазорасп туман хокими Қурбонов Ўктамбой Қўчқорович республиканинг бутунлигига шак келтириб ва фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлигини бир туман миқëсида тўхтатиб қўйган. ...
7 сентябр 2023
Буюк чех импресcионисти асарини чех элчиси Урганчда тақдим қилди Урганч замонавий санъат музейида Германиядаги “Юзук” ташкилоти тарафидан 20-асрдаги буюк ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...