Асосий мавзулар
1 январ 2021

РТдан ваъз: Сигир йилида соғилмасак бўлди

Мана, ўлмаган қул сиз билан 2021 йилнинг илк кунида дийдорлашиб ўтирибман. 364 кунлик китоб турибди олдимда. Бир-бир варақлайман. Кўчада қор. Қалбимда эса баҳор.

Ҳамид Олимжон ўз шеърларида Қозоғистонни бой-бадавлат, Украинани эса эрксевар деб атайди. Ўзбекистон эса Ҳамид Олимжон назарида нуқул бахтиëр одамлар яшайдиган «бахтлар водийсидир».

Ўзбекистон ҳақида ëзаркан, Ҳамид Олимжон «Омон бўлсин доҳийси унинг», деб қўшиб қўйишни унутмайди.

Ўзбекистон ҳақидаги шоир мисралари:

Бир ватанким, бунда йўқдир дард ва ҳасратдан нишон,

Бир ватанким, ер ва осмонида одам топди шон,

Бир ватанким, ҳар гулистонида мангудир баҳор,

Бир ватанким, бунда элнинг бахти мангу барқарор.

Одамсимонлар

5 йил олдин Москвадаги  «Мосфильм» киностудияси олдига таниқли ва севимли актёр Евгений Леоновнинг «Доцент» образига ўрнатилган бронза ҳайкални етти ўзбек ўғирлаб, металлоломга топширворган эди.

Бу  ўзбеклар тергов пайтида Леоновни танимаслиги ва, умуман, саводиям йўқлиги маълум бўлди. ТВ бошловчи Пиманов бу ўзбекларни «одамсимонлар» деб атаган эди.

Яъни ҳали одамга айланмаган махлуқлар. Ейди, ичади, чичади, секс қилади, ўғирлайди, аммо мияси йўқ. Тақдирни қарангки, бу  етти ўғри ўзбекдан иккитасига ота-энаси умид билан  Беҳзод деб ном қўйган. Беҳзод ким деганлар учун инфо. Беҳзод Навоий замонидаги улуғ рассом. Хуллас, мана одамсимон ҳайкал ўғрилари рўйхати:

Бекзод Тўйчибоев, Усмонжон Умаров, Беҳзод Хайрулло, Абдуҳалим Рафиев, Фазлиддин Шерматов, Сардор Рафиқалиев , Асқарбек Абдухалилов.

Бу ўғри ўзбеклар ўғирлаб сотворган ҳайкал яна бир ярим миллион эвазига қайтадан ясалиб жойига қўйилди.

Видеокузатувга эса қўшимча апп ўрнатилди. Яъни ўзбекка ўхшаш махлуқ ҳайкалга яқинлашса, сигнал ишлаб кетади.

Палон ҳайкал «еди», пистиëн ҳайкал «емади», деб бақириб кўтини йиртганлар ва шу бақироқлар гапини гап деб ҳайкални олиб ташлайдиган одамсимонларга айтадиган гапим шу:

Зар қадрини заргар билар, чилангар нимани билар?

Тасвирий санъат ичидан «адабиëт» ва «маъно» қидириш – бу касаллик. Масалан, Сезанн чизган натюрмортда олма тасвирланган. Расмнинг маъноси олма тасвири. Ван Гогнинг «Картошкагул» асарида эса картошка гули тасвирланган. Расмнинг маъноси картошка гули. Малевичнинг «Қора квадрат» асарида қора квадрат тасвирланган.

Бу уч асар нархи Ўзбекистон йиллик бюджетидан кўп. Одамлар калиш ҳайкалидан маъно қидиришди. Маъноси калиш.

Будапешт шаҳрида ботинкаларга, Женевада стулга, Москвада портфелга ҳайкал қўйилган. Мана бу расмдаги эса балиқ консервасига қўйилган ҳайкал. Маъноси балиқ консерва.

Тарих дарслари ëки Эшши нега хонни ўлдирди?

Таътил кунларида Лейпцигдаги немис дўстларим Хива тарихи бўйича жўнатган ҳужжатларни варақладим. Разолат¸ риë ва сиëсий кўрлик каби тарихга муҳрланган ҳолатлар мени маюс қилди.

Наҳотки яқин тарих Қодирий айтмоқчи фақат кирли нуқталардан иборат. Хайрият, тарихимизда бизга ўрнак нуқта ҳам бор экан. «Ëш хиваликлар» ташкилоти намойиш ўтказиб, Исфандиëрхоннинг Нуруллабойдаги саройига сиëсат билан кириб боргани оталаримизнинг биз ўрнак олсак арзийдиган жасорати каби туюлди.

Бобоохун Салимов раҳбарлигидаги «Ёш хиваликлар» мамлакатда демократик ислоҳотларни амалга ошириш учун намойиш ташкил қилишди.

“Ёш хиваликлар» ташкил этган кўп минг кишилик колонна “Яшасин озодлик!”, “Йўқолсин золимлар!” шиорлари остида хоннинг Нуруллабой саройига йўл оладилар.

«Ёш хиваликлар» партияси аъзолари саройга етиб бориб, хондан давлатни конституция асосида бошқаришни, хоннинг айрим мулозимларини уларнинг қўлига топширишни талаб қиладилар.

Полвонниёз ҳожи Юсупов, Назир Шоликоров «Ёш хиваликлар» ва шаҳар аҳолисининг вакили сифатида Исфандиёрхон ёнига кириб, ўз талабларини баён қилишди.

Биринчи бўлиб Полвонниёз ҳожи Юсупов сўз бошлайди: “Биз, «Ёш хиваликлар», сиздан ҳуррият олиб, “Идораи машварат” ташкил қилиш учун Хоразм фуқаролари номидан вакил бўлиб ҳузурингизга келдик”, дейди.

Исфандиёрхон уларга қараб: “Сизлар вакил бўлиб келган бўлсангизлар, ҳурриятни куч билан оласизларми ёки шариат биланми?” де(б сўра)ди. Полвонниёз ҳожи Юсупов хоннинг бу саволига жавобан: “Тақсир, ҳурриятни шариат билан оламиз”, деди.

Хон «Ёш хиваликлар» вакилларига қараб: “Сизлар ҳам шариат йўлини биласизларми?!” деди.

Исфандиёрхоннинг бу сўзлари Повонниёз ҳожи ва Назир Шоликаровни ғазаблантириб юборди. Назир Шоликоров ўрнидан сакраб туриб Исфандиёрга баланд овоз билан:

“Бизлар шариатни яхши биламиз, лекин сизлар уни яхши билмайсиз. Ёш қизларни зўравонлик йўли билан ота-онасидан тортиб олиб, номусига тегиш, уни бошқа бир одамга хотинликка бериш қайси бир шариатда бор?!

Ёки қизларнинг номусига тегиб, уларни уриб ўлдириш, баданига қайноқ сув қуйиш, бегуноҳ халқнинг мол-мулкини талаш, қаршилик кўрсатганларни зиндонга ташлаш, қийнаб ўлдириш қайси шариатда бор?! Агар зарур бўлса, биз сизнинг даҳшатли қилмишларингизни далиллар билан исботлаб берурмиз”, деди.

Исфандиёрхон ўша куни «Ёш хиваликлар» билан учрашув чоғида уларнинг кескин ҳаракатга мойил эканини сезиб, бундай деган:

“Менинг ота-боболарим шариат йўли билан ишлаб келганлар. Мен ҳам шариат йўлидан чиқмайман. Агар бу ишлар келажакка мувофиқ бўлса, ҳуррият бердим”.

Шу сўзлардан кейин у «Ёш хиваликлар»нинг 7 моддадан иборат манифестига имзо чеккан, қозикалон ва унинг ёрдамчиси бу имзонинг қонуний эканини ўз муҳрлари билан тасдиқлайди.

Манифестнинг биринчи моддасида бундай сўзлар ёзилган эди: “Тарихи ҳижрий минг уч юз ўттиз бешинчи жумодул аввалнинг 25-куни эрдиким, милодий йилнинг 1917 йил апрель ойининг 5-куни, мен, Хива хони Саййид Исфандиёр Баҳодирхон, тубанда ёзилган ўзимнинг хоҳишимни эълон қиламан.

Аввало, менинг содиқ фуқароларимга “Идораи машрутия” бердим, токи улар ўзларини хоҳлаганларича мамлакатни шариатга мувофиқ идора қилсинлар. Чунончи, ўзлари хоҳлаганча фуқароларнинг маслаҳати билан сайлов қилиб, ҳукумат ишларига ўзлари хоҳлаган одил одамларни тайин қилсинлар”.

Мазкур манифестга кўра, Хива хонлигида шу кундан бошлаб конституцион монархия тузуми қарор топган эди.

Исфандиёрхон гарчанд хонлик тахтини ўз қўлида сақлаб қолган бўлса-да, вужудга келган янги сиёсий-ижтимоий вазият билан муросаи мадора қилишни истамади.

У сайлов йўли билан ташкил топган депутатлар мажлиси раиси Бобоохун Салимов ва бошқа «Ёш хиваликлар»га қарши фитна уюштирди ва Нозирлар кенгаши раиси Жуманиёз Матмуродов бошчилигида «Ёш хиваликлар»нинг 14 вакилини қамоққа олди.

Қамоққа олинган жадидларнинг бир қисми қочишга муваффақ бўлди, қолганлари эса отиб ташланди.

Бобоохун Салимовни қўлга тушира олмаган Исфандиёрхон унинг синглиси Уллижонбийини тутиб олиб, қийнаб ўлдирди.

Сиëсат тугаган эди шу жойда. Сиëсатнинг давомини уруш деб билган Эшшихон эса Исфандиëрнинг олдига кириб уни ханжар билан сўйиб ташлади.

Бу воқеа тарихга «Эшши ўлдирди», деган калимани киритди.

Ёпиқ лабиринт ҳалқаси

Сиëсат тугаган жойда уруш бошланади, деган эди Биринчи жаҳон уруши арафасида немис генерали Клаузевиц.

Наҳотки сиëсатнинг тугаши ғалаëнлар ва исëнлар бошланишига, диктатор калласининг кесилишига сабаб бўлса?

Бир ëпиқ лабиринт ҳалқаси – дунë,

Айланиб чопасан унда бефойда…

Бу шеърни Ўзбекистоннинг биринчи президентининг порахўрлик, рэкет ва жиноий синдикат қуришда айбланиб, жазо ўтаëтган маҳбуса қизи Гулнора Каримова 2007 йил ëзганини айтган эди.

Талантсиз раҳбарият янгилик қила олмай, эскиликларни такрорлаш билан банд. Ëшлар форуми ўтказилди. Гулнора форумининг такрори. Ëшлар йили дейилди. Ҳолбуки, 2008 йили ëшлар йили бўлувди.

Халқлар дўстлиги, дейилди. Ҳолбуки, бу собиқ совет давридаги сақич. Сут бермаган сигир қисир дейилади. Туғмайдиган хотин бепушт¸ туғдиролмайдиган эркакка тумсо дейилади.

Бошқарувни эплай олмайдиган¸ янги ғоялардан мосуво раҳбарларни нима деб аташ керак? Сигири қисир бўлса сўйиб¸ бепушт хотинни энасиникига қайтарадиган халқ нега буларни боқиб ўтирибди?

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
2 январ 2017
Ижтимоий тармоқда қорқиз кийимини кийган эркакни ҳақоратлаб сўкиб, калтаклангани акс этган видео пайдо бўлди. Шу бугун фейсбукга қўйилган, қўл ...
7 август 2018
Тушишим билан «Нимага имиллайсан ҳайвон, курортга келдингми!?» деб елкамга, белимга беш-олти марта резина тўқмоқ билан аямасдан уришади, «дело» бўйича ...
17 декабр 2015
Экспертларга кўра уларнинг асосини этник ўзбеклар, Ўзбекистон фуқаролари, аксарият Фарғона водийси, жумладан Ўш шаҳридан келганлар ташкил этади. Турли маълумотларга ...
5 июн 2020
Оҳ ëз, қандай соз! Мана, ўлмаган қул сиз билан яна бир ëзнинг бошида гаплашиб турибмиз. Ëзни яхши кўраман. Шу ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...