Асосий мавзулар
7 май 2021

РТдан ваъз: Мустақиллик душманлари Ўзбекистонда пайтаваларини ювмоқда

Зиҳи давроний, Фархунда нишоний.

Замон ўлди – Ўрусия замони.

Фурқат

Ҳорманг, Рамазон ойида рўзаларни тутиб, қалблари иймон нурига тўлаётган ака-укалар, опа-сингиллар. Мана, муқаддас ойнинг охирги ўн куни ҳам ўрталаб қолди. Қилган ибодатингиз, хайру саховатингиз қабул бўлсин, азизларим!

Ўзбекистонда рўзаи рамазон ифори ўтган ҳафта ўзгача бўлди. Бир ёнда хайру эҳсону таровиҳ намозлари, иккинчи ёнда Тошкент қоқ марказида ёвузлик тимсоли бўлган империя – СССРнинг қизил байроғи ҳилпиради. 

Танишинг, майдонга тўпланганлар Ўзбекистондаги бешинчи колонна. Уларни пропагандон ёки ватник ҳам деб аташади. “Бешинчи колонна” атамаси, Кремль ҳайрони бўлган ўзбек ватниклари, Ўзбекистонда тобора куч олаётган Россия шарпасига ҳалироқ тўхталаман.

Ваъзимни одатдагидай қисқа хабарлардан бошласам.

Қисқа хабарлар 

Бирлашган Араб Амирликларида алкоголли ичимлик ичиш ва никоҳсиз бирга яшашга рухсат берилди. Илгари мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида алкогол билан ушланган ёки алкоголли ичимликларни лицензиясиз сотадиган ҳар бир киши жавобгарликка тортилиши мумкин эди.  Бу амирликнинг мусулмонларга рамазон туҳфаси бўлди. Фақат 21 ëшга тўлганлар бу имтиëздан фойдаланади. Жинсий ҳаëтни эса 14 ëшдан бошлашга изн бўлди.

Ўқитувчи ва ўқувчисевар миллат

Қашқадарёнинг Касби туманида прокуратура мактаб муаллими ўқувчисининг қариндошлари тарафидан калтаклангани воқеасини ўрганяпти.

26 апрель куни Касбидаги 50-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Лобар Эргашева ўқувчисига дакки бергани учун ўқувчининг қариндошлари томонидан калтакланган.

Ўқитувчи ҳомиладор экан. Лекин боласи тушгани йўқ.

Ўқитувчиям болага икки шапалоқ тортган экан, жанжал шундан чиққан, дейди мактаб директори. Ўқитувчисевар ва ўқувчисевар миллатмиз!

Keлинсевар миллат

Сурхондарёда эса қайнака уй-жой талашиб, келинни калтаклади.

Келин судга ариза юборди. Ҳолат юзасидан суриштирув бошланди. Келинсевар миллатмиз, машаллоҳ!

Oфарин, Иззат Мирзаев!

Бухорода яшовчи 51 ёшли аёл «оғир оилавий шароит» туфайли қурилиши тугалланмаган уйнинг 8-қаватидан сакрамоқчи бўлди.

Бухоро шаҳри ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори Иззат Мирзаев ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўрди.

Айни пайтда аёлга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда.

Бўларкан-у, миршаб акалар! Офарин, Иззат Мирзаев! Бобожоновга ҳам тасанно!!!

Ўзбек қадр-қиммати

Томск миграция хизмати ходимлари Ўзбекистон фуқаросини калтаклашди. У, шунчаки, нима учун ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатиши кераклигини сўраганди, холос.

Ўзбек йигити аввалроқ паспортини миграция ходимларига кўрсатган эди.

Бизникилар Катюшани айтиб, Фарҳод бозорида рақсга тушаверишсин, аммо ҳеч нарса ўзгармайди. Биз ўрислар учун «чурка» бўлиб қолаверамиз.

5-колонна

1 май куни Тошкент марказидаги Халқлар дўстлиги майдонида россиялик “Хор Турецкого” ва “Soprano” гуруҳларининг «Ғалаба қўшиқлари» концерти ўтказилди.

“Россотрудничество”ва Ўзбекистон Маданият вазирлиги  уюштирган концерт чоғида СССР байроғи кўтарилди.

Концерт Россиянинг қатор расмий идоралари, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати қўллови билан бўлиб ўтди. 

Тадбирга келганларнинг аксари бешинчи колонна вакиллари эди.

Аввалига бешинчи колоннанинг нималигини тушунтирсам.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида турли мамлакатларда фашистларнинг агенти бўлганларни “бешинчи колонна” деб номлашган. Бешинчи колонначилар немис қўшинларининг ушбу мамлакатларни эгаллаб олишига ёрдам берганлар.

Бугунги кунда бешинчи колонна атамаси ўзининг классик маъносини бирмунча йўқотган. Ҳозирга келиб СССРни соғинган, Ўзбекистон мустақилигини СССР каби тузилмага алмаштиришга тайёр турни, Путинсевар ватникларни ҳам бешинчи колонна, деб аташ мумкин.

Шу ўринда таҳлилчи Анвар Назир фикрларига қулоқ тутсак:

«Россия элчихонаси бизда алоҳида имтиёзларга эга, масалан, ҳар қандай фармонга тупуриш каби имтиёз. Ўзбекистон давлати эса ушбу имтиёзни сўнгги уч йил ичида Россия элчихонасига берган. Ва энг кўзга ташланадигани, бизнинг давлат, расмий Путиннинг давлат мафкурасини ҳам кенг тарғибот қилишга мана шунақа имтиёзларни яратиб бермоқда. Қисқаси 9 май яқинлашмоқда, ғалабабесия-победабесия деган касал қўзғаб келмоқда. Ҳар йилги май ойида юз берадиган жинлар базми. Фақат борган сари бунақа тадбирлар улканлашиб бормоқда ва маҳаллий расмий мафкура ҳам шунақа советпарастликни ичига олмоқда. Шуниси энг катта хавф».

Анвар Назир айтганидек, рус босқинчи пропагандонлари келганда ўзбек қонунлари ишламай қолади.

КЎНГИЛ

Кўнгил, сен мунчалар нега

Кишанлар бирла дўстлашдинг?

На фарёдинг, на додинг бор,

Нечун сен мунча сустлашдинг?

Ҳақорат дилни оғритмас,

Тубанлик мангу кетмасми?

Кишанлар парчаланмасми,

Қиличлар энди синмасми?

Тириксан, ўлмагансан,

Сен-да одам, сен-да инсонсан;

Кишан кийма, бўйин эгма,

Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..

Рауф Парфи мухаммаси

Kремлнинг KiSkaSshey”и Тошкентда

Тошкент марказида СССР байроғи кўтарилган кундан икки кун ўтиб, пойтахтга россиялик телебошловчи Дмитрий Киселёв келди.

Киселёв Россия телеканалларининг бош тарғиботчиси сифатида танилган.

Киселёв 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни Тошкентда Россия ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган медиафорумда иштирок этиш ва ўзбек ахборот-таҳлил дастурларининг бошловчилари учун маҳорат дарслари ўтиш учун келди.

Дмитрий Киселёвнинг Тошкентга келганига эътибор қаратган блогер Отабек Бакиров уни «Геббельсдан ҳам ўтадиган пропагандачи”, деб атади.

Киселёв Россия тарғибот машинасининг тўрт ғилдирагидан бири.

Кремлга қарашли путинпараст ва фашист тарғиботининг энг илғор тўртлигини россияликлар қисқа қилиб “КиСкаСШей” деб айтишади.

Бу қисқартма мана шу тўртликка кирган тўртта журна-пропагандоннинг фамилияларидан олинган. Яъни “КиСкаСШей” қисқартмаси путинпараст журналистлар Дмитрий Киселёв, Ольга Скабеева, Владимир Соловьёв ва Артём Шейнин фамилияларининг илк ҳарфларидан ташкил топган сўздир.

Рус тилининг нозик жиҳатларидан хабари бор ўзбекларимиз билади, бу сўзнинг “КИСКА” қисми “писка”, “аёлларнинг жинсий аъзоси” маъносини, “КАСШЕЙ” қисми эса “ўлмас Касшей” – “энг ёвуз куч” маъноларини англатади.

Нега россияликлар бу тўртликни бунчалик ёмон маъно берадиган қисқартма билан номлашган?

Чунки бу тўртликнинг ҳар бир аъзоси мазлум рус халқининг қулоғига лағмон илавериб, оқни қора, қорани оқ қилиб, золим Путинни одил президент қилиб кўрсатавериб, кўпчиликнинг нафратига учраб бўлишган.

Бу гуруҳнинг асосий мақсади рус халқида Россияга қўшни мамлакатларда яшайдиган барча халқларга нафрат ва агрессия уйғотишдир.

Дмитрий Киселёв, Ольга Скабеева, Владимир Соловьёв ва Артём Шейнин деган пропагандонлар, айниқса, Украина ва украиналикларга қарши тажовузкорликни тарбиялашга қаттиқ бел боғлаганлар.

Улар Россиянинг ички муаммоларини ёритишни четда қолдириб, Украинадаги камчиликларни бўрттириш билан овворалар. “КиСкаСШей” гуруҳи демократик Ғарб давлатларига қарши ҳам худди шундай тарғибот юритади.

Машҳур, ҳақоратомуз ва ўзбеклар ëд олиб нақорат ўрнига айтадиган “Гейропа” сўзи ҳам айнан мана шу тўртликнинг ижодидир.

Лекин эрталабдан кечгача Европа ва Ғарбни ёмонлаганлари билан бу жирканч кимсаларнинг Европада виллалари, яхталари ва ҳаттоки бизнеслари мавжуд.

Масалан, Владимир Соловьёвнинг Италияда вилласи ва ресторанлари бор.

Меҳнат таътилига чиқишса, бу муттаҳамлар ўзлари мақтайдиган Россиянинг Ялтаси, Сочиси ёки Геленжикига эмас, Мальдив ороллари, Испания, Португалия ва Италияга бориб дам олишади.

Мана шу  мараз  гуруҳнинг етакчиси Дмитрий Киселёв бир неча маротаба “Қозоғистон Россияга СССР пайтида берилган ерларни қайтариб бериши керак”, деб қозоқ миллатининг давлатчилиги бўлмаганлиги ҳақида Кремль ёзиб берган матнларни овоза қилган эди.

Бундан ташқари, у Марказий Осиё ҳам ҳамиша Россяининг қарамоғидаги ерлар эканини баралла айтиб келади.

Мана шу ирқчи, шовинист, босқинчи пропагандоннинг Ўзбекистон ҳукумати томонидан 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунида Тошкентга олиб келиниши ва сайраттирилиши бугунги ўзбек ҳукуматининг рус босқинчилиги тарғиботига ҳам, босқинига ҳам асло қарши эмаслигидан, аксинча, жуда ҳурсандлигидан нишонадир.

Ўтган йили мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг ўз видеочиқишларидан бирида айтган гапи рост: «Афтидан, Ўзбекистон раҳбарияти аллақачон Ўзбекистонни Вовка оғасига пуллаб бўлган».

Киселёвнинг Тошкентга бемалол келиб, ястаниб нутқ ирод қилганига қараганда, муҳтарам президентнинг Ўзбекистонни Россиянинг бир губерняси деб эълон қилишига озгина вақт қолган.

Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб, концерт томоша тадбирларини ёпиқ масканларда ўтказиш тақиқланган. 

Аммо бу тақиқ 3 май куни Тошкентдаги Ёш ижодкорлар саройига тўпланган юзлаб қатнашчиларнинг Киселёв каби Кремль пропагандони билан учрашувига таъсир қилмади. Бир ҳафта бурун президент Мирзиёев «бундан буëн қонун ҳамма учун устувор бўлади», деганди. Хуллас, зўрники тегирмон юритади.

Бу кетишда путинпараст бояги тўртлик эмас, Ўзбекистон деган давлат “КИСКА-ПИСКА”га айланади.

Эртакларнинг энг ёвуз қаҳрамони эса “ўлмас КАСШЕЙ” эмас, Ўзбекистон ҳукумати бўлади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида мустақиллик душманлари мамлакатда бемалол пайтаваларини ювмоқда.

На исён, на тўлқин, на тўфон, на ўт.

Кўзимда оғир бир таслим нури бор.

Эй ўтли кечмишим, юзингни беркит,

Сенда шайтонларнинг ҳақсиз зўри бор.

Чўлпон

Сенатор пулин сочар, келин эса кетини очар

Шу кунларда актриса Саида Саидбекова ижтимоий тармоқлар қаҳрамонига айланди.

Бунга унинг телевидение мухбирига айтгвн бор-йўғи бир оғиз гапи сабаб бўлди.

Ашнақа, адажони сенатор! Хўжайиним оддий давлат ишида ишлайди, бўлим бошлиғи. Келинга иккита мошина олиб берганлар: Malibu ва Trailblazer.

Артист келинига «Малибу» ва «Трейлблейзер» «аберган» сахий сенаторнинг исми Толибжон Мадумаров.

Таги «анжанлик.»

Олдин Андижон университети ректори бўлиб, «бункер»лар самарасини кўрарди.

Ҳозир сенатор бўлиб коррупцияга қарши курашяпти.

Аммо ковидга қарши курашган врачга ковид юққани каби корупцияга қарши курашадирғон сенаторга ҳам коррупция юқибди (юқсин юқсин).

Бонусига непотизм.

Артист келин аберган ўғлини «дўлат ишига» бошлиқ қиб»жайлаган».

Яшавор, сенатор.

Кийдириб-кийдириб таша анжанчасига бу лохларни.

Яшасин Ўзбекистонни фаровон қилган ўзбек сенаторлари.

Сенаторлар боис ўзбек келинлари иккитадан мошинли бўлди.

Толиб ака, мен сизга айтсам, сариқ товуқ сомон сочар, ўз кўтини ўзи очар.

Коррупцияга қарши курашадирғон сенатўр акамни, бир анжанлик ўлароқ, ич-ичимдан тушунаман.

Толиб ака мактабда иккичи эмас эди. Аълочи эди.

Институтда ҳам Лелин истипендияси олиб ўқиди.

Биолўгия фанини чандон иштиëқ бирлан севди.

Ўзбекчилик деган тўсиқ бўлмаганда Толиб ака биолўгия соҳасида Нўбел оған Азиз Санжарни ҳам қувиб ўтарди.

Аммо рўзғор – ғор. Ғор бўғандаям тубсиз ғор.

Ашинга биолўгия фанидан олған дастлабки билимлардан шоти ясаб пул топадиғон ерга жайлашилди.

Бутун республика ВУЗларида бор порахўрлик Анжанда йўқ дейдиган одам мантиққа шак келтириб, хотини талоқ бўлади.

Курсига эгри ўтирсак ҳам гапди тўғрисини айтайлик чачамай.

Аммо Анжан тор. Бўлибам резинкадан эмас.

Ашинга Тошкентга кўчилди. Анжанлик этаж уйда яшаса диққатўлади.

Эшик керак. Эшикни нархига шоти қўйибам етолмайсиз. Йигит моли йўлда.

Ана, эшигам тикланди. Ўғлини ишгаям жайлади. Аммо мусибат дегани сенатўр экан бу, деб аяб ўтирмас экан.

Толиб ака чандон севган қизидан айрилди.

Ҳеч ким парзант доғини кўрмасин. Ашинга келинини қизи ўрнида кўриб сийлади. Емай едирди. Киймай кийдирди.

Кўчадан бир кап майиз топсаям абкириб келинига берди.

Нимаўпти икки мошин. Темир инсондан азиз бўпқолдими?

Меҳрди нархи қанча? А, лаббай? Кошки қўлидан келса, Дубай ва Испанияда ҳам эшик аберса.

Қанча сенатўрнинг Испания билан Дубайда эшиги бор.

Қани имкон бўса, келинга яхта, яъни худди эшикдай ясатилган қайиқ аберса.

Келинни сийлабти-ку. Келинни хорлаган қайната қанча.

Келинам артистлик қилиб мақтангиси кепди. Бепарасат.

Кўрмаганди кўргани қурсин.

У товуқ мия келин билмайдики, бу дунëда ютганинг ҳам, чайнаганинг ҳам ўзингники эмас.

Пақир деган панада туриши керак.

Эҳ Толиб тоға, қандоқ алғов-далғов кунларга қолдик-а!

Ëшлигинизда Анжанга кўклам келганда варрак учириб, ланка тепканингизда бундоқ кўргилик бошинизга тушади деб ўйламагандингиз-а?

Майли, пешана экан. Диққатўманг, тоға. Рассом Туз ëздим.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Тағин ўқинг
24 ноябр 2020
«Ҳумо» номли учоқ ширкати ҳақида гап чиқиши билан эронлик дўстларим ўзбекларни плагиатда айблади. Эронда «Ҳумо» деган учоқ ширкати бор ...
3 декабр 2019
Рассом КирпиEltuz.com
19 май 2018
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида бошланғич синф ўқувчилари манглайига ручка билан «2» қўйган ўқитувчилар иши прокуратурага оширилди. Тошкент вилояти халқ ...
20 ноябр 2020
“Элтуз” га яқин ва бир-биридан мустақил манбаларининг шу ҳафтада етказган хабарларига кўра, ўтган ҳафтада Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Олий ...
Блоглар
25 май 2021
Ўзбекистонда яқинда ўтказилган сўровнома респондентларнинг 10 фоиздан кўпроғи оиладаги зўравонликка қарши эмаслигини кўрсатди. Бу мамлакатдаги гендер муносабатлардаги ташвишга соладиган ҳолатдир. Бу ҳақда Eurasianet нашри ёзди. 15 май куни БМТнинг ...
19 май 2021
Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарлар 9 май ...
18 май 2021
1914 йилнинг 18 майи дея тарих ëзилган бу сурат марказида турган Абдуллабекнинг эвараси, шу кунларда ...