Асосий мавзулар
10 сентябр 2021

РТдан ваъз: Санъатсиз ҳаëт ваҳшийликдир

Мана, ҳафта айланиб яна сиз билан ҳамсуҳбатман. Қизим сенга айтаман, келиним сен ҳам эшит, деган формат бор. Мен суҳбатни шу формат асосида қурсам. Демак, Афғонистонни эгаллаган террорчи ташкилот – «Толибон» ҳақида гапирамиз-у, аммо хулосани Ўзбекистон билан боғлаймиз. Кўраëтганингиз бу суратда «Толибон» томонидан вайрон қилинган мусиқа асбоблари акс этган.

Санъатсиз ҳаëт ваҳшийликдир, деган гапга мисол бўлган «Толибон» зомбилари Италияда ишлаб чиқарилган роялни синдириб ташлашди. Мен бунга ҳайрон бўлмадим. Чаëннинг иши заҳар солмоқ эканини биламан. Бундан 30 йилча олдин ҳозир катта Имомберди бўлиб кетган курсдошим уйланди. Бу курсдошимнинг ўша пайтда ғулуга кетган ошноларига Хива обидаларини томоша қилдирдим.

Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини зиëрат қилаëтганларни кўрган бу ошнолар менга қараб: “Бу мақбарани портлатиб, бузиб ташлаш керак”, дея таклиф киритди. Қолган ошнолар ҳам бу таклифни маъқуллади. Улар фугас бомба билан Хива ëдгорликларини вайрон қилиш ниятида собит эди.

Ҳали толиблар Бомиëнни, ИШИД эса Ҳалабдаги ëдгорликларни бузмаган бир давр эди. Ҳикоянинг яхши тарафи шуки, диний ғулуга кетган бу ошнолар ўз орзусини амалга ошира олмади. Олдин биттаси қамалиб, қолганларини сотиб берди. Кейин тўда-тўда, ўрда-ўрда бўлиб қамалиб Жаслиқни обод қилишди. 

Айтмоқчи бўлганим шуки, ҳали «Толибон» йўқ пайтида ҳам Ўзбекистонда «Толибон» форматидаги зомбилар бўлган. Мухолифатчилар айтганидек, диний мутаассиблик ва экстремизм ўйлаб топилган хатар эмас эди. Буни мана бугун кўриб турибмиз. 

Телевизорни гурзи билан синдирадиган, роялни вайрон қилиб, ноғоранинг терисини тешиб ҳузур оладиганлар тўдаси бўлган «Толибон»ни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манқурт мулозимлар олқишлабди.

Олимларнинг айтишича, ҳатто денгиз карамида ҳам ақл унсурлари бўлади. Аммо ўзбек дипломатларида умуман ақлдан нишон ҳам йўқ.

Зотан, Афғонистон муваққат ҳукуматининг раҳбари мулла Ҳасан Охунд БМТнинг қора рўйхатига киритилган. Ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний АҚШ Федерал қидирув бюроси қидирувидаги шахс ҳисобланади.

Афғонистонда янги ҳукуматни тузган «Толибон» ҳаракати фаолияти кўп давлатларда тақиқланган ва террорчилик ташкилоти сифатида рўйхатга олинган.

Европада университет очган олим, профессор Холназар Омонов толиблар билан қандай муносабат қилиш кераклиги ҳақида энг мақбул тавсияни берди:

“Фақат битта йўлимиз мавжуд, чегарада 7 метрлик бетон деворлар қуриш ва толиблар билан бутун алоқаларни «0»га тенглаштириб, огоҳ бўлиб яшаш керак”.

Бирор тилни яхши билмаслик

Бу давлат, бу улус омилар эмас, балки олимлар гапига қулоқ солсагина оти ўзади. Бўлмаса эшакнинг орқа оëғи бўлиб қолаверади. Олимлар ўз тили билан биргаликда яна бир тилни мукаммал билади ва фикрини равон ифода қилади.

Яқинда Тошкентда уй қурадиган, ота-онаси ўзбек бизнесмен билан гаплашдим. Йигитнинг ëши 28 да. «Ока, ман ўзбекчани яхши билмайман, русча гапира қолай», деди. Майли, дедим. Қарасам, русчани ҳам билмайди. Род ва падежларни бузиб “э” билан “и” ни адаштириб гапиряпти. Тўхтатдим. Балки буни бой ота-онаси инглиз тилига ўргатгандир, деган андишада мулоқотни инглиз тилига ўтказмоқчи бўлдим. Йўқ. Инглиз тилини ҳам билмайди бу круттой бирад.

 Яна ўзбекчага қайттув: «Ока, узр, ўрис мактабда ўқиганманд-е». 

Тил – бу ўзаро муомала воситаси. Ҳозирги технология замонида битта тилни мукаммал билсангиз, роботлар бошқа тилга таржима қилади. Аммо бирор тилни яхши билмаслик – бу Ўзбекистон реаллиги. Тошкент ҳокими Жоха бират фақат кўча тилида равон гапиради. Шунга ҳам шукур.

Эртак эшитадиган эркаклар

Доимо ваъз эшитиб юрадиган дўстлар ваъз ичида эртак бўлишини олқишлашади. Улар назарида эртаклар яхшиликка етаклайди. Энг кўп эртакни қадимий шаҳарлардаги гид-экскурсоводлар билади. 

Хивага Ота дарвозадан кираверишда бир жозибали мовий минорага кўзингиз тушади. Эл орасида Калта минор дейилган бу минора қурилиши 1855 йилда Муҳаммад Аминхон ўлганидан кейин тўхтатилган.

Илк режага кўра 110 метр бўлиши керак бўлган бу минора 29 метр кўтарилгандан кейин бошқа қурилмади. Ярим минора, ярим орзу, ярим ният тимсоли каби турибди Калта минор.

Бундан анча йил  олдин минора ҳақида мен бир неча расмлар чизиш асносида унинг тарихини ўрганган эдим. Бу тарих афсона ва мистика билан тўла эди.

Ўрганганим биринчи ҳикоянинг номини «Бостирилган исëн ҳайкали», деб қўйсак.

Бостирилган исëн ҳайкали

Тарих китобларидан ўрганишимча, хон Муҳаммад Аминнинг элга зулм қилгани, юрт мудофаасини ўйламагани ва мулозимларнинг давлат хазинасини ошкора ўғирлагани ва ўз куëвларини ëғли лавозимларга жойлаштиргани боис мамлакатда хонга қарши қўзғолон кўтарилган.

Қўзғолончилар бошлиғининг исми Матëқуб бўлган.

Хон Матëқубни ушлаб олиб, янги қурилаëтган миноранинг пойдеворига тириклай кўмдирган.

30  йил олдин Хивадаги Тўқтўқбова деган қайроқчи айтиб берган афсонага кўра, пойдевор тагида Матëқуб ҳали ҳам ўлмасдан оҳ чекиб ëтибди.

Тўқтўқбова эринмасдан мен билан бориб, минора пойдеворига қулоғини тутди ва «эшит, воҳай-воҳай, деган сас чиқиб турибди», деди.

Мен ҳам қулоғимни кошинга қўйиб, эшитиб, қанақадир инграш овозини ҳис қилдим.

Балким Тўқтўқбова мени гипноз қилгандир, билмадим, аммо 15 метр чуқурликдаги пойдевор ичидаги исëнчи ҳали ҳам ўлмаганига ўшанда ишонган эдим.

Иккинчи афсонани эса «Устақуш» деб атайлик.

Устақуш

Бу афсонанинг турли версияларини Хивада менга бир-биридан фарқли ўндан ортиқ киши ҳикоя қилиб берган.

Ҳикояга кўра, Хива хонининг 110 метрли минора қурганини эшитган Бухоро амири уста билан келишиб, Бухорода ундан ҳам баланд минора қуриш ваъдасини олган. Бу келишувдан хабардор бўлган Муҳаммад Амин минора битган куни устанинг калласини олишга қарор қилган.

Бу гап устанинг қулоғига етган (хоннинг хотинларидан бири чуғуллаган дейишади). Хуллас, уста ўлимдан қутулиш учун қанот ясаб учиб кетган.

У қанот қоғоз елим ва қамишдан ясаган дейишади. Афсонага кўра, минора тепасида бўлган уста ғиштларни қоғозга ўраб узатишларини илтимос қилган ва бу қоғозлардан улкан қанот ясаб, учиб кетган.

Афсоналарда устанинг 40 кун оч қолиб, ўз вазнини камайтиргани ҳам айтилади. Бу қанот рассом Леонардо да Винчи ясаган қанотга ўхшагани тахмин қилинади. Агар шундай бўлса, бу уста Ўзбекистондаги илк авиатордир.

Тахминларга кўра, уста Хивадан сал узоқдаги Дурвадик қишлоғига бориб тушган. Дурвадик қишлоғидаги чоллар менга уста тушган жойни кўрсатишди. «Устақўнди» деб аталадиган бу тепаликни Ўзбекистондаги илк аэропорт десак ҳам бўлади.

Булар мен эшитган гаплар. Нотариус тасдиқлаган ҳужжат, фото, видео ëки бошқа ҳужжатларга эга эмасман бу борада. Энди бу нари борса бир эртак, бир миш-миш… Аммо билганимиз шуки, Хивадаги энг узун ва энг гўзал минора бўлиши керак бўлган Калта минор қурилиши хон Муҳаммад Амин ўлган 1855 йилда тақа-тақ тўхтатилди. Бор гап шу. Бу гапларни нега бугун эслаганим сабабини ҳам айтсам.

Вайрон қилинган тасвирий санъат

Шу кунларда буюк рассом оғамиз Баҳодир Жалол чизган “Кашмир қўшиғи” панноси вайрон қилингани ҳақида хабар олдим.

Маданият вазирлиги Қашқадарё вилояти театри таъмирига 17 миллиард сўм ажратган, шунинг 9 миллиарди сарфланган. Аслида эса бу пулнинг ярми ўмарилган, таъмирлаш ишлари ҳали охирига етмаган. Таъмирлаш жараёнида театр биносидаги санъат асари реставрация қилиниши ўрнига унга зарар етказилган. 

Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолнинг Шароф Рашидов достони мотивлари асосида ишланган «Кашмир қўшиғи» фрескаси вайрон қилинган.

Қарши шаҳридаги Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номидаги вилоят мусиқали ва драма театрини таъмирлаш жараёнида ушбу санъат асарини етарлича асраш чоралари кўрилмагани оқибатида асарга зарар етган.

Бундан олдин Қўқондаги театр деворига Баҳодир Жалол ишлаган фрескадаги қизларга «Толибон» шуурли мулозимлар паранжи кийдириб чиққан эди. 

Марҳум президент Каримов тарафидан олдин юксакликка кўтарилиб, кейин ерпарчин қилинган рассомлардан бири Баҳодир Жалолдир.

Мустақилликкача Тошкентдаги Ленин музейи айвонида қўлини осмонга чўзиб турган Лениннинг 6 метрли оқ мармар ҳайкали турар эди. Н.Томский яратган ҳайкал. Ҳайкал фонида эса Марказий Осиëда инқилоб ғалабаси акс этган рангин мозаика панноси ўрнатилган эди Рассомлар В.Замков, В. Ионина.

Мустақилликдан кейин музей айвонидан Ленин ҳайкали бадарға бўлди. Мозаика йўқ қилиниб, унинг ўрнига рассом Баҳодир Жалол фреска ишлади.

Фреска марказида от минган Амир Темур тимсолида ҳокимият пирамидасини акс эттирди. Пирамида тепасида эса очиқ турган Усмон Қуръони акс этган. Қуръондан чиқаëтган нур фонида эса Каримовнинг БМТ минбарида ваъз айтаëтгани акс этган.

Бу расм Ислом Каримов буйруғига биноан музей деворидан ўчириб ташланган эди. 

Каримовнинг Баҳодир Жалолдан совугани Оқсаройдаги думалоқ хона деворига чизиладиган расм билан боғлиқ ҳолатда аниқ акс этди.

Бу девор учун чизилган эскизнинг ортиқча мураккаблиги Самарқанддаги етимхонада улғайган Каримовнинг жайдари тафаккурида зўриқиш уйғотди. “Нима бу ҳеч ким тушунмайдиган ажи-бужи?” деди Каримов.

Бу расм Оқсаройга безак бўлиши керак эди, аммо Каримовга ëқмади.

“Мана, қишлоқда одамлар уй тўрига тоғ манзарасини чизиб қўйишади. Оддий ва содда”, деб ўз эстетик дидини тиқиштиради рассомлар етакчисига Ислом Каримов.

Ана шундан кейин Каримов тортмадан бир оқ-қора фото чиқариб кўрсатади. Макс Пенсон 1949 йил суратга олган Фарғона манзараси эди бу.

“Мана бу расмни чизиш керак. Қаранглар, қанақа яхши! “дейди Каримов. Ана шундан кейин бу фотосуратга ранг берилиб, Беларусдаги гилам фабрикасида Гобелен қилиб тўқиттиришди.

Кейин эса Баҳодир Жалолнинг «Туркистон» саройига чизган фрескаси ва «Баҳор» ансамбли айвонидаги деворий расми ўчириб ташланди.

Эҳ, саройлар, саройлар,

ҳеч кимга вафо қилмаган.

Оқ ва кўк саройлар…

Саройларда тиз чўккан

Тилсиз малайлар…

Эрталаб «молоокооо» деган сас уйқумни бузди. Туриб кўча айландим. Йўл бўйида қовун уюми ëнида ухлаб ëтган сотувчини уйғотиб, битта сапча қовун олдим. Қовун есанг саҳар е, саҳар емасанг заҳар е. Мен чойни иссиқ ичишни, қовунни эса муздай ейишни севаман. Олган қовуним иссиққина эди. Кесиб, тухумини ажратиб, музхонага соп қўйдим. Эсимдан чиқиб қолмаса бўлди. Ҳозир эса девонга ëнбошлаб қавҳа ҳўплаяпман. 

Дарвоқе, бугунги жума ваъзи толибонсифат биомассанинг санъатга душманлиги ҳақида.  Ҳар холда рассомман, ўз соҳамни ҳимоя қиламан. Қочирманглар. Ғоят пурмаъно. Ваъз нима ўзи? Бу ақл ўргатиш эмас, балки йўл кўрсатишдир. 

Ëшлигимда Оëқдўрмон деган жойда яшагандим. Шовот канали бўйида. Ҳали понтон кўприк қурилмаган пайт. Каналга ташқаридан қарасанг, бир хил мавж уриб ëтибди. Аммо қумлоқдан кечиб ўтиш мумкин бўлган жойи бор. У жойни дойим менга кўрсатган эди. Мен эса сувнинг нариги бетига ўтмоқчи бўлганлар олдига тушиб йўл кўрсатардим. Агар салгина янглишсанг, оëғинг чуқурга ўйилиб оқиб кетиш ҳеч гап эмас.

Мен улардан бир қадам олдинда юриб, сувдан бехатар кечишни таъминлар эдим. Бехатар қирғоқдан қирғоққа ўтганларни кўриб ички қониқиш ҳис қилар эдим. Ваъз айтиб бўлгач ҳам шу туйғуни қайта яшайман. Озгина билганимни бошқалар билан ўртоқлашиш севинчи бу. 

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
19 январ 2016
«Девона фаришта», «Қўрғошин» ва «Жодугар» фильмларида ўйнаб танилган артист Отабек Мусаев «Ўзбеккино» Миллий агентлиги раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда ...
23 март 2018
Президент Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи олдидан йўл чеккаларига ўрнатилган иссиқхоналар расмлари ва видеотасвирлари ижтимоий тармоқда тарқалди. Хўжакўрсинга қурилган иссиқхоналарнинг ичи ...
4 сентябр 2019
Менинг узоқ йиллар аввал ёзган бир шеърим бор эди. Унда Шарқнинг шоири гул бутоғига боғлаб қўйилган девга қиёсланарди. Бу ...
7 феврал 2020
Мана, яна ҳафта айланиб, сиз билан юзма-юз кўришиб турганимдан мамнунман. Жадвалга риоя қилиш ва интизом яхши нарса.  Бир катта ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...