Асосий мавзулар
30 сентябр 2021

Раҳбар кўнгилхушлиги учун ўтказилаëтган кинофестиваль

Тошкентда иш бошлаган халқаро кинофестивалнинг бош қаҳрамони рус поп ашулачиси Киркоров бўлди. Ташкилотчилар эса фестивалга 37 давлатдан 400га яқин киночи ташриф буюрганини айтмоқда.

Санаб кўрмадик, аммо фестивалнинг бош меҳмони АҚШда жиноий жавобгарликдан қочиб Россия ватандошлигини олган актёр Стивен Сигал экани аëн.

Ўзбек кинофестивалига таклиф қилинган меҳмонлар унинг тадбирлари аксарият рус тилида ўтказилаётганидан таажжубларини изҳор қилишди.

«Икки кундан буён нуфузли актёрлар билан учрашувлар бўляпти. Исроилликлар билан инглизча, турклар билан ҳам, инглизлар билан ҳам, ҳатто ватандошимиз (АҚШда истиқомат қилувчи) таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан ҳам мулоқотлар русча бўлди.

Майли, биз рус тилини ҳам яхши биламиз. Тушунамиз. Аммо қачонгача тушунамиз?! Энг қизиғи, қардош халқ турк актёрларига Рашид Маликов бошловчилик (модераторлик) қилди. У русча сўзлади, турклар туркча гапирди… Зўр-а?!» дея киноя қилди бу ҳолатни журналист Дилобар Аслиддин қизи.

Анжуман ташкилотчиларидан бири Фирдавс Абдухолиқов. Фото: Podrobno.uz

Анжуман расман совет даврида Ўзбекистон ССРда ўтказилган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинофестивалининг давоми сифатида тақдим қилинмоқда. 1950-1988 йилларда ўтказилган бу кинофестивалнинг қайта тиклангани коммунистик зеҳниятдаги раҳбарларнинг нафталинли ностальгик орзусининг ижоби ўлароқ кўринади.

«Элтуз» муассисларидан бири рассом Тузнинг фикрича, сайлов арафасида бундай тадбирга миллионлар сарфланиши ўринсиз:

“Мен бу фестивалнинг кераги йўқ деб айтаман. Нега? Чунки бу Тошкент фестивали деб аталса ҳам СССР тадбири ва совуқ уруш маҳсулоти эди. 1946 йили СССР ва Ғарб блоклари вужудга келди. Иқтисодий ва мафкурий қарама-қаршилик бошланди.

Бу 1980 йилгача давом этди. Дунë икки лагерга бўлинди. Ғарб ва социалистик лагер. Аммо шу икки лагер ўртасида аросатда қолган давлатлар бор эди. Қолоқ, оч, юпун ва диктаторчалар бошқарган бу давлатлар Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари дейиларди.

Улар олган кинолар стандарти А русумдаги Ғарб фестиваллари даражасига тортмасди. Иккинчидан, Куба ва Вьетнамдаги коммунистча ташвиқот усулидаги кинони кино деб ҳам бўлмасди. Хуллас, дунëнинг олтидан бирини эгаллаган СССР катта оға бўлиб, бу микродавлатлар учун кинофестиваль қилиб берди. СССР тугади ва бу фестиваль ҳам тугади. СССР билан киндиги бир эди унинг.

Энди ҳатто денгиз чегараси бўлмаган, Россияга қарам ва қарз давлат Ўзбекистон «катта акалик» қила олмайди. Ўзига эн бўлмаган бировга енг бўладими? Бу худди Варшава шартномасини тиклаш каби хом хаëл. Менинг жаҳлим чиққани шуки, давлат раҳбарида жиддийлик йўқ.

Нима, қачон, қаерда, нима учун, деган нарсадан бехабар. Ҳатто Гулнора буни тушуниб, янги форматдаги “Олтин гепард” кинофестивали қилишга уриниб кўрди, аммо ўхшамади. Ўхшаши учун киноакадемия бўлиши керак. Маданият ва иқтисодий қудрат керак. Аҳоли зомбилашиб, мулозимлар кинолардаги ўпиш саҳнасини қайчилайдиган урод режимга фестиваль иссиқлик қилади.

Бир пайтлар Эроннинг зомби аҳолиси кинотеатрга ўт қўйганди. Ҳозир «хазон.ўз»лар хазон қилган зомбиланд аҳолиси ҳам кинотеатрларга ўт қўйишга гугурт изламоқда. Худди янги йил арчаларни ëқиб юборган каби”.

"Ҳатто турк актёрлари иштирокидаги анжуманлар ҳам рус тилида олиб борилди"

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомовнинг таъкидича, Тошкент фестивали ўз бошқарувини ялтироқ қилиб кўрсатиш илинжида бўлган раҳбариятнинг руҳий бесаранжомлиги, холос:

«Совет Ўзбекистони давридаги кинофестиваль билан таққослаш ҳозирги замон фойдасига эмас. Ўтган фестивалларда форум ташкилотчиларининг мафкуравий қуюшқони боис, асосий эътибор учинчи дунё прогрессив киноси фильмлари дастурига қаратилди.

Тошкентга ҳар икки қитъадан ҳам кўплаб яхши фильмлар олиб келинган. Ҳозирги фестиваль эса бир-бирига мос келмайдиган иккита томоннинг бирлашмасидан иборат бўтқа ва бачканалик апофеозига айланди. Мазмун жиҳатидан «аля-совет носталжик» ва шакл ва услуб нуқтаи назаридан Канн (Франция) фестивалининг ташқи башанглик томонига тақлид. Энг кулгилиси эса фильм фестивали доирасида Тошкетда Ҳолливуд шон-шараф хиёбонидан нусха кўчирилгани бўлди.

Шу билан бирга, кинога умуман алоқаси бўлмаган кино актёри, сценарий муаллифи ёки режиссёр эмас, поп қўғирчоқ Филипп Киркоров матбуот ва жамоатчилик диққат марказига айланди. Унинг рангли кўриниши ва айни пайтда «севувчи ўзбек киноси» туфайли таниб олиш осон (ахир, Тошкент – нон шаҳри).

Кўриниб турибдики, кинофестивалнинг кўринишига ўзбек киноси бошлиғи ва медиамагнат Абдухолиқов, яқинда бошқа “аслзода башанглар” гуруҳи аъзоси Гулнора (ҳозир қамоқда жазо ўтаëтган Гулнора Каримова) таъсир кўрсатди.

Шундай қилиб, бу фестиваль узлуксиз пиар спектаклга айланди, унда фильмлар дастури, улар олиб бораётган ғоялар ўнинчи планга сурилади. Буларнинг барчаси, албатта, кулгили кўринади”.

Осиë, Африка ва Лотин Америкаси киночилари иштирокидаги Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан бошлаб 1988 йилгача ўтказиб келинган. “Тинчлик, ижтимоий тараққиëт ва халқлар озодлиги учун” деган шиор остида ўтган кинофестиваль 100 га яқин мамлакатдан келган киночилар анжумани сифатида шуҳрат қозонган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 март 2024
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз, улар Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд вилоятларидан келган. Хатлар оқими айни ...
21 сентябр 2018
“Интеграл Инвест” ширкати раҳбари, 18 ой ҳибсда қолган йирик тадбиркор 51 ёшли Жаҳонгир Умаров кассация шикоятидан сўнг 15 сентябрда ...
5 июн 2017
«Ўзбекконцерт» бирлашмасида президент девонидан келган вакил иштирокида ўтказилган шошилинч йиғилишда ижтимоий тармоқда пайдо бўлган “Султонимиз омон бўлсин!” қўшиғи кескин ...
6 июн 2022
Бош прокуратура томонидан тиббиёт ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...