Асосий мавзулар
4 октябр 2021

Гувоҳлар қотилликда гумон қилинаётган қашқадарёликларнинг айбсизлигини айтишмоқда

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судида 4 октябрь куни уч шахс – Миришкор тумани Чандир қишлоғида яшовчи Жонқул Наврўзов, унинг ўғли Алимардон Алламуродов ва жияни Панжи Наврўзов устидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Судланувчиларга қарши Жиноят кодексининг 97-моддасида кўрсатилган “қасддан одам ўлдириш” айблови илгари сурилмоқда. Улар шу қишлоқда яшовчи қариндошлари 62 ёшли Асқар Ҳазратов ва хотини Ўғилхон Айматовани ўлдирганликда гумон қилиниб, жорий йилнинг 8 майида ҳибсга олинган эди. Қотиллик бир йил бурун, 2020 йилнинг 4 октябрида содир бўлган.

«Элтуз»нинг судда иштирок этаётган манбасига кўра, дастлабки суд мажлиси суриштирувларида даъвогар ва айбланувчилар, кейин эса жабрланувчи томон гувоҳларининг иддаолари тингланган.

Асосий даъвогар, марҳумнинг кичик ўғли Иброҳим Пайғамбарқулов ота-онасини ўлдирганликда куёви Панжи Наврўзовни айбламоқда.

Пайғамбарқуловнинг 4 октябрь куни гувоҳлик берган хотини Шалола Жўраева қотиллик содир бўлган куни юзига рўмол ўраган Панжи Наврўзов унинг икки яшар ўғлини ерга босиб ураётганини кўргани, кейин эса уни ҳам уриб ҳушидан кетказганини иддао қилган.

Айбланувчи томоннинг яқинлари ва гувоҳлар эса бу иддаоларни инкор қилишмоқда. Суд танаффус эълон қилган пайтда «Элтуз» бир қанча гувоҳлар билан телефонда боғланишга муваффақ бўлди.

“Марҳумнинг келини иддаолари нотўғри. Чунки шу куни менинг қайним (Панжи Наврўзов) буғдой ўримида, қайнотам (Жонқул Наврўзов) эса қўшнимизникида меҳмонда бўлишган. Эрим (Алимардон Алламуродов) умуман қишлоқда бўлмаган, машинасини олиб келгани Денов шаҳрига кетган эди”, деди Муножот Эгамова «Элтуз»га.

Эгамова, шунингдек, эри, қайнотаси ва қайноғасига нисбатан бўйнига айб қўйиш учун қийноқлар қўлланганини иддао қилмоқда. Унинг «Элтуз»га билдиришича, қайноғаси аввалига қийноқларга дош бера олмай қилмаган жиноятига иқрор бўлган. 

Шундан сўнг Муножат Эгамова ва унинг яқинлари халқаро ташкилотларга видеомурожаат йўллаб, бу ноҳақликларга барҳам бериш ва Туркманистондан бошпана олишга ёрдам сўрашга мажбур бўлган эди. Эгамованинг эри ва яқинларига тергов пайтида қийноқлар қўлланилганининг расмий тасдиғи йўқ.

«Элтуз» суҳбатлашган, шу куни асосий гумонланувчи билан бирга бўлганини айтаётган фермер Замон Ҳакимов воқеа юзасидан ўзининг кичик бир суриштирувини ўтказганини айтади.

“Мен учун Панжи яқин дўстим ё бир қариндошим эмас, шунчаки қўл остимда 6-7 йил ишлаган меҳнаткаш бола. Ноҳақлик бўлаётгани учун ўз ихтиёрим билан гувоҳлик бергани даладаги ишларимни ташлаб судга келиб ўтирибман”, дейди Ҳакимов «Элтуз»га.

Ҳакимовнинг сўзларига кўра, шу куни у кечки 5 яримгача асосий гумондор Панжи билан бирга бўлган, у билан ғалла ҳосилини топшириш учун шийпонга боришган.

Уйига қайтган Панжи хўроз сўйиб, овқат қилган, соат 6.30 ларда қайнотаси (шу куни ўлдирилган Асқар Ҳазратов) билан ўн минутча телефонда гаплашган.

Кейин кечқурун 7.30 ларда овқат пишган. Уни соат 8 ларгача ейишган хотини билан. Кейин қолганини тугиб, қўшниси Баҳодир деган йигитникига унинг касал ўғлини кўришга боришган. Соат 10 ларгача улар ўша қўшниларнинг уйида бўлишган.

Буни судга Панжининг гувоҳлик бериш учун беш кундан бери судга қатнаётган қўшниси Баҳодирнинг ўзи ҳам тасдиқламоқда.

Ҳакимовнинг айтишича, Панжининг ва унинг яқинлари айбсизлигини тасдиқловчи ўнлаб гувоҳлар бор, лекин ўтган ҳафта бошланган суд бу гувоҳларнинг далилларини ҳануз тингламаяпти.

Унинг фикрларини қашқадарёлик маҳаллий ҳуқуқ фаоли, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти вакили Шукурулло Парпиев ҳам қисман тасдиқлади.

“Бугунги суд мажлисининг яна бир ноҳақлиги журналистлардан суд ҳукми чиққунига қадар унинг тафсилотларини оммавий ахборот воситалари орқали ёритмаслик талаби бўлди. Шундан сўнг маҳкама ишини кузатаётган “Эффект.ўз” журналистлари зални тарк этишди”, деди «Элтуз» билан суҳбатлашган ҳуқуқ фаоли Шукрулло Парпиев.

4 октябрь куни эрталаб бошланган суд кечки 6.00 гача давом этди. «Элтуз» Чандир қишлоғида содир бўлган қотиллик суриштирувига оид суд жараёнини кузатишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 октябр 2018
Йирик миқдорда товламачилик ва коррупцияда айбланиб, жазо ўтаётгган 46 яшар Гулнора Каримова 2 октябрь куни хусусий учоқда Дубай шаҳрига ...
7 май 2020
Қадимги Рим ареналаридаги ҳаёт-мамот жангларини эслайсиз-а? Ўқигандирсиз, киносини кўргандирсиз… Тепада ҳайқираётган, тўлқинланаётган томошабинларни-чи? Ҳозир ҳаёт саҳнасида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ...
10 декабр 2022
Дунë уруш асоратларидан қаддини энди тиклаëтган 1948 йилнинг 10 декабрь куни Парижда жаҳоннинг кўплаб давлатларидан йиғилган дипломатлар Инсон ҳуқуқлари ...
10 май 2021
Олмалиқ шаҳрида солиқчилар ёймачилик ортидан тирикчилик ўтказаётган аёлларни судра-судра қилгани ортидан кўтарилган шов-шувдан сўнг воқеа иштирокчилари Давлат солиқ қўмитасининг ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...