Асосий мавзулар
29 октябр 2021

РТдан ваъз: Осмондан тушган малаклар

Кичикроқ даврада авж пичир-пичир:  

“Воҳ, бечора”, дея учар овозлар  

– “Айтганини қилмас ҳокиму вазир,  

Ҳануз атрофида эски шоввозлар.  

Шунча чирангани кетмиш бесамар,  

Ютуқ-зафарлари кам эмас гарчи…  

Лек кунда тарқалур ўн хунук хабар  

– Мисқоллаб йиғилган обрў чил-парчин!”  

Бир ёнда халқ юпун…  

Билсам, саройда  

Қўлма-қўл ўтаркан пул дасталари.  

“Бас қил, эй!” буйруғи бермаскан фойда:  

“Ўзингиз-чи?” дермиш гумашталари. 

(Aъзам Обидов)

Салом, менинг дўстларим ва ғанимларим. Мана, Шавкат Мирзиёев президентлигининг иккинчи муддати ҳам бошланди. Натижаси барчага олдиндан аён бўлган сайлов ҳам поёнига етди. Бу гал Шавкат Миромонович, расмийларга кўра, 80 фоиздан сал кўпроқ овоз тўплади. Ўтган галги сайловга солиштирганда бу кўрсаткич 9 фоизга кам дегани. Демак, унинг тарафдорлари 9 фоиз камайибди.  

Ўтган гал ютубга қўйилган ваъзим тагида президентни мақтовчи минглаб изоҳлар қолдирилибди.  

Бу комментлар савияси ва имло хатоларига кўра, президентни саводсиз, тавия ва бадбахтлар севар экан, деган хулоса чиқди.  

Лекин ҳозирда мазмунан эски, аммо шаклан янги тенденция кўзга тобора ярқ этиб ташланмоқдаки, бу ҳақда муфассалроқ тўхталаман. 

Аввалига қисқа хабарлардан бошласам: 

Қисқа хабарлар

18 октябрда М.К. исмли талаба қиз Зулфия номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида деканнинг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Б.Ю.нинг олдига боради. Декан талабага арслондай ташланади, шунда эшик тақиллаб қолади, иштонига «кака» қилиб қўйган декан ўринбосари қизни деразадан итариб юборади. Қиз шифохонада, деканнинг ўрибосари қамоқда.

+++ 

Сўнгги 10 кун ичида Самарқанд вилоятида ис газидан заҳарланиш бўйича 4 та ҳолат қайд этилди. Натижада 8 киши ўлди ва бир киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилди. Ис газидан заҳарланиб ўлганларнинг 5 нафари ёш бола. Ўзбек расмийларига кўра, ўлим ҳолатлари табиий газ тармоғига уланган қўлбола печларнинг мўриси тозаланмагани оқибатида юз берган.

+++  

Андижонлик физика домласи одамлар из газидан ўлмасин дея арзон печка ихтиро қилибди.  

Домлани пропан газ баллони билан ишлайдиган, уйни иситишга мўлжалланган маиший печь ихтиро қилгани билан табриклаймиз. Печ ҳам иқтисодий жиҳатдан самарали, ҳам хавфсиз экан. Тезак-пезак керак эмас! Бу патентни Илон Маск патентлари қаторига қўшиб қўйиш керак! 

+++

Тошкандни азимда бир аёлнинг 3 минг долларлик тилло тақинчоқларини алдаб, шилиб олган 30 ёшли опа ушланди. Ўзини фолбин деб таништирган Ю. фарзандлари билан сайр қилиб юрган О. исмли аёлга яқин орада унинг яқинларидан бири оғир касал бўлиб, ҳатто ҳаётдан кўз юмиши мумкинлигини айтади. Қўрқиб кетган аёл балою қазолардан омон қолиш учун бор-будини ечиб бериб юборган. “Фолбин” опа эса «шессекунд»да ҳамма жинларни қувиб юборишини айтиб, тиллани ҳамёнига уриб сурворган. Ўзига келган О. тиним билмас милисага ариза ёзиб берган. 

 Фолбин қамоқда, тилла эгасида. 

Деворнинг тили бўлганида

Қисқа хабарларга олганим – декан ўринбосари тегажоғлик қилиб деразадан итариб юборган қизнинг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот берилди. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси М. К. жорий йилнинг 18 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Тезкор текширувлар натижасида унга кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилган. 

Олий таълим муассасаларида талаба қизларга нисбатан харассмент (шилқимлик) – жиддий муаммо. Педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа бунинг яққол далилидир. 

Низомий институти бундай ҳодисаларга бой. Бу ҳақда ўзим яхши билганим бир ҳодисага тўхталсам:   

Тарих 1983 йил. Тошкент. Низомий номидаги педагогика институти бадиий графика факультети биноси (парк тарафдаги бино). Дарс ва машғулотлар тугаган пайт. Пластик анатомия ва ҳайкалтарошлик ўқитувчиси, ҳурматли ҳайкалтарош устоз Абдимўмин ака Бойматов одатига кўра ижодий хаëл суриб, факультет йўлаги бўйлаб юрмоқда. Шу пайт бу устоз домланинг қулоғига кафедра мудири хонасидан чиғаëтган ғалати овозлар эшитилади. Устоз шарт эшикни очса, кафедра мудири шу факультетда ўқийдиган Махфират деган қизнинг оёғини антенна қилиб тарақлатмоқда. Талаба зачёт баҳо учун домланинг кўнглини олишга мажбур бўлган ,дейишади ровийлар (яна билмадим). Одатда мармар тош чопадиган ҳайкалтарошлар жисмонан ўта кучли бўлади. Абдимўмин ака ҳам шундай. Хуллас, Абдимўмин устоз кафедра мудирини бўйнидан ушлаб талаба қизнинг устидан суғуриб олиб ерга улоқтиради. Қизни эса ташқарига чиқарворади. Кейин совуққон бир тарзда кафедра эшигига стул тиқиб, ичкаридан қулфлаб, кафедра мудирини ярим соатча дўппослайди (бир соат калтаклади, дейишади билгичлар). Кафедра мудири шундан кейин импотент бўлиб қолган, дейишади бу мудирнинг хотинига таянган ровийлар. 

Алқисса, пединститут дея аталмиш бу даргоҳ тарихан сексодром бўлган. Шу бадиий графиканинг андижонлик чизма геометрия ўқитувчиси 19 яшар қизнинг ота-онасига қизгинани ўқишга киритиб қўйиш ваъдасини беради. Бир нарса эвазига, албатта. Аммо ўша бир нарса камлик қилдими ëки оддий шаҳват хуружими, хуллас, бу «танка» қизнинг «таъмини тотиб» кўришга орзуманд бўлади. Ўша пайтда бу домланинг Оқтепа тарафда коттежи бўлгич эди. Икки қаватли вилла дейлик (Суриядаги институтда ишлаб келиб олган). Ўша коттежнинг ойнасини ювиб бериш учун бу «танка» домла абитуриент қизни таклиф қилади. Ўз хотин бола-чақасини эса Андижонга жўнатиб юборади. 

Ровийларнинг бу қизга таяниб айтишича, бу домла «танка» эмас, ëбир террорист экан. Қизни зўрлайди. Аммо гапида туриб, қизни ўқишга киритиб ҳам қўяди. Номуси топталган қиз бу домладан умрбод нафратлангани ҳақида бир-биридан мустақил ровийлар гапирган….

Низомий деб аталмиш бу даргоҳ муаллимлари не-не ўзбек қизларини қандоқ зўрлаганини бино деворларининг тили бўлса айтиб берарди. Айниқса, мусиқа ва бошланғич таълим факулътети, филология, физика ва дефектология факультетларидаги қизлар баҳо олиш учун нима қилганини ëзсам, порно-рўмон бўлади.

Дарвоқе, сен қизларнинг эркин севги муносабатларига қарши эмасман. Шам уларники. Бемалол ëқаверишсин. Аммо бу қизларга «нима қиласан қийналиб ўқиб¸ яхшиси, битта домлани ўзингга ҳомий қилиб олиб, беш йил бериб юрсанг, қизил диплом оласан. Охирида тиктириб ҳам берамиз», дея руҳий босим қилган домлалар зиммасида ҳам масъулият бор. Кўзини сузаëтган ғунажин ва ипини узмоқчи бўлган ҳўкиз ҳақидаги сийқа мақолни чиқиндига ташлаб юборинг. Чао помпиду курва кокаин. 

Сайлов номли театр

Театрушунос бўлмаганим учун «сайлов» ҳақида жим туришлик мажбурияти елкамга юкланди. Билмаган нарсам ҳақинда гапириб кулгига қолсам, эл-улус, бола-бақра ва хотун-халаж юзиға қандоқ қарайман.

«Сайлов» деб аталган театр иштирокчилари 21 миллион экан. Уларнинг ақлан заиф ва жисмонан мажруҳ экани борасида мутлақ яхши гумонда бўлмоқ жоиз. Шу боис, бу телба, овсар, тавия ва иркитларни ҳажв қилиш ва устидан кулиш энг оз инсоф юзасиндан ҳам қаралса, тўғри бўлмайди.

Калга кал, кўрга кўр, чўлоққа чўлоқ дейиш занжирга боғлаб гаврон билан урсанг ҳам тиржаядиган ақлсизга жинни дейиш факт констатацияси бўлса ҳам ҳақорат саналур. Сиз айтасиз, бу халқ учун ҳақоратнинг бир англами йўқ? Улар учун ҳақорат ҳар турлик муомаланинг кўникилган бир тури, деб ўйлайсиз.

Йўқ, ундоқ эрмас. Улар жохҳл ва билгисиз бўлса, сиз ва биз ҳам улар савиясига туша олмаймиз. Ойдин бўлиш зиммати ҳам шунда. Хўш, унда бизнинг зиммамизда нима қолди? Бағоят тўғри савол. Модомики, жиннига ақл, калга соч, чўлоққа оëқ ато қила олмасак, бу 21 миллион ташқарисидаги 15 миллион ëш бўғинга насиҳат айтиб, ирфон йўлини кўрсатмак вазифаси бизга тушар.

Чўпчак ва ривоят эмас, балким дунëвий илм-фан нури бирлан жаҳолатнинг битлаган кўрпасини ëқмоқ вазифаси бу. 21 миллион тавиядан кўра, ўша 15 миллион ëш бўғиннинг модерн, дунëвий ҳамда миллатни англаган бўлиши ўта муҳимдир. 

Бурбон ва юртбоши даври ўхшашликлари

Президент сайловида ютган жорий раҳбарга лаганбардорлик, бошқача қилиб айтганда, ялақилик мотивлари шу кунларда ўзининг чўққисига яқинлашмоқда. 

Шу маънода Ўзбекистон худди Людо́вик XIV де Бурбо́н тахтга минаётган даврга менгзайди.  

72 йил подшолик қилган бу шахс давридагичалик лаганбардорлик ҳеч қайси даврда бўлмаган, уни ҳатто «Қирол Қуёш» дея аташган. 

Людовик XIV га ваъзим охирида ҳали яна қайтаман.  

Лекин айтмоқчи бўлганим шу. 

Янги юртбошига бағишланган илк шеърни эса бундан 4 йил олдин Людовик даври анъаналарига хос cубординацияни сақлаган ҳолда, марҳум президентнинг яқин аъёнларидан саналган сенатор-шоир Иқбол Мирзо бошлаб берган эди:  

Отанинг ғоялари қоялардек мангулик, 

Шери мардга муносиб арслон панжа издош бор. 

Сарой шоирлиги вакансиясини кўзлаб, янги-янги маддоҳлар сони ортаркан, улар орасида илгариги авторитар ҳукмдор ўркачини еганлар мақтовлари ҳам эшитилади. 

Икки ойки кўнглим менинг хотиржам 

Кўзларим ТВ да ахтарар сени 

Хаëлим тўлғаниб, ҳиссим бўлар жам,

Муваққат шавкатим, мангу шавкатим. 

Бу бир бахтиëрлик сўнгги кўринмас,

Ўзбеклар дунëсин йўли бўлинмас.

Хориждаги фаоллар ҳам сени дер 

Муваққат шавкатим, мангу шавкатим. 

+++

У боис қуëш чиқар — у боис тўлади ой… 

– дея давом этади моддоҳлар мушоираси…. 

26 oктябрда осмондаги НУЖларга миниб олган малаклар ерга тушибди. Шиғирчи Заҳро Шамсия исмли ночор бундай ёзибди: 

Бугун фаришталар ерга тушган кун, 

Подшоҳлик тахтига минди мард ўғлон.  

Келажак нурафшон бўлмоғи учун  

Жонини фидолар айлади чунон. 

Темурбек наслидан жисму жонимиз,  

Бизда ҳасад йўқдир, бизда йўқ нафрат.  

Самарқанд пойида дуолар қилиб,  

Исломи тургандек тилаб бахт,омад.  

Халқим деб ардоқлар, юртим деб суяр.  

Элнинг боласини болам дер тинмай, 

Ана шундай одил, шундай жонкуяр,  

Бугунга етолди букилмай, синмай.  

Энди орзуларнинг қаноти учқур,  

Энди эзгуликка юрамиз фақат.  

Туғилажак ўғил фарзандлар учун,  

Исми ҳам тайёрдир – Мирзиё, Шавкат!  

Чалинди ҳар уйда бахтнинг навоси, 

Кўнгилларда баҳор уйғонди гўё,  

Оҳ, нақадар софдир шараф ҳавоси,  

Сизни ёмон кўздан асрасин Худо!!!  

Яна юз йилларга тузамиз режа,  

Яна миллионлаб туғилар ўзбек.  

Одил подшоҳ! Юксак бўлсин натижа!  

Миллат ўз уйида яшайди бекдек!  

Тополмайин қолдим таърифчун сўзлар,  

Сўз нимаям бўлар, ишонч тоғ бўлсин,  

Бахтдан ёниб турсин қоп-қора кўзлар, 

Илоҳим ҳар уйда буғдойлар тўлсин.  

Карнай-сурнай тинмас, дуо – яхшилик!  

Шавкатли юртида бек бўлсин ўзбек!!!  

(2021 йил26 октябрь, Заҳро Шамсия) 

Тарих такаррури

Айнан Людовик XIV ҳокимиятидан кейин Бурбонлар сулоласи тарихдан ўрин олди.  

Маддоҳу ялоқилар ҳам ўз ўзидан йўқолди.  

Инқилоблару жанглар ортидан Франция абсолют монархиядан бутунлай қутулди.  

Тарих такаррурлардан иборат.   

Умид қиламанки, Ўзбекистон ҳукумати ҳам тарихдан сабоқ олади.  

Айтар гапим шу!   

Чин шоирлар бари отилган,  

Қолганлари бари сотилган.  

Мард сўзим шу – ҳаммаси қўрқоқ!  

Ўзим кимман? Сўраманг бироқ.  

Мен исмимни айтмасман зинҳор,  

Замон нозик, бола-чақам бор.  

(Эркин Воҳидов) 

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
13 сентябр 2018
«Навбатим яқинлашган сари тобора кучайиб бораётган ваҳима бутун вужудимни қоплаб олди. Ўнг оёғим товони зирқираб оғрий бошлади…». Муҳаммад Бекжон ...
27 январ 2020
Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров миллий иқтисодиётда хуфёна иқтисодиёт ҳажми, турли ҳисоб-китобларга кўра, 45 фоизни ташкил этишини билдирди.      “Аслида ...
22 апрел 2022
“Smart Houses” МЧЖ томонидан Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қурилаётган уй-жойларнинг улушдорлари мазкур биноларда қурилиш ишлари якунига етказилмаётгани, кўплар фирибгарлик ...
18 феврал 2020
«2017 йил январ ойида, яъни менинг озодликка чиқиб кетишимга саноқли кунлар қолганида, биз охирги марта учрашиб суҳбатлашдик. Бизнинг бу ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...