Асосий мавзулар
21 январ 2022

РТдан ваъз: Назарбоев ўзимизнинг итвачча

Азизларим мана хафта айланиб яна сиз билан ҳамсуҳбатман. Суҳбати чор анда  мазза бор дейишади. Каналга обуна бўлган дўстлар сони 287 мингдан ошибди. Кўплар бу кўрсатувни телевизорига улаб оилавий кўришар экан. Обуна бўлмай кўраётганлар қанча. Демак тўртта одам билан эмас, балки юзминглар  билан ҳамсуҳбатман.

Балки кўча совуқ, балки уйингиз кўчадан ҳам совуқ. Томдан чакка ўтади. Труба ëрилган. Газ давленияси паст. Ундан ҳам ëмони умуман газнинг ўзи йўқ. Бу моддий етишмовчиликлар сизнинг хомо сапиэнс яъни тафаккурли одам бўлишингизга ҳалақит бермайди. Буюк олим ва рассом Леонардо Да Винчи парашут, танк, вертолет ва кўтарма кран ихтиро қилганида у яшаган шаҳарда  газ ҳам электр ҳам йўқ эди. Аммо бу Леонардонинг буюк бўлишига унчалик ҳалақит бермади. Ëмон раққосага юмуртоси ҳалақит беради дейишади, қаловини топган эса қорни ҳам ўтин, кўмир ўрнида ëқади. Ўнгишинг, бу қийин ҳаëтда ҳаққингизни талаб қилманг деб сизни гипноз қилмоқчи эмасман. Лекин бутун муваффақиятсизликларга қийинчиликни сабаб қилиб кўрсатиш ҳам инсофдан эмас.

Иқтисодий қийин ва очарчилик пайтда ўзбек киночиси Йўлдош Аъзамов Тохир ва Зухра деган фильмни ўша пайтдаги ҳолливуд стандартидан ҳам юксак қилиб суратга олган эди. Хозир шунча техника бўла туриб, плинтусдан паст кино олишганига фақат битта сабаб бор. У ҳам бўлса киночиларнинг туғма овсарлиги. Тафаккур қилмайдиган одамнинг эшшак ëки қўтосдан фарқи йўқ. Ақлсиз жохил фаровон европага  келса ҳам фақат ëмонлик қилишни ўйлайди. Мисоллар кўп бунга.

14 январ куни Брюссел метросида бир кимса поезд кутиб турган аëлни темир йўлга итариб юборди.  Агар машинист ўз вақтида тормоз босмаганида бу аëл мажақланиб ўлган бўларди. Тажовуз қилган эркак эса қочиб кетди. Уни қўлга олишди. Белгияга четдан келган мигрант экан. Яна ўша тошбақа ва чаëн ҳикояси. Ташбақа чаëнни сувдан ўтказмоқчи бўлади. Чаëн эса тошбақани чақмоқчи бўлади. Чунки  захар солмоқдир чаëнлар иши. Менга жамият ҳақидаги илк сабоқни кўчадаги светофор берган эди. Яшил чироқ ëнса эски тикода бўлсанг ҳам сен юрасан, энг крутой Бэнтли ҳам чоррахада сенга йўл бериб кутиб туради.  Бизнинг ҳаëлимиздаги эркинлик эса барча чироқлари ëниб турган светофор тимсолида тажассум. Узоқ киришдан сўнг қисқа хабарлар.

ХАБАРЛАР

Ўзбекистон президенти  17 январь куни “Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедовни қабул қилди”.

Сердар Бердимуҳамедов Туркманистонда “Aрқадағ” (“Суянч тоғи”) сифатида улуғланадиган авторитар президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўғлидир.

Тоғ тоғ билан учрашмайди, лекин одам одам билан учрашади. Протокол бўйича туркман президентининг ўғли билан ўзбек президентинг қизи учрашса янада мантиқли бўларди.

+++

Тошкент шаҳар суди  18 январь куни Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова муаллифлик ҳуқуқини бузганини тасдиқлади ва Мирзо Улуғбек туманлараро суди ўтган йилнинг 29 октябридаги қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Уч марта ҳаж қилиб хожи акбар мақомини олган Усмонова шеър ўғирлагани учун товон тўлашдан қочиб аппеляцияга берувди. Суд шоирнинг ҳақини берсин деб, қарор устига қарор чиқариб бермоқда. Ашулачини яхши билганлар барибир тўламайди дейишмоқда.

+++

Афғонистонда  Толибон маҳаллий мусиқачининг чолғу асбобларини ҳурсандчилик билан ёқиб юборди. Мусиқачи эса чолғу асбоблари ёнаётган чоғда кўз ёшларини тийиб туролмади.

+++

Мона Лизани ўчираëтган диний экстремист сурати Тошкент деворида пайдо бўлди. Ўзбек Бенкси ИНКУЗАРТдан шедевр. Яша рассом Абдураҳмон. Минг яша!

+++

15 январ куни америкалик учувчи Ҳолливуд осмонида Раян исмли расмни қолдирди ва унинг ёнида эркак жинсий аъзосини «чизиб қўйди». Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда парвозларни кузатиш бўйича Flighradar-24 лойиҳаси маълум қилди.

Одатда машғулотлар учун ишлатиладиган икки ўриндиқли Sessna 150 учувчиси Лонг Беачдан Лос-Анжелесга ва орқага деярли 4 соатлик йўлни босиб ўтди. Шу билан бирга, Голливуд ҳудуди устидан учиб ўтаётганда, учувчи маршрутни шундай қурганки, харитада ўрнатилганда парвоз йўли «RYAN» сўзини ҳосил қилади. Hолливуд тепаликлари устидаги осмонда эса учувчи эркак жинсий аъзосини шу тарзда чизди. Мошоллоҳ!!! Ўзи аслида рассом бўлиши керак эди бу учувчи. Аммо учоқ изи билан осмонда ҳам расм чизса бўлади. Ҳатто эркаклик асбоби расмини.

+++

Алдагани сигир яхши. Туркиялик фермер сигирларига виртуал реаллик кўзойнаклари тақиб, кўпроқ сут олишни йўлга қўйди. Сигирларга тақилган кўзойнак уларга ёздагидек яшил яйловларни кўрсатади. Натижада сигирларнинг кайфияти кўтарилиб, кунлик сут 22 литрдан 27 литрга кўпайган. Кўзойнаклар сигирлар кўра оладиган рангларга мослаштирилган.

+++

Туркия пойтахти Анқарада 30 яшар Ўзге Нур Текин деган хотин касал бўлганида муллага олиб боришди. Мулла бунга жин кирган, жинни қувалаб чиқариш керак деб «диагноз» қўйди. Мулла инструкциясига кўра, хотиннинг эри қўлига ўқлов олиб аëлини 100 марта урди. Ҳар ўқлов урганда дуо ўқиб турди. Бу кор қилмагандан кейин, мулла хижома қилиш керак, деб ўқлов еб ўзидан кетган хотин билагидан қон чиқарди. Яна кор қилмагач қўй сўйишди. Ҳамма «жин чиқ¸ жин чиқ» деб турди. Аммо хотин ўлган эди. Анқара прокуратураси бу коллектив жиноят иштирокчилари камида 18 йилгача қамалиши керак деган талабни қўйди.

+++

Назарбоев туғишганларидан 162 киши Қозоғистон бойлигининг 55 фоизига эгалик қилади. Эшитганингиз бу гап хабардир. Аниқ хужжатги хабар ва рақамларга асосланган хабар. Энди шу охирги ҳабар таҳлилига ўтсак. Котлет алоҳида, пашша алохида бўлгани каби таҳлил хабардан алоҳида бўлиши керак.

МАТЧОН СУҚУЛИШ

Таҳлилни Ўзбекистон сиëсий тадқиқотлар инстиутида ишламайдиган Матчон Суқулишдан эшитсак. Хўш Матчонбой бир суқулишинг қани. Ўзбекистон бойлиги нечи одам қўлида?

Матчон Суқулиш:  Ўзбекистонда унақа тушунчанинг ўзи йўқ. Нечта одам қўлида эмиш… Бизда ҳокимиятда ишлаганлар бизнес билан шуғулланиши мумкин эмас. Бизда қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик умуман йўқ, бўлмаганам бўлмайдиям. Ҳукуматдагиларнинг ҳаммаси халқ дардида куйиб, пишиб, ёниб хизмат қилади. Ўзбекистондаги бойликнинг ўймоғига ҳам тегишмайди. Катталарнинг болалари оддий вазифаларни эгаллашади: боғча тарбиячиси, бошланғич мактаб ўқитувчиси, спорт мураббийи, бонк клерки, кичик илмий ходим ва ҳоказо. Биттаси ҳаттоки кластерда мироблик қиларкан. Ойликлари ҳам оддий. Кунига нари борса 5600 сўмдан. Кўплари трамвайда ишга бориб келаркан. Биттасини кўрдим туфлисининг пошнаси йиртилиб кетибди. Янгисини олмайсанми, десам, Худо хоҳласа, ойлигимдан оз-оздан тўплаяпман, янаги йил баҳорига чиқиб, бош-оёқ сарпо оламан, деди. Юр, деб, тушликка гумма олиб бердим. Бечора, уч кундан буён туз тотмаган экан, ямламай ютворди. Бир ойдан буён гўшт емадим, дейди бояқиш. Йиғлаб юбордим аҳволини кўриб. Дадангни имкониятларидан фойдалансанг бўлмайдими, десам. Дадамни ўзлари мандан қарз сўраб юрадилар, деди. Хуллас, одамларнинг хусусий самолётларию ороллари борлиги ҳақидаги гапларга ишонманглар. Ўзбекистон Қозоғистон эмас. Бу юрт раҳбарлари халқ учун жонини шартта тикворган….

Рассом Туз: Энди Матчон Суқилиш ака бу гаплар сизнинг иддаонгиз. Балки вазирлар сизга ош едириб тилингизни мойлагандир. Мана публицист Александр Невзоров «Ҳукумат атиги 80 фоизини ўғирлаб, 20 фоизини халққа қолдирса, дунёнинг энг гуллаб-яшнаган давлатларидан бири бўларди.» деди шу гапга нима дейсиз?

Матчон Суқилиш: Гап Россия ҳақида боряпти. Бизнинг Ўзбекистонда бунинг том аски. Ҳукумат харажатлари 20 фоиздан ошмайди. Саксон фоизи халққа. Ҳукумат туну кун халқ ғами билан яшайди. Ҳукуматдагилар ойликка яшашади. Ишга пиёда ё нари борса жамоат автобусида боришади. Бош вазиримиз Абдулла Ниғматович велосипедда юрадилар. Раматов жаноблари эса Тошкентга Урганчжан поездда қатнайди йиллик чипта олиб. Вазирлар 20 йил навбатда туриб, кейин панел уйлардан икки хоналик уй соҳиби бўлишади. Таътилга Баҳмал ёки, жуда ошиб кетса, Чимён ёки Бурчимуллага боришади. Иш пайтида тушликни диетали ошхоналарда қилишади. Вазирларнинг кўпи овқатни уйдан олиб келишади. Кейин ишхонада микроволновкада иститиб ейишади. Ишга кийимини ипподромдаги уйғур бозордан харид қилишади. Бечора ўзбек мулозимлари кам овқат егани учун ориқлаб рахит бўлиб қолишган. Руслар келиб ўзбеклардан ўрнак олишсин.

Бу Матчон Суқулишдан таҳлил эди. Кўрсатув давом этади. Менам шу руҳда икки оғиз гапирсам.

Тараққиётнинг ўзбекона модели

Бош вазир Абдулла Арипов қўлига паялник олиб, синиб қолган ТВ пультини тузата олади. Унинг устози раҳматли Комил Эгамович Раҳимов бемалол магнитофонларни ремонт қилар ва фотопленка проявит қила оларди. Ҳаво йўлларининг илк раҳбари раҳматли Арслон Рўзметов икки қанотли «Ан» деган самолётда вираж ясаб, кўприк тагидан ўтказа олган. Арслон ака – Боинг бошқарган илк ўзбек пилоти. Узоқ йиллар қишлоқ хўжалик соҳасида раҳбар бўлган Исмоил Жўрабековнинг олмани нокка пайвандлаганини кўрганман. Чўнтагидан пакки чиқариб, бир усталик билан, худдди шу ишни умрбод қилгандек, кўчатни кўчатга «сопган» эди. Тошкент шаҳар ҳокими қўлига болға олиб аварияда абжағи чиққан машина кузовини тўғирлай олади ëки алюмин профилдан дераза ясай олади. Буниям ўзим кўрганман. Темир йўллар бошлиғи Очилбой Раматов эса – уста машинист. Ҳамма мактабни ўнинчи синфида ўқиб юрганида Очилбой оға тепловоз ҳайдаб, Урганчдан Чоржўйга қатнарди. Сурхондарë тоғларида темир йўл қурилиб битиб, очилиш маросими бўлганда, ўрис машинист тепловозни ҳайдамайман, деб, туриб олди. Чунки тепаликка чиқиш хавфли эди. Раматов шу пайтда машинистни тушириб юбориб тепловозни кўприкдан ўтказган эди. Бу амалдорлар, ҳеч бўлмаганда, ўз ишини билади. Буям – катта гап. Масалан, овози йўқ пистончи қўшиқчи, кино олишни билмайдиган палончиев киночи, икки жумлани тўғри ëзолмайдиган тип эса ўзини журналист, деб атайди. Касал даволай олмайдиган доктор, карра жадвалини билмайдиган математик ва ер тортилиш кучи ëки ОМ қонунини билмайдиган Олий таълим вазири билан қиëсласак, ўз ишини биладиган вазирлар борлигидан қувонишимиз жоиз.

Қозоқлар нимага эришди?

Кўпгина қозоқлар (ўзбеклар ҳам) савол беришади: – Бу норозиликлардан қозоқлар нимага эришди?

Том маънода бир ой олдин тармоқнинг қозоқ сегменти қозоқларда журъат йўқ дея уларнинг юзига тупураëтганлар, қарғаëтганлар видеоси билан тўла эди. Тармоқдаги «ақлли» блогерлар «қозоқлар қўрқоқ, қул, тузумни енгиб бўлмайди», деб ëзишди. Аммо, бир неча кунлик оммавий норозилик намойишлари уларнинг гапи нотўғрилигини кўрсатди ва қозоқлар жуда катта натижаларга эришди. Улардан энг муҳимлари:

Қозоқлар қўрқувни енгди, бирлаша олди ва оммавий норозилик намойишларига чиқди.

Ўшанда ҳокимият ўзларини қутқариш учун ўзларининг шантажчи жаллодлари, Ёввойи Арман ва бошқалар каби провокаторларини қирғин ва ўт қўйишлар уюштириш учун юборди. Бундан мақсад қўзғолончиларга террорчи деган тамға ëпиштириш эди. Аммо расмийлар 20 000 хорижий террорчи ҳақидаги иддаони тасдиқлай олмади. Битта уйғур ашлачисини кўрсатишмоқчи эди, ўхшамади. Хуллас улар террорчини ҳеч қачон кўрсатиша олмайди.

Энди объектив қараб кўрайлик. Чол кетди, аммо у расман ҳамон мамлакат бошқарувида қолмоқда, у фақат президентни тасвирлайдиган Токаевнинг орқасида турибди, лекин тез орада Назарбоев Путин томонидан бутунлай четга сурилади ва Қозоғистонни Токаевнинг қўллари билан бошқаради.

Бир неча кун давом этган норозилик намойишлари ва Назарбоев бошчилигидаги бутун нафратланган оила қўрқиб кетгани учун ахборот майдонидан ғойиб бўлди холос. Улар халқнинг ғазаби нима бўлиши мумкинлигини ўз кўзлари билан кўрдилар. Яқиндагина улар бизга қандай яшашни ўргатиб ақллилик қилишарди. Худди Ўзбекистондаги раҳбарлар каби. Хулоса шуки халқ кучдир. Халқ ҳамма ишни қила олади. Чўлпон айтган каби «салтанатни ағдаради»

Тобутдан товуш

Тақдири ҳақида кўп тахминлар бўлган Назарбоев шунча вақтдан сўнг биринчи марта омма олдига чиқди ва ҳатто видеомурожаат ҳам ёзиб қолдирди.

Элбошидан олинган суратга Брежневнинг овози қўйилгандек туюлади. Пенсионер ҳозир Қозоғистон сиёсатига таъсири йўқлигини тан олди. Чол кет, чол кет дейдиганларга ишора қилиб, сиёсатдан пенсияга кетганига уч йил бўлганини айтди.  Афтидан устоз шогирдидан маълум кафолатларни олганга ўхшайди: Мен ва оиламга тегмайсан, йиққан пулимизга кўз олайтирмайсан, ҳокимият таг томири билан сенга, деди шекилли чол.

Шундай қилиб, Назарбоевни нафислик билан тахтдан ағдарган Тўқаев тўлиқ ҳокимиятга эга бўлгани расман тасдиқланди.

Тармоқда эса Назарбоевнинг ағдарилган ҳайкалини мошина кетига боғлаб арча атрофида айлантирган қозоқлар видеоси машхур бўлди.

Ким нима десаям Назарбоевнинг ҳайкали Туркия пойтахти Анқарадан олиб ташланмайди. Назарбоев пойтахтни Олмаотадан Оқмўллога (Целинаград, Остона, Нуриксултан. балки тўқайобод) яъни мамлакат қоқ ўртасига кўчирди. Пировардида бу қадам Турк дунëси учун мухим эди ва мухимлигича қолаверади. Иккинчидан Назарбоев даврида миллионлаб қозоқ азаматлари Россия кўчаларини супуриш учун ўрда ўрда, пода пода бўлиб кетмади. Учинчидан Назарбоев сиëсий иродаси билан мамлакат кирилл ëзувидан воз кечиш қарорини олди. Тўртинчидан айнан Назарбоев даврида Мустафо Чўқай каби жадид оталар улуғланди. Биз воз кечиб лаънатлаган Боймирза Ҳайит доимо Қозоғистонда азиз меҳмон эди. Бу позитив жиҳатларни мен Ўзбекистонга қиëсан айтаяпман. Нураға итвачча эди аммо ўзимизнинг итвачча. «He may be a son of a bitch, but he’s our son of a bitch.»

Эртага мен ўлган бўламан…

Ўзбекистондаги ҳар бир мулозимнинг ичида битта шоир, ҳар бир шоирнинг ичида битта мулозим яшайди. Бу яхшими ëмонми, билмайман. Шавкат Раҳмонни нашриëтнинг инжиқ баъзилар назарида нохолис мулозими ўлароқ кўрганман. Бир муддат президентга советник бўлиб, саккиз тугмали катта размер костюм ичида тариқдай бўлиб ўтирган Мирзо Кенжабек ўзи ўқиган журналистика факультетини «иғво ини» дея, ëптирганига гувоҳ бўлганман. Советник бўлиши билан «Ислом подшо кўнглимдадир» дея шиғир битган Омон Матжон мени ҳайратга солган. Экзюперининг «Кичик шаҳзода» китобини ўгириб, шууримга позитив таъсир қилган¸ «Ë жамшид» каби теран ҳикоялар ëзган ëзувчи Ҳайриддин Султон¸ Маяковский мукофоти олганидан мамнун Усмон Азим ва ҳоказо. Мансабда пайтида ҳам сарказмни йўқотмаган битта ëзувчини биламан. У Мурод Муҳаммад Дўст. Хуллас, бировни синамоқчи бўлсанг, унга амал бериб кўр дейишади. Бу шаир ва ëзғувчилар амал синовидан ўтдими ë ўтмадими менга қизиғиям йўқ. Мен улар ëзган асарларни ўқишда давом этаваераман. Бир вақтлар «Салим Ашур, сенга амал ярашур» дея мулозим дўстимга ҳазил қилгандим. Мана бу шеърни Салим Ашур ëзган.

Сиз эртага келасиз,

Ҳозир

Хабарини етказди симлар.

Бу хатарнок йўлда карвонни

ютган вабо —

оҳангдор қумлар. Сиз эртага келасиз —

Салимга ҳам гулоблар қуйди.

Кўзингиздан ўпдим.

Лабларим

Юлдузларга теккандай куйди.

Лабингизда — бешикда жаҳон,

Жаҳонларни суйдим мастона.

Сиз эртага келасиз,

Бугун

Янги ранглар кияр остона.

Сиз эртага келасиз

«1»дай, Одамларга номаълум сирдай.

Кўрасиз —

Севгимни илиб қўйибман –

Якшанбада ювиб

ёйилган кирдай.

Сиз эртага келасиз,

Ҳозир

Юрагимни қўйдим ўртага.

Агар тузлар ютиб олсалар,

Тополмайсиз мени эртага.

Сиз эртага келасиз, қочиб

Таъқиб этган фаранги куйдан.

Сиз келасиз шошиб, аммо мен

Чиқиб кетган бўламан уйдан.

Сиз эртага келасиз…

Боққа

Либосларни хазондай ташлаб.

Бугун менинг чўллик қишлоққа

Кетгим келар

кўзимни ёшлаб.

Сиз эртага келасиз,

Бироқ

Бугун тушиб қолдим мен асир.

Бу дунёда нима бўлсаям,

Менга ҳозир керакдир,

ҳозир.

Сиз эртага келасиз,

Бугун

Ой нурига лим-лим тўламан.

Сиз эртага келасиз,

Аммо

Эртага мен ўлган бўламан…

Ассалом Ўзбекистон, Жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
4 июн 2018
Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг ишдан олиниши унга алоқадор кимсаларни кемадан қочишга уринаётган каламушларга айлантирган кўринади. Қудратли солиқчининг катта-катта ...
27 август 2018
Кўзимни очсам, БМТ анжуманида ўтирибман. Олдимда Ўзбекистон байроғи. Бўйнимга осилган бейджикни айлантириб қарасам Ўзбекистон вакили эмишман. Аммо ўтмиш билан ...
17 март 2016
Хусусан, “Ўзбекистон овози” газетаси азалдан қишлоқ ва маҳаллаларда шаклланган ҳашар эндиликда мамлакат миқёсига чиққани, бўлиб ўтган ҳашарда 18 миллиондан ...
2 октябр 2019
Замонамиз турк ёзувчилари орасида Ўрхон Помуқ каби дунёда ном қозонган ўткир қалам соҳиби Алиф Шафақ китобхонлар орасида анча машҳур. ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...