Асосий мавзулар
29 апрел 2022

РТдан ваъз: Айиқчани ўлдирадиган икки оëқлилар

Азизлар яна сизлар билан ҳамсуҳбатман. Попук қизлар яшайдиган Попдан тортиб, бой бизнесменлар пулини трактор прицепида ташийдиган Мухомонгача, Энамяхши қишлоғидан Қиличбойгача ястанган мамлакатим мансублари. Мана мен гапиряпман, сиз эшитяпсиз.  Телефон айнагидан томоша қиляпсиз.

Матчон суқилиш: Сизни томоша қиладиганларнинг ҳаммаси ўрисқул кремлпараст. Бунинг устига оч яланғоч. Ҳеч иши юришмаган. Пул берсанг – пулини ўғри уради. Уй қуриб берсанг – картага ютқазади. Эсси дарди иккинчи хотин олиш. Топкан тутганини апрс муллаларга обориб берадиган лох.

РТ: Унақа демагин Матчонбой. Болтанинг тешиги қанақа бўлса, сопи ҳам шунга лойиқ бўлади. Бори шу. Сен мана бу расмга қара. Булар совет рус қизил аскарларига қарши курашган оталаримиз.

Матчон суқилиш: Булар босмачиларку. Ирригация институтида парткомлик қилган жиззахлик дўмла шундай ўқитган эди. Ҳудди ҳозирда ватани учун курашаётган украинларни “бандера”, “нацист”, “миллатчи” деб атаётганларидек. «

РТ: Лекин ақли бор, сиёсий онги уйғоқ одамлар аслида руслар босқинчи эканлигини, юртини ҳимоя қилган ватандошларимиз Босмачи эмас, Ҳимоячи, ватанпарвар эканлигини тушунади деб умид қиламан, орзу қиламану лекин барибир тушунмайди.  Минг афсуски, биз юртини ҳимоя қилганларга эмас, уни босиб олганларга Тошкентнинг Камолонида Георгий бутхонасини қуриб берадиган Стокгольм синдроми билан касалланган халқмиз.

МС: Стокгольм синдроми қандай касаллик, Туз оға?

РТ: Стокголм синдроми – психологияда машҳур атама бўлиб, гаров ҳибсга олиш, ёки бирор жиноятда фойдаланиш жараёнида жабрланувчи ва тажовузкор ўртасида, таҳдид ёки зўравонлик натижасида юзага келадиган ҳимоя ва онгсиз травматик алоқа, ўзаро ёки бир томонлама ҳайриҳохликни англатади. Куч ишлатиш таъсирида гаровга олинганлар оҳир оқибат уларнинг ғояларини қабул қилиб, «умумий» мақсадга эришиш учун ўзини қурбон қилишни зарур деб билган ҳолда, жиноятчилар ҳаракатини оқлайдилар ва уларга ҳамдард бўла бошлайдилар.

 “Стокголм синдроми” атамаси илк бор 1973 йилнинг августида Швецияда юз берган жиноят иши судида қўлланган эди. Ўшанда гаровга олинганлар, ўзларини гаровга олганларни ҳимоя қилишган ва кейинчалик озод этилишганидан кейин ҳам,  уларга қарши гувоҳлик беришга рози бўлмаган эдилар. Стокголм синдроми асосидаги психологик ҳимоя механизми биринчи марта 1936 йилда Анна Фрейд томонидан тасвирланган бўлиб, у «агрессор билан идентификатсия» дея номланган эди.

Қалам ҳақида нақл

Матчон суқилиш: Яшасин Миллий Истиқлолимиз. Урраа!

РТ: Нима деганингни ўзинг тушундингми Матчон. Кел сенга бир нақл айтайин. Бир уста қалам ясади. Яхши бир ëғоч парчасини қалам шаклига келтирди. Ичини ўйиб қора графит жойлади.  Қаламнинг ëнбошига ўз исмини ҳам ëзди. Қаламни қутига қўйишдан олдин уста озроқ насиҳат қилди.

Маҳоратим меваси бўлган қоравой болам. Қаламгинам. Сен бешта нарсани яхши уқиб ол. Бу бешта нарса сенинг мукаммал бўлишинг учун зарур.

1. Яхши ишлар қилишинг учун ўзингни бировнинг қўлига бериб қўйишинг керак. У сени тутиб тўғри йўлга йўрғалатади.

2. Вақти вақти билан сени пичоқ билан йўниб ҳам туришади. Биламан, жонинг оғрийди. Аммо чидагин болам. Чида. Бўлмаса тўмтоқ бўлиб, ишга ярамай қоласан.

3. Ҳамма хато қилади. Шу қатори сен ҳам. Шу хатони тузатиш учун бошингга ўчирғич ўрнатганман. Ўчирғични ишлатиб хатонгни  тузатиб тургин.

4. Сенинг бутун комиллигинг, зарур ва лозимлигинг сенинг ички дунëнгдир. Ичингдаги қоратош бўлмаса, сен оддий ëғоч парчасисан холос. Бойлик ичингда эканлигини унутма.

5. Ўлмасни худо, синмасни кулол яратмас. Сен ҳам бир кун тугайсан. Аммо, сен устида юрганинг сатхда яхши излар қолдир. Одамлар йиллар ўтгандан кейин ҳам бу изларга боқиб сендан баҳра олсин.

Матчон суқилиш: Қани олдик! Ўша қалам шарафига юз грам. Биринчи май – ичайлик май!

РТ: Рўза пайтида заққумнинг кўкини ичгин. Сенда озгина илм бўлганида бу гапни айтмасдинг.

Одам борки одамларнинг нақшидир, одам борки  ҳайвон ундан яхшидир.

Гул қучоқлаган айиқча

Матчон суқилиш. Туз оға эшитдингизми, Кеча Деҳқонободдаги «Теракли» қишлоғидагилар ëшгина айиқ боласини ўлдиришибди. Мана расми. Қўлида гул қучоқлаб турибди, раҳматли айиқча.

РТ: Биласанми Матчонбой, мен бу айиқчани танидим. Кичик вақтимда мултьтфилм бўларди. Биз бу мультфильмни «траллала» дердик. Чунки айиқча шундай қўшиқ куйлаганди. Бу мулътфильмни суратга олган украин санъаткорларига раҳмат. Мултфильм 1966 йили Киев илмий оммабоп фильмлар студиясида олинган.

Режиссер: Алла Грачева. Актерлар: Алексей Грибов, Мария Виноградова, Клара Румянова.

Фильм «Айиқча ва дарëда яшайдиган кимдир» деб аталади. Айиқча онасига гул совға қилмоқчи бўлади. Гул эса дарëнинг нариги томонида ўсади. Кўприкдан ўтганида айиқча дарëдаги аксини кўриб, қўрқиб кетади. Аммо, донишманд кирпи дарëдаги кимсага табассум қилишни маслаҳат беради. Маслаҳат ишга ярайди. Финалда айиқча қўлида бир қучоқ гулдаста билан қувноқ ва шодон юради.

Бу мултфильм олинганидан 55 йил ўтиб, Ўзбекистоннинг Деҳқонобод туманида яшайдиган икки оëқли ҳайвонлар бу айиқчани ўлдирди.

Матчонбой: У қандай ҳайвон?

РТ: Ўқимаган, илм олмаган, икки оëқда юриб еб ичишни биладиган бир ҳайвон. Ëмонам кўпайган шу ҳайвонлар.

Тарозининг бир палласига Ўзбекистондаги барча зомби, путинқулларни қўйишса ва иккинчи тарафга деҳқонободдаги айиқ бачасини қўйиб: «Танла, қайсинини ўлдирайлик?» деса, «ўрисқул, чўпчаксевар зомбиларни ўлдирворингу, аммо зинҳор  айиққа тегманг» дердим. «Дезинфекция жамият учун ҳам лозим,» деган эди Черчилл роҳимаҳуллоҳ. Мана Ғайрат Омон ҳам ëзибди шу ёввойилар ҳақида!

«Аслида шу айиқчани уриб ўлдирганлар ваҳшийлардир!

Улар инсон деган номга лойиқ эмас!

Айнан мана шундай ваҳший ва жоҳил бўлгани учун ҳам бир умр косаси оқармасдан яшайди булар…

Илмсизлик, бефаросатлик ва ёввойилик чўққисига чиққан бу инсон қиёфасидаги ваҳшийлардан ҳар нарсани кутиш мумкин…

Эссиз инсон деган шарафли ном!»

Матчон суқилиш: Милиса қаерга қарайди? Нега айиқни отадиганларни ушлаб қомаб ташамайди панелнийга? Милиса палма қоровулларкан. Мана бир милисадан хат кепти ўзингиз ўқиб кўринг.

Пальма қўриқчиси

Ассалому алайкум Элтуз оға, мен кўп йиллардан бери Ички ишлар соҳасида фаолият олиб бораман. Яқинда Қашқадарё вилоятига давлат раҳбари ташриф буюрди. Бу ташрифга бир ой жадал тайёргарлик кўрилди. Шу жумладан, Косон туманига ҳам президент келиши айтилди. Бу ташрифни эшитган туман раҳбарлари Косон туманининг президентга  кўрсатиш керак бўлган қисмини эртаклар оламига айлантирди. Туну кун ишладик. Давлат раҳбаримиз ва ниҳоят Косон туманига ташриф буюрди. Ҳақиқий эртаклар олами. Гуллар, манзарали, дарахт кўчатлари экилди. Энг кулгилиси, прокатга олинган гуллар ҳам экилди. Манзарали дарахтлардан Палма дарахтининг бир донасини 9 милион сўмдан олиб келиб экилди. Баландлиги тўрт метр  бўлган Палма дарахти катта тувакларда экилди. Гуёки бир жойга бир умирга экилгандек. Мана президент ташрифи бўлиб ҳам ўтди. Президент Косон туман раҳбарларидан мамнун бўлиб кетибди. Туманнинг Амир Темур боғига экилган Палма дарахтига ИИБ ходимлари қаровуликка турибмиз. Нима эмиш, Палма дарахтини тамоша қилиш учун келган фуқаролар расмга туширмаслиги учун! Қизиқ нега президент ташрифи учун келтирилган  дарахтни расмга туширмаслик керак? ИИБ ходимлари ўз ваколатига кирмайдиган ишларга мажбур қилинмоқда. Бу мажбурият! ИИБ бошлиғи томонидан эмас, туман хокими томонидан мажбурий  қаровулликка қўйилганмиз. Ўзимизнинг ишимиз қолиб кетди. Ой охирида сан Палма дарахтини қаровуллагани борган эдинг, демайди. Йилдан йилга норасмий топшириқлар кўпайиб кетган. Нима сабабдан қаровулликка турганимизни ўзимиз ҳам билмаймиз. Элтуз оға балки сиз биларсиз. Нега бу дарахт қўриқланётганлигини билсангиз айтиб юборинг, илтимос!

Ҳамма ўйинга тушсин!

МС. Андижон ҳокими ҳаммани «Андижон полкаси»га рақсга тушишга буюрди. Бундай ойлик тадбир ушбу куй яратилганлигининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилмоқда. Иван Васильевич айтганидек, барча рақсга тушсин.

РТ: Аслида «Ўш полкаси» эди. Бир рақс тарихи

Бугун 100 йиллигини нишонлаëтган Андижон полкасининг ватани Ўш эканлигини биласизми? Рақс муаллифи ва ижрочиси Ўш санъаткорлари эканини биласизми? Мусиқа муаллифи ўшлик хореограф Иброҳим Фозилов, рақс режиссёри эса унинг хотини Розияхон Мўминовадир.

Қирғизистон ССР Халқ артисти Розияхон Мўминова биринчи марта бу хореографик композицияни Андижон шаҳрида ижро этганида ритм ва ҳаяжон кучлилигидан одамлар ëқаларини йиртиб, ерларга думалаб қолишган. «Рам-рам-рарам. рарарам-рарам». У вақтда анжанда рақс гуноҳ дейдиган апрс ҳожакалар йўқ эди. Ҳали раққоса Нурхонга Марғилонда тикилган ҳайкални зомби муллалар онтармаганди. Деворларда «Санъатсиз ҳаëт – ваҳшийлик» деган шиорлар осилган замон эди. Санъатсеварлар эса рақсни «Андижон полкаси» деб аташди. Анча олдин ашулачи Азиза билан Ўшга борганимда раҳматли Розияхон Мўминованинг қизи билан гаплашувдим. Қизининг сўзларига кўра, Розияхон Мўминова ўз рақсини «Ўш полкаси» деб атамаганидан умрининг охиригача афсусланган. Бу унинг Ўш театри саҳнасида ҳаётининг сўнгги кунларигача рақсга тушган севимли рақси эди. 70 ëшида Розияхон ая бу рақсни охирги марта ўзининг юбилей концертида ижро этганди.

Дарвоқе, Ўшда 2018 йилда юз йиллигини нишонлаган Бобур номидаги театр – Туркистондаги энг қадимий театрлардан бири. Бугун бурқа ва ниқоб кийган хотунлар ва кўзларидан закийлик пишқираëтган тужжор ҳожакалар билан тўла Ўш бир пайтлар санъат ва маданият гуллаб яшнаган ўлка эди.

Розияхон Мўминова 1918 йилнинг 16 феврал куни Ўш шаҳрида туғилган. Ёшлигидан ҳаваскор рассомлик ва рақс санъати билан шуғулланган. Ёш, истеъдодли раққоса 14 ëшида саҳнага чиқди (фаолиятини 1932 йилда бошлаган) Қизиғи шундаки, у Ўш ўзбек мусиқали театрининг рассоми сифатида ишга қабул қилинади.

Розияхон ая ярим асрдан кўпроқ вақт давомида театрда ишлаб, 100 дан ортиқ рақслар тайёрлади. Жамоатчилик томонидан улар юқори баҳоланган.

«Андижон полкаси», «Муножот», «Тановар», «тожик рақси», «Дилбар», «Занг», «Феруза», «Данача», «қирғиз бийи», «Киздарай», «Аичурак», Ҳинд, Араб, Tотор ва Уйғур рақсларининг мукаммал ижрочиси эди раҳматли.

«Қиличбозлар» рақси бастакор Хачатурянни қанчалик машхур қилган бўлса, «Андижон полкаси» Розияхон аяни шунча машҳур қилди.

«Андижон полкаси» дунë рақс санъатининг олтин фондига киритилди. Ҳатто Сўмалида ҳам «Андижон полкаси» ижро қилинган.

Розияхон ая театрда рассом, раққоса ва драматик актёр ўлароқ тиним билмай ишлади. 40-70 йилларда «Рустам», «Киммат», «Бўрон», «Кумушой» образларини яратди. «Бой ила хизматчи»да Жамила, «Ишкалчиларга ўлим» асарида Оксана каби ролларни етакчи актриса сифатида ижро этган эди.

1939 йилда Москвадаги қирғиз санъати ва адабиёти ўн йиллигида «Ганжи», «Хум»каби рақслари билан иштирок этди. Ўша йили театр санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун у биринчилардан бўлиб Қирғизистон ССРда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлди, Меҳнат қизил байроғи ордени билан тақдирланди.

1940 йилда ижодий гуруҳ Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрини айланиб чиқиб, ҳали санъат нималигини билмаган қирғизлар олдида таниқли раққоса ўлароқ ўз маҳоратини намойиш этди, ўша йили у Қирғизистон ССР Халқ артисти фахрий унвонига сазовор бўлди. Рақс санъатидаги бой тажрибасини ёш санъаткорларга ўргатди.

1982 йилдан театрнинг бош хореографи бўлиб ишлади. Республика ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, ўзбекларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган фаол эди. Раққоса бир неча марта Ўш вилоят ва шаҳар Кенгашларига сайланган.

У 1988 йилнинг сентябрда Ўшда вафот етди. Ўшнинг Марказий кўчаларидан бирига Розия Мўминова номи берилган.

Мана сизга рақс тарихи, мўҳтарам Шўҳрат Қўшоқбоевич. Балки Анжан марказидаги кўчалардан бирига Розия ая номини қўярсиз. Мендан айтиш.

Ассалом Ўзбекистон, Жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
23 апрел 2023
Яхшиям, ўша қуриб- қақшаган денгизимиз бор. «Орол қуриди», дея 30 йилдан бери гапиришга мавзу бор. Яна бир 30 йиллик ...
20 август 2018
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов минган «Мерседес» 20 август куни Бекобод-Тошкент йўлида «Дамас» енгил автомобили билан тўқнашган. Ички ишлар ...
1 феврал 2023
Ўзбекистон нефт ва газ соҳасидаги вазиятни ичдан билувчи икки манбанинг Элтузга берган маълумотдан англашилишича, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унга қарашли ...
5 октябр 2015
Пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказиш мақсадида “Альянс” инсон ҳуқуқлари лидери Елена Урлаева билан 2015 йилнинг 27 ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...