Асосий мавзулар
20 май 2022

РТдан ваъз: Иккичига диплом берадиган давлат

«Менинг мактаб аро булдур муродим, хатимдек чиқса имлою саводим.»

Демократ шоир Фурқат бу мисраларни ëзганида 9 ëшида эди. Фақат чиройли ëзиш эмас балки орфография ва грамматикага риоя қилинган савод чиқариш истаги бор эди шоирда. БМТ маданият идораси ЮНЕСКОнинг 2018 йилги маълумотига кўра, дунëда 750 миллион одам ўқиш ва ëзишни билмайди.

Матчон Суқилиш: Шундан бирор йигирма миллиони Ўзбекистондан бўлса керак. Лекин асли туғма овсар бўлса. Ўқишни истамаса бу тупойлар учун нега давлат жавобгар бўлиши керак.
РТ: Давлат иккичиларга диплом бермаслиги керак. Кеча ҳарф танимайдиган олий малумотлилар хақида ёзсам, тупойлар учун давлат жавобгар эмас дейишди. Давлат ўзи имзолаган диплом учун жавобгар. Шу тариқа, бу диплом халқаро дунёда бир парча қоғоз каби қадрсиз бўлиб қолган. Германияда тупой ҳам университетга кириши мумкин, аммо у диплом ола олмайди. Университет чиқиш эшиги тупойлар учун ёпиқ.
МС: Мана қаранг Элтуз дўстлар клуби фаоли Ғайрат Омон нима деб ëзибди.
РТ: Нима деб ëзибди? Ўқиб берчи. Умуман бу борадаги барча фикрларни ўртага ташласак.

Иккичи ўқитувчилар

Ғайрат Омон: Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист деган унвонларга эга артистлар олдимда қўлида ручка билан жовдираб ўтирган. «Ока, мани ўрнимга ўзиз ёзиб беринг» деб, «ўқиб беринг, нима ёзилган» деб. Битта ёши каттаси «Кўзойнаксиз ёзолмайман» деган. Олдига 20 та кўзойнак ташлаганимда, «ука бизни даврда мактабда яхши ўқитмаган, ўқиш ёзишдан узоқроқман» деб тан олганди.
Dilya Nizomova: Россияда Ўзбекистон элчихонасига бордим иш билан. Анкета тўлдириш керак эди русча-ўзбекча. Икки киши илтимос қилди. Ёзиб берсам, атрофим одамга тўлиб кетибди, «Илтимос менга ҳам ёзиб беринг!» деб. Ўйлаб қолгандим, «Наҳотки мактабни битирган одам бир анкетани эплаб ёзолмайди» деб.
Ботиржон Ачилов: Рашидовнинг мевалари. Вақтида Рашидов ўзбекларга илмдан кўра, пахта териш афзал деб, мактабдан тортиб, студент ва аспирантгача – ҳаммани пахтага тиқди. Икки авлоддан кейин натижасини кўраяпмиз.
Dilya Nizomova: Рашидов вақтидаги одамлар пахта терган бўлса ҳам билими кучли эди. Супер контрактнинг натижаси бу.
Ботиржан Ачилов: Мен рус тили ҳақида гапирмаяпман. Аниқ фанлар, жамиятшунослик соҳасида тушунча йук, наинки болаларда, ўша соҳани ўқитган ўқитувчиларда ҳам. Ўзбекистон академиясининг бошидаги одам 5-10 йилда Нобель лауреати тарбиялаймиз, деган ваъдаси вазиятни курсатаяпти. Домла билмаса, ўқувчи қандай ўрганади?
Бирор янги дастгоҳ келтириб, уни ўрнатмокчи бўлинг, кўрасиз бизнинг инженерлар ва профессорларнинг холатини. Инструкцияси бўлса ҳам ҳаммаси сокқов бўлиб қолади. Қайси соҳани олманг шу ҳол. Сотиб олинган илмий даражаю дипломлардан нима фойда? Улар кейин нимани ўргата олади болаларга?

Чизма геометрия

МС: Совет пайтида ўзбекфильм ишлаган киноларда ҳам саводсизлик реклама қилинган. «Суюнчи» фильмидаги Анзират хола ўқиганларни прапессор деб камситади. Ўқимаган келин олади. Туз оға, ўзи илм олишнинг нима кераги бор? Тинчгина пул топиб юрса бўлмайдими? Пулниям санайдиган мошинлар чиққан ҳозир. Масалан, дейлик геометрия ëки чизма геометрия нимага керак?
РТ: Чизма геометрия аниқ фан. Бирор нарсани ишлаб чиқариш учун унинг техник суратини яратиш керак. Бу сурат қандай яратилишини чизма геометрия ўргатади. Ҳар бир маҳсулотнинг уч тарафдан кўриниши бўлади. Ëн тарафларидан ва юқоридан. Мисол берай. Қаламнинг ëн тарафдан кўриниши узун чизиқдай бўлса, устидан кўриниши нуқта каби бўлади. Чизма геометрия доим мафкурадан ҳоли бўлиб келган. Аммо негадир Ўзбекистондаги бадиий графика факультетларида чизма геометрия ўқитувчилари дарсда «Мирзиëевнинг гаплари, маънавият ва ҳадислар» ҳақида гапиришаëтган экан. Ҳеч тушунмадим шуни. Олий таълим тизимини ким бу аҳволга солди. Прага дўконида қоровулик қилаëтган бола Ўзбекистонда археология факультетини тугатиб, олий маълумот олибди. Дипломини кўрсатди менга. Лекин бу боланинг МО худудида Бактрия, Кушон ва Хоразм давлати 1400 йил илгари мавжуд бўлгани ҳақида элементар билимиям йўқ. «Хоразм бу вилоят эмасми?» деб менга қараб жовдиради. Кеча Ғайрат Омон ҳарф танимайдиган 35 яшар ўзбек йигити ҳақида ëзувди. Яхшилаб текширсанг, ўша йигитнинг ҳам олий маълумотли экани маълум бўлади.
Бир марта Ўшдан Бишкекка учаëтиб бир анжанлик олий маълумотли йигит менга йўлдош бўлди. Ўша йигит учоқ иллюминаторидан қараб: «Қаранг, ер теп теккис экана» деди. Мен унга ер юмалоқ, худди манови олма каби десам, «Ока, ер юмалоқ бўлса, пастдаги одамлар тушиб кетадику» дейди. Мен унга яна столим устидаги олмани кўрсатиб, Ньютон деган олим ўз боғида олма тагида ëтганида ер тортилиш қонунини кашф қилган, десам, у йигит: «Ака, қўйинг бу гапларни – охиратга пойдаси йўқ» дейди.
Бу йигит институтда имтиҳон топшираëтганида домлага «Ака, асл имтиҳон қиëматда бўлади. Бу гапларнинг охиратга пойдаси йўқ» деб домланинг эътиқодига хитоб қилиб, зачет олар экан (ўзи айтиб берди). Ўшдан Бишкеккача бир соат училади. «Ука, ростдан ҳам институтни битирдингми», десам, телефонида диплом суратини кўрсатди. Андижанский инженерно-экономический институт деб ëзилган. «Ука, Ньютон кимлигини биласанми?», десам. «Ока, вариант беринг», дейди. Бу йигит Бишкекдан Анжанга диндор аëллар учун кийим, сажжода таширкан. Ҳаммол десаям бўлади қайсидир маънода. Бу ишни инженерно-экономический институтни тугатмай қилсаям бўлади. Хуллас, чизма геометрия аниқ фан.

Саводсиз президент бошқарган давлат

МС: Ўзбекистон тарихида мамлакатни мутлақо саводсиз президент бошқарган. Йўлдош Охунбобоев ëзишни ҳам, ўқишни ҳам билмаган. Нутқида нуқсони борлиги ва келиб чиқиши уйғурлиги боис, ўзбек адабий тилини деярли билмаган. Русча фақат Карашо дейишни билган.
РТ: Матчонбой ука, бу саводсиз одам 1937 йили коммунистлар ўлдирган Файзулла Хўжаев каби закий ва миллатсевар арбоблар ўрнига Кремль тарафидан қозиқ қилиб қоқилган эди. Келиб чиқиши қўнғирот ўзбекларидан бўлган аслзода миллиардер Файзулла Хўжаев ўзбек форс тилларидан бошқа инглиз, немис ва русчани мукаммал билган.

МС: Кўп марта давлатни Файзулла Хўжа тузган дедингиз, бу унинг қўлида бўлганида Каспийга чиққан бўлардик. Орқамиздан кесиб Қозоғистонга берган Рудзутак ва Куйбишевку.

Хўжаевдан бизга ўрнак!

Марказий Осиё тарихида Амир Темурдан кейин учта хонликни битта Ўзбекистон шаклида бирлаштира олган одамнинг исми – Файзулла Хўжаев. Тарихда истак майли йўқ. Ўша давр шароитида, Кремлнинг қонли қиличи остида Марказий Осиёдаги барча катта шаҳарларни ўз ичига олган «Катта Бухоро» лойиҳаси, яъни Ўзбекистонни туза олган одамнинг исми Файзулла Хўжаев. Хўжаев бу иши учун ҳаëтини қурбон қилди. Амалда Ўзбекистон 1991 йилгача Марказий Осиёни бирлаштирган давлат эди. Асосий илмий марказлар Тошкентда эди. Ҳатто космосга одам учириш лойиҳаси Тошкентдан бошқарилган (Қозоғистонда инфратизилма йўқлиги учун) Энергетика, об-ҳаво масалалари Тошкентдан бошқарилган. Туркистон ҳарбий округи ва СаДум (мусулмонлар идораси) Тошкентда бўлган. Хўжаевдан бизга мерос тупроққа бир сантиметр қўша олдикми? Йўқ.
2002 йили Каримов мамлакатнинг ғарбий қисмидаги юзлаб гектар ерни Туркманистонга тақассиз берди. Мирзиëев даврида ҳам Қирғизистон ва Қозоғистонга ҳудудлар берилди.
Ўлган одам Хўжаевнинг ëқасидан, олиб нега палон шаҳарни ҳам қўшмадинг, дейишдан олдин реал политика нима, мавжуд имконлар ичида нима қилса бўлар эди, деб ўйланг.
Ўзбекистонни бугунги номда¸ бугунги чегаралар ичида тузган одамнинг номи – Файзулла Хўжаев. У кишига шон ва шарафлар бўлсин. Ватан учун жон бериш – Хўжаевдан бизга ўрнак!

МС: Файзулла Хўжаев нега унда Ленин билан гаплашиб юрган. Ленин бизга душман эмасми?
РТ: Яна бир бор Файзулла Хўжаев ҳақида тушунтирсам. Чор ҳукумати ағдарилганидан кейин, Русия мусулмонлари ичида энг фаоли Қозон тоторлари эди. Ҳатто хозир Ўзбекистонда сақланаëтган Усмон мусҳабини ҳам тоторлар талаби билан Ленин музейдан олиб, мусулмонларга берган. (Аввалига Уфада турган, кейин уруш пайтида Ўзбекистонга олиб келинган) Ўша пайтда тоторлар алоҳида республика қурмай, РФ ичидаги автоном Республика мақомига рози бўлиб қўя қолишган. (Улар 70 йилдан кейинги давр учун ўйлашмади) Ўша пайтда Туркистон АССР ҳам Россия таркибида, худди Тотористон каби автономия эди. Катта сиëсий закога эга Хўжаев МО даги барча шаҳарларни ўз ичида бирлаштирган Ўзбекистон ССР ғоясини ўрис кураторларига ўтказа олди. Натижада РСФСР таркибидаги Туркистон автоном республикаси, Бухоро ХСР ва Хоразм ХСР бирлашиб бугун ВАТАН деб билганимиз территория вужудга келди. Бунга эришиш учун Хўжаев Хоразм республикасининг катта қисмини Туркманистон ССР тузиш учун беришга кўнди. Катта минус. Лекин Хўжаев реал сиëсатчи эди. Бугун Ўзбекистонда Хўжаевнинг ҳайкали йўқлиги вақтинча холос. Миллат ўз муаллифи кимлигини билади.
МС: Ўқиган одам экан Файзулла Хўжаев. Аммо мактабда ўқишни истамаганларни нима қилиш керак? Файзулла Хўжаевнинг сафдоши бўлган жадид ëзувчи Айнийнинг ëзишича, эски мактабда болларни уриб ўқитишган экан. Манави видеода эса Янги Ўзбекистонда ҳам болалар урилаëтганини кўрамиз.

РТ: Сурхондарёда бир ўқувчининг калтакланиши ортидан 5 киши ишдан кетди. Сурхондарё вилояти Бандихон тумани 4-сонли мактаб директори Х.Б. ишдан кетишга ариза ёзган.
Мактаб директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари О.С., ўқув ишлар бўйича ўринбосари Н.А. ва Инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш. ва 9-Б-синф раҳбари Э.Ж. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
МС: Аммо Ғайрат Омон болларни уриб ўқитиш керак деб ëздику.
G’ayrat Omon: ”Мен бўлганимда ўқитувчиларга ўқувчиларни калтаклаш ҳуқуқини берардим! Биомасса ва унинг болалари фақат калтакдан қўрқади ва калтак емаслик учун ҳам озгина савод чиқарармиди… Яқинда 34 ёшли биттасини кўрдим, ўқиш-ёзишни билмайди. Қўлида фалон минг долларли айфон, лекин айфонига телефон контактини қўшишни билмайди, яъни исм ёзолмайди ва телефон рақамларининг ўзини эслаб қоларкан. Лекин айтишича, болаларининг ўқишини шахсан назорат қилармиш»

Ўратепалик ўқитувчи ва президент

МС: Туз оға Маллимлар бачаларни урсинми ë урмасинми?
РТ: Бир ўратепалик ўқувчи болани мактаб маллими роса урарди. Хивич билан саваларди. Мактаб олдидаги беҳи дарахтидан тол кесиб олиб, ўша тол билан саваларди. Ўша бача дунëи-дун лабиринтларинда адашиб-адашиб, президент бўпқолибди. Бировлар уни каттароқ қўшни тоға президент қиб қўйган, дейди, лекин гап бу ҳақда эмас. Гап бошқа ëқда.
Ўша президент ўз айфонида ютуб титкилаб, битта видеони кўриб қопти. Видеода бир маллим бир болани ҳипчин билан роса додлатиб саваларди. Буни кўрган президентнинг ëшлиқ даври эсига тушиб, хўрлиги кепти. Ўзини урган маллимди обкелиб, савалаттирмоқчи бўлибди. «Низомидинўп бахга ке. Мени бир ормоним бор. Бориб, беҳи толидан ҳипчин кесиб кел» дебди. Низомидинўп зўрға ботаника боғидан бир беҳи дарахти топиб, ҳипчин кестириб кепти. Зўрға деганим маъноси шуки, ҳаммаëққа арча экилганди. Аммо гап арча ҳақида эмас.
«Бу каламуш¸ хиëнатчи маллимди бир савалайман,» дебди преиздент. Бояги маллим давно пенсияга чиқиб, ҳажга бориб келиб, туя қумолоғидан пол боқиб тирикчилик қиб юрган эди. Аммо гап туя қумалоғи ҳақида ҳам эмас. Жиззах ҳокими келиб: «Давай бобой, на вийход с вешами» дебди. Ҳокимнииям шу маллим ўқитганди. Энг иккичисиям шу ҳоким эди. Аммо гап саводсиз ҳокимлар ҳақида эмас. «Бачам катта мени чақиришдан олдин, бошқаларга ҳам топшириқ бердима?» деб сўрабди маллим. «Ҳа, Низомиддинўпди тол чивиқ кесишга юбарди» дебди иккичи ҳоким. Маллим нима гаплигини туя қумалоғи билан пол боқмасданам билволибди. Уйида ичини ëриб бол солиб, димлаб, ичбурғига эм қилмоқчи бўлган иккита беҳи бор эди. Шуни енгининг ичига соволибди. Аммо гап ичига бол тўлдирилган беҳининг ични бўшатиши ҳақида ҳам эмас.
Хуллас, маллимни обкелишибди коттанинг олдига. Котта бўлса, тоғорага тузли сув солиб, беҳи хипчинларини ивитиб қўйган экан.
«Менга қара маллим. Сен мени кичик бала эканимда урардинг. Энди гал меники. Ўч олман. Еч иштонди,» дебди котта.
«Балам урсанг – ун оши, сўксанг – сўк оши. Ўзим ўқитганман сени. Етим эдинг. Энанг ўлиб, эмчи отанг олган ўгай тотор қўлида қолиб эдинг. Мени савалашдан олдин битта падаркам бор, шуни огин бачам,» дебди маллим.
Котта ўгрилиб Низомидинўпга қараса, «Олуур. Падаркани олишлик суннат» дермиш.
Котта сап-сариқ олтиндай беҳини олиб «ҳидини қаранг, кейинги ҳафта ош қисам, тагига босаман. Аммо мен ош қисам, анави Элтуз фош қимасин,» дебди. Гап Элтуз фош қилиши ҳақида эмас. Яна каттанинг қўлидаги сариқ олтин каби беҳига қайтсак.
Хўш, дебди катта «далше штў?»
«Балам, манави хипчин бўмаганда, манови беҳи ҳам бўмасди»
«Дааа,» деди котта. Поучительно. Демак, сиз мени ҳипчин билан саваламаганингизда, мен бу юртга подшоҳ бўлмасдим. Тўғрими?» дебди катта.
«Урганимдан пушаймонман. Кошки саваламасайдим. Кошки, сен бу мартабаларга…»
Маллим гапини тугатмай, бўйин эгибди.
«Майли кечирдим. Низомидинўп бунга битта Спаркнинг калитини бервор, шундан шунга беҳи кўтариб кепти. Барибир маллим. Яқинда маллимларнинг ойлигини минг дўллар қиламан.»
Гап маллимларди ойлиги озлигида эмас. Гап маллимлар балларни урсинми ë урмасин деган мавзу устинда эди. Ўтлаб кетдим. Менимча урмасин. Ҳар урилган бача президент бўвурса, ҳамма ëқ бардак бўп кетади.
Гап ҳамма ëқ бардак бўганида эмас. Гап бу бардакни ким қиганида.
Турклар стаконни «бардак» дер экан. Гап стакан ҳақида эмас.

Портал ҳам керак эмас, мортал ҳам

МС: Туз оға, шу ҳафта Элтузга икки қанор хат келди. Одамларни роса муаммоси кўпайибди
“Крандан сув томяпти, порталга шунча ёздим, президентга ҳам. Аммо ҳеч ким келиб тузатиб бермади. Президент айтувдики, сизнинг муаммонгиз – менинг муаммом деб»
Бу аризагўй 21 марта Элтузга ёзди. Кейин ундан адресини сўрадим. Чилонзор 3 даги дом экан 4 қаватлик.
Прокуратура орқасидаги дом. Бордим. «Тоға эски калиш борми?», дедим. Обчиқиб берди. Қайчи билан юмалоқ ўртаси тешик шайба ясаб, кран жўмрагидаги эскиси билан алмаштирдим.
Мана тоға бўлди, дедим. Портал ҳам керак эмас, мортал ҳам.
МС: Ҳамма ëмонлик бойликда. Ҳамма ëмон одамлар бой одамлар. Қашшоқлар яхши. Яшасин қашшоқлар ва фақир фуқаролар.

Яшасин йўқсуллар!

Яшасин йўқсуллар!
Совет давридан мерос қолган тушунча бор: «Халқнинг ичидаги камбағал одам яхши» деган гап. Бу ëлғон гап. Қашшоқнинг камида тўртта қусури бор.

  1. Паразитлик. (Ишламасдан бировнинг ҳисобидан яшаш)
  2. Лаганбардорлик (Микрофон тутсанг, президент қизи ва куëвларига ялоқилик қилади)
  3. Майда ўғирлик (отверткангни бериб тур дейди ва қайтариб бермайди.)
  4. Ичи қоралик (Сал бойиган одамнинг уйига ўт қўйсам, унинг қашшоқ бўлганини кўрсам, деб орзу қилади)
    Айтмоқчи бўлган гапим Ўзбекистонда «энг кичик заррадан юпитерга қадар» касалга чалинган.
    Бу радиация пайтида барча нурланганига ўхшаш ҳолат.

«Ер ости конлари керакмас…»

Инстититутнинг охирги курсида бир ëшгина домла дарс беряпти: «Лениннинг бир гапи бор, бизга ер ости конлари эмас балки ақлини ишлатадиган одамлар керак»
1994 йилга келиб бу домланинг дарсида тасодифан видеокамерачи бўлиб қатнашдим. Домла «Японларнинг бир гапи бор, бизга ер ости конлари эмас, балки ақлини ишлатадиган одамлар керак» дер эди.
Кеча студентлар видео юборди. Қариб қолган домла мана бу гапни айтяпти «Ҳадиснинг бир гапи бор, бизга ер ости конлари эмас балки ақлини ишлатадиган одамлар керак»

Ўқитувчига нима бор Ялтада?

МС: Туз оға, мана ўқитувчилар ҳам отпускага чиқади. Уларнинг пули бўлса, Ялтада дам оларди. Пули бўлмагач халтада, ўқитувчига нима бор Ялтада?
РТ: Китоб ўқисин ўқитувчилар. Бир муаллим қиз отпускада нима ўқисам бўлади деб сўради. Одри Капланни ўқи дедим. «Calendar Girl. Ҳар нарсанинг ўз нархи бор» деган роман. Касал отасининг қиммат муолажасини таъминлаш учун ëш қиз бойларга қиммат эскорт йўлдош бўлишга қарор қилади. Буюртмачи ким бўлишидан қатъий назар кунига 100 минг доллар тўласа бўлди. Бу романни нега ўқиш керак? Бўлибам муаллима қиз? Қалбининг тўрида, фоҳиша бўлиб пул топиш қандай бўларкан деган савол бор ҳар ожиза бу китобни ўқиши жоиз деб биламан. Китоб, инглиз, турк, украин ва рус тилида мавжуд. Ўзбекчаси борми ë йўқми билмайман. Китоб устида 18 қўшув ишорати бор. Аммо китоб инсоний кечинмалар ва катта муаммонинг кичик инсон тақдиридаги ролини тафтиш қилади.
Китоб ўқимайдиган ўқитувчилар
МС: Адабиëтдан дарс берадиган муаллима севги ҳақида ëки масалан, фоҳиша дил изҳорини китоб қилган Моравиа, Маркес, Каплан каби муаллифлар китобини ўқиса, бузилиб, ғар бўлиб кетмайдими?
РТ: Эҳ, Матчон! Сенга ўхшаш дегенератлар кеча биз қўйган постга шунақа фикр билдиришди. Хуллас, эринмай Тошкент, Дубай ва Истанбулдаги ғар ўзбеклар орасида сўров қилдим. Биттасиям бадиий китоб ўқимаган. Ютубдан дўмлаларнинг нравоучениясини кўрганмиз, дейишди аксари. Ишонмасангиз, ўзингизам ғарлардан сўраб кўрсангиз бўлади. Айтчи, Сумая нима китоб ўқидинг? «Декамерон»ни ўқиб бузилиб кетдингми? Гарантия бераман, «Декамерон»ни ҳам, бошқа классикларни ҳам ўқимаган. Ҳатто, Солиҳ Қаҳҳорнинг бемаза китобини ҳам варақламаган.
МС: Айтишга тилим келишмайдиган Маркес, Паркес, Борхеслар ўрнига бу муаллима қизлар ўзбек ëзғувчилари китобини ўқиса бўмайдима?
РТ: Барча муҳаддислар яхши, дея иттифоқ қилган бир замонавий прозаик ҳикоясига кўзим тушди. ФБда қўйилувди. Изза бўлмасин дея исм бермайлик.
Айтадиган гапи, ҳиссий муждаси бўлмаган, тамал саводи йўқ¸ фақат иншодан беш олгани боис ëзувчи бўлиб юрган ўзбек носирларини аллақачон ўқимай қўйгандим. Хуллас, бу ëзғувчининг ҳикоясини ичимдаги скептицизмга исëн ўлароқ ўқидим. Кошки ўқимасайдим. Мабодо ўқимаганимда унинг бу қадар тубан савияда эканлигини билмасдим. Бир нави ëзғувчи экан. Шу халққа шу ëзғувчи, деб, қўя берардим.
Ҳикоя мағзи ахлоқ ва одобдан ақл ўргатиб, менторлик қилишга қурилган. Ўта ижобий қаҳрамон (ИШИД форматидаги соф ислом истайдиғон бўлиб туюлди бу қаҳрамон хотин) бир тўйга бориб, исрофгарчилик ва маишатпарастик ва эркагу аëл бирга ўтирганини (нега ўтирмаслиги керак?) кўриб, таассуф қилади.
Мабодо, реализм тўртбурчагидан қарасак ҳам, бундайин ҳодиса йўқ. Бундайин ижобий қаҳрамонлар ҳаëтда йўқ.
Майли, бадиий тўқима десак, яна савол туғилади: Нимага керак бу ëлғон?
Бу ëзғувчилар шарофати билан бола сотадиган ва болалардан нафратланадиган халққа «болажон» тамғаси урилди. Табиатан зиқна, ҳатто боласидан овқатни қизғанадиган, кампитларини қўшнининг уйида сақлайдиган, овқат тагидаги ювиндини ичадиганларга сахий, жўмард ва меҳмондўст сифати тақилди.
Битта ëзғувчининг ëзишича, Қодирий НКВДда отилганида НКВД боғбони Қодирийни капанлаб, кўмиб, еттисию қирқини ўтказиб, дуойи фотиҳа ўқиганмиш?
Тамал савод йўқ деганим шу. ГПУ, НКВД, КГБ тизимидаги барча ўша соҳанинг содиқ кадри бўлади.
НКВД файтонини ҳайдайдиган аравакаш ҳам, боғбону фаррош ҳам. Буни бешинчи бўлимда ишлаган любой кадровик айтиб беради.
Йўқ, албатта ëлғон тўқиб, пуштиранг ижобий ҳикоялар уйдирилиши керак.
Бундай адабиëт нимага керак? Бировлар ўзбек прозаси ўлдими, дейишади. Тирик нарса ўлади. Аслида йўқ нарса қандай қилиб ўлади? Проза-мроза йўқ. Беш ëки олти экспремент бор, холос.
Қодирий, Қаҳҳор, Неъмат Аминов, Одил Ëқубов ва Мурод Муҳаммад Дўст. бўлди. Бу экспремент холос.
Мисол берай, битта автозавод экспремент учун қанотли машина ясади. Мошоллоҳ. Тасанно. Аммо бу машина конвеерда ишлаб чиқарилиб, халққа сотилсагина воқеа рўй берди, деб ҳисобланади. Экспремент тўртта асардан нарига ўтилмади. Энди бағига умуман тўхтайди. Яна 10 йилдан кейин Ўзбекистондаги охирги саводли одам ўлади ва…. Ағи дахшат. Яхшиси айтмай қўяқолай.

Конституцияни ўзгартириш касофати

МС: Туз оға, Ўзбекистон коснтитуциясини ўзгартиришмоқчи экан. Бу кимга яхшию кимга ëмон?
РТ: Конституция ўзгарса жорий президент учун яна иккки марта президентликка қайта сайланиш имконияти яратилади. Рим ҳуқуқига кўра шундай. Жорий президент бу ҳуқуқдан фойдаланадими ë йўқми билмайман. Одам табиати ўзи шунақа. Иссиқ ўринга ўрганиб қолади. Тегирман навбати билан деган гап фақат оғизда.
Ассалом Ўзбекистон, Жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
2 июл 2019
Ҳукуматнинг тўйларни чекламаслиги ҳақидаги хабарлари ортидан 2018 йилнинг 2 июлида Тошкентда 13 та карнайчи иштирокида ўтказилган тўй тасвирлари тармоқда ...
22 июн 2023
Ëз қандай соз. Мана азизлар камина Рассом Туз сизлар билан яна кўришиб юзлашиб, бетма бет турибман. Мен сизнинг энг ...
4 ноябр 2020
​Фарғонада бир гуруҳ кўнгиллилар дайди ит-мушуклар учун махсус жойлар ташкил этилишини талаб қилмоқдалар. Уларнинг фикрича, ҳайвонларга меҳрли муносабатда бўлиш ...
12 май 2017
11 май куни БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раад Аль-Хусейннинг ташрифи якунланди. Ташрифнинг бош натижаси 15 йиллик ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...