Асосий мавзулар
10 июн 2022

РТдан ваъз: Ўзбекистонни ток билан уриб тирилтириш керак

Минутлар соатларни, соатлар эса суткаларни қувалай қувалай бир хафта ўтди. Мана жума келди. Яна «Рассом Туз нима дейди экан?» дея телефон айнакларига боққан мардум олдидаман. Мендан ëмон негатив гаплар кутишга одатланганларга айтадиган гапим шуки умидсиз бўлманг. Ҳали энг ëмони олдинда, таназзулнинг энг чуқур жойига ҳали етмадик. Сизнинг назарингизда сассиқ ва ëмон бўлган тезак уюми устида ҳам гул битади.

Мана сал олдин Наманганда гуллар байрами бўлди. Кап катта сўлақмондай эркаклар бир бирига гулмисиз, райҳонмисиз, жамбилмисиз деб эркаланишди. Мен сизни бодрингга, бақлажон ëки қазига ўхшатдим дея суюлишди. Ўзбек сўмининг янги рамзини эса илонга ўхшатишди.

Матчон Суқилиш: Қайси Илон? Тесла мошин чиқариб осмонга ракета учирадиган ва хозир энг ақлли одам роботини ясаëтган Илон Маскми?

Рассом Туз: Йўқ у эмас, оддий илон. Ўша қўшиқларда айтилган оқ илон, оппоқ илон.

Ўғирланган ўзбек сўми рамзи

Ўзбекистонда 100 йил олдин ҳам, ҳозир ҳам ва келажакда ҳам аксар омма битта ишни қилади. Бунинг оти ўғирликдир. Мясокомбинатда ишлаган қоровул бобой сигирнинг елинини ўмарган бўлса, унинг ҳозир умрага кетган ўғиллари йўлнинг шағалини ўмарган. От, ит, курси, газмол, дазмол, анжир, занжир, хуллас, нима кўрса, ўмариб кетадиган яратиқ. Киною клип, шеър ва ибратли гапларга қадар ўмаришади.

Марказий банк Ўзбекистон миллий валютаси – сўмнинг рамзий белгиси танловида дизайнер Сарвар Жумагалдиев томонидан ишлаб чиқилган график белги танлаб олинганини маълум қилди. Дизайнер деган биррат бетини без қилиб, сўмнинг янги рамзи Франциянинг “IN-CORE systems” компанияси логотипидан ўғирланган тасвирни танловга қўйди.

МС: Туз оға нима дейди бунинг отини. Ижодий ўзлаштириш дейдима?
РТ: Йўқ, Матчонбой Плагиат дейди буни. Ўзбекчаси ўғирлик. Иëт.

Реал кино

МС: Туз оға мен сизни ўхшатдим.
РТ: Кимга ўхшатдинг?
МС: Ужас экшн кино оладиган Спилбергга. Эсингиздами хитойўлат тарқаганда Рембо ҳақида кино олгандингиз. Бугун Ўзбекистон ҳақида қандай кино олган бўлардингиз.
РТ. Раелистик хаëтий кино олган бўлардим. Ҳар бир кадри хаëтдан олинган бўларди. Мана Урганч шаҳри. Куппа кундуз куни саккизта йигит битта каболат машинаси шўприни сўйишмоқда. Биттаси бошини ушаб турибди. Яна биттаси эса пичоқ билан бўғзини кесмоқда. Шу пайтда кадр алмашади. Мамлакат картасидаги яна бир нуқта ëниб кўринади. Бу Фарғона вилояти Учкўприк тумани, Турғоқ қишлоғи. Ота ўз қизини уриб ўлдирмоқда. Қиз номаҳрам йигитнинг спаркида сайр қилди дея.
МС: «Қизини ўлдирган ота тўғри қилган» деб гапирганларнинг кўплиги жамиятга қўйилган даҳшатли диагноз. Нега тош ëғмайди уларнинг устига?
РТ: Тош ҳам ор қилса керакда бу биомасса устига тушишга. Шу ерда лирик чекиниш. Тўй базми. Наманган. 2018 йил ëзи. Куëв кореялик. Келин наманганлик.
Тўй оборувчи ўртага қизнинг отасини чақиради. Куëв келиб отага таъзим қилиб, кўкрак чўнтагидан конверт чиқариб беради.
Атрофдаги шивир-шивирдан конверт ичида икки минг атрофида доллар борлигини биламиз. Умрида бунча пул кўрмаган ота кўзларида ëш билан илжаяади…
Бир ой ўтди.
Пул эвазига Корея жамиятининг энг тубан мансубига сотилган наманганлик келин эгилиб далада ишламоқда.
Унинг тўй куни гўë «мусулмон» бўлган эржони буни аллақачон унутган.
Унинг назарида бу «мусулмонлик» Деҳли аэропортида туристлар бўйнига икки дақиқа осиб, кейин ташаб юбориладиган гулчамбар каби.
Наманганлик қиз хўрлик ва камситишлар зиндонига тушиб қолганини секин-секин аммо ўта равшан англаб бормоқда эди.
Наманганлик ота эса ўша икки минг билан бой бўлиб кетгани ҳам йўқ…

МС: Хўш Туз оға кинонинг ағи нимаўлди?
РТ: Хуллас кинонинг давоми. Кадрда яна карта кўринади. Пахтаобод тумани Маданият кишлоғида жойлашган «Ўзбекистон – Кирғизистон» чегара постида 100 дан ортиқ одам қафасда ушлаб турилигани акс этган кадрлар кўринади. Кейинги кадрда эса Ўшдан қазилиб Анжандан чиқадиган туннелларда сариëғ ташëтган лилипутлар кўринади.
МС: Лилипут дегани бу циркдаги пакана одамларми. Нега лилипутлар туннелда сариëғ ташийди.
РТ: Туннелга семиз одам сиғмайди. Мантиқ шу. Сен кино сценарийга ҳалақит бермай тур. Хўш қаерга келиб қолган эдик. Қўлбола туннелга. Ўзи метроям туннел. Кинонинг шу ерига келганда Тошкентдаги метро кўринади. Ўша ҳамма мақтаб вой дизайни чиройли дейдиган метро. Кадрда Чилонзор метросида ëзни куни 1 соатдан ошиқ метро тўхтаб қолгани ва одамлар иссиқдан ўзини елпигани акс этади.
Метрода Ёнғин келиб чиққан, бир қиз ўзини метро тагига ташлаган.
МС: Ғалати замонларда яшаяпмиз. Мақталган метродаги аҳвол бу. Китоб ўқимайдиганлар китобхонликни тарғиб қилади. Дин тужжорлари ҳалолликдан гапиради. Семизлигидан ҳансираб нафас олувчи диетологлар қандай диета қилишни ўргатади. Коррупциянинг бошида турганлар эса коррупцияга қарши курашади
РТ: Кадрда Андижон. Андижоннинг Избоскан туманида сув таъминоти ходимини сувдан қарздор тагига босиб олиб калтакламоқда. Кейинги кадрда сув идорасининг калтакланган ходими чиқиб, ўзим айбдор эдим. Биринчи мен бошладим дейди.
Кейинги кадрда Қарши. Бундан икки ой олдин армия сафига тантанали равишда кузатиб қўйилган Руслан Қидиралиев уйига тобутда қайтди. Қарши туманидаги ҳарбий қисмга хизматни ўташ учун юборилган аскар бир ярим ойдан сал кўпроқ хизмат қила олди холос.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида 18 яшар аскарнинг ўлимига “юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози” сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда “ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши” кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган.
Бироқ марҳумнинг яқинлари бунга ишонишмаяпти.
Кейинги кадрда, Қашқадарёнинг Кўкдала туманида «Cobalt»дан 650 минг сўм ўғирлаган эркак самосуд қилинмоқда. Яна кадр алмашади Тўрткўлда йўловчи автобуси бутунлай ёниб кетиши оқибатида икки киши оғир жароҳат олди Элтуз обуначисининг маълум қилишича, 7 июнь тонгги соат 03.30 да Тошкент -Нукус йўналишидаги автобус Тўрткул постида бутунлай ёниб кетган. «Автобусда 82 киши бўлган, иккитасининг аҳволи огир…
Кейин яна карта кўринади. Қува. Қува туманида 39 яшар қассобнинг осилган жасади топилди. Кадрдан қон оқмоқда.
МС: Ужас кино бўлиб кетди. Бу гапларни эшитган Хоразм вилояти маркази – Урганч. Шаҳар кардиоцентридан чиқаверишдаги чорраҳада жойлашган юқори волтли симёғочи қийшайиб кетди… Эшитдингизми бир дакунментсиз шўпрни милисалар уриб ўлдирибди. Шуниям кинога қўшсангиз узукка зумрад қош қўйгандай бўлади.
РТ: Йўқ, милисалар ўлдирмадик деб ëтишибди. Машинаси жарима майдонига олиб кетилди. Милиса мошинда бўлган шўпр эса илкис эшикни очиб, юриб кетаëтган автомобилдан ўзини йўлга отган. Юмаланиб юмаланиб, тошу асфальтга урилиб, қора қон бўлган бу бахти қаро сал ўтмай баннисада ўлди.
МС: Ўзи нима бўлувди?
РТ: Милисаларнинг гапига кўра, «Нурафшан-Ахангаран», йўлининг 52-чи километри яъни Тошкент вилоятининг Узар қишлоғи ëнида «ВАЗ-2121» мошинаси текшириш учун тўхтатилган.
27-яшар шўпр болада ҳеч қандай документ бўмаган. Милисалар бу документсиз шўпр билан ўта хушмуомала мулоқот қилиб, электрон административный протокол тузишган.
Бу протокол асосида машина жарима майдонига олиб кетилган.
Бор гап шу.
Шўпрни милисалар урмаган, у ўзи милиса мошиндан ерга ўзини отиб яраланган. Шўпр гўрда. Мошн штрафплошадкада. Милисалар эса йўл пойлаб ўтирибди.
Яна бездакумент шўпр бўса, нариги дунëга кетишига қарашворлик деб. Бу гапларим вазирлик баëнотига асосланган.
МС: Ички ишлар вазирлиги баёнотлари Cтивен Спилбергнинг фантастик филмларига ўхшайди.
РТ: Мен розиман Ички ишлар вазирлиги баëнотларидан. Улар Элтуз айтган маълумотларни тасдиқлаб бермоқда. Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ўзига нисбатан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари жараёнида ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ҳибсга олинган.
МС: Нима қилибди ҳоким. Эл қатори ўғирлагандирда.
РТ: Андижон шаҳар ҳокими олдинги лавозимида (вилоят молия бошқармаси бошлиғи бўлиб) ишлаган вақтида шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда.
Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Ҳозирча етказилган зарарнинг атиги 23 фоизи қопланган.
Терговни Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси олиб бормоқда.

Чувринди

МС: Туз оға эшитдингизми, Ўзбекистон фуқароларининг Россияда рўйхатдан ўтмасдан қолиш муддати 15 кунгача узайтирилди. Шуларни фуқаро демасдан ватандош десак бўлмайдими. Ойига минг доллар оладиган мардикорни қашшоқ фуқаро десак кўнглига келмайдими?

РТ: «Ватандош» деган вариантни ташаворимиз срази. Ватанни севмайдиганларга ҳайф бу сўз. Демак, вариантлар: 1 Йўқсул. 2. Қашшоқ 3. Етим 4. Чувринди. 5. Ипирисқи, 6. Исқирт 7.Камбағал 8. Тавия. Шулардан бирини танланг.

Булар «Фуқаро» атамасининг бошқача кўринишлари. Мабодо шулардан бири танланса, масалан «Чувринди» 10 йилдан кейин бир-иккита ватансевар чиқиб, шуни «ватандош»га айлантирайлик, деса, камида 30 миллион одам ëтиб, ҳимоя қилади «чувринди» сўзини. Худди бугун «фуқаро» сўзини ҳимоя қилаëтгандай. «Фуқаро» «чувриндидан баттар қашшоқ» деган маънони билдиради. Асл келиб чиқиши қул бўлган Пиримқул Қодировнинг ўзбек халқидан ўч олиши эди бу. Пиримқул Қодиров шу ҳақоратли калимани ерлаштириб кетган эди.

Фирдавсий ўрнаги

МС: Туз оға, нега тилимизда ўзимизнинг сўзлар бўла туриб арабчасини оламиз. Бу жоизми?
РТ: Матчонбой, мана бу мисрани эшит.

Басе ранж бурдам дар ин сол си
Ажам зинда кардам бад-ин порси.

МС: Бу нима дегани? Интуристнинг гапини тушунтирворинг.
РТ: Туркнинг бош бўғини бўлган ўзбек тилини араб сўзларидан тозалаш масаласида ëзарканман, Тус тупроғида ëтган Ҳаки́м Абулқосим Фирдавсий Туси́й (935—1020) ҳазратлари жасоратидан илҳом оламан.
Фирдавсий араб босқинчилари ишғол қилиб, бутун бир форс тамаддуни йўқ бўлаëттан ўнинчи асрдаги Хуросонда яшади.
Араб босқинчилари форс тилидаги китобларни ëқишди. Форс тилидаги калималар аста-секин, аммо шиддат билан араблашиб борди.
Хуросонда ер эгалари ва деҳқончилигу зироат билан кун кўрадиган қатламда ватанпарварлик бор эди. Улар гоҳ ўлпон, гоҳ эҳсон, гоҳо ушри кавсан сўрайдиган тиланчи муллалардан ошкора нафратланишар ва ўз тилида гапиришарди.
Фирдавсий шу қатлам вакили эди. Фирдавсий деярли арабча сўзлар ишлатмай ëстиқдай китоб ëзди. Турон ва Эрон тарихи эди бу. Китобиннг номи «Шоҳнома» эди. Ўша пайтда унга китобнинг отини «Тарихий Маликия» дея арабча қўйишни таклиф қилишганида у украинлар тили билан айтганда бу маслаҳатчиларни рус кемаси чўккан тарафга йўллади. Нега форсча сўз турганида уни арабчага алмаштириш керак, дерди Фирдавсий.
Шу маънода ўзбекча «бол» сўзини кимдир бизга билдирмай арабча «асал» сўзига алмаштириб қўйди. Ҳамид Олимжон ва Чўлпон «бол» ва «болари» деб ëзган. 1970 йилги алифбе китобида ҳам «болари» ва «бол» дейилган.
Майли, яна ўнинчи асрдаги Тусга қайтамиз. Фирдавсийнинг араб босқинчиларига қарши кураши дин тужжорлари бўлган маҳаллий баччабоз муллаларга ëқмади. Улар, нима қилиб бўлса ҳам, улуғ шоирни ëмонотлиқ қилишга уринишди. 1020 йили Фирдавсий ўлганида маҳаллий имомбердилар уни шаҳар қабристонида кўмишни тақиқлаб қўйишди. Фирдавсийни ўз уйи олдидаги боғига дафн қилишди.
1381 йилда Темур Хуросонни босиб олганида Тус шаҳрида Фирдавсий мозорини зиëрат қилади. Мозор харобага айланганини кўрган Темур уни тезгина «евроремонт қилиб қўйинглар», деб амр беради.
Хуросонни тўлиқ забт қилиб Самарқандга қайтишда Темур яна Тус шаҳрига кириб ўтиб, янги ремонт қилинган мақбарани кўриб, маҳаллий ҳокимни койийди. Чунки, маҳаллий ҳоким қабр тошига араб тилида Фирдавсий ҳақида билги ўйдирган эди.
«Буни форс тилида ëзинглар. Ҳазратнинг дили оғримасин,» дейди соҳиби қирон.
Аммо йиллар ўтиб, диний бидъат кучайиши фонида мақбара яна вайрон бўлади.
1928 йили Ризошоҳ фармони билан мақбара қайтадан қурилади. Ниҳоят одалат қарор топади. Ўз тилини арабча сўзлардан ҳимоя қилган шоир Фирдавсий Эрон муққадасот отаси дея эълон қилинади.

МС: Қизиқ тарих экан. Қадимги замондаги гаплар. Бугуннинг тарихини ким ëзади? Мана сарой сирларини билган мулозим Крайнов ҳам ўлиб, бутун сирни тупроққа ўзи билан олиб кетди.

Эшикбон ва амр қули

Лавозими бўйича, биринчи раҳбар танасига энг яқин бўлган Георгий Крайнов ўлди.
Айнан у Каримов қандай ва қачон ўлгани ëки буюк эҳтимолда ўлдирилганидан хабардор мулозим эди.
Шароф Рашидов ва Ўзбекистоннинг бир неча раҳбарлари хусусан Ислим Каримов учун тезкор масалалар бўйича ажралмас ёрдамчи эди.
Андижонда туғилиб, ўзбек тилида равон гапирадиган Крайновни ҳурмат, балки қўрқув билан Жўра-ака деб номлашар эди.
Кўплаб сарой сирлари у билан тупроққа кетди. Ошқозонида тўрт марта амалиëт ўтказилганди.
Навоий айтган нақл персонажи эди. Яъни шоҳларга яқин турмак аждарҳо оғзида ўтирган каби. Давр якунланиб даврон ғилдираги яна бир айланди.
Кетарлар, кетдилар, кетарсан сен ҳам…

МС: Яна ҳам кўпроқ гапириб беринг, шу анжанлик бират ҳақида.

РТ: Ўликлар ҳақида ҳақиқатдан бошқани гапирмаслик керак. Олдинига Рашидов, кейин, Усмонхўжаев, Нишонов ва Каримовга ëрдамчи бўлган Георгий Крайновда одамларни рентген каби ичини кўра олиш қобилияти бор эди.
Иккинчи қобилияти эса сир сақлашни биларди. Бунинг баробарида у биринчи раҳбар билан 24 соатлик руҳий боғлиқликни узлуксиз таъминлашни уддаларди.

Бунинг учун кучли асаб ва мувозанатли руҳият керак. Одам темирдан бўлса ҳам, бу оғирликни кўтара олмайди. Аммо Крайнов кўтарди. Крайнов Рашидовнинг пора олди-бердиси ва ўз мафкура котибаси билан оташин муносабатларига гувоҳ эди. Аммо Крайнов сел ëққанида ҳам томчилар орасидан қуп-қуруқ ўтиб кета оладиган абжир бўлгани учун Кремль терговчиларига ўз ҳожаси сирларини сотмади. Рашидов Нукус яқинида ўлганида унинг ëнида Крайнов бор эди. Янги сайланган раҳбар Усмонхўжаев кабинетдаги сейф калити ва қуролни Крайновдан олди. У пайтда биринчи раҳбарларга табел қуроли бериларди. Тортмада турарди. Усмонхўжаев қўлига кишан солиниб, Москвага олиб кетилаëтганда орқада турган шляпали одамнинг исми Крайнов эди. Рафиқ Нишоновни анжанча ош қилиб аския айтиб кутиб олган ҳам Крайнов. Рафиқ ака Москвага кўтарилиб ўрнига «проблемний» Каримов келганида ҳам Крайнов керакли тош каби ўз ўрнида қолди. Айнан Крайнов боис Каримов депутатларнинг уни ағдариб, ўрнига Мирсаидовни тайинлаш ғоясидан воқиф бўлди ва Крайнов маслаҳати билан бу уринишни муваффақиятли бартараф қилди.

Каримов ўз олдига ўз муаммоси билан келган одамларга қисман тоқат қиларди. Аммо бировларнинг ўртасига тушиб, «бир қошиқ қонидан кечиш» ҳақидаги илтимосларни кўтариб келганларни ўлдириб ташлагиси келарди.
Эркин Воҳидов, Шерали Жўраев, Абдулла Орипов, М.С.М Содиқ бировларнинг орасига тушиб Каримовга ялингани учун исталмаган шахсларга айланишганди. Крайнов бундай илтимосчиларни филтр қилишнинг мақбул усулини топиб, Каримовнинг олқишига нойил бўлганди. Ҳар бир жарроҳнинг ëнида ëрдамчиси бўлади. Жарроҳ пичоқ деса пичоқ, ништар деса ништар тутиши керак. Зарур бўлса, жарроҳнинг пешонасидаги терларни артиб ҳам қўйиши керак. Вазифа шу. Крайнов бу ëрдамчиликни эплади. У ўзининг учта ҳожасини кўмди. Умрининг охирида эса Каримов музейида ишлаб сарой сирларининг ҳазинабони бўлди.

Мирзиëев очиқлик сиëсатини танлагани учун Крайнов билан ишламади. Бу ҳам бир нарсанинг нишони. Крайнов ҳам очиқлик сиëсати бўлди дея бутун билган сирларини достон қилмади. Ўзи билан бирга гўрга олиб кетди.
Бундай олиб қарасак, Крайнов фаолиятида ўзига хос узвийлик бор. У ўзи мансуб бўлган маслак одоби машваратидан чиқмай дунëни тарк этди.

Кимдир олдинги пост тагига «У ўзбекларни ëмон кўрарди» деб ëзибди. Бу нотўғри. Крайнов этник рус бўлса ҳам, руҳан бир анжанлик эди. У ëмон, таъмагир, ëлғончиларни бир қарашда биларди. Анжанча акцентда тагдор гап қилиб уларнинг ҳаддини билдириб қўярди. Жора ака ўз вазифасини бажарди.
У ҳукмдорларга хизмат қилган бир эшикбон ва амр қули эди.
Бошқа гапим йўқ. Яратган тангри таборак ўзи билган каби маҳфират қилсин.

Хажга бориш нархи

МС: Туз оға, одамларга сарой сирларидан кўра нега ҳаж расходи ошгани кўпроқ қизиқ. Хожига бориш 63 миллион бўлибди. Оддий меҳнаткаш қағдан топади бунча пулди?
РТ: Ҳожи қиммат деб, одамнинг ғашини келтирмела. Ҳожига бориш 63 миллион сўм деб, ëлғон гапириб, дўззохга ўтин бўлишма. Ҳожига бориш 62 миллион 900 минг сўм.
Бунинг ëнида сизга ўзбек герби туширилган нимча ва 5 литр зам-зам суви текин берилади.
Ўша сувни 50 тонналик резервуардаги водопровод суви билан қўшиб, бутилкалаб, аптекаларга тарқатсангиз, ҳажнинг расходини чиқарволасиз.
Ношукур бўмайлик.
Каримов даврида миллиард дўллари бор арақ зовут директориям боролмаган аши жойга.
Нима бўпти 6 минг дўллар. Бундоқ оила аъзолари, қариндош уруғларга чачворилса, 200 доллардан тўғри келади.
Уйда туалет, ҳаммом қуришни кечиктиринг. Битта чуқур қазиб, иккита тахтани кўндаланг қўйсангиз, туалет бўлади. Майли атрофини брезент билан айлантиринг.
Келинлар шамоллайди деганлар бекорларни гапирибди.
Сасиганидан шамоллагани яхши. Хуллас, бу мартава насп қиган бўса пулди, гапрманг.
Ҳожилик мақомини ҳаж қилиб, қўлга киритасиз. Умра қилиш – бу оддий туризм.
Демак, 62 миллион 900 минг сўмни путевкага тўлайсиз. Ëниздаям бешмингча оволинг. Жиддада айфон арзон. Бирор ўнта обкеб, маликадаги соқолтойларга берсангиз, тепвориб соққасини қиберади.
Ҳозирдан ҳожилик мақоми муборак бўлсин потенциал ҳожилар.
Мабодо ашағларда ўлиб қолсангиз, Жаннатул Бақия гўристонида кўмилишлик насиб қилади.
Ҳар тарафлама вигодна бу.
Ашинга қиммат, у бу, деб зорланиб, одамларнинг ғашини келтирмела.

МС: Туз оға . Наҳотки дину диëнат бизни тарк этиб қалбимизни тижорат эгаллади.

Дунёда диёнат ҳали мавжуддир,
Ҳали мард йигитлар яшаб юрибди.
Оналар оқ сути ҳамон оқ сутдир,
Қуёш ҳам фалакда порлаб турибди.
Ҳали қай дилларда яшар тангри ҳам,
Ҳали афсоналар ўлиб кетмаган.
Ҳали соф туйғулар топмаган барҳам,
Инсон орзусига ҳали етмаган.

МС: Туз оға, нима қилсак орзумизга етамиз?

РТ: «Бир нарсадан бир қисм нарсани олсанг, бир қисми қолади. Аммо шариатдан бир нарсани олсанг, ҳеч нарса қолмайди.»
Бу фикр Алишер Навоийга оид.
Демократия ҳам худди шундай.
Барча инструментлари ишласагина тугал натижа беради.
Мана шоëн дўстимиз Азизахон Умарова «ҳокимларни сайлаб қўяйлик» деб таклиф берибди.
Яхши таклиф. Аммо демократиянинг асосий тамойили бўлмиш қудратлар айрилиши таъминланмаган шароитда бу сайлов трагикомедияга айланиб фойдасидан зарари кўп бўлади.
Масалан, Элликқаладаги авом раъият ўша ердаги бир ўғрини ўзига ҳоким қилиб сайлайди.
Тўрақўрғонда эса толибонсевар муллага овоз берилади.
Кўп ҳолларда пули кўплар қашшоқларнинг овозини сотиб олади.
Қирғиз бовурларимиз билади бу не эканлигини.
Менимча, мамлакатда Ли Куан Ю услубида кучли марказлашган реформа ўтказилиб, тизим силтаб-силтаб ташланиши шарт.
Вазирликлар сони максимум 8 га туширилиши керак.
Давлат ҳисобидан кун кўраëтган Ëш ИТ каби тузилмалар тезда тугатилиши лозим.
Сиëсий партияларнинг давлатдан пул олишига барҳам бериш керак.
Умуман тугатиб ташлаш керак бу қўғирчоқ партияларни.
Имтиëзлар бекор қилиниши ва ерга нисбатан хусусий мулк кўриниши тикланиши керак.
Ҳар бир квадрат метр ер кимнингдир мулки бўлсин.
Токи Тошкент вилоят ҳокимнинг ўринбосари ярим миллион доллар пора эвазига ер сотиб қамалмасин.
Суд тизими президентга бўйсунмай ўзи мустақил қарор қилсин.
Ўзбекистонни комага тушган бошқарув тизими ва иқтисодини шок терапияси йўли билан тузатиш керак.
Клиник ўлим топган танага юқори кучланишли ток билан мудоҳала қилсангиз, тана бир сакраб тушиб тирилади.
Кошки Ўзбекистон ҳам тирилса.

Ассалом Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
5 феврал 2021
Отга қоққан тақадек, сувдан чиққан бақадек, бир мирилик чақадек – рассом Тузчиларга салом! Ўзи четга буқинуб, шахсиятга тўқиниб, аллакимга ...
1 июн 2020
Илон Маск хусусий ракетаси кўкка учди. Илмнинг чўпчакни енгиши бу!!! Ўзбекистон президенти «дафтарим сувга оқди», дея алжираган каллаварам хотинга ...
24 сентябр 2021
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 33-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Ёзувчи Темур Пўлатнинг ...
21 июл 2017
Фарғона вилояти аҳолиси ўз яқинларидан келган жўнатма пулларни олишга қийналмоқда. Банклар олдида узунқатор навбатлар ҳосил бўлган. «Ўғлим Россияда ишлайди, ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...