Асосий мавзулар
19 август 2022

Тулкини ит ейдиган замон

Бугун 19 август тарихий кун. 1991 йилнинг айнан 19 августида Ўзбекистоннинг мустақил бўлиши учун Москвада замин хозирланган кун. Ўша пайтдаги Россия раҳбари Елцин танк устига чиқиб нафақат ўзини, балки Ўзбекистоннинг ҳам мустақил бўлишини таъминлаган эди.
М.С: Ия, Ўзбекистон мустақиллигини Ислом Каримов Тошкентда оқ от миниб душманлар билан курашиб қўлга киритмовдими?
РТ: Эҳ, соддасан Матчон Суқилиш. Чўпчакларга ишонасан. Москвада путч бўлган куни Каримов Хиндистондан учиб келаëтган эди. Дархол, самолет бортидан  СССРпарастларга телеграмма юбориб, мен мустақилликка доим қарши бўлганман, СССРни сақлаб қолиш йўлида сизлар билан биргаман, деб уларнинг шиппагига патак бўлган эди.
МС: Каримов СССРни душман деб, барча ўроқ болғаси бор ҳайкалларни онтарган эдику.
РТ: Совет даврида – 1990 йилда Марказий телевидение суратга олган фильмда Каримов “Биз иккита халтанинг ичидамиз. Совет Иттифоқидан ташқарида бир кун ҳам яшай олмаймиз” деб хитоб қилгани муҳрланган. Каримовнинг раҳбар бўлиб сайланишини кремлдагилар унчаям истамаганида Горбачев унга ишонч билдирган эди. Каримовнинг 1991 йил 19-21 август кунлари бўлган Янаев путчини қўллаб қувватлаганлигини кўриб, Москва жуда ҳайрон қолди. Биринчи навбатда, Горбачëв жуда ҳайратга тушди. Чунки Совет иттифоқини энг охирги дамларгача ҳимоя қилган одам Каримов эди.
МС: Туз оға, ўзи нима бўлганди ўшанда. Қайси қирол қайси қирол билан уришувди. Қозоқнинг тўққиз пулидай қилиб ойтиб баринг. Миям чўлошиб гетди.
РТ: Матчонбой, 1991 йилда СССРнинг раҳбари Михаил Горбачев эди. У яхши одам бўлгани учун матбуотга эркинлик берди. СССРни қайтадан эркин иттифоқ қилиб тузмоқчи эди. Аммо, унинг атрофига ëвуз одамлар тўпланган эди. Улар Горбачевни ëмон кўришарди. 1991 йил 19 август куни СССР президенти Михаил Горбачев Севастополнинг Балаклав туманидаги Заря дала ҳовлисида  дам олаëтган пайтда сотқин генераллар томонидан уй қамоғига олинди ва унинг ҳамкасблари уни касал деб эълон қилиб, ҳукуматни қўлга олганини билдирди. Қора денгиз соҳилида дам олаётган Михаил Горбачёвни ташқи дунёдан узиб қўйиш, пойтахт Москвага қўшин киритишга қарор қилинди.
1991 йил 19 августида собиқ СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёвга яқин давлат арбоблари Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси (ГКЧП) тузилганини эълон қилди. Бу путч эди.

ПУТЧ НИМА ДЕГАНИ?

МС: Туз оға, ПУТЧ дегани нима?
РТ: Путч бу харбийлар тарафидан  давлат тўнтаришидир. Масалан, Ўзбекистон раҳбарининг қилмишларидан безор бўлган тўртта генерал тил бириктириб уни онтаргани каби.
МС: Э, йўқ! Бизнинг генераллар юртбошига ҳам, унинг хотини, қизлари ва куëвларига ҳам ўта содиқ. Аммо Горбачвнинг душмани кўп бўлган. Хозир любой саводсиз, оч нахор, хотинига алимент тўлолмай юрган тавия ўзбек ҳам Горбачевни сўкади.
РТ: Матчонбой, эшит укам. Ким агар Горбачевга шак келтирса у мустақиллик душманидир. Ундай одамнинг дархол шол ва кўр бўлгани маъқул.
МС: Ўзбекистонда юртбошимизга биннима бўса, порталга ëзиб ëрдам пули оғанлар ҳимоя қиса керак.
РТ: Лекин Горбаевни демократлар ҳимоя қилди. Демократия тарафдорлари Россиянинг илк президенти Борис Ельцин қароргоҳи – Оқ Уй атрофида баррикадалар қуришди. Уч кунлик кураш ГКЧП мағлубияти билан якун топди.
МС: Туз оға агар ГКЧП ютса нима бўларди Ўзбекистонда? Гугурт бир тийин, газ мут, ўрис қизлар ўзбекларни текин ўпадиган замон бўлармиди?
РТ: Газ текин бўладими, ë йўқми билмадиму аммо агар, ГКЧПчилар ғалаба қилганида эди, Ислом Каримов ҳокимиятдан четлатилган, унинг ўрнига ўша пайтдаги вице-президент Шукрулло Мирсаидов республика раҳбари этиб тайинланган бўлар эди. «Эрк», «Бирлик» каби мухолиф партиялар тақиқланиб, Қудрат Бобожон каби журналистлар қамаларди.
Ҳар эхтимолга қарши 20 август куни  журналист Қудрат Бобожон, рассом Эркин Кагаров, мухолифатчилар Шуҳрат Исматуллаев, Миролим Одилов ва журналист Анвар Усмоновларни қамоқа обкетишувди. Елцин ғалабсидан кейин қўйиб юборишувди.
МС: Туз оға, дархат тепасидаги энг мазали мевани қарға билан калхат еркан. Елцин ғалабасидан мазза қилган яна Каримов бўлдику. У бир думалаб мустақиллик қахрамонига айланди. Ë гапим нотўғрими?
РТ: ГКЧП мағлубиятидан кейин путчни қўллаган Ислом Каримов Ўзбекистон парламенти мажлисида мамлакат мустақиллигини эълон қилиб, ўзининг лавозимдаги умрини узатиришга муваффақ бўлди.
Каримов энди  озодлик курашчисига айлантирилди
МС: Ўзбекистондаги янги тарих битилган китобларда президент Каримов мустақиллик учун Москвага қарши курашган қаҳрамон сифатида тилга олинадику ахир.
РТ: Бу ëлғон. Каримов мустақиллик тарафдори  эмас эди.  У кремл тимсолидаги хўжайин онтарилганидан хурсанд эди холос.
Аммо хайрлиси шуки Тарихга “ГКЧП” номи билан кирган воқеа Ўзбекистон мустақиллигини тезлаштирган омил бўлди.  1991 йил 19-21 август кунлари содир бўлган бу сиёсий воқеадан 11 кун ўтиб, Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган эди.

ИТ УРИШТИРИШ

МС: Бу худди итлар уришгани каби ҳикоя экан. Наманган вилоятида бир гулдай йигит иккита ҳўкиздай итининг олдига тулки боласини ташади. Бу итлар тулки боласини ғажиб еди.  
РТ: Ҳа, эшитдим. Маълум бўлишича, Яҳёбек исмли бу йигит пул тикиб, ит уриштириш билан шуғулланади.  У телеграм гуруҳларида айнан ана шу итлар урушига оид қонли лавҳаларни тарқатиб келмоқда.
МС: Тулки итларнинг ошқозонида. Аммо ҳеч ким қамағда эмас.  Умид қиламизки,  гуллар юрти бўлган Наманган вилоят мутасаддилари мазкур ҳолатни бартараф этиб, Яҳёбек исмли шахсни қонун доирасида жавобгарликка тортишади.

РТ: Аммо умумлаштириш керакмас. Қашқадарё, Хоразм, Андижон ва Бухоро вилоятларида ҳам ит уриштиришади. Аммо улар ит билан итни уриштиради. Ит билан тулкини эмас.
МС: Туз оға, сиз тулкини айтяпсиз. Битта аëл ўз синглисига 3 яшар қизини ташаб Туркияга ишлашга кетган. Хола эса бу 3 яшар гўдакни ҳар куни калтаклаган. Ҳар куни. Дунëдаги энг болажон халқмиз, урушда ўрисди боласини асраганмиз, деб кўтини йиртадиган бу қавм вакиласи бўлган хотин 3 яшар гўдакни уриб ўлдирган. Туз оға нега бу халқнинг бошига тош ëғмайди?
РТ: Тош ҳам ҳазар қилса керак бу тавиялардан. Жиззахда 3 ёшли қизча яқин қариндоши томонидан шафқатсизларча калтакланиши оқибатида ўлгани расман тасдиқланди.
Қизча оғир тан жароҳатлари сабабли шифохонада оламдан ўтган. Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Лекин модданинг қайси банди бўйича иш юритилаётгани айтилмаган. Сен айттаниндек,, қизчанинг онаси ўз синглисига ташлаб, узи Туркияга ишга кетган. Сингил эса ваҳший чиқиб, 3 ёшли гўдакни мунтазам жисмоний қийнаб келган ва охири ўлдириб қўйган. Туркиядаги она эса қизимга яхшилаб қара, деб, сингилга пул жўнатиб турган.
МС: Лекин Туз оға, хозир матбуот эркин. Агар эркин бўлмаганда 3 яшар болани уриб ўлдирадиган хола ҳақида қаердан ҳам билардик.

КАРИМОВ ҚАНДАЙ ҚИЛИб ДИКТАТОРГА АЙЛАНДИ?

РТ: «Ҳозир матбуот эркин бўлиб очилиб, сочилиб кетдик» дейдиғонларга эслатсам: Каримов Озодлик ва Бибиси мухбирлари билан кабинетда ўтириб, икки соат суҳбатлашган ва ҳар сафар пресс конфренцияларда журналистларга суҳбат берарди. Ҳатто мухолиф журналист Анвар Усмоновга ҳам Каримов интервью берганди. Интервьюдан бир кун олдин Усмоновнинг митинг пайтида ментлар калтаклаганини айтсак, манзара яна очиқ бўлади.
МС: Туз оға Каримов қачон диктаторга айланди?
РТ: Каримов 2005 йил Анжандаги акрамийлар сакраганидан кейин ўзгарди. Битта мисол: 1992 йил Каримов Умрага бориб, Каъбатуллоҳ ичига кирди. Ўша пайтда Тошкент киоскларида сотилаëтган «Эрк» газетаси «Каъбага шайтон ҳам киради» деб ëзди. Хўш, бугун ашнақа деб ëзадиган газит борма? Хуллас, бармоқ билан асбобни муқояса қилманглар. Шакли ўхшаган билан функцияси бошқа.
МС: Бу гапларни тушуниш учун китоб ўқиш керак. Ленин ҳам айтгандику, ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш деб.
РТ: Бугунги оломоннинг умумлаштирувчи прототипини 1990 йили кўргандим. Тошовузлик қумғон ясайдиган уста қиëфасида. Исми Жуманазар эди. У ҳарф танирди, аммо умрида фақат битта китоб ўқиганди. «Ислом икки ўт ичида» деган юпқа брашюра (Яҳудийлар қарғалган китоб). Жуманазар Урганчда қумғон ясаб, туристларга сотиш орзусига тушди. Уни қўлидан еталаб, Соли Қодиров деган рассомнинг уйига олиб бордим. Соли Қодировнинг тўрт метрга уч метрлик девори бутунлигича кутубхона эди. Бирор икки уч минг китоб бор эди. Жуманазар умрида минча китобни кўрмаган эди. «Шу китобларни ўқидингизми?» деб сўради. Соли Қодиров – жуда кўп китоб ўқийдиган олий маълумотли рассом. Боз устига, катта бир журналист ëзувчининг ўғли. «Ҳа ўқиганман», деди Соли оға. Бу Жуманазар учун шок эди. Қандай қилиб шунча китобни ўқиш мумкин деган савол уни қийнай бошлади. «Ëлғон айтди. Бунча китобни ўқий олмайди», деди у ичи нафратга тўлиб. Жуманазар кейин, ақлдан озиб, кўчаларда югуриб юрадиган одат чиқарди. Бу энди бошқа мавзу.
МС: Ҳа, халқнинг аксари саводсиз ва оми. Телеграмда «Пекин ўптим» деган эълон кўрдим. Бунинг маъноси – Хитой Халқ Республикасидан келтирилган молларнинг улгуржи савдоси. Худди шундай, «Унитаз ўптим», «Шулха ўптим», «Труба ўптим» шаклида сўз ясалиши мумкин. Шундақа чаласавод ярим ўрисча эълонлар давлат қонунига кўра бўлмаслиги керак. Бу гапни айтган адлия вазирлиги мулозимаси Шахноза Соатовани ўриспарст манқуртлар дувва талади.

Тил – давлатнинг умуртқа суяги

РТ: Туркиянинг Адана, Хатай ва Мерсин вилоятларида Суриядан келганлар очган ресторан ва дўконлардаги ëзувлар бир муддат  арабча ëзилди. Кейин бу уч вилоят баладия бошлиқлари буни  расман тақиқлади. Ҳозир туркча ëзилади афиша ва лавҳалар.
Ўзбекистонда пешлавҳаларни ўзбек тилида ëз, деб, дакки берган Шаҳноза ҳақ.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Тошкентликлар ўзаро гаплашганида ўрисларни ëмонлашади. Аммо 500 кишилик мажлисда битта ўрис ўтирса, дарров ўрисча гапиришади.
Шу масалада Хоразм ўрнак. Улар ўрисни ëмон демайди. Аммо Совет даврида ҳам, ҳозир ҳам Хоразмдаги барча ўрис ва карис ўзбекча гапиради.
Кимдир Шаҳнозани миллатчиликда айблабди. Миллатчиликдан ўлгудай қўрқадиган Германияда ҳам барча ҳужжат ва нархномалар немис тилида. Франциянику, айтмай қўя қолай.
Миллат – яъни nation сўзи давлат маъносини билдиради.
Тил  – давлатнинг умуртқа суяги. Тил ортида давлат, армия ва флот туриши керак. Токи урушдан қочиб, пойизга осилиб келган дезиртир релокант ўрислар  бизга диктовка қимасин.
МС: Олий Мажлис қонунчилик палатаси «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни Қонунчилик палатасининг бундан буёнги кўриб чиқишидан олиб ташлаш бўйича қарор қабул қилган. Ўша сиз мақтайдиган Кушербаев ва Гулбахорлар ҳам овоз берган
Миллат хоинлари аслида депутатлар экан!
Ўзбек тилининг душманлари аслида депутату сенаторлар экан!  
Бизга ўзга душман керак эмас..
МС: Нега  бўлмаса Тошкентдай шаҳарда 53 фоиз мактаб рус мактабига айланиб боряпти, буни ўйлаб кўришимиз керак.

Эски мактаб

РТ: Майли ўйлайлик. Биринчи мисол: Ўзбек тили давлат тили бўлсин, деб, ўзини танканинг тагига ташамоқчи бўлган шоир укамиз ўз ўғлини ўрис мактабига киритиш учун дунëдаги бор танкаларни ишга солган эди. У биринчи ëки охирги шундай одам эмас. Масалан, шоир Барот Бойқобиловнинг қизи Нигинахон бирорта ўзбек сўзини билмайди. Ўзбек тили давлат тили бўлсин, деб, мужодала қилган мархум шоира Гулчеҳра опа Нуриллаева ҳам неваралари билан ўрисча гаплашарди… (бу рўйхатни давом эттириш мумкин).
МС: Туз оға, мана Шахноза опанинг боллариям ўрис макатбга бораркан, сизам ўрисни макабида ўқигансизку ахир. Ўрисни минг мақтасаям, гўззи гўк дисизлар. Лекин шу ўрис туфайли шўрвани юзина чиқиб, одам бўлдингизку ахир.
РТ: Энди камина Рассом Туз ҳам икки мактабга борганман.
Олдин ўзбек мактабига беришди. Уйда эрка ўсган мен каби бола учун ўқитувчиниинг шаллақиларча қарғагани оғир ботди.
Гигант мамалари орасида пул қопчиғини сақлайдиган гулдор жерси куйлак кийган ўқитувчи Жамила опа синф журнали билан бошимга солди.
Мен унга қараб, палон жойинга с…й, дедим. Ўқитувчи хола мени уриб ўлдириб қўйиш учун стулни кўтариб мен тарафга қараб юрди. Мен қочдим. Бутун мактабдаги ўқитувчилар жамоаси ҳамжиҳатлик билан мени қувлашди. Мени тутиб олиб, военний дело кабинатига олиб кириб уриб ташаш операциясига физика ўқитувчиси Абсалом ака бошчилик қилди. Аммо мен қочиб, уйгача бордим. Уйнинг олдидаги баланд  тут дарахти устига чиқиб яшириндим. Ўқитувчилар тўдаси, мени уйимга келишди. Қараб турдим. Гигант мамали ўқитувчи хотин Жамила опа отамга шикоят қилиб: «Ўғлингиз мени палон қиламан, деди», дея шикоят қилди.
Отам бўлса ҳазил қилиб, «ўғлим сенга ўхшаш тавия билан шу ишни қилмоқчи бўлганини маъқулламайман», деди.
Иши битмаган ўқитувчилар галаси жавраб, саннаб қайтиб кетди.
Физика ўқитувчиси Абсалом ака менга қараб кесак отди.
Аммо бу саводсиз ўқитувчи траектория ҳисобини олмагани учун кесак менга тегмади.
Отам келиб, менга яхши муомала қилиб тутдан тушириб олди.
Эртасига отам менинг қўлимдан ушаб, ўрис мактабига обориб берди.
Надя опа, Зоя опа ва Ҳалима опа деган меҳрибон ўқитувчилар мени табассум билан кутиб олишди.
Кейинчалик мен, контрольный выстрел қилиб, уларниям сўкиб кўрдим.
Улар бунга эътибор ҳам қилмай «бола-ку бу», деб, кулиб қўя қолишди.
Манам уялиб, бошқа сўкмадим уларни.
Химияни лабораторияда, биологияни парникда ўргатишди.
Фото тушириш ва расм чизиш кружоклари ҳам бор эди…
Инглизча чулдираш ва дунë санъати тарихини ҳам ўрис мактабда ўргандим.
Нима демоқчиман? Мен Садриддин Айнийнинг «Эски мактаб» деган ҳикоясини ўқиганман. Бу эски мактаб тизими болаларни ўқитишга эмас, балки дўппослашга асосланган эди.
Ҳозирги ўзбек мактаби ҳам шу эски мактаб.
Бу эски Эски мактабдан қул, манқурт, саводсиз ва жоҳиллар етишиб чиқади.
МС: Унда нима қилаш керак, Туз оға?
РТ: Мактабни ўзгартириш керак. Энг камида Финландиянинг мактаб тизимини жорий қилиш керак
МС: Балким, ўша мактаби яхши бўлган мамлакатларга, масалан Америкага кўчиб кетсак бўлмайдими. Чунки табиатан ўғри бўлган мулозимлардан иборат Ўзбеккстон ўзгармайди. Яхшиси, сурайлик бу ердан. Мана бу хатни сизга берворишибди. Ўқиб кўринг.

Рассом Тузга мактуб

«Салом Туз оға. Мен ëши элликдан ошган ўзбек аëлиман. Тақдирми ëки насибми бўлиб 15 йил олдин Америкага келиб, яшаб бошлагандим. Банкда ишлайман. Ишим, уй жойим бакаму кўст. Бир эмас учта машина турибди ховлим олдида. Бир оилага нима керак бўлса ортиғи билан бор. Шу кунларда Ўзбекистонга қари онамни кўришга келувдим. Аммо безор қилиб юборишди. Битта қариндошим умуман мен танимайдиган бир аëлни бошлаб келибди. «Шуни Америкага боришига пригласительний қибер» деб ëқамдан оляпти. Йўқ, десам ҳам хира пашшадай ëпишиб оляпти. Бу бир марта бўлса майли эди. 20 кун ичида саккизта шундай хира пашшалар ҳужумига учрадим. Мен америка граждани бўсам, бу дегани ҳаммани эргаштириб олиб кета оламан дегани эмаску. Олдин эртакларда ўқигандим. Бир дев битта қишлоқ аҳолисини ер тагидаги ғорга қамаб қўяди. У ердан «мени қутқаринг, мени олиб кетинг» деган овозлар чиқаркан. Ўзбекистонам шундай бўлибди. Кимни кўрсам мениям олиб кет, дейди. Бошқа тарафдан бутун бир халқнинг каттадан кичиги Америкага бундай ихлос қўйганидан севиндим. Дарҳақиқат, Америка яхши кўришга арзирли давлат. Америка ўз конституциясида инсонга бахтли ҳаëт ваъда қилган ягона давлат.
МС: Бахт нималигини шоирлар билади. Данғаралик шоир Раҳимжон Раҳматдан эшитайлик. Мана мактуби.
Жиянимнинг пахтасига ким қарайди?
Бугун фермер жияним Қўлдошев Барҳаётни 10 суткага қамаб қўйишди.
Айби  – мажлисга бормагани.
Шундай.
Фермер жиянимни милиция ходимининг қонуний талабига бўйсунмади,  майда безорилик содир этди деб 10 суткага қамаб қўйишди.

Энди пахтага ким қарайди?

Воқеа ўн кунлар илгари бўлганди.
Жияним пахтага ўғит солаётган пайти фермерлар мажлисига чақирилган.У эса бормаган.Чунки пахтага ўғит солишга бошқа одам бўлмаган. Шундан сўнг, милисия ходими келиб жиянимни мажлисга олиб кетмоқчи бўлган. Жиян эса ишни чала ташлаб кетолмаслигини айтган. Шунда милиция ходими жиянимга куч ишлатаман деб оёғи сийқониб ариққа тушиб кетишига бир баҳя қолган. Оёғи сийқониб кетганидан алами килган милисионер (икки киши) жиянимни ИИБга олиб кетган.
Мана, бугун суд бўлиб, жияним ўн суткага қамалиб ўтирибди.
Юқоридаги саволни яна такрорлайман:  йўқ жойдан айб топиб фермерни қамабсизлар, ҳўш, унинг пахтасига ким қарайди.
Ҳосил барбод бўладими?
Биламизки, яқинда  Президент томонидан «зарбдор  ўттиз кунлик» эълон этилганди. Бу дегани ғўзага ҳар қачонгидан эътиборни, қаровни кучайтириш дегани. Зарбдор ўттиз кунликда фермер кечаю кундуз пахта даласи ичида бўлиши керак, уни мажлис деб чалғитиш Президент топшириғини саботаж қилиш ҳисобланади.
Мантиқ шундайки, зарбдор ўттиз кунликда пахтага ўғит солаётган фермер ҳақ, уни мажлисга чақирганлар эса ноҳақдир.
Июл ойи ва август бошлари ғўза парваришида муҳим давр ҳисобланади. Айнан шу даврда ғўза зараркунандалари авж олади, шунингдек, пахтанинг ўғитга, сувга талаби бениҳоя ошиб кетади.
Деҳқончиликни тушинмайдиган ёки шахсий амбициясини халқ ва давлат манфаатидан устун кўрган раҳбар ғўза парвариши учун муҳим паллада фермерларнинг вақтини олиб мажлис ўтказади.
Асли мажлисда фермерга фойдаси тегадиган гап гапирилмайди. Одатда раҳбарлар гўё яхши ишлаётганини кўрсатиш мақсадида фермерларни  бир жойга тўплаб мажлис ўтказади.
Ҳоким фермер фаолиятига аралашар  экан, билиб қўйинглар, Ўзбекистон Қишлоқ ҳўжалиги ривожланмайди.
Милиция ходимининг фермерни куч ишлатиб мажлисга  олиб кетиши қанчалик қонуний?
Милисия ходимида фермерни мажбуран мажлисга олиб бориш ваколати борми?
Ҳоким Ички Ишлар вакилига фалон фермерни куч ишлатиб мажлисга олиб кел деб бўйруқ бера оладими?
Хуллас,  саволлар кўп.
Жавоб эса жаҳолатдир, кўр-кўрона куч ишлатишдир, адолатсиз ҳукмдир.
Давлат бериб қўйган ваколатни  ўз фойдасига ишлатишдир.
Абдувохид Якубов, сиздан фермер жиянимнинг ўн суткага қамалишига  шарх беришингизни сўраган бўлардим.
Фермер жиянимга адолатсизлик қилинди.
Ниҳоят шахсан ўзим жамиятимизнинг  адолатсизлигига дуч келдим.
Биродарлар, фикрим ўзгарди.
Адолат бор деган озгина умидим бор эди, ўлди ўша умид.
+++
МС: Нега қамашибди бу фермерни? Ўзида ҳам бир тешалик иш бўлса керак.
РТ: Шоир Раҳимжон Раҳматнинг фермер жиянини  учаска нозири майор Мардонқулов Нодир ва унинг худудий бошлиғи майор  Ҳайдаров Ахрорлар қасддан қаматган экан.
МС: Атай қасддан қаматган экан. Нега?
РТ: Майор Мардонқулов Нодир буғдой ўрими пайти Рахимжон Раҳматнинг жиянидан  бепул сомон сўраган,  Ҳайдаров Ахрор бўлса «тракторинг маккамни текин култивация қилиб берсин» деб босим ўтказган. Раҳимжон Раҳматнинг жияни эса бу икки таъмагир миршабни рус кемаси кетган томонга йўллаб «Иди нохия» деган. Ҳар холда «Иди» деган, ëки пархонача андиша билан, «Ока сомон ўзимди моллардан ортмайди» деган. Хуллас  иккисининг ҳам гапини рад қилган. Охирида эса улар фермерни қасддан қаматган.
Ўртоқ Бобожонов, лутфан ўз миршабларингизни сомон билан таъминланг. Акс холда улар фермерлар сомонига суқланиб, жамият учун хатар манбаига айланишади.
МС: Туз оға, шуни қўшиққа солиб айтсангиз тушунади генерал Бобожонов. Хоразмда қўшиққа солинмаса бўлмайди.
Бермасанг текин сомон
Милиса қилар ëмон
Давом этар бу ҳамон
Миршаб отли зўровон
Келар фермерга томон
Ëмон бўлди бу замон
Отилар чертмак камон
Миршабга берсак сомон
Молларга етмас сомон
Миршаблар пора истар
Фермерлар чора истар
Судялар давно сотқин
Ментлар қўйнида ëтғин
Ҳоким бово ҳам ëмон
Бўлар зўравон томон
Текин томоқ сўлоқмон
Бермасанг текин сомон
Милиса қилар ëмон
Буни ëзди Рассом Туз
Адолатдан умид уз
Яхшиси занжирни уз.
Келаëтир ахир куз
Бўламизку юзма юз
Ëвғон шўрвангни сузгин
Йиртиқ тузумни бузгин
Тузум деса мен ўзим
Таъмагир очкўз  тизим
Тупургин. Ўгир юзинг.
Ўссин ишкомда узум
Хазонсиз кўклам кузинг
Бўлсанг йигит бўлсанг ҳамки чол
Порахўрнинг калласига сол.
Бу ўлкада бир умрга қол!!!
Яшанг шоир. Шиғирди бопладингиз. Энди  генерал бобожонов тўчний тушунди. Аммо мен тушунмай турибман. Бу шеърнинг жанри қандай. Ужасми, боевикми ëки комедия?
Шоирлар икки хил бўлади
Замонавий Ғарб либерал тараққиëт тутумини маъқулайдиган модернист (жадид) ва ўқимаган, ўз кўлмагини денгиз деб ўйлаб, мода, замонавий технологиядан ҳуркадиган қадимчилар. Ўткан асрнинг етмишларидаги шоир Омон Матжон АҚШга борганида сотиб олган жинси шим ва курткани фахр билан кияр ва Элвис Пресли  ҳамда The Beatles, хусусан, Жон Леннон қўшиқларига шайдо эди.  
Шоир шеърларида шитоб билан қум ичидан кетиб бораëтган темир йўл қаторларига қадим туялар муқояса қилинади. Умуман, техник тараққиëт ва модерн яшамни қўллаган шоирлар бошида Фурқат туради. Унинг эски араваларни танқид қилиб, пружинали коляска  ва симфоник оркестрни улуғлаган асарлари бор. Бу модерн шоирлар алайҳинда этник ва диний маҳдудликни қадрият деб ўйлаб, техника тараққиëти ва замонавий мусиқани душман биладиган руҳан колхозчи шоирлар тўдаси бор. Уларнинг руҳий падари Демян Бедний деган шоир эди. Шундай шоирларнинг бизгача етиб келган вакиласи Зулфия Мўминова дунë глобализмининг энг улуғ кашфиëти бўлган интернетни қарғаб шиғир ëзган.
«Интернет деган аждар, симидан томар заҳар»  
Ўткан асрда мен кўрган Зулфия «пахтага кетган автобусларга ҳавас қилган трамвай ва троллейбус» мулоқотини шеър қилган талантли ва асло қадимчиликка мойил бўлмаган шоира эди. Унинг қадимчига эврилиш метаморфозасидан бехабар қолибман.
Дарвоқе, мен шу қадар эски одамманки, 50 кило тош босадиган Зулфия Мўминовани Тош асрида «Илҳом» театридаги адабиëт кружогида кўргандим.
Ассалом Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
22 январ 2022
(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми. Боши ўткан сонда) «Холли қабристонни ўйчан қиёфада тарк этди. Бир чеким носни тил тагига ташлаб, ...
6 феврал 2023
Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг 6 феврал, 30-сонини тақдим этади.+++Ўзбек сенати Въетнамлик меҳмонлар дастурхонига тортган таомлар сметаси Элтуз таҳририятига келиб ...
25 сентябр 2021
Саид Муҳаммад Раҳимхон II Россия империясига ўз юртини бой берган Хиванинг охирги ҳукмдори эди. Аммо тан олиш керак, у ...
9 май 2023
Салом қадрли мухлислар, бугун 9 май эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади. Путин Марказий Осиёда ўз таъсирини ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...