Асосий мавзулар
10 сентябр 2024

Россия мудофааси издан чиқди, Юлдузнинг концерти бекор қилинди – 600’67

Воронежда ҳарбий омбор портлади, Рязанда сайлов комиссияси аъзоси хожатхона тешигига тушиб кетди, Иркутскда тоза сувга бағишланган фестивалда канализация ёрилиб сассиқ оқава дарёга оқизилди,  Киевда Украина ҳарбий салоҳиятини улуғловчи янги кўргазма очилди, Нью Йоркда эса Юлдуз Усмонова концерти бекор қилинди ва бу 600 СEКУНД

Украина ҳарбий кучлари Россиянинг Курск вилояти ҳудудларини эгаллашда давом этмоқда. Ҳарбий кучлар Суджа-Курск, Суджа-Лгов, Суджа-Рыльск трассалари бўйлаб ҳаракатланмоқда. Украина томонининг баёнотига кўра, ҳарбийлар август ойи охирига келиб ҳудуддаги 100 та аҳоли яшаш пунктларини эгаллашга муваффақ бўлган. Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бернс Financial Times газетасига интервю бериб, Украина ҳарбий кучлари тактик муваффақият қозонаётганини таъкидлади. Бернс фикрига кўра, ушбу ҳужум Россия мудофааси заифлигини яна бир бор тасдиқлади.

+++

Воронеж вилоятидаги ҳарбий заҳиралар омборидаги портлаш натижасида ўқ дорилар детонацияси давом этмоқда. Йўқ қилинган Россия заҳирасидаги қуроллар орасида жумладан Шимолий Кореядан келтирилган ракеталар ҳам бор. Йўқ қилинган қуроллар КН-23 баллистик ракеталари бўлиши мумкин. Қурол аслаҳа омбори жойлашган Солдатское қишлоғи аҳолиси эвакуация қилиниб, бу ҳудудда фавқулотда ҳолат эълон этилди. Айни пайтда Воронеж вилояти дронлар ҳужумига тутилмоқда. Дрон қолдиқлари 7 сентябрь куни ҳарбий омборга тушгач ёнғин чиққан. Украина мудофаасининг баён қилишича ҳужумдан мақсад Россияга Шимолий Корея берган ракеталарни йўқ қилиш бўлган.

+++

5 сентябрь куни Курск мудофааси учун жўнатилган Россия ҳарбий машинаси ағдарилиб кетди. Камаз ҳайдовчиси бошқарувни уддалай олмасдан бетон тўсинга бориб урилгани айтилмоқда. Натижада 80-чи русумли Танк-80 ағдарилиб кетган. Машина ҳайдовчиси воқеа жойида ўлган. Яна бир экипаж аъзоси оғир жароҳатланган.

+++

Эрон Россияга 200 дона баллистик ракета жўнатди. CNN ва Wall street жоурнал нашрлари бу ракеталар 112 километр масофага учувчи Фатҳ-300 модели эканини таъкидламоқда.

+++

Россия ҳарбий кучлари Донецк вилоятидаги Константиновка шаҳрига ҳужум қилди. Тўрт киши қурбон бўлгани ва уч киши жароҳатлангани хабар қилинмоқда.

+++

6 снтябр куни Украинадаги иккинчи жаҳон уруши тарихи музейида янги кўргазма иш бошлади. Ушбу кўргазма Украина ҳарбий кучларининг Россиядаги Курск вилоятига кириб боришини акс эттиради.

+++

Ҳисоб-китобларга кўра, АҚШ президенти Жо Байден президентлик даврининг 40 фоизини таътилда ўтказган. Ҳозирга қадар Байден 1330 кун президентлик қилган. Шундан 532 куни меҳнат таътилида ўтган.

+++

Дунё бўйлаб Икс (Х) ижтимоий тармоғИ фойдаланувчилари тизимдаги хатоликлар ҳақида шикоят қилишди. Бироқ носозлик сабаби аниқланмади.

+++

Россия сайлов комиссияси аъзоси тармоқда украинча қўшиқлар улашгани учун қамалди. Куч ишлатар тизим вакиллари сайловга 5 кун қолганда унинг уйига келишган. Сайлов комиссияси аъзоси Александр Нестеренко Бауман номидаги МГТУда дарс беради. Александр Нестеренко Vkontakte тармоғида учта украинча қўшиқ клипини бўлишгани учун миллий адоват қўзғашда айбланмоқда.

+++

Россия Украинанинг Суми ва Николаев шаҳарларига зарба берди. Сумида бир киши ҳалок бўлган. Николаевда эса кўплаб одамлар ҳужумга учраган меҳмонхона вайроналари остида қолди.

+++

Россиялик Рэп ижрочиси Алишер Моргенштерн устидан жиноий иш қўзғатилди. У хорижий агент вазифаларини бажармаганликда айбланмоқда.

+++

“Россия ветеранлари” жамияти аъзолари президентнинг бола ҳуқуқлари бўйича масъули Мария Лвова Беловага мурожаат қилиб, Алла Пугачева ва Максим Галкин болаларини ҳимоя қилишни сўраб чиқишди. Лиза ва Гарри Галкинлар Россия фуқаролари, улар анъанавий қадриятлар ва оилапарварлик руҳида тарбияланиши керак. Уларнинг тарбияси Россия стандартларига жавоб бериши лозим. Шунинг учун Гарри ва Лиза Галкинларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишингизни сўраймиз, дейилади мурожаатда.

+++

Рязан вилоятида кўча ҳожатхонасидан фойдаланаётган сайлов комиссияси аъзоси ҳожатхона чуқурига тушиб кетди. Ҳожатхона буткаси президент сайловидан кейин қурилган Агро-Пустыр тиббиёт пунктига қарашли. Сайлов комиссияси аъзоси бузилган ҳожатхона чуқуридан чиқариб олинди.

+++

Россияда руҳий касалликларни электрошок билан даволашга қарор қилишди. 2025 йил 1 январдан бошлаб касалларни даволашда электрошок терапияси қўлланилади. Собиқ иттифоқ даврида ушбу терапия маҳкумларни жазолаш учун қўлланилган.

+++

Россиянинг Иркутск вилоятида “Тоза сув саодати” номли фестивал ўтказилди. Фестивал давомида авария юз берди, канализация трубалари ёрилиб ахлат чиқиндилар Байкалдан оқиб келувчи ягона дарё Ангара сувларига тўкилди. Дарё соҳили қўланса ҳид билан қопланди. Россия ҳукумати “Тоза сув саодати” деган сайёҳлик брендини яратиш учун 2023 йилда 250 миллион рубл сарфлаган. Шаҳар канализацияси таъмирига қанча маблағ ажратилгани номаълум.

+++

Россия украин аскарларини ўққа тутгани боис Украинада тутқунда бўлган россиялик ҳарбийларнинг оиласига қўнғироқ қилиши тақиқланди.

+++

Хоразмлик фуқаро Матёқубов Ойбек Отабоевич Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган «Баркамол Қоракўл» МЧЖда ишлаб келиб ишхонадан катта миқдорда алюмин ўғирлади. Матёқубов Ойбек 2023 йил 17 декабрь куни умумий қиймати 17 миллион сўм бўлган қуйма алюминни Лабо мошинасига юклаб чиқариб юборган. Худди шу куннинг ўзида у умумий қиймати 10 миллион сўм бўлган қуйма алюминни Кобалтга юклаб ўғирлаган. Ўғри бу хом ашёни Чилонзор туманидаги метал қабул қилиш базасига сотиб юборгач? Хоразм вилоятига қайтиб кетган. «Баркамол Қоракўл» МЧЖ директори мурожаати билан Матёқубов Ойбек устидан жиноий иш очилди. 14 август куни ўғри устидан Зангиота туман суди ҳукм ўқиди. Матёқубов Ойбекка 27 миллион сўм зарарни қоплаб бериш мажбурияти юкланиб, 4 йил, 8 ой, 8 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

+++

Тўрткўл тумани Ёнбошқалъа овулида яшовчи аҳоли авто йўлни ўз ҳисобидан ҳашар қилиб таъмирламоқда. Ёнбошқалъа овулини Тўрткўл шаҳри билан боғловчи йўл ўнқир-чўнқир бўлиб кетган. Ёғингарчилик вақтида бу йўлларда юриш янаям қийинлашади. Мутасаддилардан йиллар давомида бирор ҳаракат бўлмагач? халқ ўзи ҳаракатга тушди. Ёшу-қари солиқ тўловчилар ўнқир-чўнқирларни таъмирлади.

+++

Тошкентда ўтказилган «Маcан» ва «Хчо» консертида оммавий тартибсизликлар юзага келди. Хавфсизлик чораларига қарамай, мухлислар саҳнага яқинлашиш учун оммавий равишда панжараларни бузиб киришди.

+++

Юлдуз Усмонованинг Нью-Йоркда 14-сентябрь кунги концерти Америкадаги яҳудий диаспорасининг норозилиги ортидан бекор қилинди.

+++

Шов-шувлар билан янги лавозимга келган, ахлоқсиз ҳаракатлари сабабли танилган собиқ Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев янги тайинланган лавозимидан олиб ташланди. Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов шаҳар ҳокими Ғофур Абдураҳмоновнинг ушбу ўйламасдан қабул қилинган қарорини бекор қилди. Элтузга яқин манбаларнинг айтишича, унинг лавозимидан олиб ташланганлиги ҳақидаги хабарни яна оммага маълум қилиб, вилоятни обрўсизлантирмаслик буюрилган. Собиқ ҳокимнинг лавозимга келишини шоҳона тарзда ёритган маҳаллий сайтлар лавозимдан олиб ташлангани ҳақида ёзишмади.

+++

Самарқанд шаҳри Майсазор маҳалласида яшовчи фуқаро Самандаров Баҳриддин Аблақулович ўз уйида наша етиштиргани сабаб қўлга олинди. Самандаров Баҳриддин ҳовлисидаги темир девор атрофидаги унумдор ерда бир туп наша ўстирган. Тинтув жараёнида ҳовлидаги ҳали қурилиши тугалланмаган ошхонадан икки қутида оғирлиги 200 грамдан ортиқ наша ва электрон тарози топилди. Шунингдек, фуқаро уйида гул тувакларда каннабис етиштиргани аниқланди. Суд жараёнида Самандаров Баҳриддин бу ўсимликни шахсий истеъмол учун ўстирганини таъкидлади. Бироқ уйдан топилган электрон тарози ва қутиларда сотишга тайёр қадоқланган наша фуқаронинг наркотик моддаси савдоси билан шуғулланади деб хулоса қилишга асос бўлди. Самарқанд шаҳар суди Самандаров Баҳриддин Аблақуловични 3 йил 8 ойга озодликдан маҳрум қилди.

Бу 600 секунд эди. Айни пайтга келиб Элтузнинг ютуб каналидаги обуначилари сони 675 мингдан ошди. Ёнгинангизда юз берган аммо сиз билмаган воқеалардан хабар топмоқчи бўлсангиз Элтузга обуна бўлинг. Агар каналимизни қўллаб қувватламоқчи бўлсангиз, суперчат, суперстикер ва супер рахмат тугмачаларини босинг,  соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
19 октябр 2017
15 октябр куни Самарқандда «Қўрқмаслар» гуруҳини тамсил қилувчи фаоллар – Малохат Эшонқулова ва Елена Урлаева ички ишлар ходимлари томонидан ...
18 апрел 2022
Украинада бедарак кетган 11 нафар сурхондарёликларнинг сўнги видеоси Буча туманига қарашли Колоншчина қишлоғи бозор қоровули томонидан 1 март куни ...
6 октябр 2020
6 октябрь тонгида Қирғизистондаги парламент сайлови натижаларидан норози қўзғолончилар давлат ҳокимияти бошқарув маркази бўлган Оқ уйни эгаллашди. Ижтимоий медиада ...
22 сентябр 2016
Қишлоқ хўжалигидан йироқ турли касбдаги одамлар, нафақат ўз оиласи ва ишини ташлаб далага чиқиши, балки бу ҳақда гапирмасликлари, шикоят ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...