Стокголмда Ўзбекистон Конституцияси куни байрам қилинди
Жорий йилнинг 7 декабр куни Стокголм шаҳрида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Ўзбекистоннинг швециядаги элчихонаси, маданият маркази ва ватандошлар жамияти ташаббуси остида маданий концерт тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни асли келиб чиқиши Хоразмлик, яқинда швед қироли ёрлиғини олишга муваффақ бўлган Ўзбекистоннинг Швециядаги янги элчиси Раҳматулло Нуримбетов очди. Ва у Конституциянинг Ўзбекистон ватандошлари ҳуқуқларини белгилашдаги роли ҳақида гапирди.
Элтузга интервью берган элчихона ходимасига кўра янги элчи Швеция билан Ўзбекистон ўртасида яқин алоқалар ўрнатиш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистондан ташриф буюрган хонанда ва созандалар гуруҳи кечага файз киритди.
Ўзбекистондан келган Халқлар дўстлиги созандалар гуруҳи рахбари Швецияда элчихона ташкил қилинганидан буён ўзбекистонликлар учун виза олиш жараёнлар анча енгиллашганини билдирди.
Ҳамма рақсга тушди. Хатто жаноб элчи Нуримбетов ҳам бу сафар дипломатик мулозаматни йиғиштириб қўйиб ўзбек турғунлари билан лазгига тушди.
Тадбир сўнггида ҳамма ошга таклиф қилинди.