Асосий мавзулар
28 январ 2025

15 гектар қулупназор бузиб ташланмоқда!

Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қўчқоровнинг буйруғи билан туманнинг Қодиробод ҳудудининг қирликларига экилган 15 гектар қулупнайзор бузиб ташланиш арафасида.

Бу ерларга эгалик қиладиган фермер Илҳомжон Мирзаолимовнинг айтишича, 2024 йилнинг бошида собиқ туман ҳокими, (ҳозирда Мингбулоқ тумани ҳокими) Аҳрор Мансуров фермерга экспортбоп маҳсулот етиштириш топшириғини берган. Фермер сув чиқмайдиган, балл бонитети 40 дан кам бўлган ерлари борлигини, агар ўша ерда қулупнай етиштирса, уни ички бозордан ташқари четга экспорт қилиш мумкинлигини, қулупнайни мураббо қилиб қайта ишласа ҳам туманнинг экспорт салоҳияти ошиши мумкинлигини айтади. Ҳоким қодирободликларнинг қулупнай етиштиришдаги тажрибаси юқорилиги учун фермерга ишчилар билан шартнома тузиб, қулупнай етиштиришни маъқуллайди.

Ҳоким топшириғидан сўнг, фермер ва қишлоқ одамлари маслаҳатлашиб, оғзаки келишув асосида бири 1 гектар, бири 30 сотих, яна бири 50 сотихдан бўлиб олиб, қулупнай етиштиришга киришади. 2024 йилнинг июнь ойида ҳокимнинг топшириғи билан фермер ва деҳқонлар Зангиота туманидан энг сара, экспортбоп қулупнай олиб келиб экишади. Ёзи бўйи қулупнайни парвариш қилишади, оила аъзолари билан биргаликда тагини чопиб, ўғит солиб, сув қўйиб меҳнат қилишади.

Декабрь ойида эса баъзи деҳқонлар бозорга эртароқ қулупнай олиб чиқиш учун экинни плёнкалаб қўйишади.

Нимадир бўладию туманнинг янги ҳокими тўнини тескари кийиб олади.

“Муҳаммадзоҳид Мунира” фермер хўжалиги раҳбарига 15 гектар қулупнайзорни бузиб, ерни текислаш ҳақида буйруқ беради.

Бу ерда 30 кишининг қулупнайи бор. Улар мол ҳолини сотиб, қарз ҳавола қилиб, менинг ва эски ҳокимнинг лафвзига ишониб қулупнай эккан. Бутун ёз бўйи оиласи билан шу ерда ишлаб, қулупнай пишиғида қўлим пул кўрармикан, деган ниятда меҳнат қилаётган эди. Шу ер 30 кишини бандлигини таъминлаганди. Оталар Россия, қўшни давлатларга иш излаб кетмай, оиласи бағрида деҳқончилик қилаётган эди, – дейди фермер.

Фермернинг айтишича, қулупнайлар эртапишар нав. Агар ҳоким апрелгача сабр қилса, март охири, апрель бошида қулупнайлар пишади, уни экканлар ҳам сотиб, сарфлаган пулини чиқариб олади. Оиласига беш – олти сўм олиб киради.

Битта фермерга аччиқ қилиб ҳоким бобо 30 оилани бор умидини сўндиряпти, – дейди деҳқонлардан бири.

Ўтган йилнинг май ойларида эски ҳоким туман қишлоқ хўжалиги ва кадастр бўлимига фермернинг 15 гектар ери қулупнай учун ажратиб берилганлиги тўғрисида ҳужжатлар тайёрлаш ҳақида оғзаки топшириқ берган. Аммо масъуллар фермер ва деҳқонларга “ҳоким айтдику, қилаверинглар ишни, ҳужжатларни тўғрилаб берамиз” деган, деб аризасини давом эттиради фермер Илҳомжон Мирзаолимов.

Бизни бир нарса ўйлантиряпти. Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов осмондан тушмаганми?

15 гектар ердаги қулупнай сотилса 30 оила камбағалликдан чиқиб, Тўрақўрғон тумани экспорт салоҳиятини оширишига катта ҳисса қўшишини наҳотки билмаётган бўлса.

Майли ернинг ҳужжатларини қилиш кечиккандир. Аммо инсонийлик нуқтаи назаридан қулупнай даромадига кўз тикиб турган деҳқонларга апрелгача имкон беришнинг наҳотки иложи бўлмаса???

Тағин ўқинг
29 ноябр 2024
РТ: Хафта Илон Маск учирган ракета каби зувв этиб айланди ва мен сизлар билан яна юзма юзман. МС: Ничиксизла мўччи ...
22 май 2016
Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова хизматларининг Испания ҳайрия жамғармаси томонидан юксак тақдирланиши Жамғарманинг Ўзбекистондаги реал вазиятдан мутлақо бехабар ...
21 сентябр 2020
Германияга даволанишга олиб кетилиб, ўша ерда ўлган бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг жасади 21 сентябрь куни Тошкентга олиб келиниб, ...
25 март 2021
(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми) Агар ҳайкалтарош узоқни кўра оладиган санъаткор бўлса, у яратган ҳайкаллар ҳам узоқ-узоқларга қараб туради. Бордию ...
Блоглар
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...