Абдулла Орипов Чиғатой мозорига кўмилади
Шанба эрталаб жони узилган Абдулла Орипов тошкентликлар коммунист-мозор деб айтадиган Чиғатой қабристонига дафн қилинишини Eltuz.com манбалари тасдиқлади:
«Шоир жасади солинган темир тобут душанба кечқурунги тўққизларга бориб америкадан етиб келиши кутилмоқда. Учоқ кечикмаса дафн маросими сешанба куни бўлади. Шавкат Миромонович, Ҳайриддин Султонов каби раҳбарлар келади деб йўллар асфалт қилинди¸ деворлар оқланди», дейди манба.
Бундан олдин шоирнинг жанозаси шанба куни Хюстон шаҳридаги масжидда ўқилган эди.
Манбаларга кўра, шанба ва якшанба кунлари ўлик жўнатишга мутасадди ташкилотларнинг ишламаслиги майитнинг Ўзбекистонга юборилишини пайсалга солган.
Eltuz.com манбасининг айтишича, якшанба кунидан бошлаб шоирнинг Дўрмондаги ҳовлисига фотиҳа ўқиш учун одамлар кела бошлаган.
Дуогўйларни шоирнинг акаси Абдураззоқ Орипов ва шоирнинг қизи Шоира Орипова кутиб олмоқда.
Айни манбанинг айтишича, муваққат президент доҳил ўзбек расмийлари имзо чеккан расмий таъзия душанба куни телевидения орқали эшиттирилади.
Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов 5 ноябрь куни эрталаб АҚШнинг Хюстон шаҳрида 75 ёшида вафот этган эди.
«Қора лола» шоирга сўнг маскан ҳозирламоқда
Шоирни Чиғатой қабристонига кўмиш тадориги Тошкентдаги «Қора лола» дафн хизматлари бюроси зиммасига юклатилгани айтилди.
Қабристони маъмурияти, «Қора лола» дафн хизматлари бюроси ва Тошкентдаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси расмийларининг нашримизга тасдиқлашича шоир учун қабристон марказидан жой ажратилган:
«Коммунист мозор деган гап совет пайти ўликларни духовой оркестр билан кўмган пайтда чиққан. Аслида бу қадимдан машҳур қабристон. У ерда Амир Олимхоннинг авлодлари кўмилган, дейишади. Қанча катта амалдорлар қўйилган. Бу ерга ҳукумат қарорисиз кўмилиб бўлмайди. Бу муаммо совет замонида ҳам бор эди. Шароф Рашидов раҳбар бўлган пайтида биринчи бўлиб «Чёрный тюльпан» бюросининг ўша даврдаги Расулов, деган раҳбарини қамаган эди. Кеййин тақдирни қарангки Шароф Рашидовнинг рафиқасини чиғатойга қўйиш проблема бўлган», дейди манба.
Чиғатой мозорида Ўзбекистонни биринчи президенти Йўлдош Охунбобоев, рассом Ўрол Тансиқбоев, ëзувчи Абдулла Қаххор ва қўшиқчи Ботир Зокировга қўйилган ҳайкаллар бор.
Eltuz.com