Асосий мавзулар
5 феврал 2018

Депутатлар нега кеч «уйғонди»?

Ўзбекистон парламентининг икки депутати Вазирлар Маҳкамасининг юридик шахслар автомобиллари ҳайдовчиларининг айнан «Аvtotest-Report» МЧЖ малака курсларида ўқиб, мажбурий сертификат олиши борасидаги қароридан норозилик билдирди.

Депутатлар Расул Кушербоев ва Қодир Жўраев ҳукуматнинг ўтган йил 4 сентябрда қабул қилинган бу қарори қайта кўриб чиқилишига эришмоқчи.

Демократик давлатларда депутатларнинг бу каби чиқишлари табиий ҳол. Аммо Ўзбекистон борасида бундай дейиш қийинроқ.

Шу нуқтаи назардан, икки депутат нега қарор чиққанидан қарийб беш ой ўтиб «уйғонгани» ғалатироқ кўринмоқда. Уларга бундай баёнот билан чиқишига юқоридан кимдир изн берган, деган фикр пайдо бўляпти.

Депутатлар томонидан шу пайтгача ҳукуматнинг бирорта қарорига қарши гапириш кузатилмагани сабабли бу шубҳада жон бордек кўринади.

Қолаверса, уларнинг чиқишлари яхшигина информацион қўллаб-қувватлашга эга бўлмоқда.

Тўғри, мамлакатдаги сиёсий ўзгаришлар тўлқинида Р.Кушербоев ва Қ.Жўраев жуда кўпчиликда норозилик уйғотган қарорга «виждон амри» билан қарши чиқяпти, деб ўйлаш ҳам мумкин. Аммо қўғирчоқ парламент вакиллари ҳақида гап кетганда бу фикрга асос мустаҳкам эмасдек.

«Аvtotest-Report» МЧЖ Давлат солиқ қўмитаси раҳбари Ботир Парпиевнинг қудратли бизнес империясига алоқадор, деб кўрилади. Унинг эгаси эса Б.Парпиевнинг яқин одами, президент матбуот хизмати раҳбари Комил Алламжонов экани айтилади.

К.Алламжонов давлатнинг чўнтагини ўз чўнтаги билан адаштириб қўйганига анча бўлган. Бир вақтлар «Бухгалтерга электрон мадад – БЭМ» дастури барча фирма ва компанияларга мажбуран тиқиштирилганди.

У пайтларда К.Алламжонов ДСҚ матбуот хизмати раҳбари эди. Энг қизиғи, бу дастурни сотишга бевосита солиқ идоралари ходимлари жалб қилинганди. Ҳолбуки, БЭМ дастурини сотадиган фирма К.Алламжоновнинг хусусий мулки эди.

«Аvtotest-Report» МЧЖ ва БЭМ фирмаси билан боғлиқ бу воқеалар давлат ваколатларидан фойдаланиб шахсий бойлик орттиришнинг энг ёрқин кўринишларидан биридир.

Бу коррупционерлар ҳатто ҳукуматдан ўзларининг манфаатларига хизмат қиладиган алоҳида қарор чиқартиришга эришгани эса уларнинг қудратидан дарак беради.

Назаримизда, парламент депутатларининг кеч бўлса-да «уйғониши» мана шу қудратли кучга қарши чиқишга қарор қилинганидан дарак беради.

Мазкур саъй-ҳаракатлар ортида ҳам қудратли кучлар борга ўхшамоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 декабр 2024
Сўзлари қўшиқ бўлган юртнинг севимли шоири Усмон Азимга Қозоғистоннинг Алаш соврини берилди. Бу сийлиқ соврин Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ташкил ...
10 март 2020
Рассом Кирпи Eltuz.com
22 май 2019
Малика Собирова 1942 йилнинг 22 майида ўзбек найчиси Абдураҳим Собиров ва осетиялик шифокор Мадина опа оиласида туғилиб, ëшлигидан нафосатга ...
1 май 2015
Ислом Каримов Ўзбекистонга 1989 йилдан раҳбарликни бошлаган. 24 йил аввал. Жуда ҳам қадимдан. Бу вақт ичида у анча қартайиб ...
Блоглар
9 май 2025
Хитой, Туркманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Беларусь, Монголия, Ўзбекистон, Вьетнам, Лаос, Миср раҳбарлари Москвадаги “ҒАЛАБАФУРУШ” парадида империячи ...
30 апрел 2025
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
8 апрел 2025
Бошқирдистоннинг Ay Yola мусиқа гуруҳи яратган Homay қўшиғи туркий халқлар суперхитига айланди ва Shazam рейтинги ...