Асосий мавзулар
21 май 2018

Андижон ҳокими Раҳматуллаев оғзи шалоқлигича қолмоқда

Андижон шаҳрининг сўконғич ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг тилини тушовлашнинг умуман имкони бўлмаяпти.

Ўтган йили шундай феъли сабабли у суд қарори билан энг кам иш ҳақининг 30 баравари (5 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилган эди.

Бу жазо ҳокимга пахтага кам одам чиқарган коллеж ва лицейлар директорларини “ҳайвон”, “шакал”, “эшак”, “падарингга лаънат” каби таҳқирловчи сўзлар билан ҳақорат қилгани учун берилганди.

Аммо бу чора Андижон ҳокимига заррача таъсир этгани йўқ. 2018 йил бошида Дилмурод Раҳматуллаев металлолом топшириғини бажармаган ва болалар спорти жамғармасига пул ўтказмаган раҳбарларни яна “ифлос, шакал, тварь, ҳайвон” каби сўзлар билан ҳақоратлади.

Ҳокимтўранинг хурмача қилиқлари ҳукумат имижига салбий таъсир этишини ҳисобга олган шекилли, бир ойча муқаддам у шахсан бош вазирнинг ўзидан сўнгги огоҳлантириш олган эди.

Буни қарангки, Андижон шаҳри ҳокими президентнинг вилоятга ташрифи арафасида ободонлаштириш ишларига оид 15 май куни бўлиб ўтган йиғилишда ​маҳаллий ташкилотлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг айримларини яна чапаничасига сўккани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Шунча шов-шув ва акс садоларга қарамай, бу ҳокимтўранинг тилини тушовлаб бўлмаётганига қандайдир сабаб бўлиши керак назаримизда.

Ўзимизга тусмоллаб бунга жавоб топишга ҳаракат қилдик. Фикримизча, ҳокимнинг сўкинишни бас қилмаётганига учта сабаб бўлиши мумкин.

Биринчи тахмин шуки, унинг шу даражада ишонган тоғлари борки, ҳатто бош вазирнинг огоҳлантиришларидан ҳам қўрқмайди.

Иккинчи тусмолимиз – ҳокимтўра сўкиниш ваколатини анча юқоридан олган. Бошқа сабаб эса унинг сўкиниш касали билан боғлиқ руҳий ҳолати бўлиши мумкин.

Энди бу тахминлар юзасидан баъзи мулоҳазаларни баён қилсак. Ҳокимтўра ҳеч кимдан қўрқмаётган экан, демак унинг ишдан кетишини кутиш фойдасиз.

Агар сўкиниш ваколати унга юқоридан берилган бўлса, унда бунинг учун барча масъулият ўша юқорининг зиммасида бўлади.

Мабодо сўконғичлик сабаби Д.Раҳматуллаевнинг руҳиятидаги бузилишлар оқибати бўлса, у ҳолда ҳокимни дарҳол тегишли тиббий мутахассислар текшириб, чоралар кўриши керак. Акс ҳолда вазият эрта бир кун ҳокимият нуфузини ерга урадиган даражага етиб бориши, хунук оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча Андижонга сафаридан кутилган энг катта натижалардан бири шу ҳокимнинг ишдан олиниши экани ҳақида мустақил матбуотда ва ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалганди. Аммо улар ўз тасдиғини топгани ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Тасдиқланган маълумот шуки, президент оғзи Андижон шаҳри ҳокиминикидек шалоқ бўлмаса-да, кези келганда сўкишларни қойиллатадиган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўзи энг ишонган ҳокимлардан бири эканини айтиб, уни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Савол туғилади: вилоят ҳокими шаънига айтилган бу қўллаб-қувватловлар унинг раҳбарлигида ишловчи шаҳар ҳокими томонга ҳам ишора эмасмикин?!

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 март 2019
Ўзбекистонлик шоир, 56 яшар Маҳмуд Ражаб 26 март куни эрталаб 8.30 ларда Гуржистоннинг Тифлис шаҳридан қайтаётганида Тошкент аэропортида ўзбек ...
19 апрел 2023
Салом қадрли мухлислар, бугун 19 апрел, эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади. +++ Сурхондарё вилояти Узун туманидаги ...
13 феврал 2025
24 январь куни «Бухоро давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, Бухоро муҳандислик-технология ...
11 апрел 2017
Шерали Жўраев халқ севган хонанда 70 ёшга тўлди. У 1999 йилдан буён ўзбек ҳукумати пешволари назарида Муҳаммад Солиҳнинг дўсти ...
Блоглар
14 июл 2025
Рассом оға доим боласини ўрис боғча ва мактабга берганларни қоралайди. Бу фикрга тўлиқ қўшиламан. Доим ...
18 июн 2025
«Ўзбекча фикрлаш»ни мусорга отвормасак дунëга разил бўлишда давом этамиз.Нима ўзи «Ўзбекча фикрлаш»?Масалан Ўзбекистон қонунида «жинс ...
16 июн 2025
Театр замон юзига кўзгу тутиши керак. Лекин ўзбек театри буни эплай олмаяпти. Драма ëзадиган бирорта ...