Асосий мавзулар
4 март 2021

“Президентнинг Андижонга келиши”га туну кун тайёргарлик

Андижон шаҳрининг йиллар давомида эътиборсиз қолган кўчалари обод қилина бошланди. Чуқурлар ямалиб, лой кўчаларга асфальт ётқизилмоқда. Эски канализация қувурлари янгисига алмаштирилмоқда. 

Одамлар қаёқдан кун чиққанига ҳайрон. Шу пайтгача бирор раҳбар бош суқмаган чекка маҳаллалар, ички кўчаларда ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари кетмоқда. 

Аҳоли вакилларининг айтишича, маҳаллий раҳбарларга инсоф киришига  Ўзбекистон президентининг Андижонга ташрифи кутилаётгани сабаб бўлган. 

“Бир йил олдин кўчамиз ковланиб, қувурлар алмаштирила бошланган, кейин эса ўша ҳолича ташлаб кетилганди, – дейди шаҳарнинг Майдон бозор деб аталувчи ҳудудида яшовчи фуқаро Дилфуза Қосимова. – Ўйдим-чуқур, лой кўчаларда қиш ичи роса қийналдик. 

Табиий газимиз ҳам йўқ. Баллонли газ икки ойда бир келади. Бир ҳафтадан бери эса йўл қурувчилар кўчамизда туну кун ишлашмоқда. Шаҳар ҳокимлиги вакиллари кунда шу ерда. Газ баллони бир ҳафта ичида 2 марта келди. Мирзиёев тез-тез келиб турса бўларкан”.  

Айни кунларда шаҳардаги Темирчилик, Саноат кўчалари ва Қўшариқ даҳасида йўлсозлар кеча-кундуз меҳнат қиляпти. Йўл бўйларида-ку, иш бир зум тўхтагани йўқ.

Давлат раҳбари ўтган ойда Фарғона ва Наманган вилоятларига ташриф буюрган, кутилмаганда йўналишни ўзгартириб, режада белгиланмаган кўчаларга кириб борган эди.

– Менимча, ҳокимликдагилар президент Андижонга келганида ҳам шунақа қилади, деб ўйлашяпти. Шунга қўрққанидан “орқаларини ёпишяпти”, дейди Қўшариқ даҳасидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Шукрилло  Аҳмедов. 

Ҳозирча президентнинг вилоятга ташрифи санаси ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Вилоят ҳокимлигида ишловчи манбанинг маълум қилишича, давлат раҳбари катта эҳтимол билан март ойининг иккинчи ярмида келиши мумкин. 

Бироқ унинг келишидан кўра яна бирор ой келмай туришини хоҳлаётганлар жуда кўп. Чунки бу хабарнинг ўзиёқ аҳолининг кўплаб муаммолари ечилишига олиб келмоқда.

– Ҳокимлар мулойим тортиб, мурожаатчиларни қабул қила бошлади, банкларда кредитлар берилиши тезлашди. Қанийди президент ана бораман, мана бораман, деб ташриф муддатини чўзиб турса. Баҳонада ҳамма кўчаларимиз асфальтланиб, маҳаллаларимиз анча ободлашиб қолади, – дейди аҳоли вакилларидан бири.

Тағин ўқинг
27 март 2017
Ўзбекистонда шу пайтгача кўкларга кўтарилиб мақталиб келинган таълим тизимининг асл аҳволи тўғрисида аччиқ ҳақиқатлар ошкор бўлаётгани, оммавиий ахборот воситаларида ...
14 январ 2020
2001 йили Муҳаммад Солиҳнинг ҳаётига суиқасд қилишга уриниш бўлади. Бироқ Норвегия ҳукумати ва Солиҳнинг дўстлари саъй-ҳаракатлари билан бунинг олди ...
29 апрел 2023
Рассом Туз: Тарих улуғ мураббий. Устозлар ëди муқаддас.  Матчон Суқулиш: Туз оға бугунги гунам эртанг учун тарих. Сиз бугуннан ...
4 май 2018
Диний идорага яқин бир манбанинг «Элтуз» нашрига билдиришича, 60 яшар Анвар қори Турсунов 1 май куни сунъий кома ҳолатидан ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...