Зарбдор ҳокими пахта планни бажармаган фермерни қамади
Ҳа айнан шундай! Худди ўрта аср феодал султони каби хоким “қама” деди. Ўзбекяистонда суд ва ижро ҳокимияти мавжудлигидан беҳабар Бобожоновнинг туғма овсар миршаблари фермерни шартта қамаб ташашган. Мабодо золим ҳоким Эргаш Солиев бу миршабларга “фермерни калласини ол” деса шартта болта билан чопиб ташармиди. Хўп энди бир бошдан айтсам.
2024 йил 29 ноябр куни Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ўзининг таъбири билан айтгандай “орадан 7 йил ўтиб” вилоят прокурори ва бошқа раҳбарларни олиб Зарбдорга келган. У туман ҳокимиятида фермерлар билан йиғилиш қилиб, уларни пахта режасини қанча фоизини бажарганлиги борасида бирма-бир сўроқ қилган. Йиғилиш ниҳоятда асабий, дўқ-пўписа ва ҳақоратларга бой бўлганлигини йиғилишдан кейин қон босими ошган, юраги ҳасталанган фермерлар тасдиқлайди.
Хоким Эргаш Султонов ўрис тилидаги ва ўзбекча сўкишларни шу қадар кўп ишлатган. Бемалол унинг алжирашидан “сўкишлар энциклопедиясини” яратса бўлади. Айниқса “долбëб” деган сўз энг кўп ишлатилди.
Мазкур йиғилишнинг авж нуқтаси пахта режани бажара олмай, давлатдан катта қарздор бўлган зарбдорлик фермерни қамаш ҳақидаги буйруқ билан якунланди. Ўзининг фермерга қарата “сен пахта планини қанчасини бажардинг” дея берилган саволига, исталган жавобини ололмаган ҳоким фермерни қамаб қўйишни буюрди ва у шу заҳотиёқ залдан ички ишлар ҳодимлари томонидан қамоққа ташланган.
Судсиз сўроқсиз. “Ҳоким буюрди” деб қамоққа ташлаш Бобожонов миршабларининг нотавон аҳволидан дарак.
Дарғазаб вилоят ҳокими бу туманга 7 йил ўтиб ташриф буюргани сабаби бу йилги туман пахта режаси бажарилмагани ва фермерларнинг қарздорлик ҳолатини муҳокама қилиш эди. У вилоят прокурори билан фермерларга қўпол муомалада бўлиб, уларни бирма-бир сўроқ қилган.
Пахта терими ва қарздорлиги билан боғлиқ бундай оҳангдаги йиғилишлар ҳафтасига бир неча марта туман раҳбарлари томонидан ўтказилаётгани айтилмоқда. Бу йиғилишлар баъзида туман ҳокимиятида, баъзида банк идораларида, баъзида прокуратура, ички ишлар идорасида ёки далада ўтказилади.
Ўтган ҳафта пахтадан қарздор фермерлар Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасига чақирилган ва бир неча соатлаб ушлаб турилган.
Сўнги кунларда бўлаётган бу мажлисбозлиқ ва дўқ-пўписалардан мақсад – фермерлардан қарзни тезроқ ундириш. Ҳозирда фермерларга 5 декабрга қадар пахта етиштириш ортидан орттирилган миллионлаб қарздорликни узиш талаби қўйишган. Лекин фермерларда бунча маблағни қисқа муддат ичида узишга имконият йўқ.
“Қарздорлиги бор фермерларнинг аҳволи жуда оғир. Милиция нечталаб фермерларни ҳокимни буйруғига кўра 5-6 соатлаб қамаб қўйяпти. Фермерларнинг уйидаги чорва моллар, уй жиҳозларини олиб кетишга ҳаракатлар бошланган. Агар фермернинг машинаси бўлса, уни ҳам милиция олиб қўйган. Энди то қарздорлик узилмагунча, фермерлар азобда яшайди. Вақтида пахтага сув беришларини сўраганимизда бизни эшитишмади” – дейди маҳаллий фермерлардан яна бири.
Бу йил пахта терими мавсумида фермерлар теримчи топишда қийинчиликка дуч келди. Пахта териш машиналарига талашиб, фермерлар бир-бирларини урган ҳолатлар ҳам содир бўлган. Лекин фермерлар қўл теримини афзал кўришади. Бунинг сабабини эса қўлда терилган пахта юқори навга қабул қилиниши ва яхшироқ тўлов қилиниши билан асослашади. Аммо қўл терими учун теримчилар сон бу йил кескин камайган. Бу борада фермерлардан бири шундай дейди:
“Ҳали ҳам пахтаси тўлиқ териб олинмаган далалар бор. Лекин теримчи йўқ. Бу пахтани тердиришдан фермерга наф йўқ. Агар теримчи топиб, килосини 2500 сўмдан тердирса, бу пахтани хлопзавод узоғи билан 4500 сўмга олади. Чунки кейинги теримлар пахта пунктлари паст сортга баҳолайди. Шу сабабли фермерлар эндиги пахтани тердиришдан фақат зарарга киради. Биз вақтдан ютқазиб қўйдик. Сентябрда теримчиларга 1200 сўмдан тўлаш ҳақидаги қарордан кейин одамлар теримга чиқмади. Бу ўтган йилги нархдан ҳам паст эди. Сентябр ойида деярли теримчилар пахтага чиқмади. Октябрда терим нархи ошганида эса биз бир ойни қўлдан бой берган эди. Кейинроқ терим нархи 2500 сўмга чиққан бўлсада, совуқ кунлар бошлангани боис, аҳоли далага чиқмади”.
Шунингдек, фермерлар фьючерс шартномасида кўрсатилган нархлар пахта терими мавсумига келиб ўзгартирилганидан норози бўлишмоқда. Йил бошида пахта калстерлари билан биржа орқали тузилган шартномаларда пахта нархи 8200-8500 сўмга баҳоланган эди. Бироқ терим бошлангач, бу нархлар 6500 сўмга туширилгани ва нарх масаласида муҳокамалар бошланган. Гарчанд, 1000 сўмдан субсидия қўшиб берилиши ҳақида фермерларга тушунтириш берилган бўлсада, бу нарх уларнинг пахта етиштириш учун қилган харажатларини қопламайди. Бунинг ортидан эса фермерларда катта миқдордаги қарздорликлар пайдо бўлиб, уларга буни зудлик билан тўлаш талаблари қўйилмоқда.
Бир сўз билан айтганда Жиззах вилояти Зарбдор туманида фермерлар пахта ҳосили билан боғлиқ қарздорлик сабаб қаттиқ тазйиқларга дучор бўлмоқда.
Фермерларнинг айтишларига кўра, туманда пахтачиликка асосланган тахминан 300 та фермер хўжаликлари мавжуд.
Пахта терими охирлашиб, бу йил теримчилар топишда ниҳоятда қийналган фермерлар деярли ҳар 2-3 кунда туман мутасаддилари, туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлинмаси, туман солиқ қўмитаси ва банк раҳбарлари иштирокидаги Зарбдор туман ҳокимиятига йиғилишга чақирилмоқда. Асосий мавзу – пахта терими тугаган ва тумандаги деярли 45-50 фoизга яқин фермерлар пахта ҳосилини қарздорлик билан якунлаган. Фермерлар йил бошида кластер билан фьючерс шартнома тузиб, пахта етиштирган. Ва турли сабабларга кўра улап шартномадаги режани бажара олишмаган ва катта қарздорлик ҳосил бўлган. Бунинг энг асосий сабабларидан бири эса туманда фермерларга пахтани ўз вақтида суғориш учун етарлича сув берилмагани билан боғлиқ.
Фермерларга пахтани суғориш учун етарлича сув берилмаётгани, туман раҳбарларига бу масалани кўтарган фермерлар эса босимларга, тазйиқларга дучор бўлгани ҳақида Элтуз ёз ойларида хабар қилган эди.
Элтузга мурожаат қилган Зарбдорлик фермерлар буғдой ва пахтани суғориш учун сув танқислиги билан боғлиқ жиддий муаммолар борлигидан шикоят қилишган эди. Суғориш суви етишмаслиги оқибатида кўплаб фермерлар 2024 йилги буғдой режасини бажара олмаган ва бу муаммо пахта ҳосилига ҳам таъсир кўрсатишидан хавотир билдиришганди. Уларнинг хавотирларига асос борлигини бугунги вазият яққол намоён қилмоқда. Сув берилмади, пахта яхши етилмади, исталган ҳосил режаси тўлмади, ва оқибатда фермерлар шартномада белгиланган режани бажара олмади, камига катта қарздорликка кирди.
“Бу йилги вазият ўтган йилгидан кескин фарқ қилади. Ўтган йили пахта ҳосилидан даромад кўрган фермерлар бор эди. Бу йил деярли тумандаги деряли 40-50 фоиз фермерлар пахта режасини бажара олмади. Қолганлари эса ё учма-уч режани бажарган, ёки мутассил босимлардан қўрқиб пахта сотиб олиб режани ёпди” – дейди исми сир қолишини сўраган зардборлик фермерлардан бири.