Document UZ
13 декабр 2023

Ғафур Раҳимовга иш очилмаган, бироқ у АҚШ қора рўйхатида

Ўзбекистонда жиноят доираларида танилган тадбиркор Ғафур Раҳимовга нисбатан жиноят иш очилган эмас. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев 12 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирди.

“Бугун бизда бу шахсга (яъни Ғафур Раҳимовга) нисбатан жиноий иш очилгани йўқ. Бу шахс [Ички ишлар бош бошқармасига] олиб кетилмаган ва қидирувга ҳам берилмаган”, деди Дониёр Тошхўжаев.

Аввалроқ  Ўзбекистонда ўтган ой охирида бошланган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида бошқа “авторитетлар” қатори Ғафур Раҳимов ҳам қидирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ бу маълумотлар ўз тасдиғини топган эмас. 

6 декабрь куни эса Ғафур Раҳимовнинг бир гуруҳ кишилар қуршовида Тошкентдаги “Чорсу” бозорида бамайлихотир юргани видеосини Элтуз тарқатган эди. 

Бироқ, Элтузга ишончли ва аниқ манбалардан маълумки, «Долзарб 40 кунлик» тадбирлари доирасида дастлаб Ғофур Раҳимовни ҳам қидира бошлашган, тадбиркор-мафиози дастлаб Тошкентда ўз яқинларидан бирининг уйида яширинган, сўнгра Дубайга айланма йўллар билан бориб, ўз келажагини кафолатлагач, Ўзбекистонга қайтган эди.  

Ундан ҳам аввал ижтимоий тармоқларда Раҳимовнинг Тошкентдаги халқаро бокс тадбирида президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров ва ҳатто ўғли Миралишер Мирзиёев билан бир қаторда ўтиргани тасвирланган суратлар пайдо бўлган эди.

Ғафур Раҳимовнинг “Биродарлик халқаси” номли жиноий гуруҳ етакчиси сифатида АҚШда халқаро қидирувга берилгани унинг Ўзбекистондаги фаолияти ва имижига таъсир қилмаган.

Ўзбек матбуоти уни йирик тадбиркор ва меценат дея таърифлайди.

Уч йил аввал Ғофур Раҳимовнинг Халқаро Бокс Ассоцияцияси – AIBA президентлигига сайланиши боксни олимпия ўйинларидан чиқарилиш хавфи остида қолдирган эди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси, агар AIBA ўзининг бошқарувидаги муаммоларни бартараф этмаса, боксни Токио Олимпия ўйинлари дастуридан олиб ташлаши ҳақида огоҳлантирганди.

ХОҚ огоҳлантирувидан бир ҳафта ўтиб Раҳимов AIBA президентлигидан истеъфо берган.

2020 йилда  Ғафур Раҳимов АҚШнинг қора рўйхатига ноқонуний киритилгани ва ўзини бу рўйхатдан чиқаришни илтимос қилиб ариза киритган. 

Аммо Қўшма Штатлардаги Колумбия округ суди Ғафур Раҳимовнинг бу аризасини қаноатлантирмаган эди.

“Суд даъвогарнинг санкциялар рўйхатига киритилгани асосли бўлган, деб ҳисоблайди ва бу масалага қайтиш учун процессуал муаммолар айни пайтда мавжуд эмас. 

Яширинча тасвирга туширилган видео суд томонидан кўриб чиқилди. Бу видеода Раҳимовнинг жиноят олами авторитетлари билан алоқаси тўғрисида қўшимча далил-исботлар мавжуд”, дейилади судья Жеймс Босберг чиқарган ажримда.

Суд ажримида айтилишича, Ғафур Раҳимов ўзининг жиноят олами билан алоқаси йўқлигини ва судга тақдим этилган видеоёзув нотўғри эканини асословчи далилларни тақдим эта олмаган.

2002 йилда ФСБнинг собиқ полковниги Александр Литвиненко “Лубянская преступная группировка” номли китоб чоп қилган эди.  Унда сўз Россия куч ишлатар тизимлари иши ва уларнинг оператив маълумотларни тўплаш услуби ҳақида  боради. 

Китобнинг «Узбекский след» – «Ўзбек изи» номли бобида Литвиненко, Ғофур Раҳимовнинг Марказий Осиёдан Россияга ва у ердан Ғарбга борувчи наркотраффикни тўлиқ назоратга олишга муваффақ бўлгани ҳақида ёзади.

Китобда бу ишни амалга оширишда Ғофур Раҳимовга  унинг генерал Дўстум ва ФСБ идораларидан бири бошлиғи Евгений Хохолков билан яқин алоқалар ёрдам бергани таъкидланади.

Элтуз уйдаги гапни кўчага олиб чиқади. Бизни кузатишда давом этинг. Видеоларимизга лайк босинг, каналимизга обуна бўлинг!

Тағин ўқинг
18 январ 2016
23 ёшли Сардор Милано Тошкентда Ëшлар симфоник оркестри жўрлигида яккахон концерт уюштиришга азму қарор қилганида “Ўзбекнаво” мулозимлари бу концертга ...
25 октябр 2015
Ҳалокат Анвар ўтирган Матиз машинаси пахта ортилган трактор прицепи билан тўқнашуви натижасида содир бўлган. Ҳозирда машина ҳайдовчиси оғир аҳволда ...
2 ноябр 2015
Улуғбек Ашур Eltuz.com АҚШ давлат котиби Жон Керри ва Ислом Каримовга «ноқулай» савол берган журналистларнинг матбуот анжумани ўтаётган залдан ...
8 июн 2021
Рассом Элсевар
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...