Асосий мавзулар
27 сентябр 2023

Ўзбекистон расмийлари одам ўғирлаш ва гаров талаб қилиш жиноятига алоқадорми?

Адлия тизими ва қонунлар ишламай қўйса, давлат қароқчи ва талончилар тўдасига айланади. Бу ақлли гапни бир минг еттиюз йил олдин Жазоирда яшаган файласуф Аврелий Августин айтган.

Бой одамни ўғирлаб, овлоқ жойга обориб қамаб, унинг яқинларига қўнғироқ қилиб, “миллион доллар берсанг озод қиламиз” деган саҳналарни олдин чет элда ишланган детектив фильмларда кўрардик.

Бундай жиноят қонунлар ишламайдиган, полиция жиноят оламига тўла бўйсунадиган Колумбия ботқоқлари ëки Жанубий Африка чангалзорларида юз беради, дея ишонардик.

Элтуз журналистлари сўнгги 10 кун давомида суриштирув ўтказган ҳодисада Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари Туркия ватандошини ўғирлаб, пул талаб қилган халқаро жиноий тўда билан шериклик қилгани фактлари юзага чиқди.

Кўрганиимиз киноларда ўғирланган одамни сақлаш учун тоғу тошлардаги овлоқ жойлар танланади. Қирғизистонда турк тадбиркорини ўғирлаб яқинларидан пул соғмоқчи бўлган жиноятчилар учун Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги изоятори гаровга олинган тадбиркорни сақлаш учун энг маъқул жой ўлароқ танланди. Иддаога кўра, Тошкентдаги ИИБ ходимлари Қирғизистондаги одам ўғрилари билан жиноий шерик бўлган.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари, хусусан Ички ишлар вазирлиги ходимлари Туркия ватандошини ўғирлашда қай тарзда иштирок этди?

Бу савол жавобини топишдан олдин воқеа тафсилотларини баëн қилсам. 2023 йилнинг 21 июлида Туркиянинг Истанбул шаҳар Бош прокуратурасининг бош офисига Туркия ватандоши Абубакр Хоқоний мурожаат қилади. Элтуз мухбирлари кўриб танишган шикоятда ëзилишича, унинг укаси 32 яшар Ҳолид Ҳоқоний Қирғизистонда ўғирланган ва мажбуран Ўзбекистонга олиб борилган. Мақсад унинг яқинларидан катта пул ундириш бўлган.

Олдинига бир миллион талаб қилишган ва кейинроқ бу сумма тўрт миллион долларга қадар юксалган. Бу шикоят асосида Туркия ҳуқуқ тартибот органлари суриштирув бошлади. Элтуз мухбирлари танишган ҳужжатлар ва ўғирланган тадбиркор Ҳолид Ҳоқоний яқинлари ҳикоялари асосида содир бўлган жиноят пазлларини бир жойга йиғиб, манзарани тўла тасвирлашга ҳаракат қиламиз.

Одам ўғриларининг Туркиядаги ҳамкори Зубайр Қошғорий

2023 йил 25 июнь. Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги Манас халқаро аэропорти. 32 яшар Туркия ватандоши Ҳолид Ҳоқоний Истанбулга учаëтан учоққа чиқиш учун талонни олиб йўлак бўйлаб юрмоқда. У чегарадан ўтаëтган пайтда полиция тўхтатиб “сиз билан манави одамлар гаплашмоқчи” деб, аэропорт ташқарисидаги граждан кийимидаги одамлар қўлига топширади. Бу шубҳали одамлар Туркия ватандоши қўлидан телефон ва паспортини куч ишлатиб, мажбуран олиб қўйишади.

Элтуздаги маълумотга кўра, паспорт ва телефонни олиб қўйган кишининг исми Абдуллоҳ бўлган. Кейин Ҳолидни машинага тиқиб, аэропорт яқинидаги бензин заправкасига олиб боришади.

У ерда бошқа машина кутиб турган эди. Ўғирланган турк ватандошини ўша машинага ўтқазиб, навбатдаги бензоколонкага олиб боришади.

У ерда машинага Ўзбекистон ватандоши Бахтиëр Аметов чиқиб олади. Шундан кейин машина Бишкек атрофидаги хусусий хонадонлардан бири олдида тўхтайди. Ҳолид Ҳоқоний кўзларини боғлаб, мажбуран шу уйга обкириб, қамаб қўйишади.

Шундан кейин ўғирланган турк ватандошининг Истанбулдаги акасига ўзини Зубайр Қашқарий деб таништирган Ўзбекистон ва айни пайтда Туркия ватандоши бўлган кимса телефон қилади: “Уканг бизнинг қўлимизда. У биздан қарздор. Миллион доллар олиб келсанг уни соғ салим сенга топширамиз. Акс холда уни қайтиб кўрмайсан” деб талаб қўяди.

Бу ултиматив суҳбатга Муҳаммад исмли яна бир тип ҳам қўшилади. Ўғирланган Ҳолиднинг акаси одам ўғриларидан иниси билан алоқа боғлашни сўрайди.

Ўғрилар қўлидаги ука: “Мен бу одамларни танимайман. Улардан қарзим йўқ. Мени ўғирлашди” дея телефонда қисқа месседж беришга улгуради.

Афсуски, аксар шундай холатларда бўлгани каби, ўғирланган турк ватандошининг акаси Абубакр ва хотини Жамила полицияга мурожаат қилмайди. Укани қутқариш учун зарур суммани барча қариндош, танишлар бир орага келиб йиға бошлашади. Ака 300 минг доллар суммани йиғиб жиноятчиларга етказади. Лекин бу пулни олган одам ўғрилари турк ватандошини озод қилишга шошилмайди. Аксинча, гаровдаги одам озодлиги учун тўлов суммасини оширишади.

“Энди бир ярим миллион берсанг акангни олиб кетасан” дейилади. Бу бир ярим миллион доллардан ташқари ўғирланган турк ватандоши эгалик қиладиган Қирғизистондаги лавр баргидан зиравор ишлаб чиқарадиган заводни ҳам ўғрилар номига ўтқазиб бериш талаб қилинади.

Шу тариқа Туркия ватандоши 8 кун Бишкек яқинидаги “хонадон қамоғида” қолади.

Туркия тергов суриштирув органларининг аниқлашича, 2023 йилнинг 29 июнида жиноятчилар ўғирлаган турк ватандоши айланма йўллар билан Тошкентга олиб келинади.

Ўғирланган туркнинг акасига кўра, Бишкекдаги жиноятчилар ўғирлаган Ҳолид Ҳоқонийни Ўзбекистон ватандоши Бахтиëр Аметов мажбуран Ўзбекистонга олиб келган. Бишкекнинг Манас аэропортида ўғирланиб, шубҳали тарзда Тошкентга келтирилган турк ватандоши 1991 йил туғилган Ҳолид Ҳоқонийни Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳибсга олади.

Бу ҳақда Ҳолиднинг акаси Абубакр Ҳоқоний ва хотини Жамила Ҳоқоний Истанбул прокуратура ходимларига сўзлаб берди.

Истанбул жумҳурият Бош прокуратураси Туркия ватандошини пул талаб қилиб ўғирлангани билан боғлиқ ходиса юзасидан жиноят иши очди.

Элтуз кўрган ҳужжатларда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ходиса юзасидан сўров хати юборгани аниқлашади. Аммо мақола ëзилаëтган 22 сентябр ҳолатида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан ҳануз жавоб келмаган эди.

Бундан олдин ўғирланган турк ватандошининг хотини Ўзбекистонда адвокат ëллади. Адвокатнинг аниқлашича, Бишкекда ўғирланган турк ватандоши Ҳолид Ҳоқоний 21 августдан бошлаб халқ орасида «Тоштурма» дейиладиган, расман тергов изолятори деб юритиладиган ўзбек қамоғида қолмоқда.

Бахтиёр Аметов

Демак, турк ватандоши Бишкекда ўғирланганидан икки ой ўтиб, Тошкент қамоғининг расман маҳбусига айланган. Адвокатга кўра, турк ватандоши Ҳолид Ҳоқоний уни ўғирлашда иштирок этган Ўзбекистон ватандоши Бахтиëр Аметов шикоятига кўра қамоққа олинган. Аметовнинг шикоятида ëзилишича, у ўғирланган турк ватандошининг ҳисоб рақамига криптовалюта орқали тўрт ярим миллион АҚШ долларини Хитой Халқ Республикаси ватандоши пластик картасига ўтказиб бериш шарти билан тўлаган. Аммо қандайдир муаммо юз берган.

Аметов турк ватандошини виртуал молия соҳасидаги фирибгарликда айблаяпти. Аметов ўз шикоят аризасида бу пуллар ўзиники эканлигини иддао қилган. Аммо Элтуз кўрган ҳужжатларда 4.5 миллион доллар Аметовнинг криптовалюта “чўнтагидан” тўланмагани акс этган. Аметов бошқа бировнинг “чўнтагидаги “ пулни ўтказиб берган.

Аметовнинг иддаосига кўра¸ бу пул унинг Хитойдаги бизнес партнёрларига аталган эди.

Савол: Нега Аметов ўзининг Хитойдаги бизнес партнёрларига тўғридан тўғри ўз “чўнтагидан” пул тўламади?

Нега унинг қўли бошқа чўнтакларда?

Бу савол балки Тошкентдаги терговчиларни ҳам боши берк кўчага киритиб қўйган бўлса не ажаб.

Элтуз мухбирини қизиқтирган савол адресати Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси, яъни ГУВД раҳбарларига аталган савол:

Қандай қилиб ва нима асосда турк ватандоши қамалган? Аметов кўрсатган скринларда транзакциялар бошқа одамдан бошқа одамга ўткан. Расман Аметовнинг бу транзакция пул ўтказишларига алоқаси йўқ. Юридик факультетнинг иккинчи курсида ўқийдиган студент билиши зарур бўлган тушунча бу. Аммо негадир космик тезликда ГУВД жиноят иши очаяпти. Тошкент шаҳар прокуратураси бу “жиноят иши”ни олқишлади. Судя эса Бишкекдан ўғирлаб келинган турк ватандошини қамаш учун санкция берди. Бу тезкорлик ва “чаққонлик” фонида Ўзбекистонда шундоқ яққол кўриниб турган юзлаб жиноятлар очилмай қолмоқда ëки “таркибида жиноят йўқ” дея ëпиб ташланмоқда.

Ўн кун мобайнида Элтуз ўтказган журналистик суриштирув натижаси ўлароқ баъзи жиҳатлар ойдинлашди.

Зубайр Қашқарий исмли шахс ва Бахтиёр Аметов катта миқдордаги пул ювиш бўйича соядаги финанс доираларга хизмат кўрсатадиган жиноиий тўда аъзолари дея ишонилади.

Элтуз кўрган ҳужжатларга кўра, схема мана бундай: Биз аниқ билмаган, аммо кимлигини фақат тахмин қилишимиз мумкин бўлган молиячи тўданинг легал бўлмаган пуллари криптовалютага ўтказилиб, у қопчиқдан бу қопчиққа кўчиб юради. Сал ўтиб криптовалюта Хитой юанига ўгирилади ва охирида реал долларга айланади.

Нега шуни легал қилишмайди? Жавоб оддий. Бу банк операцияси легал қилинса, валюта алмашиш курслари боис катта маржа чиқмайди. Қора бозорда юанни арзон сотиб олса бўлади, аммо бу ҳолатда Хитой молия полицияси қўлига тушиб қолиш ҳеч гап эмас.

Кўп ҳолатда Хитой мулозимлари шубҳали пул ўтказилаëтган карталарни блоклашади ва карта эгасини қамоққа олиши ҳам мумин.

Бу оқибатлардан қочиш учун “бегона одамларни” пул ўтказиш учун ëллашади. Иш ўхшамай қолса, шантаж “сотиб олинган мулозимлар” кўмагида одам ўғирлаш каби белдан паст приëмларга ҳам ўтишади.

Масалан, бугунги ҳикоямиз қаҳрамони Ҳолид Ҳоқонийнинг Қирғизистондаги зиравор ишлаб чиқариш заводини қўлга киритиш учун улкан жиноят занжири яратилгани ўртага чиқди. Бу жиноят занжирида Тошкент Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳам халқа ўлароқ иштирок этаëтгани юзасидан Ўзбекистон мулозимларига саволларимиз бор.

Қирғизистонда эса аллақачон бу тахлит жиноятлар давлат мулозимлари ва криминал гуруҳларнинг бир-бирига ашир нашир бўлиб, чатишиб кетиши ортидан потокка қўйилган.

Лавҳа бошида иқтибос келтирганимиз, жазоирлик файласуф айтгани каби Қирғизистонда “давлат қароқчилар тўдасига айланган”.

Аммо «Янги Ўзбекистон»да бу каби жиноий гуруҳларга қарши кураш мавжудлигини ҳам эътироф этиш керак.

14 август куни Элтуз телеграмм каналида одам ўғриларидан бири ГУВД тарафидан ушланган пайтда ўлиб қолгани ҳақида ëзган эдик.

У ўзи ўлдими ëки ортиқча гапириб қўймаслиги учун ўлишига ëрдам бериб юборилдими? Буни билмаймиз.

Билган нарсамиз шуки, қўшни давлатда ўғирланган турк ватандоши Ўзбекистон қамоғида ушлаб турилибди? Бунинг ортида қайси генерал турганини ҳам билмаймиз. Бундай ҳолатларда жабрланувчиларнинг яқинлари “Мирзиëев админстрацияси қаерга қараяпти, нега Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сукутда?” дея нолишмоқда.

Энг ëмони эса – “Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Марказий Осиëдаги криминал дунë қўлидаги ўйинчоққа айланди” деган тамға.

Бу Ўзбекистон имиджига ўта салбий таъсир кўрсатадиган билги. Инвесторларни ҳуркитадиган тахлика.

Каримов даврида қурилган муаммоли Ички ишлар тизимининг реформага муҳтожлигини кейинги бир неча ойда чиққан ҳабарлар кўрсатиб турибди.

Элтуз ўз мақоласида келтирилган факт ва иддаолар борасида Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигидан изоҳ кутади. Уларга берадиган саволимиз оддий: “Бишкекда ўғирланган турк тадбиркори Ҳолид Ҳоқони нега Тошкент қамоғида ўтирибди?”

Сўз навбати Ўзбекистон мулозимларида.

Видео: https://youtu.be/zx8eO7AYTjw?si=YXF6zYz25IvFbF66

Тағин ўқинг
6 январ 2021
Тинч турурми бу кўҳна дунё, Тинч турурми доғули замон… А.Орипов. Коронавируснинг янги штампи дейиляпти. Бу қанақаси экан?! Янги штамп ...
9 декабр 2017
Конституциянинг 25 йиллигига бағишлаб 7 декабрь куни қилган чиқишида президент Мирзиёев 2700 одамни авф қилганини билдирди. «Ҳозир 57 минг ...
15 октябр 2015
Бундан бир қанча муддат аввал Фарғона вилоятига бош вазир келиши муносабати билан пахта далаларида терилган пахта қайта чаноқларга ёпиштириб ...
9 апрел 2019
Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт бўйлаб 9 май куни Россиянинг «Ўлмас полки» юриши ўтказилишига 4 апрелда расман рухсат берди. ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...