Асосий мавзулар
6 май 2024

Cotton Campaign: Умида Ниёзовага қилинган тажовуз қораланиши керак

Ўзбекистон ҳукумати меҳнат ҳуқуқларининг мустақил мониторинги ва ҳисоботини ҳимоя қилиш ва халқаро стандартларга содиқлигини намойиш этиш бўйича шошилинч чоралар кўриши керак.

(Вашингтон, 2024 йил 2 май) – Ўзбекистон ҳукумати таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниязовага нисбатан содир этилган тажовузкор таъқибни тергов қилиш юзасидан тезкор ва аниқ чоралар кўриши ҳамда пахта соҳасида меҳнат ҳуқуқлари бўйича мустақил мониторинг ва ҳисобот қилинишига руҳсат бериш мажбуриятини очиқ тасдиқлаши керак, – дейди “Cotton Campaign”. “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” асосчиси ва директори Ниязова билан боғлиқ ҳодиса мустақил меҳнат ҳуқуқлари фаолларига нисбатан тазйиқ ва босимлар кучайиб бораётган бир пайтда содир бўлиб, бу 2021 йил пахта теримида ҳукумат томонидан тизимли равишда жорий қилинган мажбурий меҳнат тугаганидан кейин глобал бренд етказиб берувчиларни жалб қилиш бўйича ҳукумат ва саноатнинг саъй-ҳаракатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. “Cotton Campaign”нинг етакчи ҳамкори “Ўзбек форум” ташкилоти 2010 йилдан буён Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими ҳамда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг фермерларга таъсири юзасидан мустақил мониторинг олиб боради

2024 йил 18 апрел куни Ниязова ва таниқли журналист, ҳуқуқ фаоли Шарифа Мадраҳимова Фарғона вилоятида Мадраҳимованинг уйи атрофида туришганида икки номаълум шахс томонидан нишонга олинган. Мазкур икки нафар шахс Ниязова ва Мадраҳимовани таъқиб қилиб, ҳақорат қилган ҳамда Ниязовани “Ўзбекистонга қарши ахборот ҳужумларини уюштирганликда” айблаган. Ниязова ва Мадраҳимова улар билан ортиқча алоқага киришмаслик ниятида ўз машинасига ўтираётган пайтда улардан бири машина ҳаракатланишига ҳалал бериш мақсадида эшикни ушлаб олган. Ниязова ва Мадраҳимова вилоят бўйлаб фермер ва пахта кластерлари вакиллари билан учрашувлар бошлаган эди. Ниязова ўзининг, шунингдек, улар учрашмоқчи бўлган фермерлар ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг хавфсизлигига зарар етказмаслик мақсадида сафарни тезда тўхтатди.

“Ниязова ва Мадраҳимовани қўрқитишга қаратилган бу ғайритабиий ҳаракат Ўзбекистоннинг халқаро таъминот занжири қоидаларига риоя қилишга тайёрлиги ҳақида хавотир уйғотади. “Ўзбек форуми”нинг мустақил фаоллари ўзбек пахтачилик саноатида давлат томонидан болалар ва катталарнинг тизимли мажбурий меҳнатига чек қўйишда ҳал қилувчи роль ўйнади”, – дейди “Cotton Campaign”га раислик қилувчи “Global Labor Justice” ташкилотининг ҳуқуқий масалалар бўйича директори Аллисон Гилл. “Уларнинг фаолияти Ўзбекистоннинг пахта ва тўқимачилик саноатида халқаро стандартларга жавоб бериш йўлида давом этиши учун муҳим аҳамиятга эга. Агар Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқларига катта эътибор қаратувчи глобал таъминот занжирларида иштирок этишга тайёрлигини намойиш қилмоқчи бўлса, меҳнат ҳуқуқлари бўйича фаоллар ва ишчилар тазйиқ, таъқиб ёки кузатувдан қўрқмасдан мониторинг олиб бориши ва ҳисобот беришлари жуда муҳим”.

Кейинроқ маълум бўлишича, Ниязова ва Мадраҳимовани таъқиб қилган шахслардан бири YouTubeда ўз каналига эга Шуҳрат Эсанов бўлиб, у Ниязова ва Мадраҳимовага яқинлашган жойдан тахминан 1,5 соат узоқликдаги Фарғона шаҳрида истиқомат қилади. Эсанов Мадраҳимованинг уй манзилини қаердан аниқлагани ёки ўша куни эрталаб Ниязова у ерда бўлишини қандай билиб олгани номаълум. Эсанов, шунингдек, Ниязованинг сафари давомида қаерларда бўлганлиги ҳамда унинг навбатдаги режаларини аниқ билишини айтган. Ниязова ва Мадраҳимова кузатув остида бўлганини тахмин қилар эканмиз, уларнинг қаердалиги ва режалари ҳақидаги маълумотларга қандай эга бўлганлиги ҳақида савол туғилади. Бу воқеа Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан таъқиблар кучайиб бораётган бир пайтда юз бериб, меҳнат ҳуқуқларини мониторинг қилиш ишларига салбий таъсир кўрсатади. Бу эса глобал харидорларнинг Ўзбекистондан маҳсулот олишга бўлган ишончини сусайтириши мумкин.

Ўзбек пахтаси бўйича бойкот бекор қилинганидан сўнг, “Cotton Campaign” коалицияси Ўзбекистон ҳукумати ва саноатини, шунингдек, жаҳон брендларини Ўзбекистондан масъулиятли етказувчи манбаларни рағбатлантириш учун жалб қилди. Бундай ёндашув жаҳон бозорларига чиқишни таъминлаши ва ўз навбатида барқарор иқтисодий ўсиш ва Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик саноатида муносиб меҳнат қилиш имкониятларини яратиши мумкин. Аммо бу ҳақиқатга айланиши учун Ўзбекистон таъминот занжирларида инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга содиқлигини намойиш қилиши керак. Меҳнат ҳуқуқлари бўйича тўсиқлардан холи бўлган мустақил мониторинг ва ҳисобот тайёрлаш – барқарор ва жозибадор пахта саноатининг асосий элементи ҳисобланади.

“Трансмиллий таъминот занжирларида тез ривожланаётган инсон ҳуқуқлари қонунчилигига риоя қилиш учун глобал брендлар таъминот занжирларининг барча даражаларида меҳнат ҳуқуқлари масалалари бўйича тўлиқ мустақил мониторинг ва ҳисоботларга муҳтож”, – деди Америка кийим-кечак ва поябзал ассоциацияси (AAFA) сиёсат бўйича катта вице-президенти Нейт Ҳерман. “Сўз, ҳаракат ва уюшмалар эркинлиги барқарор пахта ва тўқимачилик саноатининг асосидир ва биз Ўзбекистон ҳукуматини фаоллар турли тазйиқлардан холи равишда меҳнат ҳуқуқлари бўйича мониторинг ва ҳисобот тайёрлашида руҳсат берилишини таъминлашга чақирамиз”.

18 апрелдаги ҳодиса мустақил фаоллар, ишчилар ва бошқа мустақил овозларнинг ҳуқуқлар бузилиши ҳақида хабар беришига тўсқинлик қиладиган воқеалар ортидан содир бўлди. Ниязова ва Мадраҳимовага таъқиб қилинишидан бир ҳафта олдин иккита алоҳида ҳолатлар содир бўлган. Иккиси ҳам Қашқадарё вилоятида юз бериб, Касби туманида яшовчи фермер ва инсон ҳуқуқлари бўйича “Эзгулик” ташкилоти аъзосини милиция ходимлари чақириб, бир неча соат давомида сўроқ қилган. Ички ишлар бўлинмаси иккисини ҳам “Ўзбекистонга зарарли” ҳаракатларда айблаган.

Яна бир ҳолат 2024 йил январ ойида бўлиб, Ички ишлар вазирлиги расмийси “Ўзбек форуми” фаолини жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилиб, “Индорама Агро” пахта ширкатида қишлоқ хўжалиги ишчилари билан мулоқот қилгани ва у ерда меҳнат ҳуқуқлари бузилгани ҳақида хабар бергани учун унинг ҳаёти хавф остида эканлигини айтган. 2023 йил август ойида яна бир “Ўзбек форуми” фаолининг меҳнат ҳуқуқлари бўйича тренингда қатнашиш учун Қозоғистонга боришига ҳалал бериш мақсадида туман милицияси унинг паспортини мусодара қилган ва белгиланган сафар муддати тугагунига қадар ҳужжатини қайтариб бермаган.

“Мустақил мониторинг ишлари ва инсон ҳуқуқлари фаолиятига тўсқинлик қилиш салбий оқибатларга олиб келиб, Ўзбекистон ҳукуматининг ислоҳотлар ҳақидаги ваъдалари ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларига зид келади”, – деди Мира Риттман, “Human Rights Watch” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси. “Ўзбекистон ҳукумати мустақил кузатувчилар ва фаолларнинг таъқиб ва ​​тазйиқлардан холи равишда ўзларининг муҳим ишларини бажаришини таъминлаши керак”.

“Пахта теримида давлат томонидан жорий қилинган тизимли мажбурий меҳнатга барҳам бериши ортидан Ўзбекистонда жаҳон брендларидан масъулиятли етказиб берувчиларни жалб қилиш имконияти туғилиб, инновацияларни жорий этган ҳолда малака ошириш ва замонавий технологияларга сармоя киритаётган пахта компанияларининг илғор тажрибасини кенгайтириш ва рағбатлантиришга ёрдам беради”, – деди Беннет Фриман, “Cotton Campaign” коалицияси ҳаммуассиси ва АҚШ Давлат котибининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бўйича ёрдамчисининг собиқ ўринбосари. “Аммо бу имкониятни рўёбга чиқариш учун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига ўзларининг муҳим фаолиятини ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга оширишга имкон бериши керак”.

###

“Cotton Campaign” – бу инсон ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил касаба уюшмалари, бренд ва чакана савдо уюшмалари, масъул инвестор ташкилотлари, таъминот занжири шаффофлиги гуруҳлари ва академик ҳамкорларнинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва Марказий Осиёдаги пахта соҳаси ишчилари учун муносиб меҳнатни ривожлантириш учун бирлашган коалициясидир.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум” нодавлат ташкилоти “Cotton Campaign”нинг етакчи ҳамкори бўлиб, 2010 йилдан буён Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими жараёнини мустақил равишда мониторинг қилади.

  • “Ўзбек форуми” мониторинги Ўзбекистон пахтачилик секторидаги мажбурий меҳнат ва эксплуатацион меҳнат шароитларининг асосий сабабларини аниқлаш, шунингдек, долзарб ва аҳамиятли ислоҳотларга сабаб бўлган “Cotton Campaign” тарғиботи, кампаниялари ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва саноати билан ҳамкорлик ҳақида маълумот бериш учун муҳим аҳамиятга эга.
  • 2021 йилги терим даврида давлат томонидан тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилиши ортидан “Ўзбек форуми” томонидан мониторинг олиб борилиши “Cotton Campaign” фаолияти, кенгроқ айтганда, Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқларини янада яхшилашга интилаётган барча манфаатдор томонлар фаолияти учун муҳим эканлигича қолмоқда.
  • “Ўзбек форум” ташкилоти Германияда рўйхатдан ўтган. Унга 2008 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича фаолияти учун қўзғатилган жиноий айбловлар ортидан тўрт ойлик қамоқда ўтириб, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган етакчи ўзбек ҳуқуқ фаоли Умида Ниязова томонидан асос солиниб, раислик қилинмоқда.
  • “Ўзбек форуми” фаоллари Ўзбекистонда ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудларда мониторинг ишларини олиб бориш ва пахта секторида инсон ҳуқуқлари бузилиши ва мажбурий меҳнатни ҳужжатлаштириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга. Фаолларнинг инсон ҳуқуқлари, интервью техникаси ва маълумотларни йиғиш бўйича малакалари ошириб борилади.
Тағин ўқинг
17 декабр 2015
Экспертларга кўра уларнинг асосини этник ўзбеклар, Ўзбекистон фуқаролари, аксарият Фарғона водийси, жумладан Ўш шаҳридан келганлар ташкил этади. Турли маълумотларга ...
6 август 2021
рассом Кирпи
14 феврал 2020
Азиз ва қадрли кўрарман, яна сиз билан юзма-юз бўлдик. Томошабин деган сўзни қозоқлар кўрарман, дер экан. Ўзбеклар ҳам айтади-ку, ...
10 май 2017
Жорий йилнинг март ойида Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди (Ўзбекистон таркибидаги республика) 39 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармоновни озодликдан маҳрум ...
Блоглар
28 май 2024
Мен миллатчи эмасман! Лекин қайтадан таъмирлатилган ва Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Ж. Ортиқхўжаев томонидан Пасхага ...
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...