Кўзқараш
12 ноябр 2015

Эгилмаган, букилмаган, синмаган!

Паҳлавон Содиқ
Би би си

1999 йил кузида Олий Судда Тошкент портлашлари юзасидан суд мажлисларидан бирига Мурод Жўраевни қўлларида кишан билан гувоҳ сифатида олиб келишди.

Мен Мурод акани, то судья исми-шарифини эълон қилмагунича танимадим. Охирги марта уни 1994 йилда Туркияда кўрган эдим. Озиб-тўзиб кетган, фақат қулоқлари қолган эди, холос. Концлагердаги маҳбусларга ўхшар эди. Ҳақиқатда ҳам концлагер номини олган Жаслиқдаги қамоқхонадан олиб келинганди, адашмасам.

Судья исм-шарифини тасдиқлагандан кейин ундан: “Муҳаммад Солиҳни танийсизми?” деб сўради. Мурод ака “танийман”, деганидан кейин “қандай одам?” деб савол берди. Мен ҳозир томоша бошланса керак, Мурод акани Солиҳни ёмонлаш учун олиб келишган, деб турган эдим, Мурод Жўраев вазмин, ҳорғин бир овозда “Мен таниган Муҳаммад Солиҳ миллатпарвар, ватанпарвар ва демократ одам” деб жавоб берди.

У “демократ” сўзига алоҳида урғу берди. Чунки Муҳаммад Солиҳ террорчи сифатида айбланаётган эди. Ва “мени тўғри тушунинглар, мен 1994 йилдан бери қамоқдаман, ундан кейин ҳеч ким билан кўришмадим” деб қўшимча қилди. Судья гапни узатиб ўтирмади ва “олиб чиқиб кетилсин” деди.

Мурод Жўраевнинг гувоҳлигидан ҳафсаласи пир бўлганини яшириб ҳам ўтирмади. Қайтага буни залда ўтирганларга кўрсатишга ҳаракат қилди. Мен суд жараёнларини кўп кўрган ва қамоқхоналардаги аҳволни яхши билсам ҳам, Мурод аканинг ҳолати менга ёмон таъсир қилди.

Кўзимга ёш келди. Бошқалар кўриб қолмасин, дея тез-тез юриб, суд залидан чиқиб кетдим. Анча пайтгача ўзимга келолмай юрдим. Мурод ака ундан кейин ҳам қарийб 16 йил ўтирди. Эҳтимол, ана шу сўзлари учун ўтирди.

“Ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди”, деган мужмал гап бор. Буни Абдулла Орипов “Ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди, аммо эгилиб, букилганда қобирғалари синиб кетади” деб янада мужмаллаштирган. (Шоир буни 1987йилда Наврўзни ёмонлаб қўйиб, кейин замон ўзгаргач, яна уни яхшилаш учун айтганди).

Аммо мен ҳақиқатнинг эгилиб, букилиб, ўзбекча айтганда, қуллуқ қилиб, чой ташиб юришини тасаввур ҳам қилолмайман. Ҳақиқат эгилмайди ҳам, букилмайди ҳам, синмайди ҳам. Зотан, эгилиб, букилса, албатта синади. Бунга Мурод аканинг шунча йиллик қийноқ ва исканжалардан сўнг, Васила опага суяниб бўлса ҳам, қаддини тик тутиб тургани мисол.

Аммо халқимизда бундан мантиқлироқ бошқа бир гап бор экан. Буни 2013 йилда қамоқдан чиққан Мамадали Маҳмудовни кўргани борганимда кашф қилдим. Мамадали акани Жиззахнинг чекка бир қишлоғидан яқин қариндошлари-ўзлари тенги бир аёл киши кўргани келди. Ва сўрашаркан, биринчи айтган гапи “ўша ерларнинг шўр тузини ялаб келдингизми?” деган гап бўлди.

Менга бу сўрашиш жуда қизиқ, айни пайтда жуда ҳам ўринли туюлди. Халқимиз қанчалик доно! Чунки 17 йил қамоқда ўтириб келган одамдан “яхши келдингизми?” деб сўраш ғалати. Аммо “шўр тузларни ялаб келдингизми?” деган гап жуда мантиқли эди.

Мурод ака ҳам 21 йил давомида не-не қамоқхоналарнинг шўр ва заҳарли тузларини ялаб келди. Оиласига қовушгани рост бўлсин!. Оллоҳ қамоқда ўтган умрини ҳам қўшиб берсин! Бошқа сиёсий маҳбуслар ҳам тез орада озодликка қовушсин!

Тағин ўқинг
16 март 2016
„Пахта кампанияси“ (The Сotton Сampaign) Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳамон сақланиб қолаётгани хақида Жахон Банкини ...
21 май 2018
Андижон вилоятининг Улуғнор туманидаги йиғилишда 19 май куни сўзлаган нутқида, kun.uz нашрининг иқтибос келтириб билдиришича, президент Мирзиёев Ўзбекистон учун ...
2 август 2018
Муҳаммад Бекжоннинг «Алвидо, Жаслиқ!» китобидан навбатдаги қисм 1999 йилги Тошкент портлашларининг асосий гувоҳи Зайниддин Асқаров билан юзлашув ҳақида. 2003 ...
25 феврал 2020
Қирғизистон Олий суди 25 февраль куни ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқишни бошлайди. У 2010 йилда озодликдан ...
Блоглар
13 январ 2021
Кun.uz профессионалларни ишга қабул қилар эмиш. Катта маош, икки маҳал овқат. Сиҳатгоҳнинг ўзи-я! Бундай ишхонани ...
11 январ 2021
Таниқли шоир Баҳром Рўзимуҳаммад 60 ёшда Баҳром ака индамайгина олтмишга кирибди. Ботинан қаралганда, ундай эмас. ...
6 январ 2021
Тинч турурми бу кўҳна дунё, Тинч турурми доғули замон… А.Орипов. Коронавируснинг янги штампи дейиляпти. Бу ...