Асосий мавзулар
20 апрел 2018

Сиёсий иродами ёки яна ваъдабозлик?

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши кураш кампанияси бошланди. Бу курашни мамлакат президентининг ўзи бошлаб берди.

Мамлакатда мажбурий меҳнат йиллар давомида мавжуд тузумнинг ажралмас қисми бўлиб келмоқда. Барча раҳбарлар шу ишга бош қўшиб келганини бош вазирнинг ўзи тан олди мажбурий меҳнат бўйича ўтказилган видеоселекторда.

“Ҳа, аввал ўзимиз мажбур қилардик, ўзимиз бош бўлардик. Лекин энди сиёсат ўзгарди. Юртбошимиз халқпарвар сиёсат эълон қилди”, деди Абдулла Арипов.

Балки бу эътироф айримларнинг “вақтида Мирзиёевнинг ўзи шу ишларнинг бошида турган”, деган иддаоларига жавобдир.

Мамлакатда Мирзиёев даврида ҳам мажбурий меҳнат давом этаётгани ҳукуматнинг энг юқори поғоналарида маълум бўлган. Эҳтимол бу ишлар айнан юқорининг иродаси билан қилиб келинган.

Бош вазирнинг видеоселектордаги айтган фактлари, қуйида келтирилган рақамлар шундан дарак беради:

“Олий таълим муассасаларининг 2017-2018 ўқув йилидаги ҳолати таҳлил қилинганда, мамлакат бўйича кўча супуриш ишларига 17 минг, ариқ тозалаш ишларига 4 минг, қурилиш ишларига 7 минг, дала ишлари, чопиқ, чеканка, йиғим-теримга 23 минг нафар талаба ва ўқитувчи мажбуран жалб этилгани аниқланди.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида 9 мингдан ортиқ, Андижон вилоятида 8 минг 500, Жиззах вилоятида 5 минг, Наманган вилоятида 2 минг 600, Тошкент вилоятида 5 минг 500 га яқин талаба ва ўқитувчилар турли ишларга жалб қилинган”.

Кўриниб турибдики, гарчи бу статистика ҳақиқий аҳволни аниқ намоён этмаса-да, ҳукумат нафақат ўқитувчи, шифокор ва талабалар мажбурий меҳнатга йўлланганини билган, балки бунинг ҳисобини ҳам юритган.

Буларнинг ҳаммаси президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидан қайтгач, Олий Мажлис Сенати ҳузурида мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича алоҳида комиссия ташкил этилгандан сўнг бўлаётган ишлар.

Лекин бу ҳаракатларни “ҳашар” ортига яширишга уринилди. Ҳеч ким нега улар иш, ўқиш вақтларида ўзларининг асосий функцияларини бажармай, ҳокимтўраларнинг буйруқларини бажариб келганига изоҳ бермади.

Ҳатто бош вазир халқ таълими вазири ва соғлиқни сақлаш вазирларини ўз ходимларини мажбурий меҳнатдан асраш ўрнига, “ҳокимбўри”ларнинг қўлига топшириб қўйгани учун танбеҳ ҳам берди. Гўёки президент айтмагунча ўзи бу ҳақда билмагандек…

Эътиборни тортадиган яна бир жиҳат шуки, 2018 йил учун ишсиз аҳолини жамоат ишларига жалб қилиш мақсадида 714 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Гап ҳокимлар бу пулни ишлата олмаётганида эмас, нега ишлатмаётганида. Бу бюджет маблағи бўлиб, эртага пуллар қанчалик мақсадли ишлатилгани юзасидан ҳисобот беришда.

Ҳозир эса ҳисобот топшириш осон эмас. Ўқитувчию шифокорларни текинга ишлатиш бундан анча осон.

Эртага талаб этиладиган жавоб қўрқуви кўпларни бу пулларни ишлатишдан тийиб турибди. Акс ҳолда ажратилган маблағнинг катта қисми кимларнинг чўнтагига аллақачон кириб кетган бўларди.

Қўйнинг бўрига топширилишини қарангки, мажбурий меҳнатга чек қўймаслик юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этиши белгиланган ташкилотлар қаторида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳам бор.

Пахта мавсумидаги мажбурий меҳнатни яширишга энг катта ҳисса қўшаётган ташкилот шу эмасми аслида?

Хуллас, Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат масаласида саволлар шунчалик кўпки, уларга жавобларни топиш осон кечмайди.

Лекин хулоса шуки, агар мажбурий меҳнатга чек қўйиш президент ва ҳукуматнинг сиёсий иродаси ўлароқ намоён бўлса, муаммо аста-секин бўлса-да, нисбатан қисқа даврларда ҳал этилади.

Акс ҳолда мажбурий меҳнатга чек қўйиш масаласи яна ваъдабозлик, баландпарвозлик, ура-ураларга бой навбатдаги кампанияга айланади.

Сардор Азим
eltuz.com

Тағин ўқинг
22 май 2018
Таниқли ўзбек карикатурачиси Маҳмуд Эшонқулов Туркияда ўтган «Сув – ҳаёт» халқаро танлови совриндори бўлди. 22 май куни «Элтуз» мухбирига ...
26 сентябр 2023
Элтузга Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт бирлашмасида озиқ овқат сифатининг ёмонлиги юзасидан кўплаб шикоятлар келиб тушди. Шикоятлар аксарият ...
14 март 2017
Ўзбекистонда шу кунларда ҳам нотаруисларнинг ошиғи олчи. Мамлакатдаги энг даромадли касблардан бири нотариус. Шу пайтгача уларнинг қирғирликлари ҳақида деярли ...
19 сентябр 2016
Шавкат Мирзиёевнинг давлат тепасига келиши ортидан одамлар халқ оғзаки ижоди шаклида видео, ҳажвий суратлар билан бирга шеърлар ҳам ёза ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...