Cатира
10 май 2018

Тошкентда қулликни соғинганлар байрами ўтди

Бу йилги 9 май Ўзбекистонда кўп йиллардан буён собиқ шўролар рамзларига, бугунги Россияда урфга кирган тимсолларга энг бой тарзда ўтди. Ҳар ҳолда Тошкентда кузатганларимиз шундан далолат берди.

Мамлакатдаги энг нуфузли давра – президент иштирокидаги тадбир ҳам бундай тимсоллар билан тўлиб-тошди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга хизмат қиладиганлар уруш даври кийимида ҳозир бўлди. Концертда ҳам шундайсимон чиқишлар саҳналарни тўлдирди.

Шунга монанд тарзда рус тилли мактабларда ўқувчилар совет аскари пилоткаларини бошига қўндирган ҳолда уруш ветеранларини қутлаганига гувоҳ бўлдик. Улар моҳиятини тушунмаса-да, георгей тасмаси тақиб олганича мағрур юрдилар.

Йўлларда эса георгей тасмаси ва унинг Ўзбекистон байроғисимон қилиб ясалган нусхаси эгизаклар каби кимларнингдир кўксини безаб турганди.

Тошкент кўчаларида бир гуруҳ мотоциклчилар СССР байроғини ҳилпиратганча, сигналларини тинимсиз бибиллатиб шаҳар кезди. Бу мотокарвонда Ўзбекистонникидан СССРнинг ўроқ-болға тасвирли қизил байроғи сони кўпроқ эди.

Ижтимоий тармоқлардаги кўплаб постларда ҳам фашизм устидан буюк ғалаба совет даври соғинчи билан қоришиқ бўлиб кетгани сезилди.

Адолат ҳаққи, айтиш керакки, фақат Ўзбекистон байроқларини ҳилпиратиб ўтан автокарвонлар кўпроқ эди.

Совет даври – Ўзбекистон тарихининг бир қисми. Уни эсдан чиқариш аждодлар хотираси учун беҳурматлик сифатида баҳоланса ҳам ажабланмаслик керак.

Лекин кишини бир жиҳат ўйлантиради. Узоқ йиллик чор мустамлакаси, сўнг совет тузумидан қутулган мамлакатда мустабиднинг байроғи бемалол ҳилпираб шаҳар кезишини қандай тушуниш мумкин?

Бу саволга жавобни кун бўйи ўйладим. Ниҳоят ўзимча бир хулосага келдим. Биз бугун мустақиллик ва ғалабани бир-бирига қориштириб юбориб, эркинлик қадрини генларимизга сингдира олмабмиз.

Совет давридаги қуллигимиз сингиб кетган онгости туйғуларимиз ҳали янгиланмабди. Қолаверса, Россиянинг кенг кўламдаги тарғиботлари ўз ишини қилмоқда.

Хўш, ўзбеклар фашизм устидан қозонилган ғалабани байрам қилиши керакми? Менимча, ҳа.

Чунки бу ғалаба учун дунёнинг кўплаб халқлари қатори ўзбеклар ҳам жон олиб, жон берган. Юз минглаб миллатдошларимиз жанггоҳлардан қайтмаган.

Ўшалар ҳаққи-ҳурмати, ғалабани фақат ўзиники қилиб олишга уринаётганларнинг саъй-ҳаракатларига жавоб ўлароқ, байрам қилишга бизнинг ҳам ҳақимиз борлигини кўрсатиш керак.

Кийим-кечак, озиқ-овқат, қурол-яроғ билан таъминлаганимизни, юз минглаб бола-чақаси, хотин-халажини беминнат паноҳимизга олганимизни уларга эслатиб туришимиз учун ҳам шундай қилишимиз лозим.

Лекин бу байрам қулликни соғинган, мустабидларни улуғлайдиганлар эмас, балки ғолиблигини хотирасидан чиқармайдиганлар, ўз эркинлигининг қадрига етадиганлар тантанаси бўлмоғи шарт!

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
18 октябр 2021
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 36-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Л.А.Н Мени енголмади ...
28 апрел 2020
Давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этмаган мансабдор шахсларга жарима солишни кўзда тутган қонун лойиҳаси Ўзбекистонда яшовчи рус тилли ...
24 феврал 2016
Клептократия ҳукмрон Ўзбекистонда бугунги кунда қоғозбозлик амалдорларининг оддий иш йўсинига айланган. Оддий одамлар у ёқда турсин, Eltuz.com яқинда эълон ...
11 апрел 2018
ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг исломий таҳдид ҳақидаги баёнотидан сўнг, мустақил манбаларнинг «Элтуз»га хабар беришича, Мусулмонлар идораси котибияти бўлими мудири ...
Блоглар
18 июн 2025
«Ўзбекча фикрлаш»ни мусорга отвормасак дунëга разил бўлишда давом этамиз.Нима ўзи «Ўзбекча фикрлаш»?Масалан Ўзбекистон қонунида «жинс ...
16 июн 2025
Театр замон юзига кўзгу тутиши керак. Лекин ўзбек театри буни эплай олмаяпти. Драма ëзадиган бирорта ...
9 июн 2025
Қадимги турк битиклари қисқа ва чуқур маъноли бўлган. «Ташингдан барча киши каби кўрин. Ичинг гўзал ...