Асосий мавзулар
18 декабр 2018

Вазирнинг талаблари ота-онанинг ҳам оғирини енгил қиладими?

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жойлардаги ўз қўл остидаги раҳбарларга хат йўллаб, бир неча талабларни қўйди.

Хусусан, вазир халқ таълими бошқармалари ва бўлимлари раҳбарларига ўқитувчиларни ҳар хил газета ва журналларга мажбурий обуна қилдириш, коммунал тўловлар учун ойлик иш ҳақидан ушлаб қолишни тақиқлади.

Шунингдек, бошқа ноқонуний бадаллар йиғилишига ҳам қатъиян чек қўйилиши ҳақида сўз боради бу хатда.

Шерзод Шерматов маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим муассасалари раҳбарлари ёки ўқитувчиларнинг ҳар қандай мажбурий меҳнатга, турли йиғилишга, тадбирларда зални тўлдириш учун “томошабин” сифатида жалб этилишига, турли қоғозбозлик, ҳисоботлар тайёрлашга чек қўйиш зарурлигини ҳам билдирган.

Ўзини янги авлод амалдори сифатида кўрсатиб келаётган Ш.Шерматовнинг бу талаблари оддий ўқитувчилар томонидан илиқлик билан қарши олинди.

Аммо ота-оналар ноқонуний йиғди-йиғдиларни тўхтатиш талаби фақат ўқитувчиларга тегишлими ёки ўқувчиларга ҳам тааллуқлими, деган саволга аниқлик кирита олмаяпти. Чунки уларни ташвишга солаётгани айнан мактаблардаги пул йиғишлардир.

Айниқса, янги йил байрами арафаси бундай пул йиғишлар энг авжига чиқадиган палла ҳисобланади.

“Қизим 2-синфда ўқийди. Шу ойнинг ўзида турли тадбирлару синф фонди учун қизимга 100 мингга яқин пул сарфладим. Бу ёқда ўғлим ҳам кўп нарсаларга пул сўраб турибди”, дейди фарзанди Тошкентдаги мактаблардан бирида ўқийдиган она “Элтуз” билан суҳбатда.

У қизининг синф фонди учун ҳар чоракда 45 минг сўм, ўғлига ҳам шунча пул тўлайди. Турли тадбирлар учун алоҳида пул йиғилади.

“Синф фондидан ташқари қизимнинг ўқитувчисига туғилган куни учун 20 минг сўмдан йиғилди. Жами 500 минг сўм совға қилинди ўқитувчисига. Яна 20 минг сўм Янги йил байрамида болаларга турли совғалар олишга бердим. 12 минг сўмдан театрга ҳам сўраб олишди”, деди она.

Аёлнинг сўзларига кўра, пулни ота-оналар қўмитаси раислари йиғади. Уларнинг ўқитувчилар билан тили бир.

“Агар кимдир сўралган пулни бермаса, ўқитувчининг бу болага бўлган муносабати ўзгаради,- дейди она. – Паст баҳо қўяди, ўқувчига етарли даражада эътибор қаратмай қўяди. Кейин бола руҳан эзилади.

Шунинг учун сатқаи сар деб, қанча сўраса ҳам пулини беришга мажбур бўламиз. Синф фондидан фаррошга ҳам пул тўлаймиз.

Фаррош мактабдан ойлик олади-ку. Лекин унга яна нега пул берилишини ҳали ҳам тушунмайман”.

Ўзбекистон мактабларида ўқувчилардан турли баҳоналар билан пул йиғиш иллати ниҳоятда авж олган. Сўнгги вақтларда бу каби ҳолатлар ҳақидаги хабарлар матбуотда кўпайгани ортидан ҳукумат муаммони ҳал этишга уринаётганига қарамай, вазият яхши томонга ўзгармаяпти.

Вазир мактубидаги талаблар педагогларнинг оғирини енгил қилиш баробарида ота-оналарнинг муаммолари ҳал бўлишига ҳам олиб келадими? Мана шу саволга ҳали жавоб йўқ.

Баҳодир Шариф


Eltuz.com
Тағин ўқинг
23 март 2022
Украинада Россия бошлаган уруш 27 кундан буён давом этаркан, Шавкат Мирзиёев 21 март куни тағин Владимир Путин билан телефонда ...
15 август 2019
Швециянинг Остерсунд шаҳрида 14 август куни одамларни машинасига бостириб террор акти уюштиришга уринганликда гумон қилинган 32 яшар ўзбек қўлга ...
7 апрел 2022
Apparell Insider нашри учун махсус ёзилган ушбу мақолада Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми вакили Лин Швайсфурт Ўзбекистон пахтачилигида тизимли мажбурий меҳнат тугатилиши муҳим воқеа бўлса-да, инсон ҳуқуқлари билан ...
29 май 2024
28 май куни Пешку тумани ҳокими Ваҳоб Қаҳҳоров тумандаги банк ходимлари билан кредитлар қайтими ва солиқ тушумлари масаласида мажлис ...
Блоглар
8 феврал 2025
Шу пайтгача «Анора» деган икки фильм олинди. Биттаси етим қизнинг ашлачи бўгани ҳақида¸ яна биттаси ...
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...