Асосий мавзулар
2 феврал 2019

Тожик тилида нечта ўзбекча сўз бор?

Олдинроқ ўзбек ва тожик тилларининг конвергент ривожланиши ҳақида пост ёзгандим. Унда бу икки тил тарихан бир-бирига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида қисқача баён қилгандим. Лекин баъзи бир ўқувчиларимга у ерда келтирилган фактлар ёқмабди. Уларнинг айтишича, тожик тилида ўзбекча сўзлар умуман йўқ эмиш, ўзбек тили тожик тилига таъсир ўтказганини ёзганим эса ҳақорат экан.

Ўртоқлар, дўстлар, тиллар қўшни экан, таъсир албатта икки томонлама бўлади. Шундай экан, тожик тилида ўзбекча сўзлар “умуман” бўлмаслиги мумкин эмас. Бу ҳақоратли гап эмас, бу ҳаёт ҳақиқати, ҳамма замонда ҳамма ерда, барча тилларда кузатилган нарса. Тиллар аралашади, бир-биридан нимадир олади, ўрганади, бир-бирини бойитади. Минг йил ёнма-ён яшаган тиллар бир-биридан ҳеч нима олмаган бўлиши мумкин эмас.

Тожик тилининг ўзига хослиги шундаки, адабий тилида туркий сўзлар нисбатан кам (тахминан 500¬-600 та атрофида), лекин шеваларида ўзбекча ўзлашмалар тиқилиб кетган. Ўзбек тилида бунинг тескариси — адабий тилда форсча ва форс тилидан ўтган арабча сўзлар жуда кўп (ўрта асрлар адабий тилидаги (чиғатойча) максимал кўрсаткич — 10-12 мингта сўз), лекин уларнинг сўзлашув тилида ишлатилиш частотаси жуда паст.

Тожик миллий таоми — “қуртоба”нинг ўзагида туркча “қурут” сўзини пайқаш қийин эмас; “юнучқа” (“йўнғичқа”), “тўғри”, “ёнбош кашидан”, “журидан” (“юрмоқ”) — бундай сўзлар жуда кўп. Булар — шевага хос сўзлар. Адабийча сўзларга келсак:

  • туркий сулолалар ҳукмронлиги даврига бориб тақаладиган сарой атамалари — хон, бек, хоқон, хоним, бегим ва ҳ.к.
  • ҳарбий атамлар — байроқ, яғмо, қаравул, қушун, милтиқ, қундуқ, босмачи;
  • маиший атамалар — қошуқ, кўпрук (қаранг, бу сўз Тожикистон президентининг расмий сайтига ҳам кириб қолибди-ку, тил тозалиги қаерда қолди?), элак, қишлоқ;
  • ҳайвонларнинг номлари — буққа, қутус, урдак;
  • сут маҳсулотларининг номлари — қурутоб, жўғрот, қатиқ, қурут.

Яна бир нечтаси эсимга келиб қолди. “Сой”, “сачоқ”, “суроғ” (сўроқ), “чигит”, “қабурға”, “шавқун”, “қутон”, “охур”, “тўй”, “келин”, “чопар”, “чулоқ”, “чумчуқ”, “пучоқ”, “бой”, “ёш”, “апа”, “ака”, “тағо” (тоға), “язна”, “угай”, “урда”, “эгар” ва ҳ.к.

Менга ишонмасанглар, немис тилшуноси Герхард Дёрфернинг (https://en.wikipedia.org/wiki/Gerhard_Doerfer) Türkische Lehnwörter im Tadschikischen луғатини титкилаб кўринг. У ерда тожик адабий тилида ва шеваларида ишлатиладиган 6 мингтача туркча/ўзбекча сўз келтирилган.

P.S.: турк ва форс тилларининг ўзаро алоқалари ўзи жуда қизиқарли мавзу. Эронда, Афғонистонда бундан-да қизиқроқ лингвистик фактлар бор. Уларга ҳам вақти келиб тўхталаман.

Харитада — Тожикистонда ўзбеклар истиқомат қиладиган ҳудудлар.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
12 август 2018
«Жаслиқда бир ойларча ўтирганимиздан кейин вазият бироз юмшайди. Тушлик, кечки овқатлардан кейин 5 дақиқа бўлсаям бир-бирларимиз билан гаплашишга имкон ...
30 ноябр 2022
Бугун 30 ноябр. Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади.+++«Ўзгидромет»дан совуқ хабар. Ўзбекистонлик метеорологлар декабр ойининг бешинчи кунигача ...
12 феврал 2016
«Замондош» сайти муҳаррири бўлган Ризо Обиднинг калласи ишлаб қолди. Боши бориб тошга текканидан сўнг ишлаб кетди шекилли. Галима Бухарбаева ...
6 июл 2016
Ўтган ҳафта АҚШ Давлат департаментиннинг трафикинг бўйича янги ҳисоботида янги рейтингида Ўзбекистон пахтачиликдаги мажбурий меҳнат боис энг паст даражага ...
Блоглар
30 апрел 2025
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
8 апрел 2025
Бошқирдистоннинг Ay Yola мусиқа гуруҳи яратган Homay қўшиғи туркий халқлар суперхитига айланди ва Shazam рейтинги ...
28 март 2025
Ўзбек блогосфераси ҳақиқий жиннихонага айланди. Ишсиз, пулсиз қолган бирор бекорчи ёнига ўзига ўхшаган бекорчини олиб, ...