Кўзқараш
23 сентябр 2020

Инсон умри поëнли, қўшиқ умри поëнсиз

Шуҳрат Қаюмов мен таниган, мен мулоқотда бўлган санъаткорларнинг энг яхшиси, маданиятлиси эди. У киши билан илк маротаба Каттақўрғонда концерт берганида танишгандик. Шундан сўнг бир неча марта у кишидан интервью олгандим.

Ёдимда у киши билан боғлиқ фақат яхши воқеалар қолган.

Бир куни «Тасвир» газетаси учун интервью олмоқчи бўлиб қўнғироқ қилдим. Шуҳрат Қаюмов ўша куни «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг юбилейида иштирок этаётган экан. «Шарифа, бўшаб сизга қўнғироқ қиламан», дедилар.

Мен у кишини кутиб ўтирдим. Айтганларидек, кечки 6 лардан ўтганда қўнғироқ қилдилар. Ўша пайтда «газетний корпус»нинг ёнида «Демир» супермаркети ва шу номда қаҳвахона бор эди. Мени ўша ерга олиб бордилар.

Официант қизга «Маргарин қўшилмаган торт бўлса, олиб келинг», дедилар. Бир неча марта учрашиб, суҳбатлашган бўлсак ҳам ҳеч қачон қаҳвахонага кирмагандик.

«Шарифа, сизга бир сирни айтмайми», дедилар жилмайиб ва давом этдилар. «Шу пайтгача мен бирорта журналистни қаҳвахонага олиб кирмаганман. Бирорта журналистга торт олиб бермаганман. Сиз менинг қўлимдан торт еяётган биринчи журналист бўлдингиз», дедилар. Шуҳрат Қаюмовнинг ўша гапидан жуда хурсанд бўлиб кетгандим.

Иккинчи воқеа, адашмасам, 2014 йилда бўлганди. Бу пайтда мен қишлоқда яшаётгандим. Мактабда ишлардим. Бизга тумандаги «Водий» тўйхонасига Шуҳрат Қаюмов келар экан, деб билет сотишди. Одатда мажбурий билет сотишларига қарши бўлардим. Лекин бу сафар 6 та билет олдим. Ва уйдан аямни, иккита аммамни, келинойимни чақирдим. Биз Шуҳрат Қаюмовнинг концертига бордик. Жимгина охирги қаторда ўтириб концерт кўрдим. Ва тадбир охирида Шуҳрат Қаюмовнинг олдига бориб ҳамма қатори суратга тушмоқчи бўлдим.

Шуҳрат Қаюмов мени кўрдилар-у, «Иее, Шарифа, сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз, нега кўринмай кетдингиз? Нега бир йўқлаб бормаяпсиз», дедилар. Мен қишлоқда яшаётганимни айтдим. Жуда шошиб турган шекилли орқа эшикдан чиқиб кетаётгандилар. «Шуҳрат ака, аям сиз билан расмга тушмоқчилар», дедим шоша-пиша. «Иее, дарров олиб келинг аянгизни, ҳожи она билан расмга тушаман-да. Сиздек қизни тарбиялаган онангизни кўриш менга ҳам фахр», дедилар.

Ёнидаги шериклари эшикни ёпиб, мени ўтказмаётганди, ўзлари эшик олдига келиб аям иккаламизни ичкарига олиб кириб кетдилар. Аямдан ҳам ҳол-аҳвол сўрадилар, мени роса мақтадилар. Аям билан бирга расмга ҳам тушдилар. «Тошкентга борганда бизникига олиб ўтинг аянгизни, жуда нурли аёл эканлар. Умида опангиз билан кутиб оламиз. Телефон номеримни ёзволинг. Қачон борсангиз, эшигимиз очиқ», дея хайрлашдилар.

Бугун у кишининг вафотини эшитиб мана шу воқеаларни яна бир марта эсладим. Узоқдаги яқин, олисдаги қадрдон бўлиб қолган бир яхши инсондан айрилганимни тушундим.

Биз сизни яхши кўрардик. Энди фақат қўшиқларингизни эшитиб сизни ёдга оламиз.

Журналист Шарифа Мурод эсдаликлари эди

Тағин ўқинг
8 июн 2021
Имтиёзли кредит ажратилишига ёрдам сўраб, 2 июнь куни Косон тумани ҳокимлигига борган иккинчи гуруҳ ногирони, 35 ёшли Дилшод Отаев ...
5 декабр 2023
Навоий кон-металлургия комбинати акциядорлик жамиятига қарашли “Зармитан” олтин қазиб олиш конида оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар сони яна ...
21 март 2023
Gazeta. Uz нашри таги ўзбекистонлик Украина қочқинлари Германия бошкенти Берлинда ресторан очди «мазаси яхши» деб ëзгани учун бу емакхонани ...
20 июл 2016
19 июл куни «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси Матбуот хизмати таниқли хонандалар Ситора Фармонова, Сарвар Азимов ва Комил Фозиловларнинг лицензияси тугатилганини ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...