Асосий мавзулар
9 ноябр 2020

Миллий театрда “Жалолиддин Мангуберди”спектакли намойиши

Яқинда Ўзбек миллий академик драма театрига Назар Эшонқул қаламига мансуб “Жалолиддин Мангуберди” спектаклини томоша қилгани бордим. Бу янги мавсумнинг очилиши эди. 

Карантинчиликдан зериккан барча одам шу ерда йиғилгандек гўё. Назоратчилар одамлар иситмасини ўлчаб, кейин театрга киргизяпти.

Фоеда халқ артистлари, ёзувчи-шоирлар ва олимлар иштирокида очилиш маросими бўлиб ўтди. Даргоҳнинг отахон артистлари сўзга чиқди.

Фото: eltuz.com

Яқиндагина театр раҳбарлигига тайинланган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев мавсум очилиши билан томошабинларни қутлади. Қўшимчасига жонли ижрода қўшиқ айтди.

Муҳташам театрга келган одамлар залда Дилбар Икромова, Фатҳулло Маъсудов ва Абдурайим Абдуваҳобов суратлари қўйилган хотира бурчагига келиб дуо қилишди, яна кимдир театрнинг отахон актёрлари билан суратга тушди…

Фото: Eltuz.com

Ярим соатлик тадбирдан сўнг томоша зали эшиклари очилди. Маросимда мункиллабгина турган қариялар чопқиллаб эшикка ўзини урди. Ёшлар ҳам бўш келмади.

Ахир шундай қилмаса, жой етмай қолиши аниқ. Ҳозир театрларда камдан кам ҳолларда чипта рақамига қаралади. Чипта олишса бўлди. Хоҳлаган жойига ўтириб олишади. 

Бировдан олдин, бировдан кейин мен ҳам кирдим. Охирги қаторлардан бирига ўтириш насиб этди. Олдимда саҳнанинг ярмини тўсиб новча одам, ёнбошимда кўзи ожиз аёл ўғли билан ёнма-ён ўтирди. 

Зал томошабинлар билан тўлди. Оралиқ масофа сақлаш, деган нарса бўлмади. Ҳатто одамлар масофа сақлашлари учун боғлаб қўйилган ўриндиқларнинг боғичлари ҳам ечиб олинди. 

Мен ҳам шундай қилдим. Ҳатто сиғмай қолганлар ҳам бўлди. Негадир, томошага келганларнинг аксарияти қариялар. (Кейин билсам, кексаларга чипта текин тарқатилган экан).

Eltuz.com

Томоша бошланиши белгисини билдирувчи куй чалинди. Шовқин солаётган оломон тинчланди. Спектакль Жалолиддин Мангуберди таваллуди билан бошланди. Саҳнага бири-биридан бачкана либосларни кийган актёрлар чиқиб келди. 

Соч ва соқоллари беўхшовлиги етмагандек, гриммлар ҳам ўзига яраша. Бундан билиш мумкинки, театр яхши пардозчи ва либослар бўйича мутахассисга муҳтож…

Фото: Eltuz.com

Спектаклда актёрлар ролларини маҳорат билан ижро этишга интилди. Саҳна асари тарихий ҳақиқатдан узоқроқ бўлса-да, томошабинни нимагадир ишонтиришга уринилган. Ақлли диалоглардан фойдаланилган.

Хоразмшоҳлар салтанатидаги ўша даврда ҳукмрон бўлган бошбошдоқликни ҳам очиб беришга ҳаракат қилинган.

Ёнимда ўтирган кўзи ожиз аёл актёрларни мендан кўра яхши таниркан. Овозидан таниб, ҳақиқатан шуми, деб ўғлига тасдиқлаб оляпти. Ўғли пичирлаб воқеаларни тушунтириб беряпти. Ота кетди, она келди. Жалолиддин тиз чўкди, саҳна алмашди…

Секин телефонни олиб, эсдаликка суратга оламан. Назоратчи опа суратга олиш мумкин эмаслигига ишора қилади. Шовқин солган одамларнинг олдига бориб урушиб келади. 

Телефонда бақириб гаплашаётган икки-уч кишини ташқарида гаплашинг, деб чиқариб юборганини кўрдим. Томоша залининг ўзида беш ёки олтитача назоратчи опа бор. 

Вазифаси жуда оддий, аммо улар театрда томоша қилмайди. Томошабинларни кузатади. Зерикиб кетган одамларга сабр қилинг, спектакль тугашига фалон дақиқа қолди, дея айтиб туради.

Томоша ярмига бормай, ўриндиқ учун талашган одамларнинг кўпи чиқиб кетди. Биринчи навбатда, ёш болали аёллар. Сўнг сабри етмаган қариялар ва ҳафсаласи пир бўлганлар. Асл томошабин қолди. Қолганлар ҳам кам эмас.

Олдимда ўтирган новча амаки ҳам кетди. Саҳна ёрқин кўрина бошлади. Ҳаммадан ҳам ажабланарлиси, саҳнадаги декорация бир маротаба ҳам ўзгармайди. 

Фото: eltuz.com

Орадан 30 йил ўтадиям ўша манзара. Ёзда ҳам, қишда ҳам ўша. Мўғуллар учун ҳам, хоразмшоҳлар учун ҳам ўша… Манзара деб ҳам бўлмайди. На сарой, на чўл. Декорация киши эътиборини тортмайди. Рамзийликка қурилган, дейишмоқда. 

Театр рассоми, Ўзбекистон санъат арбоби Шуҳрат Абдумаликов билан бу бўйича суҳбат қурганимизда, бу саҳна дидли одамлар учун, Европани кўриб келганлар тушунади, дея жавоб берди. 

Томоша якунланди. Саҳнага спектакль ижодкорлари бирма-бир чиқиб келиб, сохта мулозаматлар остида гуллар, қарсакларни қабул қилиб олди. 

Аммо эшикдан чиқиб кетаётган томошабинлар спектаклга жуда паст баҳо бергани бор гап: “Қани тарих? Қани ҳақиқат? Жалолиддин ҳақида ҳам ёлғон ёзасанми? Ёзувчи ўзи тарихдан хабардорми? Саҳнаси нега қамишзорга ўхшайди. Муқаддас Холиқовадан бошқаси ўйнолмабди. Нега ёшлар мутаносиблигига эътибор қаратилмаган? Чингизхон Жалолиддиндан ёш. Ҳаётда ундай бўлмаган…”.

Томошабинларнинг ҳозирги ўзбек спектаклларига баҳо бераётган гапларини эшитиб, кўнгли хижиллиги билан театрдан уйга қайтдим.

PS: Бу тошкентлик оддий томошабиннинг кузатишларидир. Саҳна безаклари¸ гримм ва воқеаларнинг саҳнавий талқини ҳақида санъатшунос ва соҳа мутахассислари бошқача фикрда бўлиши мумкин. «Элтуз» уларнинг ушбу спектакль ҳақидаги фикрларини кутиб қолади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 август 2022
Бугун 19 август тарихий кун. 1991 йилнинг айнан 19 августида Ўзбекистоннинг мустақил бўлиши учун Москвада замин хозирланган кун. Ўша ...
24 июн 2016
21 июн куни ўшлик Рустамжон Турғунов исмли 33 яшар ўзбек ўзи билан бирга Фотихдаги арзон меҳмонхона (Malabadi Beyazit Hotel)да ...
8 апрел 2017
Стокголмда 8 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида швед полиция вакиллари 7 апрель куни машинани оломон устига ҳайдаб теракт содир ...
21 июн 2020
Бугун Ўзбекистонда ҳақиқий маънода мустақиллик куни сифатида нишонланиши керак. Чунки бундан 30 йил бурун, 1990 йил 20 июнь куни ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...