Асосий мавзулар
16 март 2020

Ғафур Раҳимов ўз жиянини нега йўқ қилмоқчи бўлди?

Ўтган ҳафта охирида Тошкентдаги жиноят доираларида “Қора” ва “Граф” лақаблари билан танилган йирик тадбиркор Ғафур Раҳимовнинг жияни Равшан Муҳиддиновнинг (лақаби “Золотой”) бир иқрори акс этган видеолавҳа тарқалди.

Унда Муҳиддинов видеокамера ушлаб турган кишиларга қарата: “45 кун ичида ваъда қилинган пулни қайтараман, Худо хоҳласа. Агар қўймасам, Равшан эмасман”, дейди.

Телеграм каналларида тарқалган ушбу видеолавҳада номаълум кимсалар ётоқда ўтирган Равшан Муҳиддиновга турли пўписа ёғдирганини ҳам кўриш мумкин. 

Бу хусусда суриштирув ўтказган “Элтуз”га маълум бўлишича, мазкур видеолавҳа ўтган йил ноябрь ойида тасвирга туширилган.

Жиноят оламидаги бир-биридан мустақил учта манбанинг “Элтуз”га билдиришича, видеотасвир озарбайжонлик “вор в законе” Нодир Салифов (лақаби “Лото Қули”) ва қозоғистонлик яна бир авторитет Арман Жумагелдиев (лақаби “Дикий”) томонидан олинган.

“Элтуз” билан суҳбатга киришган манбаларнинг айтишича, ўтган ҳафтада Ғафур Раҳимовнинг турмуш ўртоғи Лола Раҳимова мазкур видеотасвирни Арман “Дикий”дан 20 минг доллар эвазига сотиб олган, видеолавҳа ҳолатига келтирган ва ижтимоий тармоққа юклаган.

Элтузнинг: “Орадан тўрт ой ўтиб, бу видеотасвирни сотиб олиш, унга ишлов бериш ва уни тарқатиш Лола Раҳимовага нега керак бўлиб қолди?” – деган саволига манбалар: “Чунки Ўзбекистондаги жиноий доираларда Ғафур “Қора” ўз жиянига туҳмат қилибди, уни бошқа миллат вакилларига дўппослатибди ва қийноққа солдирибди” – деган гап-сўзлар тез тарқала бошлади.

“Ғафур ва аёли ўзларининг туҳмат ва найранглари очилиб қолмаслиги учун, Арман “Дикий”га пул бериб, унинг қўлидаги видеотасвирни қўлга киритишди ва тарқатишди. Лекин аслида Равшан “Золотой” ўзига қарши гувоҳликни ўлим таҳдиди ва қийноқлар остида берган”, дейди манбалардан бири.

Бир-биридан мустақил суҳбатдошларнинг “Элтуз”га маълум қилишича, воқеалар аслида қуйидагича бошланган ва ривож топган. 

Манбаларнинг иддао килишича, Ғафур Раҳимов ўзининг собиқ ҳамкори Ойбек Миралиевни (лақаблари “Фаберже”, “Тухум”) чув тушириш учун ундан аввал ундирган пулларини қайтадан ундиришни режалаштирган.

Бу режани амалга ошириш учун Ғафур Раҳимов Ойбек Миралиевдан пул ундириш вазифасини ўз жияни Равшан Муҳиддиновга юклаган ва жиянига ундириладиган 45 миллион доллардан бир қисмини беришни ваъда қилган.

Топшириқ бўйича ишга киришиб, Ойбек ва Ғафур ўртасидаги молиявий муносабатларни ўрганган Равшан Муҳиддинов бу ишда ўз тоғаси Ғафур Раҳимовнинг Ойбек Миралиевга туҳмат қилаётганига, Ғафурнинг пулларини Ойбек эмас, балки Ғафурнинг аёли Лола Раҳимова ўзлаштирганига амин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 25 декабрда Jahon.uz нашри Тошкент шаҳрида йирик тадбиркорлик бизнесларига эга бўлган ака-ука Миралиев Ойбек ва Миралиев Элдор Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан қамоққа олингани ҳақида ëзган эди.

26 декабрь куни эса “Озодлик” радиоси тадбиркор ака-укаларга 2 ой қамоқ белгилангани ҳақида хабар берди.

Мақолада Ғафур Раҳимовнинг хотини Лола Раҳимова ва унинг синглиси Гўзал Камолхўжаеванинг исмлари жиноят ишида даъвогар сифатида зикр қилингани ëзилади.

Ойбек Миралиев иши юзасидан суд ажрими нусхаси

“Элтуз” суҳбатлашган жиноят олами вакилларидан бири қуйидагича ҳикоя қилади:

Ўзининг тўғрисўзлиги ва адолати билан танилган Равшан (“Золотой”) Ғафур Раҳимовга ўз хулосасини айтади. Ғафур Раҳимов: “Сен менга ва келинойингга эмас, “Тухум”га ишоняпсанми?! Мен билан келинойинг ўртасидаги муносабатларни бузмоқчимисан?!” деб, ўз жияни Равшан Муҳиддиновдан юз ўгиради.

Хайрлашаётганда Равшан Ғафурга: “Ака, Ойбекка туҳмат қилманг! Барибир эрта-индин ҳақиқат юзага чиқади. Шунда “туҳматчи”, “терпила” деган номга қоласиз”, дейди.

Лекин жиянининг чўрткесарлигидан ғазабланган “Қора” бу гапларни эътиборга олмайди. Аксинча, у: “Равшан Ойбекдан “доля” олиб, менга қарши гапиряпти”, деган ғаразли хаёлга боради.

Ғафур Раҳимов ўзининг шум хаёлларини турмуш ўртоғи Лола Раҳимовага айтганда, бойвучча хоним бу масалада жуда осон ечим таклиф қилади.

“Қора”нинг аёли: “Бошингизни оғритиб ўтирасизми?! Вазиятни кавказлик дўстларингизга тушунтиринг, Равшанни уларга топшириб юборинг. Дўстларингиз жиянингиздан пулларингизни олиб беришсин”, дейди.

Равшан Муҳиддинов ўз тоғасига вазиятни тўлиқ тушунтириш учун турли даражадаги танишларини ишга солади ва Ғафур Раҳимовга “нейтрал бир жойда” учрашишни таклиф қилади, аммо Раҳимов жияни таклифига рози бўлмайди.

Аксинча, хотини “йўриқнома”си асосида Ғафур Раҳимов, “Элтуз”нинг бошқа бир суҳбатдошига кўра, тезда озарбайжонлик Нодир Салифовга ва қозоғистонлик Арман Жумагелдиевга қўнғироқ қилади. 

“Жияним “Золотой” душманим “Тухум” томонга ўтиб кетиб, мени чув туширди”, дейди Ғафур.

Унинг бу гапларига ишонган Салифов (“Лото Қули”) ва Жумагелдиев (“Дикий”) Равшан Муҳиддиновни “заманить қилиб”, гўёки меҳмонга чақиришади.

Манбаларнинг “Элтуз”га билдиришича, машъум учрашув 2019 йил 13 ноябрь куни Истанбулдаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида ўтказилган.

Уларга кўра, меҳмонхонага келган Равшан Муҳиддинов ва унинг қўриқчиларидан Нодир Салифовнинг қўриқчилари қуролларни топшириб киришни талаб қилади.

Лекин Равшан Муҳиддинов ва унинг гуруҳи Нодир Салифовнинг олдига қурол билан кириб боришади. Натижада озарбайжонлик “авторитет” ўзбекларга эътироз билдира бошлайди ва ўртада кичик жанжал келиб чиқади.

Можаро катталашаётганини кўрган меҳмонхона менежерлари полиция чақиришади.

Нодир Салифов меҳмонхона менежерларидан полициячиларни қайтариб юборишни илтимос қилади. Полиция вакиллари кетгач, озарбайжонлик “авторитет” Равшанга қўриқчиларсиз, хонада юзма-юз гаплашишни таклиф қилади.

Озарбайжонлик ва ўзбекистонлик қўриқчилар меҳмонхона вестибюлида қолишган, Салифов ва Муҳиддинов эса озарбайжонликнинг номерига кўтарилишади.

У ерда Муҳиддиновни озарбайжонликнинг тарафдорлари – қозоқ Арман Жумагелдиев ва қуролланган яна 10 нафар спортчи йигит кутиб олади.

Хонада аввалдан кутиб ўтирган гуруҳ хонага кирган Равшан Муҳиддиновнинг қўл-оёқларини боғлаб, унга ўлим билан таҳдид қилиб, уни дўппослаб ва қийнаб бошлайди.

“Бир неча спортчи йигит “Золотой”нинг бошини сув тўла ваннага бўктира бошлашади. Қаттиқ дўппослашади. Лекин Равшан уларга тан беравермагач, унинг эркаклик шаънига  тегишларини айтадилар.

Шунда эркаклик шаънини ҳимоя қилиш ва вазиятдан чиқиб кетиш учун видеодаги гапларга рози бўлади”, дейди “Элтуз” суҳбатдошларидан бири.

Унинг қўшимча қилишича, ижтимоий тармоқларда  тарқалган видео бошида Равшан айтган бир жумла видеодан олиб ташланган.

“Агар Ойбек “Тухум” ростданам Ғафурнинг пулини ўмарган бўлса ва агар Лола ва эри буни исботлаб берса, мен ўша маблағни топиб беришга тайёрман”, деб айтган Равшан. Лекин унинг бу гаплари телеграмда тарқалган видеода йўқ”, деди у.

Вақт ўтгани сари Муҳиддиновнинг қўриқчилари ўз бошлиғининг қўл телефони ўчирилганидан хавотирга тушиб, Нодир Салифовга қўнғироқ қила бошлашади.

Улар озарбайжонликка: “Равшанга бир нарса бўлса, бошинг билан жавоб берасан. Агар “Золотой” бир соат ичида олдимизга тушмаса, Истанбулдаги ўзбек биродарлар сенга ва йигитларингга қарши уруш очади. Биз сизларни йўқ қилишга киришамиз”, дея огоҳлантиришади.

Равшан Муҳиддиновнинг тарафдорлари қасос олиши мумкинлигидан қўрққан Нодир Салифов ўзбекистонлик жиноий авторитетни қўйиб юборади.

Бундан ташқари, озарбайжонлик авторитет жиноий доиралардаги шерикларини асоссиз ўлдирса, уларнинг бошқа вакиллари томонидан муқаррар жазоланишидан ҳам қўрққан.

Орадан 45 кун ўтгач, Арман “Дикий” Равшан Муҳиддиновдан ваъда қилинган 1 миллион долларни сўрайди. Агар айтилган миқдордаги пулни бермаса, видеони тарқатиш билан шантаж қилади.

“Равшан бир тийин ҳам қарзи йўқлигини, ҳеч кимга пул бермаслигини айтади.

“Видео билан мен шантаж қила олмайсан, бу видео мен эмас, сенларни синдиради,” деб “Золотой” видеонинг тарқалишига ўз розилигини билдиради”, дейди “Элтуз” суҳбатлашган жиноят олами вакилларидан бири.

Ўтган ҳафта бошида Ғафур Раҳимовнинг турмуш ўртоғи Лола Раҳимова тарқатган видеолавҳа айнан мана шу учрашув пайтида қозоғистонлик Арман “Дикий” томонидан ёзиб олинган.

Нега Ғафур ва Лола Раҳимовалар Равшан Муҳиддиновни озарбайжонлик Нодир Салифовнинг қўли билан йўқ қилишмоқчи эди?

“Элтуз”нинг бу саволига жавоб берган манбаларнинг айтишича, охирги пайтларда Равшан “Золотой”нинг “Биродарлик ҳалқаси”даги обрўси кўтарила бошлаган. 

“Золотой” постсовет республикаларда ташкил қилинган йирик йиғинларнинг ҳурматли меҳмонига айлана бошлаган. Масалан, 2019 йил сентябрь ойида Батуми ва Ереван яқинида уюштирилган нуфузли банкетларда “Золотой” иззат-икром билан кутиб олинган.

Ўтган йилнинг октябрь ойида “Золотой” Боку шаҳридаги «Four Season» меҳмонхонасининг президентлар учун мўлжалланган номерида яшаган.

“Бу ҳурмат “Золотой”га ўз-ўзидан келган эмас. Бунга у ўз “меҳнати” ва жасорати туфайли эришган. Масалан, Равшан “Золотой” жиноий авторитет Азиз Батукаевни (лақаби “Чечен”) Қирғизистон қамоқхонасидан шахсан ўзи озод қилган, Бишкекка бориб, уни хусусий учоқда олиб қайтган”, дейди “Элтуз” манбаларидан бири.

Иккинчи суҳбатдошнинг айтишича, жиноят олами вакиллари Равшан “Золотой”ни камтарлиги учун ҳурмат қилишади.

“Равшан Муҳиддинов бошқа “авторитетлар” каби ўзини интернетда ва ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилишни ёқтирмайди. Кўпчилик яна Равшанни барчага яхши муомаласи учун ҳам ҳурмат қилишди”, дейди иккинчи суҳбатдош.

Унинг айтишича, “Золотой”нинг ўсиб бораётган обрўси “Лото Қули”га ёқмаган, озарбайжонлик зўравон Равшанни ўзининг рақиби деб кўра бошлаган.

Равшан Муҳиддинов “Лото Қули”га очиқча: “ Ўзбеклар бошқа миллатлар вакилларига бош эгмайди. Тенг муомала тарафдори”, дейди.

“Қора” Ғафур озарбайжонлик авторитетнинг айнан мана шу ғаразини Равшан “Золотой”га қарши ишлатишга қасд қилган ва ўз жиянини кавказликнинг қўли билан “тинчит”моқчи бўлган.

“Қора” Ғафурнинг “Биродарлик ҳалқаси”даги бугунги обрўси аввалгидек, хусусан, бундан 10-15 йил илгаригидек эмас. Ғафур 70 ёшда. Охирги пайтларда у ўз эътиборини сиёсат ва спортга қаратган эди. Лекин халқаро спорт ҳамжамиятининг босими туфайли Ғафур ҳаттоки ҳаваскор боксдан ҳам кетишга мажбур бўлди.

“Шундан сўнг Ғафур Раҳимов “Биродарлик халқаси”даги аввалги мақомини қайтариб олмоқчи бўлди. Лекин бу мақом ва жойни унинг жияни Равшан Муҳиддинов аллақачон эгаллаб бўлган эди,” дейди “Элтуз” суҳбатдошларидан бири.

2016 йилда “Қора” Ғафурнинг бахтига Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келди. Янги президент кутилмаганда Ўзбекистонни бизнес учун очиб берди.

Бу фурсатдан фойдаланган жиноий тўдалар ҳам Ўзбекистонга  кириб кела бошлашди. АҚШ Молия вазирлигининг қора рўйхатида ҳалигача қолаётган “Қора” Ғафур ҳам ҳаводан пул қилиш имкониятидан баҳраманд бўлмоқчи эди.

Шунинг учун Ғафур Раҳимов президент бераётган кўмак ва имтиёзлардан максимал фойда олиш пайида юрибди. Бунинг учун унга аввалгидек катта маблағ, алоқалар ва “Биродарлик ҳалқаси”даги юксак мақом керак бўлмоқда.

Лекин “Лото Қули” ва Равшан “Золотой”нинг бугунги обрўси Ғафур Раҳимовга “Биродарлик ҳалқаси”даги илгариги мақомини қайтариб олишга тўсқинлик қилмоқда.

Шу сабабдан “Қора” хотини Лола Раҳимованинг гапига кириб, ўз жиянини таламоқчи ва ўлдирмоқчи бўлди, уни озарбайжон ва қозоқларга “ем” қилди.

Эр-хотин Равшан “Золотой”ни нафақат оилавий рақобатчи ва душман, балки Ғафурни ўлдириши мумкин бўлган эҳтимолий “киллер” деб кўришмоқда.

Шунинг учун ҳам “Қора” “Золотой”ни ўлдиришни озарбайжон ва қозоқларга буюрганда заррача иккиланмаган.

Бугунги кунда “Қора” Ғафур ўз аёлига гаровга тушиб қолган кишидир. Америка санкцияларидан қўрқиб, бор мол-мулкини турмуш ўртоғи Лола Раҳимованинг номига расмийлаштирган Ғафур Раҳимов аёлига ўз қўлларини ўзи боғлаб берди.

Шунинг учун, “Элтуз” суҳбатдошига кўра, эндиликда Ғафурнинг пулларини қаерга инвестиция қилиш кераг-у, қаерга қилмаслик кераклигини Ғафурнинг ўзи эмас, унинг аёли ҳал қилади.

“Лекин Шавкат Мирзиёевнинг бу ҳолатдан хабари йўқ, шекилли, Ўзбекистон президенти ҳалигача Ғафурни бадавлат ва йирик инвестор, деб ўйламоқда.

Президентни алдашда, Ғафурни президентга хаспўшлаб кўрсатишда қатор ўзбек амалдорлари, энг аввало, Рустам Иноятов жонбозлик кўрсатмоқда. Бу жонбозликнинг тагида алоҳида сабаблар бор”, деди у.

Рустам Иноятов ва Ғафур Раҳимов 2010 йилгача биргаликда ҳаракат қилишган, ҳамкорликда кўп иш бажаришган. Лекин Гулнора Каримова ўз отасини ушбу ҳамкорлик ҳақида огоҳлантиргач, президент Ислом Каримов жунбушга келган ва “Қора” Ғафурни зудлик билан ҳибсга олишни буюрган.

2010 йилнинг октябрь ойида Рустам Иноятов келаётган хавф ҳақида Ғафурни огоҳлантирган, унинг ҳибсдан қутулиб қолишига ҳамда мамлакатдан чиқиб кетишига кўмаклашган.

Ғафур Раҳимовнинг Тошкентдаги уйини қуршаб олган Президент хавфсизлик хизмати (ПХХ) аскарлари ва бошлиғи Рустам Иноятовнинг буйруғи билан “Қора” Ғафурнинг катта пулини олишган ва Ўзбекистондан чиқариб юборишган.

“Амалиёт” якунига етгач, ПХХ раҳбари ва Иноятов президент Каримовга: “Сал кеч қолибмиз. Муттаҳам Ғафур аввалроқ юртдан чиқиб кетган экан”, деб ёлғон маълумот беришган.

Охирги йилларда президент Шавкат Мирзиёев Рустам Иноятовнинг ҳукуматдаги таъсири ва мақомини анча пасайтириб қўйди.

“Бу вазиятда ўзининг аввалги таъсири ва мақомини қайтариш учун Иноятов Ғафур Раҳимов билан яна ҳамкорлик қила бошлади. Бу йўлда Рустам Иноятов “Қора” Ғафурнинг на жиноий ўтмишидан, на тобора тарқалиб бораётган “Жаллаб”, “Ахлат”, “Терпила”, “Хотинқули” деган лақабларидан заррача хижолат бўлаётгани йўқ”, дея хулоса қилади “Элтуз” суҳбатлашган жиноят олами вакили.

Мақола нашрга тайёрланаётган пайтда, 13 дан 14 мартга ўтар кечаси Ғафур Раҳимовга тегишли Тошкентдаги, Москвадаги ва Дубайдаги уй эшиклари олдига “Молотов коктейли” (ёнилғи солинган бутилка – таҳр.) ташлаб кетилгани ҳақидаги хабар пайдо бўлди.

“Элтуз” манбасининг билдирилишича, номаълум шахслар тадбиркорга тегишли автомобиль ва Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган бошқа иккита уйга ўт қўйишган.

Элтуз” Лола Раҳимова манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат билан ҳам боғланиб, мақолада келтирилган воқеалар юзасидан Лола Раҳимова нуқтаи назарини очиқлашга тайёр эканлигини билдирди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 июл 2016
Аввал ҳам айтганмиз, “Қишлоқ ҳаёти” ажойиб газета. Қишлоқ одамларига, деҳқонларга экинни қачон экиш, гўнгни қачон қаерга ишлатиш борасидаги қиймати ...
21 январ 2019
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева 21 январь куни ўзининг 62 ёшга тўлган кунини Ўзбекистон Бош прокуратураси биноси олдида ҳокимларнинг ...
7 октябр 2015
Қудрат Бобожон www.eltuz.com Кеча тушимга Шукрулло домла кирибди. У киши билан ҳаётда фақат бир марта мулоқот қилганман. У ҳам ...
21 октябр 2015
Ўзбекистонда аҳоли икки тоифага бўлинади. (Ҳукумат назарида) Биринчиси: Айбланувчилар. (Буларга қўлга олингандан бошлаб то маҳбус бўлиб, қамоқда ўтирувчилар киради.) ...
Блоглар
30 март 2020
Туман марказига бориб келдим. Ишим бор эди. Қалампир ва помидор кўчатлар сотяпти экан. “Помидор кўчати ...
30 март 2020
(Эпистоляр эссе) Марҳабога Кўпинча адабий муҳитдан чарчаганимда сенга сим қоқаман. Балки опамдек яқиним бўлганинг учундир ...
23 март 2020
Ўзбек кинорежиссёри Сарвар Каримов 21 март куни ўзининг фейсбук саҳифасида “Сарвиқомат дилбарим” фильмидаги ўпишиш саҳналари ...