Асосий мавзулар
6 январ 2021

Алишер Илҳомов: Ўзбекистон иқтисодиёти жар ёқасида

Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов ташқи қарзларнинг доимий ўсиб бораётгани боис Ўзбекистон иқтисодиёти аҳволи жуда хавотирли эканини билдирди.

Илҳомов ўзининг фейcбук саҳифасидаги шарҳида бундай ёзади: “Яқинда Standard&Poor халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг кредит рейтингини ВВ-/В+ даражасида баҳолади. 

Ўзбекистон иқтисодиёт вазири рейтинг пасаймади, дея мақтанишга уринди.  Бироқ у дунёдаги энг йирик кредит агентлиги ташқи қарзнинг ўсиш суръатларига ишора қилиб, Ўзбекистон иқтисодиётига салбий баҳо берганини эслашни унутди.

Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) атиги 50 миллиард долларни ташкил этади. 2020 йил декабргача мамлакатнинг ташқи қарзи 27 миллиард долларга, яъни ЯИМнинг 54 фоизига етди. Тўғри, 32,8 миллиард долларни ёки ЯИМнинг 66 фоизини ташкил этадиган олтин-валюта захираси мавжуд, аммо у ҳам шиддат билан камаймоқда.

Эндиликда ушбу захира ва ташқи қарз ўртасидаги фарқ атиги 5,8 миллиард долларни ташкил этмоқда. Агар ташқи қарзнинг ўсишини тўхтатиш имкони бўлмаса, у ҳолда мамлакат дефолт ҳолатига тушиши, яъни ташқи қарзларни тўлашга қодир бўлмай қолиши мумкин. 

Атиги 13 миллиард долларни ташкил этадиган давлат бюджети катта миқдорда қарз олишга кафолат сифатида хизмат қила олмайди. Ташқи ўйинчиларнинг муносабати ҳам дарҳол ўзгаради – кредитлар фақат жуда юқори фоиз ставкалар эвазига ёки умуман берилмаслиги мумкин. 

Ҳукумат нима қилади? Албатта, фақат йирик корхоналарни қутқариб қолиш учун аҳоли, кичик ва ўрта бизнесни бўға бошлайди.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ўсмоқда, олтин-валюта захиралари эса камайиб бормоқда.

Аммо қизиқ томони шундаки, ташқи қарзнинг асосий қисми, яъни 16 миллиард доллардан кўпроғи хусусий (расмий равишда нодавлат) қарзлардан иборат. Банклар қарз олди, хусусий қарзларнинг қолган ярми энергетика соҳасига тўғри келмоқда. Шу сўнггиси юзасидан савол туғилади: агар мамлакат ўзи газ экспорт қилса ва ушбу соҳадан даромад олиши керак бўлса, бу қарз қаердан келиб чиқди?

Бошқа масала – банклар. Де-юре улар давлатга тегишли эмас, лекин амалда улар давлат томонидан бошқарилади. S&P рейтинг агентлиги айнан банк секторининг ачинарли ҳолатига ишора қилади. 

Муаммо нимада? Гап шундаки, ҳукумат ушбу банклар орқали давлат назоратидаги энг йирик корхоналарни молиялаштиради. Ушбу корхоналар ҳам расман хусусий – турли акциядорлик жамиятларидан иборат, аммо аслида у ердаги ҳамма ишлар эскича юритилмоқда.

Одатда улар SOE, яъни асосий пакет акциялари давлатга тегишли компаниялардир. Улар ўзларининг самарасизлиги ва айнан эскича бошқарув усули туфайли тўловга лаёқатсиз бўлиб қолишган. Шу тарзда улар банкларни қарздор қилишмоқда. 

Ҳукумат буни жуда яхши билади ва афтидан уларни хусусийлаштириш жараёнини тезлатишга қарор қилган. Бу ҳақда эндиликда ҳукуматга алоқадор экспертлар гапирмоқда. 

Мантиқ шундаки, хусусийлаштиришдан пул келади. Иккинчидан, агар янги эгаси бизнесни ўнгласа ва уни замонавий корпоратив бошқарув тамойилларига мослаштирса, мамлакатнинг ташқи қарзи ўсмаслиги мумкин.

Бу ерда мен “агар” сўзига алоҳида урғу берган бўлар эдим, чунки мен бундай ишлар Ўзбекистонда (пахта кластерлари мисолида) қандай амалга оширилаётганини биламан. 

Хусусийлаштириш яна шубҳали қора схемаларга асосланиши,  юқоридагиларнинг яқинлари ва олигархлар ушбу корхоналарни эгаллаб олиб,  кейин уларни, агар шундайлар топилса, ҳақиқий инвесторларга (масалан,  хитойликларга) қайта сотишлари ва буни ҳам қора схемалар бўйича амалга оширишлари хавфи жуда катта.

Бундай хусусийлаштириш иқтисодиёт устидан назоратни турли фирибгарларга, ҳаттоки уюшган жиноий гуруҳ қўлига топширишни англатади. Натижада ҳукумат расман белгилаган мақсадларига эриша олмайди ва иқтисодий ҳалокатга яқинлашиш тезлашади».

Манба: https://www.facebook.com/alisher.ilkhamov/posts/10159571057119434

Тағин ўқинг
21 май 2019
Андрей Сахаров 1921 йилнинг 21 майида Москвада туғилди. Водород бомбасини ихтиро қилган, интернет келажаги ҳақидаги гипотезани илгари сурган Сахаров ...
27 феврал 2017
Ҳокимиятни оилавий бошқариш минтақада урфга айландими? 21 феврал куни, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг хотини Меҳрибон ўз эрига биринчи вице-президент ...
1 март 2019
Ўзбекистон Молия вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатда депутатлар ва сенаторлар 1,56 млн сўм (186 доллар), вазирлар 1,727 млн сўм (205 ...
11 апрел 2017
Стокголм ҳужумчиси самарқандлик Рахмат Ақилов телефонидан чиққан сўнгги СМСлар одамни жунбушга солади. «Ёмон, бир нечтасинигина босдим холос. Машина бошқа ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...