Асосий мавзулар
26 ноябр 2018

КГБ-МХХ vs Рембо: Кураш давом этади. 2-қисм

“Элтуз” нашри ўз суриштирув гуруҳи томонидан йиғилган маълумотлар асосида тайёрланган фильмнинг иккинчи қисмини эътиборингизга тақдим қилади.

Фильмнинг дастлабки қисмида эслатганимиздек, махфий хизмат амалдорлари жиноятини муттасил фош қилгани учун халқ орасида “Рембо” номини қозонган майор Қаҳрамон Хўжақуловга қарши маҳаллий КГБ махсус операция ишлаб чиқади.

КГБнинг амалга ошмай қолган туҳмати

Хўжақуловни тузоққа тушириш учун КГБ Термиз ҳарбий гарнизони майори Дёминни ишга солади. Дёмин Хўжақуловни излаб, Термиздан Деновга келади.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Денов ички ишлар бўлимидаги хонамга Дёмин деган ҳарбий майор кириб келди. У Термиз туманининг Учқизил деган жойида ўқотар қуроллар кўмилганини айтиб қолди. У менда шубҳа уйғотди. Чунки Дёмин ҳақиқатдан ҳам шу қуролларни давлатга тпошириш нияти бўлганидан Термиз КГБси ёки ички ишлар бўлимига хабар бериши мумкин эди. У эса деярли 150 километр йўл босиб, менга келган эди…”.

Тахминан 20 кунлардан кейин Термиз гарнизони майори Дёмин Деновга, Қаҳрамон Хўжақуловнинг қабулига яна келади. Бу сафар у бир ўзи эмас, КГБдаги йўриқчилари билан келади. Деновга келган чекистлар орасида овоз ёзиб олувчи техник ходимлар ва қўлга олиш гуруҳи ҳам бўлади. “Чекистлар” Денов тумани ички ишлар бўлими ҳудудига махсус жиҳозланган РАФ автомобилида кириб келишади.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Иккинчи марта келганида Дёмин анча шошиб қолган эди. Дёминнинг хавотирли нигоҳларидан унинг ёқасига микрофон ўрнатилганлигини сезиб қолдим….”.

15-20 дақиқалардан кейин Хўжақуловнинг хизмат хонасига Денов шаҳри КГБ бўлими бошлиғи, подполковник Тўлқин Зулфиқоров кириб келади. У Қаҳрамон Хўжақуловни бу воқеа ҳақида ҳеч кимга айтмасликка чақиради. Зулфиқоров: “Ходимларимнинг гувоҳномаларини ва жиҳозларини қайтариб беринг!” – дея милиция майорига ялина бошлайди.

Қаҳрамон Хўжақулов: “КГБ подполковниги Тўлқин Зулфиқоров ўз ходимларининг хизмат гувоҳномаларини ва овоз ёзиб олиш жиҳозларини қайтариб беришимни, бу воқеа ҳақида ҳеч кимга ҳеч нима айтмаслигимни илтимос қила бошлади… ”.

КГБнинг туҳмат операцияси барбод бўлгач, “чекист”лар идораси бир муддат сурхондарёлик милиция майоридан қўлини тортади.

Бу орада СССР парчаланиб, Ўзбекистон мустақилликка чиқади. Ўзбекистон ССРнинг КГБ бошқармаси негизида Миллий хавфсизлик хизмати ташкил қилинади.

Мустақилликдан ўзбекистонликларнинг умидлари катта бўлганидек, МХХдан ҳам кўпчиликнинг умидлари бор эди. Одамлар бу идора собиқ Иттифоқ пайтидаги террор ва наркобизнес фаолиятини тўхтатади, деб ўйлаган эди. Шундайлардан бири бугунги фильмимиз қаҳрамони Қаҳрамон Хўжақулов эди.

Бироқ “чекистлар” идорасининг номи ўзгаргани билан мақсад ва вазифалари, ишлаш моҳияти ва усуллари ўзгармаган эди. Сурхондарёлик милиция майори бунга кейин ишонч ҳосил қилади.

Мустақил Ўзбекистоннинг МХХси собиқ Совет КГБсидан минг чандон криминал бир идорага айланганини Қаҳрамон Хўжақулов ўз тақдирида кўради. Демак…

МХХнинг наркобизнесига қарши кураш

Мустақилликнинг илк йилларида Қаҳрамон Хўжақулов Жарқўрғон, Денов ва Шўрчи туманларидаги самарали ишлайди. Шунинг учун у Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланади.

Термизга ишга ўтгач, Хўжақулов яна МХХ ҳимоясидаги наркобаронларга дуч кела бошлайди. 1992 йил бошида Қаҳрамон Хўжақулов ўзининг махфий манбаларидан яна маълумот олади. Унда Термиз дарё портида шкипер бўлиб ишлайдиган Владимир Папин деган шахс муттасил равишда Афғонистондан Термизга наркотик келтириши айтилган эди.

Хўжақулов Папинни доимий кузатувга олади. Кузатувлар жараёнида Владимир Папин ростдан ҳам алюмин флягаларда Афғонистондан Ўзбекистонга 50-60 килограммлаб қорадори ўтказаётгани тасдиқланади.

Хўжақулов Папинни ашёвий далил билан қўлга олиш операциясини ишлаб чиқади. Лекин Папинни энди қўлга олай деганда наркоташувчининг МХХдаги акалари пайдо бўлишади ва Қаҳрамон Хўжақуловга таҳдид қила бошлашади.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Владимир Папинни энди қўлга олай деганимда Сурхондарё вилояти МХХ бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими мени кўчага чақирди. У ерда мендан Папиннинг ишига аралашмаслигимни талаб қилди. У менга: “Чегара ишларига бурнингизни тиқманг! Ортиқча ҳаракатлар ўзингизнинг зиёнингизга бўлади!” – деб таҳдид қилди…”.

МХХ ходимининг бу гаплари бир Папиннинг эмас, балки МХХ ҳимоясидаги барча наркобаронларнинг хавфсизлиги учун айтилган эди.

Сурхондарёлик милицонерлар “чекист”ларнинг наркобизнесига хавф туғдиравергач, МХХнинг вилоят бошқармаси милициянинг бу ҳаракатларига корпоратив равишда чек қўйишни қасд қилади.

Папин воқеасидан сал вақт ўтгач, Сурхондарё вилояти МХХ бошқармаси маҳаллий милиция, божхона ва прокуратура идоралари ходимлари иштирокида махсус йиғилиш уюштиради. Мажлисда мххчилар чегарадаги барча операциялар уларнинг ваколати эканлигини айтишади. Прокуратура ва ички ишлар идоралари ходимларини чегара ишларига аралашмасликка чақиришади.

Йиғилишда иштирок қилган Қаҳрамон Хўжақулов мххчиларнинг бу талабига қарши сўзга чиқади. Ўз сўзида у мазкур талаб МХХ, Ички ишлар вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Бош прокуратура ўртасида тузилган идоралараро келишувга зидлигини айтади.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Мен уларнинг бу талаблари идоралараро тузилган келишувларга зидлигини айтдим. “Бу келишувда наркотик савдоси, уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши барча операциялар уч идора томонидан биргаликда ўтказилиши белгиланган-ку”, – дедим. Шунда МХХнинг республика аппаратидан келган бир “чекист” мени ҳақоратлаб кетди… У чегара ҳудудидаги барча амалиётлар фақат МХХнинг ваколати эканлигини айтди. Мени мажлисдан чиқариб юборди”.

МХХчилар чегара назоратини бошқа идоралардан нега қизғаниши тобора ойдинлашаётган эди. Ўзларини чегаранинг энг яхши қўриқчилари деб кўрсатаётган ўзбек “чекистлари” аслида катта бир наркомафия эканлиги орган ходимларига аён эди. “Контора” ўзининг наркобизнеси ҳақида қайғураётганини сурхондарёлик милиционеру божхоначилар, прокурору ҳокимлар Ўзбекистонда биринчи бўлиб англашган.

Мххчиларнинг дарди давлат чегарасини эмас, ўз наркосавдосини қўриқлаш эканлигига Қаҳрамон Хўжақулов ҳам яна бир неча бор амин бўлади.

Бир гал у ва полковник Алишер Шарипов 27 нафар қуролланган жангарини қўлга олишади. Бунгача жиноятчилар Ўзбекистон ҳудудига Тожикистондан бемалол кириб келишган. Бир нечта милиционерга жароҳат етказиб, уларнинг автоматларини олиб кетишган.

Ўзини чегара учун якка масъул ҳисоблайдиган МХХ жангариларнинг кириб келганини билмаган ҳам. Мххчилар жиноятчиларни қўлга олишга бормаган ҳам.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Тожикистондан келган 27 нафар қуролланган контрабандистни биз вилоятнинг Жарқўрғон туманидаги яйловлардан бирида қўлга туширдик… ”.

Сурхондарёлик икки милиционернинг бу жасорати таҳсинга лойиқ эди. Лекин мазкур операция мххчиларнинг обрўсига катта путур етказган эди.

Чунки МХХнинг лоқайдлиги туфайли кириб келган жиноятчиларни мххчилар эмас, милиционерлар топиб, қўлга туширишган эди. Қўпол қилиб айтганда, милиционерлар мххчиларнинг кетини тозалаб юришгани кундек равшан бўлган эди.

Чегара учун масъул МХХ қаерда бўлган? “Контора” ўзининг корпоратив бизнеси – наркотиклар савдоси билан банд бўлган.

МХХ Хўжақуловнинг бу муваффақиятини ҳам тишини тишга қўйиб, ичига ютади. Лекин унинг кейинги, 1993 йилда ўтказган шов-шувли операциясини “чекист”лар умуман ҳазм қила олишмайди.

Фильмни “Элтуз”нинг ютуб каналида томоша қилинг: 
https://youtu.be/3gCfFL4oufE

(Давоми бор).

Тағин ўқинг
14 июн 2016
ШҲТ саммити яқинлашган сайин ўзбек ҳукуматининг ҳўжакўрсин тадбирлари кўлами ортмоқда. Расмийлар ўз ҳаракатларини Вазирлар маҳкамасининг “Тошкент шаҳри магистрал кўчаларини ...
11 апрел 2019
“Элтуз” нашри Муҳаммад Бекжоннинг “Қўрқувнинг нариёғида” (Алвидо, Жаслиқ!) иккинчи китобининг аудио версиясини тақдим эта бошлайди. “Бу китоб “Ўзбекистон қамоқхоналарида ...
5 апрел 2018
Ўзининг уч яшар ўғлини бўғиб ўлдириб, дарахтлар остига ташлаб кетган андижонлик Саидахон Тиллаволдиева 3 апрель куни Тошкентда ҳибсга олинди. ...
9 ноябр 2017
2017 йилги пахта теримида “Умумхалқ ҳашари” шиори остида бюджет идоралари ходимлари, жумладан, ўқитувчилар меҳнатидан тобора кенгроқ фойдаланилмоқда. Сирдарё вилоятидан ...
Блоглар
26 июн 2019
Ниҳоят 23 июнь куни Истанбул шаҳри ҳокимлиги учун қайта сайлов бўлиб ўтди. Истанбул шаҳри ҳокимлиги ...
3 июн 2019
28 май куни Тошкентда ўтган конференцияда президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ...
23 май 2019
Лас-Вегас – гуноҳлар шаҳри. Аҳолиси ярим миллион, даромади казино ва қимордан келадиган бу шаҳарда бир ...