Асосий мавзулар
8 октябр 2021

РТдан ваъз: “Ўғри” деб ном олар қарғалган миллат

Бу 20-асрнинг энг буюк ўзбек шоири Мухаммад Солиҳ ëзган шеърдан иқтибос эди. Бир вақтлар Гдлян «Ўзбеклар ўғри» деганда, Ўзбекистондаги шоир зоти бўлса, додлаб: «Ўзбек гугурт чўпиниям ўғирламайди, оч қолиб ўлса ўладики, бировнинг бир бурда нонини олиб емайди», деб тирсагини тишлаб изиллаган эди.

Кўплар назарида ўзбек авлиë, бизни босиб олганлар эса ўғри эди. Балки шундайдир. Бу гаплардан кейин ўтган 30 йилги ўзбекларнинг ўғирлик солномасини китоб қилиб ëзсак, 40 минг туяга юк бўлади. Нималарни ўмаришмади? Темир йўл шпали, зовод мўриси, ишхонадаги чироқ, бюджетдаги миллиардлар.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг (собиқ “Нархоз”) молия-иқтисод ишлари бўйича собиқ проректори, 49 ёшли Нодир Идиев 2 миллион долларни ўмариб, мамлакатдан қочиб кетди.

Идиев “Нархоз” проректори сифатида 2020 йил январь ойидан бери ишлаб келган ва жорий йилнинг июль ойида меҳнат таътилига чиқиб кетганидан кейин ишга қайтмаган.

Унинг қаердалигини айтганларга пул мукофоти ваъда қилинди. Афсус, ҳозир амалда ўтирган ўғриларнинг қаердалигини айтганларга ҳам пул берилганида роса бойиб кетган бўлардим.

Масалан, Абдулла Ғариб ва бошқа ғарибларнинг уй манзилини биламан. Мабодо керак бўлиб қолса, айтарсизлар.

«Муҳтарам» даврида «Асакабанк»да ишлаб, асакаси кетмаган, проректорлик қилиб ректордан ҳам кўп пули бор Идиев, расмий рақамга кўра, 2 миллион доллар пулни давлат хазинасидан ўмарган.

Грузияда қамоққа олинган собиқ президент Саакашвилини ҳам Грузия суди давлат маблағини ўмарганликда айблади.

Саакашвилини Грузия адлияси нимада айблаган эди? Бу савол жавобини айтсам. Бундан 10 йил олдин, 2011  йил декабрда улуғ сиëсатчи Васлав Ҳавел ўлиб қолди. Ўша пайтда Грузия президенти бўлган Михаил Саакашвили ошиғич равишда Ҳавел жанозасига йўл олди. (Миша учун Васлав Ҳавел маънавий устоз эди).

Ҳавел ўлган 18 декабрь куни Прагада эшак ўлдирадиган совуқ бўлган эди. Қуëшли Гуржистондан Саакашвили юпунроқ кийиниб келган эди. 3 соат кўчада совуқда туриш Миша саломатлигини хатарга қўярди. Шу боис, Миша президент харажатлари учун ажратилган карта орқали пул тўлаб, Прагадаги дўкондан пальто сотиб олиб кийди.

Тахминан 500 долларлик пальто (менинг кашмир пальтомнинг нархи 800). Бу эса Грузия қонунларига зид эди. Қонунларга кўра, давлат хариди учун тендер ўтказиш лозим эди. Грузия суди бу ҳолатни коррупция деб баҳолади.  Тартибга кўра, Грузия президенти Ҳавел сағанасига гулчамбар қўйиши керак. Ўша куни гулчамбарлар нархи ошиб кетган. Миша эса атайин қиммат гулчамбар сотиб олишда айбланди. Бор-йўқ жиноят шу!!!

Босқинчини улуғлаш

Энди Ўзбекистонга қайтсак. Бундан 5 йил олдин бошланган лаганбардорлик эпидемияси давом этмоқда.

Шу ойда Қашқадарёда туғилган эгизакларга Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйилди

Чақалоқлар Қарши туманининг «Узуннаво» маҳалласида яшовчи Муродовлар оиласида дунёга келган.

Бундан 5 йил олдин Россия босқинчиларини улуғлаш тадбирларига Ўзбекистонда яшил чироқ ëқилган эди. Эсингизда бўлса, Камолон маҳалласида ўрис босқинчиларига атаб қурилган бутхона давлат пулига «евроремонт» қилинган эди.

Мана, энди Россия Туркистонни босиб олганидан сўнг Тошкентда “оқпошшонинг укаси учун” қурилган Романовлар саройи давлат ҳисобидан реконструкция қилинади. Бахтимиз тўкис бўлиши учун шу етмай турувди.

Айни пайтда Ўзбеекистонда рус тилига расмийлар муҳаббати ошиб-тошиб кетган. Буни Тошкент кинофестивали мисолида кўрдик. Кошки бу мулозимлар ўрисчани эплаб гапирса экан.

Аммо истиснолар бор.  2 октябрь куни Чирчиқ шаҳрида (Тошкент вилояти) давлат тилида сўзлашиш маданиятини оширишга қаратилган кўргазмали тадбир бошланди.

Ўзбек сўзлашув тилига бошқа тиллардан кириб қолган сўзлар ўрнига ўзбекча муқобилларини қўллашга чорловчи бу тадбирни рус тилида сўзлашувчи қатламнинг баъзи вакиллари қоралаб чиқди.

Ўзим кал, кўнглим нозик, деган қавм вакиллари ўзбекларнинг ўзбекча гапиришидан талвасага тушди.

Мен қайси мамлакатдаман? Кўчамнинг номи нима?

Тарих – бу такрор саҳналардир. XVIII-XIX асрда Россия зодагон ва башанглари асосан француз тилида гаплашишган.

Пушкининг тили французча чиққан ва беш ëшида рус тилини энасидан ўрганган.

 Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романи персонажлари асосан французча тиллашади.

Чунки француз тилида ягона тартибу низом ва назокат бор эди.

У пайтда ҳар хил шева ва жаргонлардан иборат рус тили ягона тизимга эга эмас эди. Масалан, кимдир “хитрий” деган сўзни “ақлли” деган ижобий маънода тушунса, ким учундир бу “шум” деган салбий маънода эди.

Кимгадир “черствий” деган сўз қотиб қолган нонни англатса, ким учундир бу калима энди ëпилган юмшоқ нон таърифи эди.

Француз тили Россиядаги илк аниқ ифода  воситаси бўлди.  Француз тили ошиқлари галломанлар дея аталди.

Гоголь ëзган “Уйланиш” спектакли қахрамони – типик галломан ўз хотини француз тилини билишини чандон истайди.

Севги бўлган жойда, албатта, нафрат ҳам пайдо бўлади. Бу яшаш қонуни.

Россиядаги тили французчага келишмаганлар бу тилдан нафратлана бошлади. Уларни галлофоблар деб аташди.

Галлофоблар орасида халқ маорифи вазири Александр Шишков ҳам бор эди. У рус тилининг мошкичирига айланганидан энг кўп додлаган амалдор сифатида тарихда қолди.

Аммо киборлар француз тилида гапиришда давом этишди.

Улар фақат ўз малайининг онасини сўкканидагина рус тилидан фойдаланишди.

Рус тили асосчиси Александр Пушкиннинг гўзал хонимларга ëзган мактубларининг 90 фоизи француз тилида эди.

1812 йилда Наполеон Россияга уруш бошлагани ортидан галлофобларнинг куни туғди.

Оддий рус мужиги французча гапирган рус зобитининг бўйнини болта билан узгани ҳақида Питер газеталари даҳшат билан ëзди.

Бугун Россияда галломания ўрнини рус шовинизми ва путинизм тўла эгаллади.

Лекин қатиқ тўкилса юқи қолади. «Афиша», «пресса», «шарм», «кавалер» “шифоньер” каби сўзлар ўша француз қатиғиниг юқидир.

Бу калималар ўзбекчага ҳам ўтган.

Дарвоқе, ўзбек грамматикасидаги вергуль сўзи ҳам французча. Бу сўзни усмонли адабиëти ўқиган жадидлар тилимизга киритишган.

Ду ду катрин турува

Умримда биринчи марта Францияга борганимда мен ўзимни илк маротаба чет эллик сифатида ноқулай ҳис қилдим. Мен билган чала-чулпа инглиз тили ва сал яхши биладиганим олмонча йўлда юришим учун таянадиган ҳасса бўлмай қолган эди.

Французча гапир, дейишди менга. Борган пайтимда баъзи хонадонларда ички комутацияли телефон тизими бор эди.

Яъни сиз телефон қилсангиз, бир хотин кўтаради. У хотинга француз тилида тўртта рақам айтиш керак бўлди.

Парижда рассом дўстим яшаган квартиранинг тўртта рақамини шеър каби ëдлаб олгандим.

Ду ду катрин турува.

Ўша даврда қулоғимга сингган қўшиқни ҳуштак чалиб хиргойи қиламан.

Мен нима қилдим? Нимани гапирдим? Қайси мамлакатдаман? Бошимга қўнган қор ранги қандай? Одам қариб чуриш учун туғиладими? О, менинг йўқолган болалигим. Кўчамнинг номи не аталганди?

Бу саволларимга юрт ойдини Сардор Салимдан жавоб олдим:

“Баъзилар Рим папасидан ҳам авлиёроқ бўлганидек, аксар русийзабонларимиз руслардан ҳам русроқ. Ўзбек тили ёки тарихи билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат ёки интилишга мана шулар биринчи бўлиб қарши чиқади. Буни Чирчиқда ўзбек тилини русизмлардан ҳимоя қилиш акциясига қарши кўтарилган дод-войда ҳам кузатиш мумкин.

Аксар собиқ мустамлакаларнинг зиёлилари ҳукмрон метрополиянинг (француз, инглиз, рус) тили ва маданиятини ўрганиб, уларнинг энг яхши томонларини ўз миллатига оддий халқ тушунадиган (яъни маҳаллий) тилда етказишга, сингдиришга ҳаракат қилади. Фақат русийзабон ўзбек ўз миллатидан ҳазар қилади. Орзуси, иложи бўлса, тўлақонли рус бўлиб кетиш, иложи бўлмаса, шу Тошкентда Пушкин ва Байрондан иборат ўз кичик русий оролчасини сақлаб қолиш, қолган миллат зарарига бўлса ҳам.

Онг деколонизация қилинмас экан, дунёни рус кўзойнаги орқали кўриш давом этаверади”.

Шунақа, ўриспарастлар. Сиз бир тўдасиз, холос.

Бу тўда ичида мен зинҳор бўри боласи эмасдим. Менга жажжи кучукка қарагандек қарашарди. Йиллар ўтиб мен жаҳлдор бўлишни ўргандим. Бир юзимга урсалар, иккинчи юзимни тутиб бермайдиган бўлдим. Танимдаги жунлар тез-тез тиканак бўларди. Кўзларимда эса нафрат ва ғазаб.

Мен энди сут эмадиган кучук эмасдим. Қалбим тўрида у маъсум кучукча ғужанак бўлиб ухларди. Бу тўда ичида мен ўзимдан кечиб, ўзга бўлдим. Ғазабим менга совут, заҳархандам найза бўлди. Зотан, тўда барибир менга ëт эди.

Ортимдан  ириллаган тўда итларга илкис ўгирилиб қараганимда улар кўзимдаги ғазаб чақинидан қўрқиб, думини қисиб ортга қараб қочарди. Бу тўда мени ўзига сингдира олмади. Бу тўда мени ўз тароғида тарай олмади. Мен бу тўда қуюшқонига кирмадим. Бу тўданинг номи – жамият.

Курдик уфладик, урдиқ

Хоразмда камбағал одамлар курдик пишириб еб қорин тўқлайди. Пиëз солиб қайнатилган сувга хамирни узиб солсангиз, узма курдик бўлади. Кесиб солсангиз – қайиш курдик. Иссиғида ейилади. Шу боис, “Курдик уфладик, урдиқ”, дейилади.

Совет ҳукумати давридаги колхозда одамларга курдик пишириб беришган. Озонда курдик, кечда курдик, колхозда ишлаганнинг аҳволин кўрдик. Озонда шўрва, кечда шўрва – колхозда ишлаганнинг бўйнида тўрва. Озонда чой, кечда чой – колхозчининг ҳолига вой.

Бугун араб ресторанидаги менюни ўқиб, феллаҳ котлети (fellahkofte) деган ëзувга кўзим тушди. Мазасини кўрай, деб буюрдим. Хамир ва булғур аралаш шарчалар ëғда қовурилган эди. Ичида эт йўқ. Гапнинг очиғи, бир пайтлар қашшоқларнинг ўз ошқозонини алдаш учун ўйлаб топган емаклари бугун қиммат ресторанлар менюсидан ўрин олди.

Феллаҳ – бу арабчада камбағал деҳқон маъносини беради. Яъни гўшт сотиб олишга қурби етмаган деҳқон кўфта (котлет) ейишни орзу қилган болаларини булғур (буғдойга ўхшаш дон) билан алдаган. Булғур ҳам ўтмишда қашшоқлар егулиги бўлган. Устига айрон сепиб, «сутли булғур» деб, семиз ўт тўғраб, «ўтли булғур» деб, жиздирилган мол ëғи аралаштириб, «этли булғур» дея қорин тўйдирилган.

Бугун диетологлар булғурда калория озлигини билганидан кейин озишни истаган бой араб хотинлари булғурхўрликка ўтишди. Ҳар бир таомнинг бир ҳикояси бор. Можаристон (Венгрия) бошкенти Будапештда гулаш еркан, бу овқат билан боғлиқ ҳикояни эшитдим.

Будапештдаги қалъа деворлари бўйлаб қопи қуллари (эшик қоровулловчи қул) истиқомат қилган. Бу қулларнинг вазифаси девор ва дарвозаларни мудофаа қилиш бўлган. Шаҳар жамиятидан айри, паст қатлам шаклида  яшаган қуллар пиширган овқат «қул оши» деб аталган.

Асосан табризлик қуллар бўлгани учун улар қулни гул деб юмшоқ талаффуз қилган. Ҳозирги озари туркчаси ва туркманчада ҳам гул дейилади. Масалан, туркман презигининг оти Гурбангули. Хуллас, «гул оши». Иқтисодий аҳволи ночор бўлган қуллар бу овқатни кўп пишириб, эртасига ва индинига ҳам ейишган. (Будапешт ресторанидаги гулаш бир кун олдин пишириб қўйилади. Қолган овқат шаклида)

Аста-секин бу овқат қуллар маҳалласидан чиқиб ўртаҳол можорлар дастурхонидан ўрин олди. Бугун эса гулаш қиммат ресторанларнинг хос емаги. Дарвоқе, феллаҳ котлети ортидан чой эмас, «хўш об» деган ичимлик ичилар экан. Озгина градуси бор бу ичимликнинг. Ашнақа гаплар. Сизлар сайлов ҳақида ўйлаб туринглар, мен  ресторанма-ресторан кезиб ҳикоялар йиғай.

Рассом Туздан дарс

Ўзбекистон аҳолиси умумий базавий саводи йўқ ва умуман саводи йўқларга бўлинади. Умумий базавий савод дегани 10гача санаш, алифбони ва баъзи физика қоидаларини билиш демакдир. Бугун ютубга юклаган видеомизга «Бир соатлик халифа» деб ном қўйдик.

Беш юзтача ўзбек фуқаро «ислом халифасига тил теккизма, гандон, ебан», деб ëзибди. Демак, бугунги дарсимиз «Бир соатлик халифа» (Калиф на час) деган фразеология ҳақида. Бу сўз тасодифан ва ўта қисқа муддатга раҳбарлик лавозимига ўтирган шахс учун ишлатилади. Қанотли ибора бу. Мақол десаям бўлади, лекин аския эмас. Бу ибора аслида қадимий ривоятга асосланган.

Хорун ар-Рашид ўз ўрнини вақтинча бошқасига бўшатиб бергани ҳақидаги эртак. Ëши катта ва ўқиган авлод «Бир соатлик халифа» деган китобни ўқиган ë шундай китоб борлигидан ҳабардор. Бугунги ўзбекистондаги миллионларнинг мияси чўпчак ва нафрат билан тўла. Аммо у ерда асло илм, фаҳм ва фаросат йўқ.

Олдин айтганимдек, Илья Ильф ва Евгений Петровнинг «12 стул» романи қаҳрамони Эллочка-людоедка луғати 30 сўздан иборат бўлса, оддий чўпчакхўр ўзбек луғати 15 сўзга ҳам бормайди. Бу сўзларнинг ярмини ўзиям тушунмайди. Масалан, ўша мўмин ë мўмина энг кўп ишлатадиган «зайбал» сўзининг маъносиниям тушунмайди.

Бу биомасса эртага бугундан ҳам баттар саводсиз бўлади ва охирида икки кўзли, оғзи бор, аммо тили йўқ, еб- ичиб ҳожатхонага борадиган махлуққа айланади. Баъзилари айланиб ҳам бўлди. Изоҳ қолдиришдан олдин мактабда 8 йил ўқиб, эга нима, кесим нима, эргашган қўшма гап нималигини билиб олинг.

Ом қонуни ва пуанкаре гипотезасини билмасангиз, кечираман. Дарсимиз тугади. Кейинги дарсда сайловда овоз санашни ўргатаман.

White girl

Коронадан олдинги кез эди. 3 йил олдин Россиянинг Ёйиқ (Урал) дарëси бўйлаб елкамда этюдник билан кезиб чиққандим. Николай Лесков битикларида ëзилганидек, бир пайтлар бу тупроқларда қипчоқлар яшарди. Бугун интернет ва смартфон асрида ҳам дарë бўйида кигиздан юрт тикиб яшаëтган қипчоқларни кўрдим. Ўша кез тортганим суратлар ортига мана бу мисраларни ëзган эканман:

Қўлларда чечак,

Олдимда келажак,

Ортимда кетажак,

Сайра, булбулим,

Эрка сандувоч.

Ëйиқ ëйилиб оқар. Атроф қипчоқ дашти. Кўм-кўк ўтлар ўсган даштдаги оқ уй тундигидан тутун чиқиб турарди. Бахши ота қўшиғини эсладим. Мўрисидан тутун чиқар, қатламаси бутун чиқар. Оқ уй эрганаги ғичирлади. Қийиқ кўзли, қизил юзли сулув чиқди. Бориб «сен кимсан, сулув», дедим. «Чўнг отанинг қизиман. Онамнинг оти Яхшилиқ. Менинг отим Оққиз» деди.

«Отанг қани?» «Отам Ёйиқнинг нариги ëғидан сурув суришга кетди, онам қишлоққа энди», деди қиз. “Кир, чой ич, жигит”, деди Оққиз. Кирдим. “Тўрга ўт”, деди. Қир чечагидай порлаган ширдақ устида ўтирдим. Қиз ўчоқ устидаги қозондан қора чойни оғоч сусоқда сузиб косага солди. Қора чой дегани сут чой. Оққиз буғи чиқиб турган косани узатди. “Ма, ич, қўноқ”.

Энди кўрдим, оқ қизнинг кўзлари яшилсимон эди. Яшма тоши каби. Оққиз менга тик қарамади. Чойни бериб, кийик каби кўздан ғойиб бўлди. Эгнимдаги икки кўзли хуржун хайба ичидаги егуликларни ўртага қўйдим.

“Оққиз, сенга бозорлиқ келтирдим. Кел», дедим.

Оққизга қизил қути ичидаги француз исли сувини узатдим. Бу исли сувни арт кураторим Иринага келтиргандим, аммо Ирина Исроилга кетиб, бу парфюм хуржунимда қолганди. Ичида шиша бор қути устига LANVIN – ECLAT D’ARPEGE EDP деб ëзилган. Жуда севаман бу парфюмни. Кўкламдаги чечаклар ифори келади бу исли сувдан. Оқ қиз ер юзидаги буткул қизлар каби парфюмни севади. Кийик каби югуриб келди. Қутини қўлига олди. Қизил юзли Оққизнинг юзи ëришди. Менга илкис қараб, “қимбатми”, деди.

Мен кулдим. Қиз қутини очди. Хрустал шиша оқ уй тундигидан тушган нурда живил-живил порлади. Оқ қиз исли сувни қўлининг уст қисмига сепди. Кейин қўлини бурнига обориб искади исли сув исини. Француз парфюмерларига олқиш. Улар қизларнинг биз билмаган ерларигача етиб, уларни ўзгартирадиган ис яратишган. Қизил юзли Оққиз оқ уй қовурғасига илинган дўмбирани қўлига олиб менга ялт этиб қараб, “ўлен айтайинми”, деди. “Айт”, дедим.

Оққизнинг қўли дўмбира устида данс қила бошлади. Мен Оққизнинг ўйнаëтган қўлларига қараб, ичим бир турли бўлиб ўтирдим. Оққиз айтим айтар эди.

Мен ўзингди тағин кўрдим тушимда,

Саған деган сўзим барма ишимда.

Мен хуржун хайбамдан қоғоз ва учи кўмирли ëзғични олдим. Бу дўмбира чалиб ўлан айтаëтган қипчоқ қизи Оққиз расмини тортиб бошладим.

Кун қорайиб ëғмур ëғди. Тундик ипини тортиб, уйни ëмғирдан қўридим. Чақмоқ чақиб кўкнинг кўкини йиртиб бошлади. Ҳар чақмоқ чаққанида Оққизнинг юзи ярқ этиб кўринарди…

Орадан олти ой ўтди. Афинадаги кўргазмага “White girl” деган расмни қўйдим. Бир қарашда рассом Чуйковнинг китоб кўтарган қирғиз қиз асарини эслатадиган бу реалистик расмни қозоғистонлик дипломат сотиб олди. Келишувга  кўра, мен бу расм фотосини тармоқда қўя олмайман. Аммо бир хотира қолди. Тафсилотларни айтишга истиҳола қилганим ширин хотира.

Ўшанда Ёйиқ бўйларини кезиб, бир тошбитикка кўзим тушди. Антрополог дўстим бу тошбитиклар Ўрхон-Энасой ëзуви эканини айтиб расшифровка қилиб  берди. Кўк. Ой. Қуëш. Денгиз. Эркак. Қиз. Сандуғоч (булбул). Бу еттита  тимсол ҳақида кўп ўйладим. Ҳатто ëн дафтаримга поэзияга ўхшаш бир нарса ëзган эканман. Шуни топиб олдим.

Борман деб боримни ўртага қўйдим,

Сандуғоч қушимни сен учун сўйдим.

Икки тиззам ерда. Кунботарда кўзим,

Йилдиримда ўтланган бўз уйдайин.

Ўртаниб, ëниб , ярқираб, ловуллаб,

Ботишдан кун чақнар. Кўзим қамашар.

Борман деб боримни ўртага қўйдим,

Сандуғоч қушимни сен учун сўйдим.

Ернинг адоғида. Денгиз қирғоғида,

Бир сулув яшайди сочлари чечакли.

Кундузи кун қизи. Тунда ой қизи,

Бой қизи. Хон қизи. Кўкнинг юлдузи.

Ботишдан кун чиққанда адашдим.

Сўқмоқ мени сен томон элтди,

Сен. Мен. Турибмиз бетма-бет.

Юзма-юз. Ел тортқилайди сариқ сочингни.

Кўм-кўк кўзларингда денгиз кўринар,

Кошки кема бўлсам-у, чўкиб ўлсам.

Кошки оқчорлоқ бўлиб учсам устингда,

Кундузи кун қизи. Тунда ой қизи.

Бой қизи. Хон қизи. Кўкнинг юлдузи.

Сен. Мен. Турибмиз қарама-қарши,

Кейин кетдик иккимиз денгиз ëқалаб.

Қўл ушлашиб қумлоқ соҳил бўйлаб,

Ичимдаги ирни оқчарлоқ ирлади кўкда,

Юракдаги қўшиқ  долғалар сасига қўшилди.

Ернинг адоғида. Денгиз қирғоғида,

Икки силует кун ëруғи устига битилди.

Ëзув. Энасойдаги битик. Тошдаги кертик.

Кун ботди. Денгиз кўкарди. Кўк  оқарди.

Сен. Мен. Турибмиз бетма-бет.

Кўм-кўк кўзларингда ўзимни кўрдим,

Термулган қоп-қора кўзимни кўрдим.

Сен мен бўлдинг. Мен сен бўлдим.

Кўкда теклигидан уялиб ийманди ой,

Булут ортига гизланди. Ўрамолли ой.

Ëзғич қора бўëқ ичига ботганидай

Йўқ бўлдик қоп-қора қоронғуликда.

Чақмоқ чақди кўкнинг кўкини йиртиб,

Кўм-кўк денгиз қирғоғида турган сену мен

Ярқираб. Ялтиллаб, чақнаб кўриндик

Тошга ўйилган Энасой битигидайин.

Ернинг адоғида. Денгиз қирғоғида,

Ой қора булут ичида. Бир-икки юлдуз

Йилтилайди. Ялтиллайди, учиб ўйнайди,

Оғ ичидаги аъжамий балиқлардай

Сакрайди юлдузлар, кўк чечаклари.

Сен. Мен. Турибмиз бетма-бет,

 Ëшланмаган турмуш битиги,

Тошга ўйилган Ўрхон битиги.

Борман деб боримни ўртага қўйдим,

Сандуғоч қушимни сен учун сўйдим.

Бу кеча – севги кечаси. Юм кўзларингни,

Ернинг адоғида. Денгиз қирғоғида,

Икки силует битта битикка айланди.

Тошга ўйилган Энасой битиги.

Мажнуннинг ўлими

Унинг паспортдаги исмини билмайман. Сочлари елкасига тушган ва мотороллерда пицца ташиб кунини кўрадиган бу йигитни Прагадаги ўзбеклар Мажнун деб аташарди. Мана, прагалик сариқ соч қиз Клара компьютердан янги буюртмани олди. 

Клара микрофонга эгилиб, Jedna margarita pizza pro vilu v Průhonici. Běžte Majnun, vezměte si to drahý, деди (Прухонницадаги виллага бир маргарита пицца). Мажнун бўлса сариқ мотороллерини тириллатиб, буюртмани бериш учун Прага четидаги бойлар яшайдиган Прухонница маҳалласига қараб кетди.

Июль ойи. Ложувард осмон фонидаги қизил томлар қуëш нурида жилваланади. Флорида дея ном олган пушти гуллар балконлардан ифор тарқатади. Ниҳоят, навигатор Мажнунни керакли манзилга элтди. Катта икки қаватли норинж ранг вилла. Балконда бир жувон гулларга сув қуймоқда. Орқасидан эса бир қорасоч эркак келиб жувонни қучди. Жувон жилвали табассум қилди.

Мажнун эса донг қотди. Ахир бу Наргиз-ку. Ишқида оҳ чеккан ва ниҳоят унаштирилган қиз. Аммо Мажнуннинг онаси «Бу қизнинг таги-тахти йўқ», деб фотиҳани бузган эди. Шундан кейин Мажнун ўз туғилган шаҳрини тарк этиб Прагага келиб ишлай бошлаган эди.

Аммо Наргиз қандай келди бу шаҳарга? Қайси шамол уни учирди? Уни қучган қора сочли ким? Мажнун қўлидаги пицца ордерига қаради. Жубайр Гуфран деган араб исми ëзилган эди. Мажнун вилланинг Жубайр ва Наргиз Гуфран деб ëзилган қўнғироқ тугмасини босди…

Наргиз чиқиб, пицца қутисини қабул қилиб олаëтиб, Мажнуннинг кўзига кўзи тушди. Нигоҳлар учрашди. Орзиқиш, мунг ва яна алланечук дард бор эди Наргизнинг кўзларида. Аммо бир неча секунд давом этган кўзлар учрашуви тугади. Наргиз пицца ҳақини тўлаб, илкис бурилиб кетди.

Мажнун чўнтагини кавлади. Наргиз бўлса, қайтими керак эмас, деб қадамини жадаллади. Арабча гапирган эркак кишининг саси келди. Наргиз норинж ранг вилла ичига сингиб йўқ бўлди. Мажнун бўлса, сариқ мотороллерга суянганича турарди. Мажнун шуурида бир қўшиқ янграрди. Наргиз, Наргиз, хабар олмайсан ҳаргиз. Охахой.

Мажнун чўнтагидан кумуш занжирли кулонни чиқарди. Кулон ярим олма шаклида эди. Наргизда ҳам худди шундай ярим олмали кулон бор эди. Унаштирилган пайтида улар бу икки олмани ошиқ-мошиқ қилиб бирлаштириб завқ олишган эди. Мажнун ўзи истамай норинж вилладан узоқлашди.

Аммо сал ўтмай, мотороллерни ҳайдашга мадори йўқлигини ҳис қилди. У ўз севгиси кўмилган мозор каби норинж виллага қараган кўйи мотороллерга суяниб туриб қолди. Бир оз вақт ўтиб норинж ранг вилладан зангори рангдаги Porsche Cayenne Coupe машинаси чиқди.

Мажнун қандайдир илинж билан мотороллерини Porsche Cayenne Coupeнинг Наргиз ўтирган тарафига ëндош ҳайдади. Наргиз ўнг тарафда маюс ўтирар, чап тарафда эса қора сочлари текис таралган араб оппоқ тишларини кўрсатиб кулиб, нималардир дея машина бошқарарди.

Машина қизил ëнган светофор ëнига бориб турди. Мажнун яқинлашиб Наргизга қўлидаги кулонни кўрсатди. Бошини афсус билан чайқаган Наргиз сумкасидан айнан шундай кулон чиқариб машина ойнасидан ерга ташлади. 

Светофорнинг яшил чироғи ëнди Porsche наъра тортганича илгари жилди.

Мажнун ерга эгилиб иккинчи кулонни олди.  Икки ярим олмани чирқ этказиб бирлаштирди. Ҳеч бўлмаса кулондаги олмалар бирлашди-ку, деб ўйлади Мажнун.

Бу пайтда олдинда кетаëтган Porsche ичидаги Наргиз Мажнуннинг ҳаракатларини орқани кўриш кўзгусидан кузатар эди. Ана сариқ мотороллер. Унинг устида бирлашган олмали кулон ушлаган собиқ севгилиси Мажнун кўзларини жовдиратиб турибди. Мажнунинг узун сочлари шамолда ҳилпирайди.

Шу пайт бетон қорадиган улкан юк машинаси келиб Мажнун турган мотороллерни туртиб юборди. Мажнун бир силкиниб тепага учди ва асфальтга урилиб жони узилди. Фаррамиул алсаййара (машинани тўхтат) дея фарëд қилди Наргиз. Жубайр Гуфран жон-жаҳди билан тормозни босди. Машина эшигини  шарт очган Наргиз югуриб, ерда ëтган Мажнун олдига борди.

Мана, у ëтибди. Ўлган бўлса ҳам кўзлари очиқ кетган эди. Қўлида эса олмали кулон.

Бир олманинг икки юзи,

Бири сенсан, бир мен,

деган қўшиқ айтилган эди улар унашган кун…

Орқадан етиб келган Жубайр Наргизнинг елкасидан қучди.

 Ҳузун денгизига ғарқ бўлган Наргиз сассиз эди.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
8 август 2019
“Элтуз” нашри собиқ сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон қамоқда ёзган “Қўрқувнинг нариёғида” иккинчи китоби 12-қисми аудиоверсиясини тақдим этади. Китобнинг бу ...
12 апрел 2021
1994 йили акам Шуҳрат, укам Ғайрат ва мен Урганч шаҳрида мустақил телестудия ташкил этган эдик. Очилган кунидан буён уни ...
17 май 2017
Фарғона вилояти фермерлари мажбурлаб берилган ипак қуртини яна ҳокимиятга қайтариб олиб келишмоқда. Бу ҳақда Элтуз мухбирига Риштон туманидаги фермерлардан ...
24 август 2020
Бишкекдан махсус ҳарбий самолётда 22 август куни Тошкентга олиб келинган журналист Бобомурод Абдуллаев Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари тарафидан саккиз ...
Блоглар
22 октябр 2021
Ўғил неварасини қўрқитиб, мунтазам зўрлаган тошкентлик амаки ҳақида видео тарқалди. Бу амаки «ножўя жинсий ҳаракат ...
18 октябр 2021
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 36-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми ...
14 октябр 2021
Дастлаб большевиклар Ёш бухороликлар, жадидларнинг коммунистик партияга қўшилган аъзоларидан иборат Бухоро Халқ Совет Республикасини туздилар.  ...