Асосий мавзулар
26 ноябр 2021

РТдан ваъз: Номинг ўчсин, Герострат!!!

Драматург Григорий Горин 1972 йилда ëзган «Номинг ўчсин, Герострат» («Забыть Герострата») асарини 1975 йилда Тошкент театр ва рассомлик институти битирувчилари саҳналаштирди. Бош ролни хоразмлик Ҳожи Ортиқов ижро қилди. Ўша пайтда Хоразм театрига келган Ҳожи Ортиқов Герострат монологини учрашувларда айтиб юрди.Трагикомедия жанрида яратилган бу асар номим чиқсин дея Артемида биносига ўт қўйган кимса ҳақида.

Эрамиздан 360 йил олдин ҳозирги Туркиянинг Эфес водийсида юз берган воқеа бугунги Ўзбекистон воқелигига ўхшайди. Тошкентда ўзбек бенксиси деб ном чиқарган рассом Абдураҳмоннинг бензин дефицитига қарши чизган расми ўчириб ташланди.

Биз Артемида обидасини йўқ қилган одам Герострат эканини биламиз, аммо Абдураҳмоннинг расмларини ким ўчирганини билмаймиз. Ким бўлса ҳам ўша одам миллат ва санъат душмани. Номи ўчсин унинг. Муаммоларни Тошкент деворига ўз расмлари билан зарб қилаëтган Абдураҳмонга эса шарафлар бўлсин.

Бугунги рассом буюртмачи нима буюрса югуриб бориб чизадиган ҳунарманд эмас. Бугунги рассом – бу фаол инсон. У ўз қарашларини тасвир билан ифода қилади. Рассом деган рутбани баланд кўтариб, ҳар хил матоҳларга сиғинадиган кичик буржуазияни жойига ўтказиб қўйган илк рассом Пабло Пикассодир.

Пикассо туғилган Малага элини кезиб, буюк дарахт томир отган тупроқ ҳақида ўйладим. Рассомни тушуниш учун унинг мамлакатига сафар қилиш керак, деган эди немис шоири.

Россия мафкурачиси Сурков «ерларни қайтариб олиш» (Ўзбекистонни қайта мустамлака қилиш деб тушундик) ғоясини 20 ноябрь куни матбуотда эълон қилди.

Ўзида йўқ нарса билан мақтаниш

Ўзбекистон раҳбари Россияга таъзимга бориб келганидан кейин ëзилмоқда бу матн. Бу жиддий мавзу. Маҳаллий депутат ўз тўшагини ким билан баҳам кўриши мавзусидан минг марта муҳим. 30 йил олдин Каримов билан ким қандай муносабатда бўлувди, деган нафталинли кўрпадан ҳам муҳим. Гап мамлакат ҳудудий яхлитлиги ва сиëсий мустақиллик ҳақида. Чўпчак, ғийбат, туҳмат, майда шантаждан бошқа нарсага ақли етмаган биомасса учун бу мавзу мураккаб. Бир ҳафта давомида кап-катта кишилар бир депутат аëлнинг яланғоч баданини муҳокама қилди.

Кутубхонада китоб қидираëтиб, Усмонли подшолиги ҳарами тафсилотлари ëзилган суратли китобга кўзим тушди. Олиб расмларини кўрай, деб бирров варақладим. Расмлардан бирида султоннинг хилватда канизаклар билан ëтганини эшик тирқишидан кузатиб турган бичилган қуллар тасвирланган эди.

Расм тагидаги изоҳда бичилган қуллар султоннинг олати қанчалик катта ва қудратли эканидан ғурурланиб мақтанишни одат қилгани ëзилган. Ҳар ким ўзида йўқ нарса билан мақтанади, деган гап эсимга тушди.

Хабарлар

«Зўравонликка қарши 16 кун» давом этаётган шу кунларда  Яккабоғ туманида эр ўз хотинии бўғизлаб ўлдирди. Бундан ташқари, Бувайда туманида бир аёл зўравонлик қурбони бўлди. Кечаси соат 16-17лар атрофида эр аёлини пичоқлаб ўлдирди. Хотин гўрда, эр қамоқда. Икки бола етим.

+++

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида «Толибон» таъсирига тушиб узун соқол қўйган ўнлаб эркак ички ишлар бўлимига чақиртирилиб, соқоли мажбурий равишда олиб ташланди.

+++

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида Суриядаги “Катиба тавҳид вал-жиҳод” террор ташкилотининг Ўзбекистондаги яширин жамоати аъзолари қўлга олингани тўғрисида вилоят Ички ишлар бош бошқармаси 23 ноябрь куни хабар берди.

ИИББнинг билдиришича, тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзолари “Катиба тавҳид вал-жиҳод”нинг ғоявий раҳнамолари Абдуллоҳ Зуфар ва Содиқ Самарқандийнинг “аудио ва видеомаърузаларини тарқатган ҳамда сафларини кенгайтириш билан шуғулланган”.

+++

Сўнгги бир неча ой ичида Ички ишлар вазирлиги мамлакатнинг турли ҳудудларида ўнлаб киши террор ва экстремист ташкилотларга аъзоликда гумонланиб қўлга олинган.

Жумладан, Сирдарё вилоятида 9 ноябрь куни ДХХ ва ИИВ маҳаллий бўлинмалари ўтказган тезкор тадбир давомида террорчи гуруҳ аъзолари қўлга олинган.

+++

31 октябрь куни ДХХ матбуот хизмати Деҳқонобод туманида “Жиҳодчилик” оқимига мансуб 12 киши қўлга олингани тўғрисида расман хабар берганди.

Гуруҳ таркибида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги айтилган эди.

+++

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон Хитойга қиймати 601,27 миллион долларга тенг 2,57 миллион тонна газ етказиб берган. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси маълум қилди.

Милтиқ излаган ака ука

Шу кунларда Ўзбекистонда аëлларга қарши зўравонликка қарши тадбир ўтмоқда. «Хотинни урмаган номард», деган мақол мавжуд бўлган бу қавм мансуби ëзувчи Раҳимжон Раҳматдан эшитамиз:

Боя ўзбек аёлларининг эрлари томонидан калтакланиши ҳақида пост ёзмоқчи бўлдим, икки-уч абзац ёздим ҳам. Кейин… кейин мавзуни охирига етказмай постни ўчирдим, чунки жоҳил эрлар хотинини уриши билан боғлиқ оғир хотираларим уйғониб, миямдаги қон томирларини қийнаб қўйди.

Эсимни таниганимдан буён маҳалламиздаги деярли барча аёлларнинг кўзи таги кўкариб юрарди. Назаримда, ўз умр йўлдошини итдай калтаклаш эркакнинг оилавий бурчи эди.

Кичик синфда ўқирдим. Акам мендан бир ёш катта.

Ака-ука милтиқ излаганмиз. Бизга милтиқ керак, деганмиз.

Катталар: » Милтиқни нима қиласизлар?» деб сўраган.

«Дадамни отиб ташлаймиз», деганмиз.

– Нега икков дадангни отмоқчисизлар»?

«Дадам онамни кўп уради», деганмиз акам икковимиз.

Саккизинчи синфдалигимда дадам онамни урмоқчи бўлганида йўлини тўсганман. «Онамни урмайсиз», деганман ўта қатъият билан.

Онамнинг ҳимоячисига айланганман. Ҳовлида телбадай қичқирганман: » Ҳеч ким онамга қўл кўтармасин. Аямайман. Шафқат қилмайман».

Бутун умр онамнинг ҳимоячисига айландим.

Кўплаб ўзбек оилалари бўйнигача жаҳолатга ботиб яшайди: ишлайди, ароқ ичади, хотини ва боласини уради.

Тош ва ош

«Нуқул бизани тарафга қараб тош отасиз», деган маломатни эшитаман. Ўзбек зеҳниятида тош негатив маъно беради. Бошим тошга урилди, дейди муаммога дуч келган киши. Мўғуллар эса тошларни яхши кўради, лекин ҳар қандай тошни эмас. Асосан, кўчманчилар ўрта ўлчамдаги юмалоқ тошларни афзал кўради.

Гулхан ëки ўчоқ ичидаги оташда тошлар иссиқдан деярли оқ рангга айланганидан сўнг улар эт пишириш учун ишлатилади. Масалан, хорхог деган овқат қилиш асносида идиш ичидаги гўшт иссиқ тош билан аралаштирилади.

Хўш, нега мўғуллар овқат пишириш учун тошлардан фойдаланади?

Иссиқ тошлар гўштни юмшоқ қилади ва идиш ичида иссиқ тошлар бўлса, тезроқ пишади. Бундан ташқари, пиширишнинг бу усули кўчманчи фойдаланиш учун идеалдир.

Бундан ташқари, гўшт пиширилгандан сўнг мўғуллар қўлларида иссиқ тошларни ушлаб ўтиришади. Бу ажойиб терапия ва ташқарида совуқ бўлганда қўлларингизни иситишнинг яхши усули.

Улан-Батордаги суҳбат

– Исминг нима?

– Чечак!

– Нима у?

Бронза рангли юзи баркаш ой каби сулув ерда ўсган қордалин гулини юлиб менга кўрсатди.

– Мана шу чечак!

– Бу қандай гул? Нима фарқи бор бошқа биткилардан?

– Бу гул қиш гули. Қор остида ўсади. Совуқ урмайди.

Ëнимдаги мўғул сулувига тикилиб қарайман. Балки Қозонхоннинг қизи Сароймулк хонимниг юз бичими шундай бўлгандир.

– Мабодо барлосларга алоқанг йўқми?

– Йўқ, нукуз уруғиданман?

Нукуз турк уруғи эмасми? Ўзбекистонда битта шаҳар ва битта қишлоқ бор шу сўзга яқин номдаги. Биттаси Нукус шаҳри бўлса, бошқаси Қашқадарëда – шоир Абдулла Ориф туғилган Некўз қишлоғи. Нукуз уруғининг илк мансублари Сибирда, Тунгус метеорити тушган жойда яшаган-ку.

– Сен Улан-Баторга қандай келдинг? – деб сўрайман Чечакдан.

– Кўк… – дейди у

– Нима?

Чечак осмонга қўлини ниқтади: «кўк»

– Демак, кўкдан тушибсан, малак каби…

«Ўлсўж байна», дейди қиз қорнимга қўлини текизиб. Қорнинг очми, деб сўрагани эди бу.

Кейин гулханда қизиган тошларни темир бочкага қўй гўшти билан солиб, мўғул даштлари бўйлаб юмалатдик.

45 дақиқалардан кейин даштнинг Х нуқтасига етиб бордик. Чечак узун хода топиб ерга санчиб қўйди. «Урга», деди Чечак.

Урга дегани «бизни холи қўйинг», деган белги. Бу белгини кўрган қашқир айланиб ўтади, силовсин эса яқинига ҳам йўламайди.

Бочкадаги этни қўй териси устига қўйиб едик. Нонсиз, гўштни гўшт билан едик.

Хуржундан тарасун чиқариб ўртага қўйдим. Тарасун – бу йилқи сутидан бўлган ароқ.

Ароқ симириб, мўғул қиз тушунмайдиган шеър ўқидим. Шеърни шодравон дўстим Абдували ëзган эди. Ëд ўқидим. Бошимни сарак-сарак қилиб.

Ай, мўғул дилбарим…

Оҳумидинг ёбонимда сув излаган,

Ёҳумидинг томонимда лаб излаган,

Даллигина жаҳонимда

Сийму зарим: —

Ай, дилбарим…

Чашмамидинг тошлар узра тўкиласан,

Уфқмидинг, қуёш кетгач йиқиласан,

Ямоқ тушган ҳаётимда

Сен чеварим:

— Ай, дилбарим…

Бий далада қуюн ила сочилдинг-а,

Ўртасида явшан ила очилдинг-а,

Юрагимга қадаб қўйган

Оқ гавҳарим:

— Ай, дилбарим…

Кошкийди, то қиёмат биз ёнма-ён,

Кошкийди, то қиёмат биз жонма-жон,

Гулхан ёқиб узун туннинг этагида

Билагимиз тилиб қўйсак уст-устига.

То қиёмат

Зикр айтсам,

Моҳпайкарим,

То қиёмат зикр айтсам, моҳпайкарим:

— Ай, дилбарим…

Яна Мўғулистон ҳақида…

Мўғулистон ҳақида ҳикоя тугамай қолибди, деб ëзди Раҳматжон оға. Оғанинг гапини икки қилмай, бу қадим тупроқлар ҳақида батафсил ëзсам.

Шамоллашдан кейин бурним яхши ҳид билмайдиган бўлиб қолди. Бу эса Мўғулистон сафаримда асқатди. Ҳар ҳолда сассиқдан кўнглим беҳузур бўлмади. Қўй ëғи ва ачиган қатиқ ҳиди Улан-Баторнинг асосий хуш бўйи. Баъзи мўғуллар баданига думба ëғи суртади ва бу ëғ ҳидини сиз албатта сезасиз.

Қиш келди дегунча ҳамма тезак ëқади. Бусиз илож йўқ. Эшак ўлдирадиган совуқ бўлади у юртларда. Совуқ бўлса ҳам қор деярли ëғмайди. Кўчаларда эса ориқлаб кетган моллар чиқит титиб юради. Аксар одам қишда кигиз этик устидан калиш кияди.

Ўтган йили совуқ 38 даража бўлди. Кўчада алюмин қошиқни этигим билан босувдим¸ заранг қотган қошиқ миллион заррачаларга бўлиниб кетди. Қалин гуппи кийган мўғул болакай буни кўриб кулди…

Болалар туғилиши билан метрика олмайди. 3 ëшга киргандан кейин туғилиш гувоҳномаси олишади. Шу ëшга кирмай ўлаëтган болалар қанча…

Мўғулистонда ҳаëт машаққатли. Кескин континентал иқлим. Лекин чавандозларга қийин эмас. Чунки отлар пак-пакана. Оëқлари калта, семиз, узун қуйруқли бу отлар устида мўғуллар худди табуреткада ўтиргандай ўтиради. Амир Темур ҳам шунақа пакана от минган дейишади.

Бир куни эшик тақиллади. Чиқсам, от устида бир мўғул турибди. Қўлида катта биртли лаққа. «Сотиб ол, ажнабий», дея олиб келибди. Олиб, пишириб едим. Ҳақиқатда мазали балиқ. Аммо мен билган мўғуллар балиқ емайди. Қўй ейди. Менимча, бўри ҳам бунчалик кўп эт емаса керак.

Мўғул чойи совуқ кунлари ичингга иссиқ беради. Сутей цай дейишади уни. Қозонда сутга қора памил чой, думба ва қўйнинг мияси солиб қайнатилади. Сусоқ билан сузиб темир кружкага солиб беради. Сухе Батор майдони ëнидаги кир чойхонада Улан-Батордаги энг зўр чой бор. Сутли чой.

Шу кунларда Улан-Баторда бир гап тарқалди. Тарбақан деган ҳайвон гўшти ковидга даво экан. Юмронқозиққа ўхшаш семизгина юнгли ҳайвон. Мўғуллар уни ушлаб терисини шилади. Ичак-чавоғини олиб ташлаб, гўштини шилинган терига қайтариб тиқишади. Гўштнинг ëнига гулхан ëки ўчоқда қизиган юмалоқ тошларни ҳам солишади. Тери тикилади ва бу қоп ярим соатча оловда айлантирилиб пиширилади. Кейин яна 15 минут димлаб қўйилади. Тарбақан пишгач, пичоқ билан кесиб дастурхонга тортилади. Хасипнинг мазасини беради.

Қиссадан ҳисса. Тезак ëқиб исинаëтган фақат сиз эмассиз. Мана, мўғул аймоқларида ҳам кампирлар тезак ëқмоқда. Ана сизга таскин.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
5 январ 2021
Рассом Элнур Эгамов суратга олган анимацион фильмда порахўрлик асорати ҳажв қилинади. Фильм ижодкорлари уни Сардоба cув омбори ҳалокатига 230 ...
27 ноябр 2021
Россиянинг мустамлакачилик сиёсати таъсири остидаги Ўзбекистоннинг бугунги ҳукумати Туркистон мухторияти тузилган санани атай унутишга интилиб келади ва бу сана ...
26 июн 2019
Бугун, 2019 йил 26 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Юнусобод тумани судининг биносида Ўзбекистон Республикасининг собиқ бош ...
7 март 2020
Малика Ҳаё бинт ал-Ҳусайн ўғирлик, мажбурий қайтариш, қийноқ ва қўрқитиш компанияси бошида ўзининг собиқ эри, миллиардер ва Дубай амири ...
Блоглар
18 январ 2022
Тармоқда икки тоифа муллалар бир-бири билан қирпичоқ бўлмоқда. 1-тоифа: Ҳукумат ва ДХХ йўриғида юриб чизиқдан ...
16 январ 2022
Ўзбекистондаги ҳар бир мулозимнинг ичида битта шоир, ҳар бир шоирнинг ичида битта мулозим яшайди. Бу ...
10 январ 2022
Ўзини бир гуруҳ фаоллар деб таништирган гуруҳ Eltuz телеграм каналига ёзиб, қуйидаги мурожаатни чоп қилишни ...