Асосий мавзулар
25 феврал 2022

РТдан ваъз: Уруш бошланди бирдан…

Қадрдонларим бормисиз? Омонмисиз? Ўтган хафта касал бўлганлар бугун тузалганидан¸ ўткан ҳафта пули йўқлар бугун бойиб битиб кетганидан хурсандман. Бугун касал бўлиб ëтганлар келаси жума албатта тузалиб кетади. Бугун қўли қисқаларнинг қўли узаяди. Қўй эмас қўчқор сўйиб топканингизни қозонга босасиз.  Бир тишласанг мой тишла дейди қиëтлик ўзбеклар. Қўйнинг шохини пахса девор устига қўямиз. Бало қазодан асрасин. Қўйнинг терисини момолар ошлайди. Яхши кунлар учун пўстак бўлади. Болалар қўй суягидан ланка ясап тепади. Суягини ошиқ қилиб ўйнайди.

Еганингиз қўй, кўрганингиз тўй бўлсин аммо миянгизда ўй бўлсин. Ўйсиз одамнинг ҳайвондан фарқи йўқ. Нима дейсан, Матчон Суқулиш?

Матчон Суқулиш: Ўйлагандан нима фойда. Масалан мен 200 минг доллар турадиган «Бентли» ҳақида ўйлаганим билан тагимдаги «Тико» ўзгариб қолдими? Ўйчи ўйлагунча тентак сувдан ўтибди. Мана Тошкент ҳокими Ортиқхўжаев умуман ўйламайди. Мактабни ҳам уч клас ўқиб кейин кўчага чиқиб кетган. Жаслиққа кириб кетган бир бечаранинг бизнесини олиб ойна ром ясаган. Хуллас Туз оға сиз ўйланг. Чунки каттасиз. Мирзиëев ўйласин. Яхшиси, сиз нима ўйлаганингизни айтинг. Буни эшитиб Мирзиëев ўйлансин. Менинг ишим эса ювилмаган қошиқдай бўлиб, суқулишиб туриш. Яхшиси бир шеър айтиб беринг, Туз оға.

Рассом Туз: Эҳ, Матчон суқилиш. Шеър кам ëзаман. Олдин чиройли қизларнинг сонини мақтаб шеър ëзардим. Кейин сифатини мақтаб. Ўзи илк ëзган шеърим уруш ҳақида эди.

Каравотлар тахтадан,

Дарахтлар синиб ëтган, –

Уруш бошланди бирдан!

Бу шеърни ëзганимда 4 ëш эдим. Амаким ëд олиб яқинда менга айтиб берди. Ўшанда амаким мендан яъни 4 яшар боладан «нега каравотлар тахтадан?» деб сўраган. Менинг жавобим эса мантиқан кучлилиги билан амакимни лол қолдирган.

«Чунки барча темир урушда қурол ясашга ишлатилган» Ана шунақа. Бўладиган бола бошидан маълум.

Матчон Суқулиш: Ўзингизни мақтадингиза оға. Тўчний мақтадингиз. Лекин хозир нега каравотлар тахтадан. Ўзбекистонда уруш йўқку.

Рассом Туз: Тахтадан эмас, Матчон. ДСПдан. Ўзбекистонда тахта нима қилади. Уруш ноғораси эса Украинадан эшитилмоқда. Путин деган замонамиз Гитлери қиличини чархлаб Украинларни қўйдай сўймоқчи. Путинни Россиянинг ўзида севишмайди. Лекин Ўзбекистондаги вассал раҳбарлар ва кир кўрпадаги бурга каби урчиган масса севиши аëн бўлди. Мана уч кундан бери умра қилганиям, ҳаж қилганиям отин ойисидан тортиб қатортол жалабига қадар Путинни мақтаб ëтибди.

Элтуз телеграм гуруҳида Ўзбекистон Россия сингари ЛХР (Луганск Халқ Республикаси) ва ДХР (Донецк Халқ Республикаси) ни расман тан олиши керакми ёки йўқ? Деган савол қўйдик.  – Бу саволга 3648 киши жавоб берди. Улардан 33% Ўзбекистон ДХР ва ЛХРни тан олиши керак деган фикрда. 67% эса бу фикрга қарши чиққан.

Путин Ўзбекистонни босиб олганда,кимлар рус армиясини нон-туз билан кутиб олиши аниқ бўлди. Улар анчагина экан. Бу оломон аввалдан шунақа. Бекорга Рус императори армияси Тошкентдек азим шаҳарни олишда бор-йўғи 25 та аскар йўқотмаган. Энди келса, биров пишагини пишт демайди. Қайтангга мишиғиз мунча чиройлик деб падход қилишади. Путинни мақтаганлар. «Бой ила хизматчи»даги Ғопирга ўхшайди.

Бу Ҳамзага нисбат бериладиган драма. Оригинали сақланмаган. Яшин уни мафкурага мослаб, қайта ëзган. Суфлер варианти сақланган. Ўша вариантга асосланилса, бу асар трагикомедия жанрида ëзилган.

Бой Жамила деган қизни ўзига ўйнаш қилиб олади. Уйлана олмайди, чунки активда тўртта хотин бор. У ўз ўйнашини Ғофир исмли сўтак бир хизматчига эрга бериб қўяди. Хизматчининг бўйнига 1700 чор Россияси рубли (170 дона ўн грамлик олтин танга)ни қарз қилиб илиб қўяди.

Хизматчи куни бўйи далада ишлайди. «Хотин» эса бой билан ишрат қилади. Хизматчи ўзини уйлантирган бойдан қарздор эканлигини билгани учун ҳам «хотини» Жамиланинг бой билан айш қилишига кўз юмади. Бошқа хизматкорлар билан суҳбатда у бойни мақтаб гапириб юради.

Бу томошани кўрганлар, Ғофирнинг даюслиги Жамиланинг жалаблиги ва Солиҳбойнинг аферист ва секстеррорист эканлигидан завқ билан кулишган. Бу энди театр.

Ҳаëтда ҳам шундай нарсанинг гувоҳи бўлдим.

Бир катта вилоят идорасининг раҳбари ўзига ўйнаш бўлган котибасини ўз идорасида ишлайдиган ишчига олиб беради. Тўйини қиберди.

Шундан кейин ишчи фақат тунги сменада ишлайдиган бўлди.

Айтишларича, бу ишчи хотинининг ўйнаш эканидан рози. Ҳатто мақтаниб ҳам қўяркан «хўжайин бизнинг оилага жуда яқин,» деб.

Синиқлик ва умуртқасизлик миллатнинг асосий сифатига айланмадими?

Ўзининг хотинини зўрлаган кимсани мақташ учун ким бўлиш керак?

Нега баъзи ўзбеклар бой отанинг асбоби катталигини мақтаб ўтиради.

Кечадан буён Путинни мақтаётганларни ҳам шу спискага қўшдим.

Матчон Суқулиш: Менга тегиб кетди бу гап. Путин аканинг юртига бориб кўчаларни топпа тоза қилиб супуриб ўрис оғани рози қилиб ойлик олаëтган бўлсак. Қизларимиз Питерда ўрис акаларнинг кўнглини овлаб пулини олиб Арнасойдаги энасига ювораëтган бўлса. Нега ëмонлашимиз керак? Қўлидан нон еб турибмиз. Ариғидан сув ичамиз. Ўрис урса ун оши, Ўрис сўкса сўк оши. Тепса ҳам билинмайди. Ўрис тепкисини ўзбек кўтаради оға. Сотқин бўлай, соғ бўлай деб юрибмиз 35 миллион бўлиб. Мана Россияда палаткалар қурилиб ўзбекларни армияга олишмоқчи экан. Гулдай ҳунар. Уч марта овқат. Қўлингга калашников беради. Ўт ўргандай қилиб украинларни отиб ўлдириб келасан. Украинлар ўзларини хохол дейишар экан. Шундан билаверинг.

Рассом Туз: Эй Матчон. Сенинг лойинг бузуқ. Шу гапларни айтишга уялмайсанми? Сенга телеграмдаги Бакиров ëзган гапни ўқиб берай. Зора ақлинг кирса.

Иқтибос

«Асосийси, унутмаслигимиз керак, бугун Украинанинг бошига тушган кулфат эртага, балки, индинга бизнинг ҳам бошимизга тушиши мумкин.

Агарда биз тизимли елимга айланиб кетган, бўғзимизгача ботган коррупцияни шахсий садоқат воситаси сифатида кўришни узил-кесил тўхтатмасак.

Агарда биз Кремлнинг агентлари бўлган ва умуман шахсий манфаатлари учун Ватанни сотишга ҳар доим тайёр ички ва ташқи олигархияни қарор қабул қилишдан буткул четлаштирмасак.

Агар бу ишлар амалга оширилмаса, авлодлар лаънатлайди. Худди лаънати Худоёрхон, Музаффархон ва Раҳимхонни қандай лаънатлашса, худди шундай лаънатлайди.

Яшасин озод Украина!”

Матчон Суқулиш: Яшасин Никарагуа!!!

Рассом Туз: Эй, Матчон Суқулиш Видеода кўраётганинг аёл Валерия Новодворская бўлади. Бу аёл Совет диссиденти бўлган. Бу аёл Россия либераллари ҳаётида ўчмас из қолдирган. Валерия Новодворская бу гапларини 2014 йилда ўлимидан бир ой олдин Донбасс халқига қарата айтган. Диққат билан томоша қил ва хулоса чиқар.  Россия фақат Путиндан иборат эмас.

(Видео)

Ҳозиргача Украина-Россия зиддиятига боғлиқ асосий воқеаларга тўхталсам:

Россия қўшинлари Украинага турли нуқталардан бостириб кирди. Кун давомида ҳаво ҳужумлари уюшириб, Украина ҳарбий омборхоналари, бўлинмалари ва аэродромларини нишонга олди. Ҳозирча асосий шаҳарлар ишғол этилгани йўқ. Ғарблик экспертлар ва Украина Мудофаа вазирлиги энди Россия йирик шаҳарларга десант ташлаши ва қуруқликдан кенг қамровли ҳужум бошлашини айтишмоқда. Киев муҳосириага олиб бўлинди ҳисоби. АҚШ разведкаси нари борса икки кунда Киев қулайди, деган башоратни қилди.

Украина Олий Радаси Украина бўйлаб ҳарбий ҳолат эълон қилди.

Россия Украинадан дипломатлар ва элчихона ходимларини эвакуация қилишини эълон қилди.

Оқ уй президент Байден Владимир Путин билан учрашмаслигини айтди;

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам россиялик ҳамкасби Лавров билан пайшанба куни бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашувни бекор қилди.

Рассом Тузга Қўриқлаш хизматидан мактуб

Қўриқлаш хизмати ходимлари хам шу ватанни фарзандлари.

Бу қўриқлаш хизмати ходимлари ҳеч қачон рўшнолик кўришмас эканда. Президентимиз Қўриқлаш хизматини ИИВ дан МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ га ўтказганида баландпарвоз ваъдалар берилган, янги замонавий хизмат кийими, катта маош, рағбатлантириш, «элитний служба» да хизмат қилиш ва хакозо. Гвардия раҳбариятининг қўриқлаш хизмати ходимларини кўргани кўзи йўқми билмадим ҚБ ходимларини одам ўрнида кўрмайди, Ҳарбийларга ўнг кўз билан ҚБ ходимларига чап кўз билан қарайди. Гвардияга янги ўтганимизда ИИВ формасини пагонини олиб кийдиришди, кегин кўк формага Қизил шапка (Беретка) кийдиришди (масхарабоз) га ўхшатиб. Кегин эса 1 тийинга қиммат энг охирги сорт материалдан форма тиктириб ходимларга тарқатди. сариқ формасини ходимлар ёзнинг жазирамасида кийиб юришди, ( дағал, қалин, ноқулай) кегин эса янги форма тарқатилди (тёмно синий) ходимлар шу формани кийиб юришди, энди эса ўша формага қадалган (қизил чизиқ) ошиқчалик қилмоқда экан форманинг ортидаги Миллий гвардия ёзуви билан энди ходимлар ўша ёзувларсиз, қизил чизиқларсиз форма кийиб юриши керак экан. Ўзи шундоқ хам ҚБ ходимларини ичига чироқ ёқса ёришмайди. Президент қарори билан 2023 йил 1 январдан барча қўриқланаётган объектлар ВОХР ларга яъни ҳарбийлаштирилган соқчиларга ўтиб кетади. ҚБ ходимларининг тақдири ҳали ҳам мавҳум. Шунча йил ватанига, халқига хизмат қилиб, Жиззахда пахта териб, Ғалла тадбирларида жонбозлик кўрсатиб, карантин вақтида карантинга олинган фуқароларнинг уйи олдида (ит) дек ётиб кўрганлари шу бўлмоқда. Нима ҚБ ходимлари Эшакми меҳнати ҳалол у гўшти ҳаромми? Барча қўриқланаётган объектлар ВОХР ларга ўтиб кетар экан унда эски қонунларга мувофиқ ходимларга 12.5 йил хизмат қилганларга нафақага чиқишга рухсат берсин. ФВВ лиги раҳбарияти ИИВ дан ўтган ЁХБ ходимларига шундай қилди-ку, нима бизни ЁХБ ходимларидан қаеримиз кам. Улар хам шу » янги Ўзбекистонни» фарзандлари биз хам. Шахсан мени Аллох яна 20 ёшимга қайтариб қўйганида Аллохга қасам бу касбни танламас эдим. Ҳозир аксар ходимлар ИИВ дан бу чидамас Гвардияга ўтганидан афсусланишмоқда.

Матчон Суқулиш: Не кунларга қолдик? Милисаям, прокурорам дардини Тузга айтсая. Ана қабулхонага боринглар, порталга ëзинглар, барака топгурлар! Янги Ўзбекистонда адолат тиқилиб ëтибди.

Рассом Тузга Хонқадан мактуб

Хоразм вилояти Хонқа туманиданмиз. Хонқа тумани ҳокимлиги ва идора ташкилотлар биргаликда йўл четидаги шудгорланган боғларни қайтадан шудгорланг, деб эзворишяпти. Президент Мирзиёев келаётган экан. Ўзи шудгорланган бўлса, яна шудгорлашга 1,5-2 миллион пул керак. Ўзи озиқ-овқат дўконларидан продуктани қарзга оляпмиз. Буларнинг қилгани иши йўқми? Фақат деҳқонга етади ҳокимият ва идораларнинг кучи.

Матвон Суқулиш: eltuz қабулхонасига ушбу ариза ярим соат олдин тушди. Хонқа тумани ҳокимлиги, бошқа қиладиган ишингиз йўқми?  Хонқали биратлар сиз ҳам ўзингиз ҳақингизда ëзилган гапларга ўхшанг энди. Хон даврида хонқали бир солиқчини соқолидан ушаб айлантириб отиб юборса солиқчи Сарапоëнни дийвина борииип тушибди. Ияннги еган. /кулги)

Келажакка мактуб

Келажакка мактуб ëзарди илгари шоирлар. Масалан Эркин Воҳидов ëзган келажакка мактуб Хивадаги Ленин ҳайкали тагига капсулага солиб кўмилганди.

Менам шуларни ëнгсилаб бир мактуб ëзвадим:

2050 йилда бўлғуси Ўзбекистон президентига тавсия, Президент қизи ўғри бўлишини Гулнора Каримова мисолида кўрдик.  Ҳокимият соясида пул қилиш мастер классини Алламжонов мисолида кўрдик.  Президент куёвининг коррупсионер бўлишини Тимур Тиллаев, Мақсудий ва Рустам Мадумаров ва бошқа домодлар мисолида кўрдик. Президент неварасининг жиннилигини инстаграмда кўрдик. Умуман, ҳар қандай президентнинг душмани унинг уруғ аймоғи эканлигини тарихда кўрдик.

Шундан келиб чиқиб, бўлғуси президентларга тавсия: Мабодо сиз юртни хотиржам бошқармоқчи бўлсангиз энг аввало “Президент қариндошлари ҳақидаги” қонунни қабул қилинг. Бу қонун асосида қариндошларнинг каттагина рўйхатини шакллантиринг.

Кейин барчасини йиғиб, узоқ тоғли жойда, масалан, Зоминдаги қўриқхонада бақиб қўйинг. Улар дунёдан изоляция қилинган ҳолда яшашсин: олти маҳал овқат, сауна-пауна, теннис ва футбол майдони, гольф ва авторалли майдони, ошпазу хизматкорлар.

Ҳуллас, ҳаммасини зўр қилиб таъминланг. Шу ҳолатда сиз давлат бюджетига камида 8 миллиард доллар фойда келтирасиз. Сиёсий фойдаси ундан ҳам кўп.

Дарвоқе, президент ёшидаги одам ёлғиз ухласин. Токи хотин деган маккора тунда эрнинг қулағига шивирлаб, аркону давлат ишига арлашмасин. Шу боис ул маккорани ҳам Зоминга сургун айлашда билхосса хайр бор. Мендан айтиш, эй 30 йилдан кейин келадиган янги президент.

Сизга қардош бўлолмаймиз

Хафта ичи мени қувонтирган нарса тармоқдаги фаолларнинг қалбидаги мустақиллик туйғуси бўлди. Шаҳноза Соатовадан тортиб, Сардор Салимгача Россиянинг Украинага ҳужуми аслида Ўзбекистон учун жиддий ҳатар эканлигини таъкидлашди.

Айни пайтда расмий матбуот қалбан ва фикран манқурт бўлган ўзбек бошқарув элитаси бу ҳақиқатни кўриб, индамай ўтирибди.

Шу ўринда украин шоираси Анастасия Дмитрук шеърини Улуғбек Ҳайдаров таржимасида эшитсак. Шеър рус босқинчиларига аталган.

Сизга қардош бўлолмаймиз,

Буни билинг Сиз.

Ватандош ҳам эмасмиз,

Онамиз бошқа.

Озод бўлишга йўқки ҳаддингиз,

Демак сизу бизнинг йўлимиз бошқа.

Ўзингизни “Катта” атадингиз Сиз,

Бизга сиз танимас Кичиклар афзал.

Ҳа, сиз кўпсиз, аммо руҳингиз сўник,

Сиз каттасиз, холос, биз эса Буюк.

Ҳамон питирлайсиз. Бесарамжонсиз,

Сиз фақат ҳасаддан ёнасиз, холос.

Эрк сўзи сиз учун тамом бегона,

Сизга қуллик занжири бешикдан мерос.

Сиз томонда сукут баҳоси олтин.

Биздачи, Молотов коктейли ёнар.

“Қариндош” бўларми шунчалик сўқир?

Боқинг, қалбимизда қайноқ қон оқар,

Қуролсиз ҳам бизлар жуда хавфлимиз,

Чунки зарра қўрқув йўқдир кўзларда.

Мерганлар нишони остида ундик,

Ёшимиз улғайди, шаҳд бор сўзларда.

Тиз чўктирди бизни бузғунчи кучлар –

Биз исён кўтариб, ёғийни қувдик.

Сичқоннинг инини тиллага олган,

Сотқинларни ўз қонига ювдик.

Сиз янги топшириқ олаётган чоғ,

Бизда бошланади шиддатли исён.

Сизда – подшоҳ, бизда – демократия.

Биз қардош бўлмасмиз сизла

ҳеч қачон.

Ассалом Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
4 май 2020
Йигирма бир йилни қамоқда ўтказган бухоролик 43 яшар Жамшид Восиев бугун, 4 май куни озод этилди. Бу ҳақда унинг ...
8 июн 2016
Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларини масжидга киритмаслик ҳаракатлари давом этаркан, рамазон ойларида масжидларда ўқитувчилар навбатчилик иладиган бўлди. «Юқоридан шундай топшириқ беришди», ...
9 октябр 2018
Франция пойтахти Парижда 9 октябрда президент Мирзиёевнинг расмий ташрифига бағишланган норозилик акцияси иштирокчилари турли шиорлар билан бирга МХХ собиқ ...
18 октябр 2016
Собиқ шўролар даврида аграр сохани механизациялаш масаласига озми-кўпми эътибор берилгани, мамлакатда катта миқдорда пахта териш комбайнлари ишлаб чиқарилгани, пахта ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...