Асосий мавзулар
18 январ 2023

Яккабоғда сел, совуқда қолган 98 ёшли отахон, Киевда вертолет ҳалокати

Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг 18 январь сонини тақдим этади.
+++
Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Самоқ МФЙда қор эриши оқибатида сел юзага келди. Кўприкларни сув элтди, кўплаб уйлар сув остида қолди.
+++
98 ёшли отахон совуқда қолиб кетди. Бу ҳақда Элтузга косон тумани турғунлари ҳабар берди. «Қашқадарё вилояти Косон тумани Лолазор маҳалласида яшовчи Саттор бобонинг аҳволлари ёмин. Маҳалла ёки ҳокимиятдагилар шу бува билан ҳам келиб бир расм тушса яхши бўларди. Уй совуқ газ йўқ, қийналиб қолганлар.»
+++
Аномал совуқ туфайли Ўзбекистоннинг бир қанча вилоятларида қишки таътил муддати 23 январгача узайтирилди. Айни пайтда Таълим вазирлиги об-ҳаво шароити барқарорлашгунига қадар онлайн таълим тизимига ўтиб туришни таклиф қилган. Буни эшитган ота-оналар уйда свет йўқлиги сабабли ташвишлари икки баравар ортиши, «ўн лаин» ўқиш эса «йигирма лаин» муаммога айланиб кетиши мумкинлигидан уларнинг бошлари қотган.
+++
Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши Телеграмдаги ўз каналида пойтахт кенгашининг собиқ раиси, собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевга миннатдорлик изҳор қилинган матнни эълон қилди. Аммо орадан кўп ўтмай мазкур ташаккурнома каналдан ўчириб ташланди. Отдан тушган иззатталаб одамга бундан-да оғирроқ зарба бўлмаса керак! Ҳойнаҳой, собиқ мэр шу тобда кенгашдагиларни «кечагина…» деб бўралаб сўкаётган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
+++
Гулмисиз райҳонмисиз… Сингапурда янги кашф қилинган Орхидея гулига Шавкат Мирзиëев номи берилди. Ритуалга кўра, Ўзбекистон президентининг ўзи Сингапурга борганида гултувак тагига «Шавкат Мирзиëев» деган табличкани тиқиб қўйди. Орхидея – қадимий чечак. Шумер ва Помпея ëдгорликларида расми чизилган. Дунëда 25 минг 280 тури бор эди. 25281 сонли орхидеянинг номи Шавкат бўлди.
+++
Статистика агентлиги маълумотига кўра, ўтган йили Ўзбекистонга 567 минг 700 нафар Россиялик турист келган. Улардан қанчаси мамлакатда қолиб кетганига агентлик аниқлик киритган эмас. Могилизация эълонидан сўнг Ўзбекистонга ярим миллиондан кўпроқ Россияликларнинг кириб келгани ортидан мамлакатнинг катта шаҳарларида, айниқса пойтахт Тошкентда ижара нархлари кескин ошиб кетди.
+++
«Толибон» ҳаракати истиқболдаги харитасини эълон қилди. Толиблар режасига кўра, Ўзбекистон 2036 йилга бориб Афғонистон амирлиги таркибига қўшилар экан. Хуллас, ташвишланишни бас қилиб, яна 13 йил бемалол ухлайверсак бўловраркан.
+++
16 январь куни Чирчиқ шаҳар Электр таъминоти корхонасининг диспечерлик пунктида бир гуруҳ аҳоли электр энергияси таъминотида узилишлар бўлганлигидан норозилик билдираётган вақтда, 35 ёшли аёл (В.Н.) безорилик ҳаракатларини олдини олиш чораларини кўрган Чирчиқ шаҳар Электр таъминоти корхонаси электр монтёрига қаршилик кўрсатиб, ўзидаги ошхона пичоғи билан уни ўлдириш билан қўрқитиб, таҳдид қилган.
Мазкур ҳолат бўйича Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан В.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
+++
Тошкент шаҳридаги “Бўта бува” жоме масжиди имом-хатиби Зиёвуддин Мирсодиқов “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил, 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ташкил этилган.
Ташкилотга масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш учун давлатдан катта маблағ ажратилган.
“Вақф” фонди – бу фирибгарлар уяси. Озодбек Назарбеков Маданият вазири бўлганида мингдан зиëд қадимий обида шу фондга бериб юборилган эди.
Биргина мисол – “Вақф” босмахонасида диний китоб босиб, текин тарқатдик деб расмийлаштириб, амалда Тошкентдаги Ўрикзор бозоарига пакет тикиб беришган бу муллакалар» дея изоҳ берди Элтуз боғланган айни ҳайрия жамғармасига яқин манба.
+++
Қирғизистондаги 2010 йил апрел инқилобидан кейин мамлакатдан қочиб кетган собиқ президент Бакиевнинг 47 яшар хотини Назгул Толомушова Минскда ўлди. Марҳума туғилган юртида кўмилар экан. Қирғизистонда суд ҳукми билан 30 йилга кесилган Қурмонбек Бакиевнинг ўзи хотинининг дафн маросимида иштирок этадими, йўқми – ҳозирча маълум эмас. Аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида «Бакиев Қирғизистонга келмайди, келолмайди» деганлар кўпчиликни ташкил қилади.
+++
Афғонистонда совуқ туфайли 16 киши ва минглаб бош чорва ҳайвони нобуд бўлди. Ижтимоий тармоқларда одамлар мамлакатнинг турли ҳудудларида болалар ва катталар орасида касаллик ва ўлим ҳолатлари тобора кўпайиб бораётганини ёзишмоқда.
+++
Европада газ нархи тушишда давом этмоқда. 1000 куб метр газ нархи, 16 январдаги биржа савдолари якунига кўра, 615 долларга тушиб кетган.
+++
Қирғизистон расмийлари мамлакатдан нақд валюта олиб чиқилишига чеклов киритишди. Бундан буён қирғизистонликларнинг у ердан 10 минг доллар, хорижликларнинг эса (улар орасида могилизациядан қочиб келган ўрусияликлар ҳам анчагина) жами 5 минг доллар олиб чиқиб кетишига рухсат берилар экан. Расмийлар бу қарорни Қирғизистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш зарурати билан изоҳлашган. Қирғизистонга Россия ватандошлари ички паспорт билан кириб келиши мумкин бўлган кам сонли мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.
+++
Россияда инсон ҳуқуқлари ва террорчиликка қарши кураш тўғрисидаги конвенцияларнинг бекор қилиниши кутилмоқда. Путин Давлат думасига Европа кенгашининг бу шартномалари дохил 21 та ҳужжат ратификациясини денонсация қилишни топширгани айтилмоқда. Агар Путиннинг буйгуғи амалга ошса, бу Россияда инсон ҳуқуқлари янада кўпроқ поймол бўлиши ва ҳукуматнинг террорчиликни янада кенгроқ қўллашга интилишини англатади. Бироқ бу Путиннинг бу топшириғи депутатлар томонидан мутелик билан бажарилиши ҳақида ҳеч ким шубҳаланаётгани йўқ.
+++
Киев вилоятининг Бровари шаҳрида бугун эрталаб вертолёт болалар боғчаси ва турар-жой биноси яқинида қулаб тушди. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенко маълум қилди.
Франциянинг H225 Super Puma вертолётининг Бровари шаҳридаги болалар боғчасига қулаши натижасида Денисов Монастйрский ва унинг ўринбосари Евгений Генин бошчилигидаги Украина Ички ишлар вазирлигининг бутун раҳбарияти ҳалок бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра (Киев вақти билан соат 10:30да) Броваридаги фожиада 18 киши ҳалок бўлган, улардан уч нафари бола, деди Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Алексий Кулеба.
Унинг сўзларига кўра, айни дамда 29 нафар ярадор маълум, улардан 15 нафари болалар.
+++
Ҳолландия Украинага Patriot зенит-ракета комплексини бериш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб ёзди Bloomberg агентлиги. Хабарда айтилишича, бунга оид якуний қарор яқин кунлар ичида қабул қилинади.
+++
Россиянинг доимий иқтифоқдоши сифатида кўриладиган Сербия ҳам эндиликда бу давлатдан масофаланишга интилмоқда. Сербия президенти ўз ватандошларини Россиянинг Вагнерга ўхшаган харбий ЧВК томонидан аскарликка ёллашни бас қилишни талаб қилди. Сербия президенти Александр Вучич Блоомберг агентлигига берган интервюсида, эндиликда Сербия Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватламаслигини, шунингдек Қрим ва Донбассни Украинанинг бир қисми сифатида тан олишини айтди.
“Биз учун Қрим Украина, Донбасс Украина. Шундай бўлиб қолади”, – деди Сербия президенти.
+++
Бу Элтуз каналидан сўнгги 600 cекунд ичида сизга етказмоқчи бўлган хабарларимиз эди. Кун давомида биз билан қолинг, каналларимизга обуна бўлишни унутманг.

Тағин ўқинг
9 январ 2017
“Фарғона ҳақиқати” бош муҳаррири Набижон Собировнинг ишдан олинишига сабаб, Элтуз манбасига кўра, ҳорижий интернет нашрларида Фарғона вилояти шаънига айтилаётган ...
9 июн 2017
Чала битказиб топширилаётган, президент буйруғи билан қурилаётган «Намунали уйлар» ҳақида кўп айтилди. Чунончи, бу биноларга ишлатиладиган эшик ойналарнинг ўғирлаб йўқ ...
27 феврал 2018
Андижон вилоят Анкология диспансерига Олтинкўл туманидан кўкрак бези саратони ташхиси билан ётқизилган беморлар сони кўпаймоқда. Аҳолиси 155 минг киши ...
29 январ 2016
Ўзини “Миллат пешвоси”, хотинини “Ислом аëллари пешвоси”, ўғлини коррупциячилар пешвоси қилиб белгилаган Имомали Раҳмон қизи Озодани президент маъмурияти раҳбари ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...