Асосий мавзулар
27 январ 2023

РТдан ваъз: Тўғри гапдан қўрққан аждарҳо

РТ: Сиз билан яна гурунглашиш насиб этганидан ичимга сиғмай севиниб ўтирибман. 

МС: Ничиксизлар, жоллимисизлар, мўччи бика, хўжик биррилар…

Бормисиз, оғам, иним, синглим, опам, онам. Сиз борсизки, мен борман. Сиз тараф узатган қўлим истиқболига минглаб қўллар салом ва олқиш учун узалаëтганини кўриб турибман. Сафларимиз кенгаймоқда. Қўлларни қўлларга берайлик, эллардан элларга юрайлик. Қишнинг бир тутам кунлари калейдаскоп каби етти марта айланди. Хафта ўтиб сизлар билан яна юзлашдим. Аммо ўткан сафар мени ютубда томоша қилиб ўтирган қамашилик эр хотин бугун томашабинлар орасида йўқ.

МC: Нишатди ë совуқдан дўнгиб ўлдими

РТ: Ис газидан ўлди Матчонбой. Қашқадарë вилояти Касби туман Қамаши қишлоғида бутун бир оила ис газидан ўлди. Эр-хотин, икки яшар қиз¸ олти яшар ўғил гўрда. 

МС: Ўзбекистонда энергетика кризиси ечимни топмади. Бу гетишда холқ ўлиб қирилиб гетса гарак. 

РТ: Матчонбой халқ қирилиб кетса демак қирилишга лойиқ. Жорж Ноэл Гордон Байрон деган инглиз шоирининг бир гапи бор «Кимки ўз ватанини севмаса демак у ҳеч ким ва ҳеч нарсани сева олмайди» 

МС: Бу гап ўрисни гоз бўйинтуруқина илинган ëшуллилар ҳаққинда

РТ: Ҳа тўғри. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россиянинг “Газпром” концерни билан газ соҳасидаги ҳамкорликка оид “йўл харитаси”ни имзолашди. Ҳужжатга Ўзбекистон томонидан энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Россия томонидан эса “Газпром” раҳбари Алексей Миллер қўл қўйди. Россия газдан сиёсий босим ва шантаж воситаси ўлароқ фойдаланиб, бизнинг умуртқасиз раҳбарлар иродасизлиги боис билганини қилиб ëтибди.

Бу ҳақда юрт ойдини Сардор Салим мана бундай деб ëзди. O’zbekning siyosiy elitasi mavhum dunyoda mustaqil millatga rahbarlik qilishdan ko’ra Oq poshshoning general-gubernatori bo’lishni afzal biladi.

МС:  Даа. Бизани ëшуллилани ипи кремлда.  Чӯлпон бовони гапи не канает…

РТ: Урғочи ҳайвонларда кучли билан жуфтлашиш инстинкти бор. Масалан, иккита қўчқор уришади. Қўй бўлса ўша енган қўчқорнинг олдида тўнқаяди. Аксар аҳолимиз ҳам шундай. Улар жисмонан кучли ва пули бор одамга сиғинишади, талпинишади. Салим ўғрига туфли кийгизаëтган ўзбек йигит кўзидаги қувонч акс этган фото дунëга машхур бўлган эди. 

Экспремент учун қиммат мошинада яхши кийим кийиб келиб, бозордаги любой амакининг башарасига қақшатиб солсангиз, йиқилиб тушганида кўтига айлантириб тепсангиз, сизга у қаршилик қилмайди. Атрофдагилар эса сизга ҳовос қилиб, тилпўнига расмга олади. «Хўжайин, сиз билан селпи тушсам майлими», дейди. Яна иккитасини уриб-ағдариб, ўшатдаги бир арава ҳайдаб юрган қашшоқ болакай қўлига 100 доллар тутқазиб ва «Мен мактабда иккичи бўлганман, ўқишдан фойда йўқ. Пул топгин, укам» деб қўйсангиз, миллий қахрамонга айланасиз. Чиқиб кетаëтиб, сетка кўтарган кўзойнакли бечора ўқитувчига бир ўқрайсангиз, бечора иштонига сийиб қўяди. Атрофдаги маърифат душманлари эса қотиб кулади. Биттаси келиб, сизнинг оëқ кийимингизни артиб қўяди. Чўлпон бобо айтган «халқ денгиз, у – бу » деган гаплар не канает. Қотил, Ўғри, Педофил бўсаям бизага шу мингта академикдан азиз. Қани бир увиллаворчи  Матчон Суқилиш

МС: (бўрини овози) Оғо истасангиз шоғол бўлиб қичқириб бараман. Лекин па пойдо буннон. Ëшуллила ўптим сотқин. Вулани отасам ўриса сотилғон, болоси охтиқ чувлиқларам ўрисқул. Қувлоси москва би ëшулли, ëши киччилани. Сиз сўллаганиниз билан на пойдо.

РТ: Баъзан менга қараб, сенинг танқидларингдан не фойда, ўғрилар фейсбук ўқимайди, ютуб кўрмайди, телеграм титмайди дейишади. Аммо ўқишаркан. Кеча битта ўғри чиқди менга. “Инсофли ўғриман, ўзбекистон раҳбарлари  билан солиштирсангиз, фариштаман”, деди. Эҳ, ўғригина бола. Сен тушунган нарсани эл тушунмайди.

Туркистонннинг сўнгги 200 йиллик яқин тарихи мағлубият, енгилиш ва хорликдан иборат. Амалдор бўлиб иқтидорга келган ҳар қандай махлуқдан қўрқдик. Унинг қўлида куч бор, тахтда ўтирибди, дея андиша қилдик. Қўлимиздан нима ҳам келарди, деб бўйин эгдик. Аммо кучсизларнинг ҳам кучи бор!

МС: Новви акан бу гуч?

РТ: Бу куч тўғри сўзни айтишдир. Тўғри сўздан аждарҳо ҳам қўрқади. Бугунги гуррунг шу ҳақда.

МС: Уринг гуррингни оғо. Дам соз, дам сўбат. Бизла хозир гуламиз. Ëшуллила бўйродо гулади. То есть ўлган воқтинда ўли ювғучи галиб, бўйроғо ëтирғонинда гулади ву қон тошоғонло…

РТ: Матчонбой дунëқараш ва муносабатлар турлича бўлиши мумкин, аммо ватан бирдир. Ватанни сотган раҳбарлар кўр бўлади бир куни, худди Амир Олимхон кўр бўлгани каби.

МС: Қайси Олимхон. Жадид отамиз Беҳбудийни сўйдирғон пошшоп Олимхонми? Ўрис пошшодан орден олиб, чопонино доқиб сувинган, холқини хороп аткан Олимхонми?

РТ: Ҳа, ўша Олимхон. Давлатчилик нима¸ мустақиллик нималигига ақли етмаган амир Олимхон. Умри сўнгида Афғонистонда яшаган пайтида икки кўзи кўр бўлди. Мени Амударë бўйига олиб боринглар, деб илтимос қилган экан ўлаëтиб. Шоир Омон Матчон буни ўз вақтида шеър ҳам қилган.

МС: Қони ўқинг дуз оғо, бу гулланбет шоир биратни шеърини…

Халқим! Тилсиз бардош ҳам умид билан

Кимники кўтарсанг тахти аълога,

Ҳали кўзлари кўр бўлмасдан бурун

Тавобга олиб бор Амударёга…

МС: Дуз оға лекин кейинги 30 йил ичинда қури ëшуллилала ҳаззатди. Шула жить қилди. Новви бало галса оддий холқни бошшинда синди. Қорсилдап учип гурсилдап синганам шу оддий холқ бўлди. Шуничунам холқ вунчалли рози амас би гапладан.

РТ: Ўзбекистон мустақил бўлган 1991 йилдан то шу бугунгача бу мамлакат бошига иш тушган бирорта ватандошини ҳимоя қилмади. Ўзбек ватандошларини тақирбош ирқчилар ўлдирса ҳам, ҳақорат қилса ҳам Ўзбекистон ҳукумати уларнинг тарафини олиб бир оғиз сўз айтмади. Миллионлаб ўзбеклар ўз мамлакатида раҳбар бўлган миллатдошлари тарафидан муттасил таланди, хўрланди ва камситилди. Ўзбекистон узоқ вақт ўз ватандошлари паспортига чиқиш визасиини қўядиган ягона мохов давлат сифатида қолди. Гўëки Ўзбекистон очиқ осмон остидаги қамоқхона.  Ўзбекистонни бошқарган бир гуруҳ собиқ коммунистлар эса унинг бутун бойлигини максимиум ўғирлаш учун куну тун тиришишди. Одамлар газ ва электр бамалол бўлган Совет даврини соғиниб бошлади. Халқ учун табиат ато қилган газни кўтарасига сотган оз сонли коррупционер мулозимлар катта откатлар олиб бойигандиру, аммо бутун бир миллат совуқда дирдирашга маҳкум қилинди. Мустақиллик оддий одамлар наздида  фақат азобу уқубат ва йўқсилликни тамсил қилди. Ўзбекистонни бошқарганларнинг олтин закарли болалари эса бу мамлакатни ўмаришни ўйлашдию лаоқал тилини ҳам ўрганишмади. Мамлакат бошида 27 йил турган Каримовнинг икки қизи, бир ўғли ва набираю абиралари ўзбек тилида гапирмайди. Бошқа мулозимларнинг пушти камаридан бўлганлар ҳам русийзабонликни олий мартаба сифатида кўришди ва уларни бойитган эл тилидан ошкора ҳазар қилишди… Зотан бошқарув элитасидагилар ўзбек тилидан ва феълан мамлакат мустақиллигидан ҳазар қилган криминал тўда эди холос. Янги Ўзбекистонда эса сафоеву, барноев каби мулозимлар рус миллатчисини нон ва туз билан қаршилаб оëғи тагига қўй сўйганини ҳам кўрдим. Кошки буни кўргунча икки кўзим оқиб тушса яхши эди.  Бу вазиятда оддий халқдан не таъма. Нима кўрди у мустақилликдан? Бу ҳукумат, бу давлат уни ҳимоя қилдими? Унга одам каби яшаш, эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқини ҳам раво кўрмайдиган ўгай ҳукуматни оддий одамлар нега севиши керак? 

МС: Лекин иноби улли ëшулли ҳаракатини атип дурибтиқу. Ина Тошкент ҳокимини ишдан олди.

РТ: Матчонбой, сан қадимги замондаги керосин лампачироқни кўрганмисан?

МС: Овонг. Ўйланганимда хотиним лампа гўтариб гавади. Галин мошин кўчани ғолтингиндо силкиниб гетиб, ломпо оғдорилиб галинни оқ нилон гўйнаки гувв атиб ëниб гетиб, тос ўлжак ади. 

РТ: Матчонбой, оф топик бўлиб мавзудан ташқари чиқиб кетаяпсан. Уйланган тўйингда кортеж ичида чиққан ëнғин бу сенинг оилавий проблеманг. Мен жамият ичидаги ëнғин ҳақида гапиряпман. Хўш қаерга келувдик Матчон Суқилиш?

МС: Лампа шиша…

(Кадрда Эргаш Каримов учрашув филмидан Лампа шиша деб кулади)

РТ: Ҳуллас, лампа шиша. Лампа шишанинг тагида кўза бўлади. Ўша кўзанинг ичига ëғ қуйилади. Ичига пилик тиқилади. Ëғни шимган пиликка гугурт чақсанг ëнади. Пилик мана оëғим мойда экан деб пориллаб ëнади. Лекин лампанинг эгаси қайчини олиб пиликнинг учини кесиб қўяди. Кейин лампа тагидаги мурватни бураб пиликнинг янги учини чиқариб яна олов ëқади. Бу холатда пилик эмас, балки лампанинг эгаси ютуқда бўлади. Ортиқхўжаев ва бошқа мулозимларнинг ишдан бўшагани шу пиликнинг учи кесилгани кабидир. 

МС: Инди тушундим. Ортиқхўжаев пиликни ëниб бўлғон ужи акан. Инди вуни гараккинаси йўқ. Оғо монго гоз гаракдир. Кўп амас оз гаракдир. Гама бориип урилоди Дорғоноо, хот бариб иярин дорғон борғоно. Оғо сиза хот галибди. Ўзам жиллихонадан галибди

РТ: Ҳа, Матчонбой, бир пайтлар одамлар Ленинга хат ëзишган нажот сўраб. Ҳозир баъзан менга ҳам ëзишади. 

Жиннихонадан Рассом Тузга мактуб

Салом, мен 20 йиллик стажга эга, малакали тиббиëт ҳамширасиман (исми, дипломи ва бошқа ҳужжатларини Элтуз кўрди). Яқинда Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасига ҳамшира бўлиб ишга кирдим.

Клиникадаги раҳбар ходим мендан бу ишга кириш учун 700 АҚШ доллари миқдорида пора олди. Бу суммадаги пулни қариндошлар тўплаб берди (қарз). Клиникада малакали ҳамширалар етишмайди. Доим вакансия бор. Лекин ишга олиш «через пора» деган потокка қўйилган.

Менда уч йўл бор эди: 1. Пора бериб ишли бўлиш; 2 ДХХга айтиб ишлов берилган пул ëрдамида порахўрни ушаб бериш; 3. Ишсиз қолиш.

Мен биринчи йўлни танладим. Чунки пул зарур. Эрим выкупга таксичилик қилади. Қизим институтда ўқийди. Буни ëзишдан мақсадим бутун тиббиëт тизимини (балки бошқа тизимларда ҳам) қоплаган порочный круг ҳақида жамият билишини истадим. Порочный круг бу тиббиëтда тузалмас касал circulus in definiendo деган лотинча терминдир.

МС: 700 олған бўса арзон, Хонқада медсестра ë боқчаға иша гириш учун 900 бармак гарак. Бар порони, ўлдир бухорони.

РТ: Мақолни ўзгартирма, Бер порани, ўлдир фуқарони. Агар Бухоро вилоятида бир куннинг ўзида “Цинепар” сиропини ичган 23 нафар бола ўлди, дея шама қилмоқчи бўлсанг, бу ҳам ассоссиз. Бу  хабарлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмаганини прокуратура маълум қилди. Ўзбекистонда доридан бола ўлмайди. Ўлса катталар ўлса керак. Биласанми, мени медсестранинг 700 доллар пора бериб жиннихонага ишга жойлашгани ҳайратга солмади. Мени шок қилган холат circulus in definiendo деган лотинча терминдир. Наҳотки порахўрликнинг давоси йўқ?

МС: Дуз оғо, Саропоëнни қуминда кампир қуйи дян ер во. Шу қуйини оди алдин аждар қуйи ади, кейин кампир қуйи бўлди.

РТ: Бу ҳикояни биламан Матчонбой. Жамиятдаги иллатларни фош қилган кампирни қумдаги Аждар қудуқ деб номи чиққан сувсиз қудуққа ташлашган. Қудуққа тушган кампир ўз жамиятидаги бутун муаммоларни қудуқ ичидаги аждарга айтиб берганида аждар қўрқиб қочиб кетган дейишади. Шу тариқа Аждар қудуқ кампир қудуққа айланди. 

МС: Овонг оғо! Пийлая оқчўп терамиз дап, қума бориб одошиб, шу қуйини ëнино бордиқ бир йилиси. Ичиннан ҳалам кампирни саси чиқиб дурибти. Хокимла ўғри, порахўр даган сасла чиқади минг йилдан барин..

Ҳа, Хоразмлик шоир юз йил олдин ëзганди. 

Сипоҳи пора истар

Мулла ижора истар

Бечора чора истар

Бир чора замон борму?

Умуман боя айтган Аждар қудуқ афсонаси тиллардан тилларга ўтиб юради. Бу ҳақда бугун тилга олганимиз шодиравон шоир Омон Матжон ҳам ëзувди

МС: Ўқиб баринг оғо. Эртакни ўннинда ишитаварамиз

АЖДАР ҚУДУҚ

Хуллас, шу атроф жойда,

Тин билмай йилда-ойда

Ғийбат этиб бор элни,

Сира тиёлмай тилни,

Бир кампир яшар экан,

Ҳаддидан ошар экан…

Мана у бой қўшнисининг танноз хотинини нима деб ғийбат қилибди:

Отдан гапирмайман, йўқ,

Ëтдан гапирмайман, йўқ,

Мен бордан гапираман,

Эр, ордан гапираман:

Ё ўзи нақ хезалак,

Ё бойликка жон ҳалак,

Хотинига қарамас,

Эркаламас, силамас,

Шундан ул хоннм эрка,

Хиёнат қилар эрга.

Эри-ку сезиб юрар,

Бағрини эзиб юрар.

Лекин индай олмайди,

Болта билан солмайди,

Нега десанг ул «ўйнош

Мингбошига қариндош…

Буни ҳамма билади,

Ҳатто гап ҳам қилади.

Мен гапирган заҳотим,

Ғийбатчи бўлар отим,

Қўй, қўй, замона қурсин!

Мана у қассобни қандай ғийбат қилибди:

Илойим оти ўчсин,

Тиғи бўйнига тушсин.

Қовурға, ичак-чавақ,

Калла-пойча, бош-оёқ

Аввал гўшт саналмасди,

Торозуга минмасди.

Энди бари ҳалолмнш,

Ташласалар, уволмиш!

Ҳа, унга ҳам кўп қийин,

Понсод кўп, кўп хўжайин,

Гўштни шулар олади,

Суяк бизга қолади.

Буни ҳамма билади,

Ҳатто гап ҳам қилади,

Мен гапирган заҳотим

Ғийбатчи бўлар отим…

Кўй, қўй, замона қурсин.

Мана, кампиримиз бир тўйга борнб бахшини қандай ғийбат қилибди:

Тори синсин илойим,

Кўпи бир куйдир доим,

Янги  мавзу  тўқимас,

Ўтганлардан ўқимас,

Кўзи пулда, ҳамёнда,—

Амалдорда, аъëнда.

Шуларни мадҳ этади,

Тўтидан ҳам ўтади

Фақат шунга тил — бийрон,

Буни ҳамма билади,

Ҳатто гап ҳам қилади,

Мен гапирган заҳотим

Ғийбатчи бўлар отим…

Қўй, қўй, замона курсин.

Ахиран кампирни тартибга чорлаш учун мадрасанинг домласини юборибдилар. Кампир унинг ваъз насҳатларини тинглаб бўлиб, шундай деб шанғиллабди:

Сен ҳам домулломисан,

Забонинг тилломисан?!

Билиминг йўқ — калдайсан,

Болаларни алдайсан!

Билмайсан — худо қайда,

Биласан — фойда қайда,

Пулсиз қолсанг туллайсан,

Қуръонни ҳам пуллайсан!

Билим одами бўлсанг,

Элим одами бўлсанг,

Амалдор бойга эмас,

Камбағалу, хору хас —

Жонларга қилгин назар,

Сен-чи, қиласан ҳазар!

Нақ ит бўлиб увлайсан,

Мадрасангдан қувлайсан.

Нега десанг, пули йўқ,

Дуди бору кули йўқ.

Буни ҳамма билади,

Ҳатто гап ҳам қилади,

Мен гапирган заҳотим

Ғийбатчи бўлар отим…

Қўй, қўй, замона қурсин.

Домла гап билан кампирни енгиб бўлмаслигини англаб, талабаларини уни калака қилишга гижгижлади. Лекин кампир уларга қараб шундай қаттиқ ва кўп гапирдики, биз биргина парчасини келтириш билан кифояланамиз:

Боламассиз, балосиз,

Қачон гапдан қоласиз,

Домлаларинг алдагач —

Ақлларинг калта, каж.

Ҳеч бирингнинг дининг йўқ,

Илминг йўқ, тайининг йўқ,

Баринг бойнинг ўғлисан,

Баланд жойнинг ўғлисан.

Сиздан чиқар эди ким:

Уғри, каззоб ё ҳоким…

Домла:

«А? Буларни ё ўғри, ё ҳоким бўлади дедингми?..»

Гап дарҳол ҳокимга бориб етибди. Биламиз, ҳоким аслида раҳмдил, инсофли одам бўлади. Лекин ўзини ҳақоратлаган кимсани жазолаши керак-да!

Кампирни қирқ минг йилдан бери ёнига биров боришга қўрқадиган, элда «Аждар қудуқ» номи билан машҳур бўлган чуқурга ташлашга буюрибди.

Кампир қўрқиб кетиб, ҳокимга анча йиғи-сиғи қилибди. Ҳоким эса маза қилиб, кулибди холос: «У ерда бир ўзинг ётмайсан-ку, жин-ажиналар улфат бўлади! У дунёни ҳам бнр боплаб ғийбат қил…»

Шунда кампирнинг жаҳли чиқиб кетибди, барибир ўламан, деб гапини айтиб қолибди. Кўп гапирибди, хўп гапирибди, ҳокимга айтганларининг ҳаммасини элга ошкора қилмай, биз бир оғизини келтирдик, холос:

Хўш, ёлғонми гапларим,

Ёқмасми талабларим?

Биргина айбинг очай,

Ёлғон десанг онт ичай.

Сен бу юртга бўлгач бош,

Фақат яқин қариндош —

Хешларингни тўпладинг,

«Бошқа»ларни кўпладинг,

Қайда не мансаб бўлса,

Қайда озроқ наф бўлса,—

Хешларинг олди қўлга,

Бошқалар дўнди қулга…

Буни ҳамма билади,

Ҳатто гап ҳам қилади.

Мен гапирган заҳотим

Ғийбатчи бўлди отим,

Қўй, қўй, замонанг қурсин!!!

Хуллас, бу гаплар энди бефойда эди. Кампир ёмон кунга қолди, «Аждар қудуқ» ғоят даҳшатли, этни жимирлатадиган турли-туман ғўнғиллашларга тўла, зах ва қоронғу жой эди. «Тавба!» дебди кампир қудуқнинг тагида ўтириб. «Аждар деганлари катта ва кучли махлуқ бўлади дер эдилар. Уни гапириб болаларимизни қўрқитар эдик. Биз билган аждарлар бутун-бутун шаҳарларни, давлатларни эгаллаб, қурбонлик сўрар эди. Дейман, бу махлуқлар ҳам замонига қараб ҳар хил бўлар экан-да! Манов қудуқда яшаган Аждар, дейман, фаҳм-фаросатсиз, ўз ҳақини танимайдиган, ҳукмдорларнинг тилсиз-забонсиз хизматкорига айланиб қолган, умри бўйи ашшакдан баттар хизмат қилиб, охирида етишгани фақат шу қоронғу гўр — саёқ итлар ҳам ҳазар қиладиган ўра — бир бахти қора аждар бўлса керак! Гапим нотўғри бўлса бу жаҳаннам қудуғи «Аждар»деган улкан номга муносибми, эҳ дунё,  дунё! Мен гапирсам — отим ғийбатчи…»

Кампирнинг гапи даҳшатли бир гулдуросдан бўлинибди. Қудуқ ичида гўё момақалдироқ тургандай

зилзила бошланиб, ер ёрилгандай бўлибди. Сабаби, бу ерда чиндан ҳам қирқ минг йил бурун уйқуга кетган бир кекса Аждар тупроқ остида оромда ётар экан.

 Қирқ минг йилки, уни ҳеч нарса уйғота олмаган экан. Лекин кампирнинг ғалати танқиди, таънакор гаплари шўрликнинг жон-жонидан ўтиб кетибди.

Аждарнинг ҳаёти чиндан ҳам кампирнинг қарғишидагидек аламли бўлган эканми ё шунчаки ғийбатга чидамасданми, ишқилиб, шарт ўрнидан қўзғолиб, осмони фалакка кўтарилиб, қудуқни тарк этибди.

…Айтишларига қараганда, шу куни ҳаво очиқ экан, лекин бирдан момақалдироқни эшитиб, ҳамма ҳайрон қолибди. Биров: «Ана, Аждар ғийбатчи кампирни нариги дунёга олиб кетди!» деса, биров: «Йўқ, Аждарнинг ўзи кампирнинг гапларидан безор бўлиб қочиб кетган!» деб гап қилган. Хуллас, шу-шу, бу жойни энди гоҳ «Аждар ҚУДУҚ», гоҳи эса «Кампир ҚУДУҚ» дейдиган бўлишибди. Бу воқеа қаерда ўтган дерсиз? Айтмайман! Буни ўзингиз эслаб кўринг: яшаётган жойингизга яқин ерда «ажина қудуқ», «алвасти ғор», «шайтон ўра», «жин тешик» каби сирли, хилват жойлар бор! Уларнинг кўпчилигидан ҳалигача ғўнғиллаган овозлар эшитилиб туради.

Ишонмасангиз, бориб кўринг…

МС: Шўрда тўхтаб ëнқи гапни ойтинг оғо!

РТ: Ассалом Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

@eltuz

Тағин ўқинг
3 март 2021
Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги “Катта Карчин” МФЙ “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Ҳудуд аҳолисига 2019 йилда барча хонадонлар ичимлик сув ...
10 январ 2022
Қозоғистонда юқори мартабали хавфсизлик ходимлари бирин-кетин ўлик ҳолда топилмоқда. Миллий хавфсизлик қўмитаси полковниги Азамат Ибраевнинг жасади пойтахтдаги ўз уйи ...
4 декабр 2019
(Муҳаммад Солиҳ ва Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон суҳбатларини тинглаб) 1980 йиллар бошида раҳматли отам Мадамин Бек билан шоир Омон Матжоннинг ...
6 октябр 2021
Фарғона политехника институти ўқитувчисининг «Элтуз»га ёзишича, жорий ўқув йилидан бошлаб енгил саноат ва тўқимачилик факультети бошқа бинога кўчирилиши ва ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...