Асосий мавзулар
27 май 2024

Путин Тошкентга келди, Зеленский МО мухбирлари билан учрашди – 600’52

Швеция ўз қуролларидан Россия ҳудудларига ҳужум қилишга изн берди. Грузия президенти Россияпараст қонунни бекор қилмоқчи. Андижонда эса кўприк қулади. Путин эса Трошкентга келди.  Ва бу 600 СEКУНД.

1.    22 май куни Европанинг учта давлати – Норвегия, Ирландия ва Испания Фаластин давлатини тан олди. Бу тарихий воқеа дарҳол Исроил томонидан қораланди ва фаластинликлар томонидан олқишланди. Исроил Норвегия ва Ирландиядаги элчиларини ортга чақириб олди.

2.    Грузия президенти Саломе Зубарашвили 1 июнга қадар сиёсий партияларга “Грузин ҳартияси” ҳужжатига имзо қўйишни таклиф қилмоқда. Бу ҳужжат Грузиянинг Евроатлантика курсини тасдиқлайди ва Европа йўналишига зид қонунлар бекор қилинишини англатади. Россиядан андоза олинган хорижий агентлар ҳақидаги қонун ҳам бекор қилиниши кўзда тутилган лойиҳалардан бири хисобланади.

3.    26 май куни Россия босқинчилари Украинанинг Запароже халқаро аэропортига зарба берди. Зарба Россиянинг Х-59 русумли ракеталарида амалга оширилган. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

4.    Швеция ҳукумати Украинага берган қуроллари билан Россия ҳудудига ҳужум қилишга рухсат берди. Бу ҳақда Швеция мудофаа вазири Пол Ёнсон Ҳалландпостен нашрига хабар берди. НАТО раиси Йанс Столенберг ҳам Европадаги ҳамкор давлатлар Украинанинг Россияни нишонга олиши борасидаги тақиқни бекор қилиши кераклигини маълум қилди.

5.    Ўзбекистонда эса мутлақо бошқача манзара. Мамлакат ҳукумати босқинчи давлат рахбари оёғига пойандоз ёйиб, шусиз ҳам қарзга ботган мамлакат заҳираларини бегона урушга сарфламоқда. Украинага босқинчилик уруши олиб бораётган Россия президенти Владимир Путин 26 май куни Ўзбекистонга келди. Икки кунлик ташрифда Россия ва Ўзбекистон ҳудудий кенгаши ҳақида музокаралар олиб борилди. Шавкат Мирзиёев Путин билан Ислом цивилизацияси маркази ва Ғалаба боғига борди ҳамда иттифоқий ҳамкорлик кўзда тутилган бир неча ҳужжатларга имзо чекди. Ташриф давомида Ўзбекистонда атом ва ядро қўмиталари ташкил топди. Россия расмий ахборот манбалари Путиннинг Ўзбекистонга келиши президент этиб сайланганидан кейин учинчи хорижий сафари эканини фахр билан эслатиб ўтди. Гарчи Путин ҳар гал президент бўлиб сайланганида энг аввало кейинги пайтларда анча торайган ўз вассаллари ҳукмрон мамлакатларга келишни канда қилмайди.

6.    Айни пайтда Украина Президенти Зеленский 25 май куни Харков шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон журналистлари билан учрашди. Учрашув Харковдаги портлатилган ва вайронага айланган Фактор друк нашриётининг босмахонасида бўлиб ўтди. Президент Зеленский оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳақида сўзлади. Ўзбекистонлик журналист Алишер Азимов “Украинада коррупцияга қарши кураш бўйича қандай тизим йўлга қўйилган?” деган савол берди. Зеленский бу саволга қарата ўймоқли қилиб “Сизларда-чи, антикоррупция вазияти қандай” дея ҳитоб қилди. Суҳбат ғарб оммавий ахборот воситаларида илиқ кутиб олинган бўлса-да, Россия пропагандонлари шунингдек Ўзбекистондаги ўриспараст Оммавий аҳборот воситалари томонидан истеҳзо билан қаршиланди.

7.    Ўзбекистондаги коррупция ҳаккалак отгани ҳақида эса нафақат Зеленский, балки олис африка қитъасидаги ёш болага ҳам маълум.  “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент вилоят филиалининг бўлим бошлиғи ва муҳандиси ўзаро тил бириктириб, Қибрай туманидаги қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонани 3 фазали электр тармоғига улаш ва трансформатор ўрнатиб бериш, шунингдек, бошқа техник ҳужжатларини тайёрлашда кўмаклашиш эвазига 39 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент вилоят филиали муҳандиси сўралган пул маблағидан 30 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

8.    Ўзбекистон молия вазирлиги ҳузуридаги ғазначилик қўмитаси Республика бўйича турли давлат ташкилотлари ҳаражатларини тафтиш қилиб, қимматбаҳо смартфон олиш учун бюджетдан 6 миллиард 637 миллион сўм сарфланганини аниқлади. Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Жиззах, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида турли давлат ташкилотлари бюджет пулига сўнгги русумлардаги iPhone смартфонлари олгани аниқланди. Масалан, Сариосиё тумани ҳокимлиги тўрт дона iPhone 13 pro Max учун «Баҳруллои Рустам Чорвадор» хусусий корхонаси билан шартнома тузиб, 72 миллион сўм тўлаган. Эслатиб ўтамиз, 2024 йил Ўзбекистоннинг давлат камомати биринчи чоракда рекорд даража — 19,8 трлн сўмга етди.

9.    Андижон вилояти Андижон тумани Дарёбўйи маҳалласида Қорадарё устидан ўтган кўприк қулади. Кўприк устидан канализация, ичимлик суви ва табиий газ қувури ўтган эди. Элтузга видео йўллаган обуначи қувурларга ҳам шикаст етганини айтади.

10. Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига санитаркаликка ишга кириш нархи 1300 доллар. Бухгалтерия ходими шу суммани бош врачга бериш учун олаётганда далилий ашё билан қўлга олинди. Буни тезда ёпиш ҳаракатлари бошланган. Бундан ташқари, бош врач ва ўринбосарлари сифатсиз техника, компьютер харид қилиб, касалхона биноси деворларидаги қулаб тушган жойларни ямаб “тўлиқ таъмирланди, беседкалар фалон пулга ясалди” деган мазмунда опен бюджет пулларини талон-тарож қилишган. Ваҳоланки, марказ учун тиббий ускуналар олиш керак эди. Марказ рахбарияти томонидан нафақадагилар доля берадиган ва бермайдиганлар сифатида икки тоифага ажратилгани иддао қилинмоқда. Тегишли ваколат эгалари бош врач Абдураҳмон Норов ва у ташкил қилган гуруҳ аъзолари ишини ўрганиб жазони қаттиқ тайинлаши шартлиги талаб қилинмоқда.

11. Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳокими ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик, аксинча, суғориш ишларига шароит яратиб бериш ва фаолиятига ҳеч ким аралашмаслиги эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 1 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимлари томонидан ушланди.

12. Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Сергели тумани Ички Ишлар органлари Фуқароликни Мувофиқлаштириш Бошқармаси 2-сонли ички ишлар бўлими профилактика инспектори 5 минг АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ушланди. Аниқланишича, у ушбу пул маблағи эвазига, ўзаро жанжал оқибатида хорижий фуқарога тан жароҳати етказгани бўйича маҳаллий фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатмасдан, ҳолатни маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида малакалашни ваъда қилган.

13. Болажон халқ. Бухоролик Жасур Ҳабибов ва Мадина Мансурова ўз боласини 7000 АҚШ долларига сотаётганда қўлга олинди. Харидорлар Мафтуна Мамадова ва Нозим Қаҳҳоровлар шаръий никоҳда яшайди, улар анчадан бери бефарзандлиги сабаб бола сотиб олишга қарор қиладилар. Бироқ, ҳаракатлари ноқонуний эканини англаб, бола сотар «ота-она» ҳақида ИИБга арз қилишди. 2024 йил 16 январ куни Жасур Ҳабибов салкам уч ойлик ўғлини сотиб, пулни Мадина Мансуровага беради. Мадина Мансурова пулни санаганда 6600 АҚШ доллари чиқди. Харидор қолган 400 АҚШ долларини кейинроқ беришини айтгач, боланинг «онаси» пул ҳақиқийлигини текшириш учун йўлга чиққанда ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди. Бухоро шаҳар суди Ҳайдаров Жасурбек Содиқ ўғлига 5 йилу 6 ой, Мансурова Мадинабону Муҳиддин қизига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилади.

Бу 600 секунд эди. Ёнгинангизда юз берган аммо сиз билмаган воқеалардан хабар топмоқчи бўлсангиз Элтузга обуна бўлинг.

Тағин ўқинг
21 сентябр 2018
“Интеграл Инвест” ширкати раҳбари, 18 ой ҳибсда қолган йирик тадбиркор 51 ёшли Жаҳонгир Умаров кассация шикоятидан сўнг 15 сентябрда ...
22 июн 2020
Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида 15 июнь куни очилган “Оқ кема” болалар оромгоҳи Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси бюджети, яъни ишчи-хизматчилар касаба ...
18 сентябр 2017
Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида 19-25 сентябрда ўтадиган олий сиёсий музокараларида маъруза қилиши кутилмоқда. Бу унинг ...
25 август 2016
«Ҳуррият газетасида (24.08.2016) Фарғона вилоятида амалга оширилган «улкан бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг ҳавас қилса арзигулик фаровонлиги»га бағишланган навбатдаги мақола эълон ...
Блоглар
28 май 2024
Мен миллатчи эмасман! Лекин қайтадан таъмирлатилган ва Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Ж. Ортиқхўжаев томонидан Пасхага ...
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...