Асосий мавзулар
20 декабр 2017

20 декабрь – шоир ва сиëсатчи Муҳаммад Солиҳ туғилган кун

«Элтуз» нашри 25 йилдан бери сургунда яшаëтган замонамиз қаҳрамони Муҳаммад Солиҳнинг 1977 йилда ëзган бадиҳасини эътиборингизга ҳавола қилади.

Ўзбекистонннинг янги президенти Мирзиёев ëшларга китоб ўқишни тавсия қилмоқда. Муҳаммад Солиҳ эса айнан қандай китоб ўқиш ҳақида ëзади.

Укамга хат

Ука, менинг бу гапдонлигимни кечирасан деган умиддаман. Одам маслаҳат тинглашга қанчалик зор бўлса, маслаҳат беришга шунчалик ишқибоздир. Мен ҳам акамдан сўкиш эшитиб, сенга маслаҳат бераяпман.

Сенга ўхшаган китобхон болалар Ўзбекистонда жуда кўп бўлган, ҳозир ундан ҳам кўп.

Шунинг учун хатимни ҳикоядан бошламоқчиман…

Уруш йилларида сенинг тенгдошларинг ҳам ўқиб, ҳам далада ишлашга мажбур бўлган. Пахта билан бирга ўсишган. Жисмоний ишга ярамаганлари катталарга чой қайнатиб берарди. Ундан кичикроқлари эса, қишлоққа хат ташиган. Оқ ва қора хатларни (шу мавзуда ёзувчи Одил Ёқубовнинг “Яхшилик” деб номланган ҳикояси бор. Ўқимаган бўлсанг, албатта топиб ўқи). Бу болалар адресларни ҳижжалаб ўқиб савод чиқарган.

Ўшалардан бири ширинликдан кўра, китобга ўчроқ эди. Бундан онаси хурсанд бўлса, отаси норози бўлган. Чунки, она болага ширинлик топиб беришдай оғир вазифадан қутулган бўлса, отаси китоб учун пул беришга мажбур эди. Уруш қишлоқда ҳам урушлигини қилган.

Яхшиямки, боланинг бахтига, колхоз идорасига жойлашган кутубхона бор эди. Отаси пул бермаганида, у яхши кўрган китобларини ўша ердан олиб, қайта ўқиб чиқарди.

Боланинг ғалати одати бор эди: китоб ўқиётганида кимдир кузатиб турса, жон-пони чиқиб кетар, гўё унинг овқат еётганини томоша қилишаётганидек хафа бўларди. Аксига олиб, кичкина синглиси китобдаги суратларни севар, акаси китобни очган заҳоти унинг тепасида туриб оларди. Мабодо, китоб суратсиз бўлса, қизалоқ шовқин кўтариб, онасига шикоят қиларди: “Анавини қаранг, яна суратсиз китоб опкелибди”, деб йиғларди.

Болага суратли китоблар ёқмаса, нима қилсин. Китобдаги ҳар қандай сурат унга халақит берарди. Боланинг тасаввури “фалон қаҳрамон мунақа” деса, сурат ўжарларча қотиб: “Йўқ, мана бундай”, ― деб кўзига қадалиб тураверарди. Суратларнинг бу хусусияти боланинг асабини қўзғар, у иложи борича суратга қарамасликка ҳаракат қилар ва ҳатто уларни йиртиб олиб, сингилчасига берарди.

Қизалоқнинг жанжалидан қўрққан бола, ҳамма уйқуга кетганидан сўнг китоб ўқишни одат қилди. Бир куни, хона совуқ эмасми, телпак кийиб олиб, китоб устида мудраб кетди.

Китоб билан ёнма-ён турган чироқдан телпагига ўт кетиб, уй ёниб кетишига сал қолди. Шу воқеадан сўнг болага кечалари китоб ўқишни ман қилиб қўйишди. Китоб ёниб кетганми, йўқми, бунинг тафсилотини ҳеч ким билмайди. Аммо ёнғин ўша бола онгида ҳозир ҳам ўчмаган.

Қиссадан ҳисса шуки, сен тунда китоб ўқиётиб, ҳеч маҳал мудрай кўрма ― ёнғин чиқиши мумкин. Ўша бола китобни севарди, аммо унинг танидаги чарчоқ хоинлик қилди. Чарчоқ мажбурий лоқайдликни ― уйқуни келтириб чиқаради.

Суратсиз китоблар эмас, ғоясиз китоблар китобхонни шундай ухлатиб қўяди. “Ғоявий бузуқ китобларни ўқима”, деб ўқитувчиларинг тўғри уқтирган. Мен сенга: “Ғоясиз китобларни ҳам ўқима”, деб маслаҳат бераман.

Муҳаммад  Солиҳ, 1977
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 август 2016
Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг буғдойдан бўшаган ерларга мош экиш ҳақидаги топшириғи, ўз ерларига бошқа экинлар экиб, катта меҳнат ва ...
21 ноябр 2017
17-20 ноябрь куни Швециянинг Стокгольм шаҳрида VI Евроосиё адабиёти фестивали бўлиб ўтди. Постсовет давлатлар, жумладан, ўзбекистонлик ёзувчиларнинг асарлари тақдим ...
2 июн 2016
Журналистнинг «Нега йўқ бўлиб кетдингиз? Ўрнингиз жудаям билиняпти» деган саволига жавоб берар экан, Обид Асомов шундай деди: «Баъзи бир ...
25 июл 2017
1 июлдан Фарғонада иш бошлаган Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ишидан одамлар норози бўла бошлади. МИБ инспекторлари уйма-уй юриб алимент, ...
Блоглар
9 июл 2018
Каттақўрғонда милиция капитанининг аёл кишини қип ялонғоч қилган ҳолда таҳқирлагани ўзбек жамиятида жуда катта шов-шувга ...
9 июл 2018
(фермер хўжалиги ишчисининг ҳикояси) Хоразмлик Ҳасанбой фермер хўжалигида ишлайди. Умри далада ўтган, деса ҳам бўлади. ...
3 июл 2018
Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги учрашувида Вестминстер университетининг 3-курс талабасига туризм вазири ўринбосари бўлишни таклиф ...