Асосий мавзулар
29 сентябр 2016

Парламент қарори қонунийлигига шубҳа билдириш «ахборот хуружи»га тенглаштирилди

«Ҳуррият» газетаси (28.09) яна ахборот хуружи мавзусига эътибор қаратди. Бу сафар эркин кузатувчилар ва мустақил нашрларнинг амалдаги бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг президент вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани қонунчиликка зид экани тўғрисидаги фикрларига эътироз билдирилди.

«Давлатимизга нисбатан таъсир ўтказишни режа қилган кучларнинг малайлари бўлмиш айрим ахборот воситалари, «журналистлар», «ҳуқуқ ҳимоячилари» парламентимиз 8 сентябрда қабул қилган президент вазифасини юклаш ҳақидаги қарорига нисбатан ахборот хуружи ташкил қилишди», дея иддао қилди газета.

Мақолада «совуқ уруш» даврида фаол ахборот ва психологик уруш олиб бориш учун бир қатор ОАВлар ташкил этилгани айтилади ва бу ОАВлар қаторида «Озодлик», «Америка овози», «Немис тўлқини», ББС каби радиостанциялар номи санаб ўтилади.

Шу билан бирга, «Озодлик» радиоси АҚШ Давлат департаменти ва Марказий разведка бошқармаси томонидан молиялаштирилгани, айни пайтда бир қатор давлатларда, хусусан, Беларус, Эрон, Тожикистон, Туркманистонда бу радио эшиттиришлари тақиқлангани таъкидланади.

Аммо шу ўринда бу радиони тақиқлаган давлатларнинг деярли барчаси нодемократик ва авторитар мамлакатлар сифатида тилга олинишига тўхталиб ўтирилмайди.

«Таҳлиллар шуни кўрсатадики, яқин ва узоқ давлатларда содир этилган давлат тўнтаришлари («рангли инқилоблар», «араб баҳори») манфаатдор кучлар томонидан ғаразли мақсадга йўналтирилган тарзда аҳолига нисбатан амалга оширилган ахборот таъсирининг оқибатидир», дейилади газетада.

Муаллиф «қичийдиган жойини аввалдан қашиб қўяди», яъни бўлажак президент сайлови натижалари бўйича «турли шубҳа, «миш-мишлар»ни тарқатиш, сайлов жараёнининг қонуний, демократик тарзда ўтганини шубҳа остига олиш кучайиши»ни башорат қилади.

«Башарти шундай бўлса, бу ҳақиқий халқ танлови амалга ошганидан, ахборот хуружи ташкилотчилари хоҳлаган нарса рўй бермаганидан далолат беради», дейди муаллиф.

У «ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган алоҳида қонун ҳужжати қабул қилиш масаласи кўриб чиқилиши керак»лигини шарт қилиб қўяр экан, ахборот хуружларига қарши курашда эътибор қаратиш муҳим бўлган бешта жиҳатга ҳам эътибор қаратади.

Хусусан, муаллиф «мамлакатимиз, давлат аппарати, раҳбарлар ҳақида нотўғри маълумотлар, туҳмат, уйдирмалар, нотўғри ахборот тарқатувчи ҳар қандай ахборот воситалари фаолиятига қонун доирасида чек қўйиш» таклифини илгари суради.

У «аҳолига чет элларга туриб мамлакатимиз тўғрисида нотўғри, бир тарафлама ахборот тарқатувчи ахборот воситалари, шахсларнинг асл қиёфасини очиб берувчи ахборотни етказиш»ни ҳам таклиф этади.

Аввало, мақола «парламент қарорига қарши ахборот хуружи» ҳақида бўлса-да, унинг «ташкилотчилари» бу ҳужжатнинг қайси жиҳатларига эътироз билдирилаётгани тўғрисида бир оғиз ҳам айтилмаган.

Қолаверса, биз иқтибос келтирган икки таклиф ҳам янгилик эмас. Ўзбекистондаги жараёнлар, мамлакат раҳбарияти ҳақида муқобил фикр билдирадиган интернет нашрларига чеклов қўйилганига кўп йиллар бўлди.

Бундай фикр билдирадиган ОАВлар, шахсларнинг «асл қиёфасини очиб бериш» эса маҳаллий телевидение ва нашрларда васваса даражасига олиб чиқилган, дейиш мумкин.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 ноябр 2018
Шу йил 2 ноябрга ўтар кечаси Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридан Чолиш посёлкасига ўтадиган кўприк қулади. Бу ҳақдаги хабар ва ...
14 август 2018
«Шифти ва деворлари моғорлаб кетгани бу ҳужранинг қишда зах ва совуқ бўлганлигидан далолат бериб турибди. Яхшиямки, поли ёғоч ва ...
5 май 2016
Ўзбекистон фуқароси 36 яшар Муборакхон Усмонова ўз жазмани 55 яшар Азиз Чалишқон (Aziz Çalışkan) тарафидан 27 апрел оқшомида бўғиб ...
25 феврал 2019
«Ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистон сиёсий элитасининг ташқи кўриниши ўзгарди. Элита аввалгидан очиқроқ, аҳоли билан янги алоқалар ўрнатишга тайёр, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...